Бизга боғланинг
02.2 Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг уммат устидаги ҳақлари
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрларини
пастлатса ё у зотни ҳақорат қилса ё мазах қилса ё шаънларини ерга урса ё у зот
ҳақларида масхараомуз сўз айтса, ундай кимса кофир ва муртад бўлиб, ўлим
жазосига ҳукм қилинади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош отсалар, у ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар учун ҳеч қандай қасам йўқдир. (Яъни, улар мудом ўзлари ичган қасамларни бузаверадилар)» (Тавба: 12).
«Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз» (Тавба: 65-66).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир аъмо (кўзи ожиз) одамнинг умму валад чўриси бор бўлиб, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаб сўкар, хожаси қанча қайтармасин, бу ишидан тийилмас эди. Бир кеча у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига ҳақоратли сўзлар айта бошлади. Шунда аъмо ханжарни олди-да, унинг қорнига ботириб, ўлдирди, гўдак боласи оёқлари остига тушди, ҳаммаёқ қонга беланди. Эрталаб бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилди. У зот одамларни йиғиб, шундай дедилар: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб буюраман, бу ишни қилган одам ўрнидан турсин». Шунда аъмо ўрнидан туриб, қалтираганча одамлар орасидан ўтиб келди ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ўтирди. Сўнг: «Ё Расулуллоҳ, мен унинг хожасиман, у сизни сўкар, шаънингизга нолойиқ сўзлар айтар, қанча қайтарсам-да тийилмас эди. Менинг ундан гавхардек иккита ўғлим бор, ўзи менга меҳрибон эди. Бугун тунда сизни ҳақоратлаб сўка бошлаган эди, ҳанжарни олдим-да, қорнига тиқиб ўлдирдим» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гувоҳ бўлинглар, у аёлнинг қони ҳалол (яъни у ўлимга муносиб)» дедилар (Абу Довуд, Насоий ривоятлари).
Абу Барза ал-Асламий айтади: Бир одам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга дағал муомала қилди. Мен уни ўлдираман, деган эдим, Абу Бакр мени бу ишдан қайтардилар ва: «Бундай ҳад-жазо беришга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳеч ким ҳақли эмас» дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 379).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ёлғон ҳадис ривоят қилган киши тўғрисида
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қасддан менинг номимдан ёлғонласа, дўзахдан жойини ҳозирлайверсин!» дедилар (Бухорий ривояти).
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Менинг номимдан ёлғон сўзлаш бошқа бировлар номидан ёлғон гапириш билан бир хил эмас. Ким қасддан менинг номимдан ёлғонласа, дўзахдан жойини ҳозирлайверсин!» дедилар (Бухорий ривояти).
Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ким мен айтмаган сўзни менинг номимдан гапирса, дўзахдан ўз жойини ҳозирлаб олсин» (Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг номимдан ёлғон сўзлаган кимсага дўзахда бир уй бино қилинади» дедилар (Аҳмад ривояти, «Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1618).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мендан кўп ҳадис ривоят қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Ким менинг номимдан гапирса фақат ҳаққи-рост сўзласин! Ким мен айтмаган сўзни менинг номимдан гапирса, дўзахдан ўз жойини ҳозирлаб олсин» деганларини эшитганман (Аҳмад ривояти, «Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1753).
Номлари зикр қилинганда у зотга салавот айтиш ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммат устидаги ҳақларидан. Бундай қилмаган киши бахил ва ўз жонига зулм қилган бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг ҳузурида менинг номим зикр қилинса-ю, у менга салавот айтишни унутса, жаннат йўли ундан бурилиб кетибди» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2337).
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар қандай дуо то Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтилмагунча маҳжуб (тўсилгандир)» (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 4523).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: «Дуо то пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтмагунингизча осмон билан ер ўрталиғида юқорига кўтарилмай тураверади» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1676).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир кишининг олдида номим зикр қилинса, менга салавот айтсин. Зеро, ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6246).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менга бир бор салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади ва ўнта гуноҳини ўчириб, ўн даража юксалтиради» (Аҳмад, Насоий, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6359).
