Бизга боғланинг
Жимо қилганда маний чиқмаса ғусл вожиб бўладими?
Савол:
Ассаламу алайкум биродарлар (аввалги жавобилардан) мен бир нарсага тушуна олмадим сизлар аввалига ҳар иккала ҳолатда ғусл вожиб бўлади дегансиз, кейин охирида ғуслдаги сув ишлатиш маний сабабидандир дегансиз. Қўшилганда маний чиқмаса ғусл қиладими ёки йўқ? Шуни тушунмадим, чунки Бухорийда ғусл қилмайди дейилган.
Жавоб:
Бисмилаҳ, сиз эшитган ҳар икки ҳадис ҳам тўғри, саҳиҳ. Агар эркакнинг жинсий аъзосининг бош қисми аёлникига кирса, маний чиқмаса ҳам ғусл ҳар иккаласига вожиб бўлади. Бу маънодаги ҳадисни Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Агар улар жимо қилмаган ҳолда фақат ўйнашсалар, эркакдан шаҳват билан бир томчи бўлсада маний чиқса ва аёл киши ўзида шаҳват кучидан бўшашишликни хис қилса ва фаржидан сув келса, иккаласига ҳам ғусл вожиб бўлади. Бу маънодаги ҳадисни Имом муслим ривоят қилган «Сув сувдандир» Яъни ғуслдаги сув ишлатиш маний суви сабаблидир. Жавоб тушунарли бўлса керак?
Агар жавоб тушунарли бўлмаган бўлса, бу жавобга қулоқ тутинг: Бу икки ҳадиснинг ҳар иккаласига амал қилинадиган ўзининг ўрни бор. Инсонда икки ҳолат бўлади бирида жимо қилади натижада маний чиқади ёки чиқмайди, бунинг фарқи йўқ икки аъзо бир бирига қўшилдими эрнинг аъзосининг бош қисми аёлникига кирдими, тамом, ғусл ҳар иккаласига вожиб бўлади.
Иккинчи ҳолат: жимо қилмайди масалан, тушида эҳтилом бўлади, ёки хотини билан ўйнашиб ётиб (ҳатто кийимлари билан бўлсалар ҳам) маний чиқиб кетади. Шу ҳолда эрга ғусл вожиб бўлади хотинга эмас. Шундай ҳол хотинда ҳам юз бериши мумкин масалан,: тушида кимдир уни жимо қилади натижада аёл бундан роҳатланади ёки эри билан ўйнашиб ётганда шаҳвати жуда ҳам қўзғаб кетади, шундай ҳолатдан кейин аёл киши фаржига ва ички кийимига қарайди. Агар намликни (яъни сув чиққанини) топса бу аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади. Чунки расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳтиломда аёлларни эркакларга ўхшатганлар. Мана бу иккинчи ҳолатга “сув сувдандир” ҳадиси далилдир.
Имом Бухорий ҳам аввал маний чиқмаса ҳам ғусл вожиб бўлади деган бобни зикр қилганлар, кейин маний чиқмаса ғусл вожиб бўлмайди деган бобни зикр қилганлар ва бу бобнинг сўнггида “Абу Абдуллоҳ (яъни Бухорий) деди: Ғусл қилган яхши, бу кейингисидир (яъни, икки буйруқнинг иккинчиси ғусл қилишга бўлган ёки мужтаҳид олимларнинг охирида келишишган ҳукмлари маний чиқмаса ҳам ғусл қилишнинг вожиб бўлишидир. (Ибн Ҳажар фатхул Борий) Биз буни (яъни ғусл қилмаса бўлаверадини) олимлар ихтилоф қилганлари учун келтирдик.” Деган сўзлари билан тугатганлар.
Бухорийнинг бу охирги сўзи бобнинг ҳадисини зикр қилгандан кейин айтилган. (Бухорийга қаранг) Мана ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек имом Бухорий ҳам икки жинс қўшилганда маний чиқсин, чиқмасин, ҳар иккисига ғусл вожиб бўлади демоқдалар.
Бухорийни ўқишнинг ўзи кифоя қилмайди. Унинг бобларининг тартибига қаралади, боблардаги ҳадисларнинг тартибига қаралади, бунинг ҳукм чиқаришда катта аҳамияти бор.