Бизга боғланинг
011. Тавба қилишнинг вожиблиги ва унинг фазли
Аллоҳ таоло Нур сурасинг 31- оятида шундай дейди: «Барчангиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўъминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар».
Таҳрим сурасининг 8-оятида «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар». дейди.
Имом Муслим Ағар ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва ундан мағфират талаб қилинглар. Мен бир кунда юз марта тавба-истиғфор қиламан», дедилар.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ бандасининг тавбасидан сизларнинг биронтангиз бепоён – кимсасиз чўлда туясини йўқотиб кейин топиб олгандан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади», дедилар.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
Сизлардан аввалги умматларнинг бирида тўқсон тўққиста одам ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг катта олим ҳақида сўради. Уни (Бану Исроил обидларидан бўлган) бир роҳибга йўллашди. Унинг олдига бориб:
– Мен тўқсон тўққиз одамни ўлдирдим, тавба қилсам бўладими? деб сўради. Роҳиб:
– Йўқ, деди. Уни ҳам ўлдирди. Шу билан ўлдирган одамларининг сони юзтага етди. Сўнгра ер юзидаги энг катта олим ҳақида сўради. Бир олим кишига йўллаб қўйилди. Унга юз одам ўлдирганини айтди ва ўзи учун тавба қилиш мумкинми ёки йўқ эканлиги ҳақида сўради. Олим:
– Ҳа тавба қилсанг бўлади, ким ҳам банда билан тавба орасини тўса олади, деди. Фалон юртга боргин, у ерда ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қиладиган одамлар бор, сен ҳам улар билан бирга ибодат қил, шаҳарингга қайтмагин, у ёмон ер. У олим айтган юртга йўл олди. Ярим йўлга етганда вафот етди. Раҳмат фаришталари ва азоб фаришталари – бу кишининг жонини ким олиб кетишида – тортишиб қолишди. Раҳмат фаришталари:
– Бу киши, тавба қилиб, Аллоҳга иқбол қилиб қайтди, дейишди.
Азоб фаришталари эса:
– Бу бирон яхши амал қилган эмас, дейишди. Шу вақт уларнинг олдларига бир фаришта одам шаклида келди, уни ўз ўрталарида ҳакам қилишди. Хакам:
– Бу икки ернинг орасини ўлчанглар, қайси бирига яқин бўлса, у ўшаники бўлади, деди. Ўлчадилар ва қасд қилиб кетаётган ерга яқин топдилар, бас, уни раҳмат фаришталари олиб кетдилар.
Яна бир саҳиҳ ривоятда эса Аллоҳ таоло нариги ерга узоқлаш, бунисига эса яқинлаш, деб, буюрди.
Шарҳ
Тавба Аллоҳ таолога энг суюкли ва дунё ва охират саодатига сабаб бўладиган амаллардандир. Аллоҳ таоло фазли кенглиги, Ҳалим ва Меҳрли бўлгани учун мўъминларни тавба қилишга буюрди ва унга тарғиб қилди. Аллоҳ таоло бандасининг тавбасига муҳтож бўлмаса ҳам унинг қилган тавбасидан хурсанд бўлади ва катта бўлишига қарамай ҳар қандай гунохдан тавба қилса, тавбасини қабул қилади. Кўп гуноҳ қилган киши Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасин, Аллоҳ барибир мени кечирмайди, демасин. Аллоҳга қайтиб астойдил тавба қилсин, албатта тавбаси қабул бўлади. Шунингдек тинимсиз гуноҳ қиладиганлар шайтоннинг – хотиржам бўл Аллоҳ кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчи зот деяётган – васвасасига алданиб қолмасинлар, чунки ўлим улардан изн сўраб келмайди. Тавба қилмай туриб ўлиб қолишдан эҳтиёт бўлсинлар!
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
- Ҳамма вақт Аллоҳ таолога тавба қилиш вожибдир. Чунки, инсон гуноҳдан холи эмас.
- Тавбанинг фазли улуғ, чунки тавба Аллоҳнинг хурсандлиги ва дунё ва охират саодатига сабаб бўлади.
- Тавбани ҳар қанча катта бўлмасин гунохларнинг ҳаммасига қилса бўлади.
- Аллоҳнинг раҳмати, фазли кенгдир, чунки у тавба қилувчиларнинг ҳамма тавбаларини, агарчи гуноҳлари катта бўлса ҳам қабул қилади.