Абу Бурда ибн Ниёр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимдан қай бир киши менга чин дилидан ихлос билан салавот айтса, Аллоҳ бу салавоти эвазига унга ўнта салавот айтади, уни ўн даража юксалтиради, унга ўнта ҳасанот ёзади ва ундан ўнта гуноҳини ўчиради» (Насоий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1659).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менга жумъа куни кўп салавот айтинглар, чунки ҳозиргина менга Жибрийл келиб, Робби тарафидан шуни етказдики: «Ер юзида бирон бир мусулмон сизга бир марта салавот айтар экан, Мен ва малоикаларим унга ўнта салавот айтамиз»» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1662).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни одамларнинг менга энг яқинроқлари менга кўпроқ салавот айтувчиларидир» (Термизий ривояти, Риёзус-солиҳийн).
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен сизга кўп салавот айтаман, дуойимдан қанчасини сиз учун салавот айтишга ажратай?» деб сўрадим. «Истаганингча» дедилар. «Тўртдан бирини ажратсам бўладими?» дедим. «Истаганингча, агар зиёда қилсанг ўзингга яхши» дедилар. «Ярмини ажратсам бўладими?» дедим. «Истаганингча, агар зиёда қилсанг ўзингга яхши» дедилар. «Учдан иккисини ажратсам бўладими?» дедим. «Истаганингча, агар зиёда қилсанг ўзингга яхши» дедилар. «Дуойимнинг ҳаммасини сизга салавот айтишга айлантирсамчи?» дедим. «Унда ғам-ташвишларинг (ни бартараф бўлиши)га кифоя қилади ва гуноҳларинг кечирилади» дедилар (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари. Саҳиҳут-тарғиб: 1670).
Бошқа бир ривоятда: Бир одам: «Ё Расулуллоҳ, нима дейсиз, дуойимнинг ҳаммасини сизга салавот айтишга айлантирсам бўладими?» деб сўради. «Ундай бўлса, Аллоҳ таборака ва таоло дунёю охиратдаги ғам-ташвишларингга Ўзи кифоя қилади» дедилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жума куни менга кўп салавот айтинглар, чунки у малоикалар ҳозир бўладиган кундир. Бирон киши агар менга салавот айтса, ҳали фориғ бўлмасидан туриб салавоти менга етказилади» дедилар. «Вафотингиздан кейин ҳамми?» деб сўрадим. «Аллоҳ таоло ерга пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ҳаром қилган, Аллоҳнинг пайғамбари тирик, ризқланиб туради» дедилар (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1672).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган одам хор бўлсин» (Термизий ривояти, Риёзуз-солиҳийн).
Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бахил – ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган одамдир» (Термизий ривояти, Риёзуз-солиҳийн).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким азонни эшитган вақтда: «Ушбу комил даъватнинг ва ҳозир бўлган намознинг Парвардигори бўлган эй Аллоҳ! Муҳаммадга васила ва фазилат ато этгин. Уни (қиёмат куни) Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомда тургизгин» деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади», дедилар (Бухорий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Минбарнинг биринчи поғонасига кўтарилганимда ҳузуримга Жибрийл келиб: «Ҳузурида зикр қилинсангиз сизга салавот айтмаган одам бахтсиз бўлсин» деди, мен: «Омийн» дедим» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 500).
Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қаерда бўлсангизлар-да менга салавот айтингиз! Зеро, салавотларингиз менга етгай» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1665).
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ менинг қабримга бир фариштани вакил қилиб, унга халойиқларнинг исмларини берди, қиёматга қадар бирон киши менга салавот айтса, у менга унинг исми ва отасининг исми билан: «Бу фалончи фалончи ўғли, у сизга салавот айтди» деб етказиб туради» (Баззор ривояти: Саҳиҳут-тарғиб: 1667).
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менга кўп салавот айтинглар! Зеро, Аллоҳ таоло қабрим олдида менга бир фариштани вакил қилиб қўйган, умматимдан бирон киши менга салавот айтса, ўша фаришта менга: «Эй Муҳаммад! Фалончи фалончи ўғли ҳозиргина сизга салавот айтди» дейди» (Дейламий «Муснад»ида ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1207).Эй Парвардигор! Пайғамбаримиз Муҳаммадга ҳозир ва ҳамма вақт,
то қиёматгача кўплаб салавот ва саломлар йўллагин!
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилган киши ушбу қилмишига жазо ўлароқ ва кофир бўлгани учун қатл қилинади. Агар тавба қилса ва тавбасида содиқ бўлса унга тавбасининг нафи тегади ва кофирлик ҳукми ундан кўтарилади, бироқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматларини сақлаш учун, сўкувчига Аллоҳнинг белгилаб қўйган жазосини ўташ ва қасос тариқасида унга ўлим жазосини қўлланилади.
Савол бўлиши мумкинки: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаётлик даврларида ҳақоратлаган ва ҳар турли азиятлар етказган кишилар бўлган, у зот уларнинг баъзиларини кечирганлар, баъзиларини қатл қилдирганлар. Агар қатл Аллоҳнинг белгилаб қўйган жазоларидан бўлса, уларни қандай қилиб афв қила олганлар?
Жавоб шуки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг хос ҳақ-ҳуқуқларидан бирон ҳақдан воз кечишлари, тавба қилиб, тавбасида содиқ бўлган кишилардан ўзлари истаган кишини кечиришлари, истаганни кечирмасликлари мумкин эди. Бироқ, у зотнинг вафотларидан кейин энди уммат ичидан ким ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос бўлган ҳақни афв қилиши мумкин деб ўйлайсиз?! Албатта, ҳеч ким бундай ҳуқуқни даъво қилишга журъат қилмайди. Шунинг учун саҳобалар ва салафлар ризвонуллоҳи алайҳим Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилган ва у зотнинг обрўларига путур еткизган кимсага, ҳатто тавба қилса ҳам, ўлимдан бошқа жазо бор деб айтмаганлар.
Ибн Таймийя «Ас-соримул-маслул ала шотимир-росул» (Пайғамбарни сўкувчига қарши суғурилган қилич) китобида айтади: «Бу – Аллоҳни, Унинг оятларини, Унинг Расулини масхара қилиш куфр эканига далилдир. Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хоҳ жиддий, хоҳ ҳазиллашиб камситган одам кофир бўлишига очиқ далил бўлади».
Хожасига фарзанд туғиб берган чўри шариат истилоҳида «умму валад» (боланинг онаси) деб аталади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини бошқа маъноларга буриб юбориш ҳам у зот номларидан ёлғон сўзлашга киради. Ҳозирда бундай қиладиган одамлар роса кўпайган!
Намозларида қунут ўқиб, узоқ дуо қилганлари ҳолда дуоларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш билан тугатмайдиган одамларга ачинаман. Зотан, дуони салавот айтиш билан бошлаб, охирини ҳам салавот айтиш билан тугатиш ва улар ўртасида ўз эҳтиёжларини сўраш, тилак-истакларини тилаш дуо қилувчининг ақл-фаросати ўткирлигига далолат қилади ҳамда ушбу дуо қабул қилинишга яқинроқ, деб ўйлайман. Чунки, Аллоҳ таоло дуонинг аввали ва охирини қабул қилиб, ўртасини рад қилишдан Улуғ ва Карим зотдир, валлоҳу аълам.
Малоикаларнинг адади ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига маълум. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтган кишига ҳар бир малак ўнтадан салавот айтса, бу дегани у зотга бир бор салавот айтган одамга малоикалар томонидан юз миллионлаб салавот айтилади. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг у бандага айтган салавотидан ташқаридир. Ҳолбуки, У Зотнинг салавоти ўзи ортиғи билан етарлидир. Талабгорлар борми!!!
Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинганда у зотга салавот айтиш вожиблигини ифодалайдиган далиллар жумласидандир.
Эй Аллоҳнинг бандаси! Бу
дунёда ҳаётлик чоғингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўз
исминг ва отангнинг исми билан аталишни истасанг – бу нақадар ёқимли! – у зотга
кўп салавот айтгин!