Пайғамбаримизнинг уйида бир кун (6)

    Қиёмул лайл – Тунги ибодат

    Тун Мадинага бостириб келиб уни ўз зулмати билан қамраб оларди, бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ва Аллоҳнинг зикри билан кечани ёритиб, таҳажжуд намозларини ўқир, Еру Осмонлар Раббига муножатлар қилиб, ишларнинг калити қўлида бўлган зот – Яратувчисининг амрига итоат этиб дуолар қилар эди: « Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина — унинг (кечанииг) ярмида (намозда туринг) ёки (намозда туришни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз (учдан бирга) камайтиринг, ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни кечанинг учдан иккисида намозда қоим бўлинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил: 1-4).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кечалари ўринларидан) туриб намоз ўқирдилар ҳатто оёқлари шишиб кетарди. Ул зотга «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ Сизнинг аввалги ва кейинги гуноҳларингизни кечирган бўлса ҳам шундан қиласизми?!» – дейилса: «Миннатдор банда бўлмайинми?!» — деб жавоб берар эдилар» (Имом Ибн Можа ривояти).

    Асвад ибн Зайд айтди: «Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунгги намозлари ҳақида сўрадим. Оиша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг аввалида ухлар кейин турардилар. Саҳар вақти бўлганда витр ўқирдилар, кейин жойларига келардилар. Агар хотинларига эҳтиёжлари бўлса, уларга яқинлик қилар, азонни эшитсалар ўрниларида сакраб турар, жунуб бўлсалар ғусл қилиб, бўлмаса таҳорат олиб, кейин намозга чиқар эдилар» (Имом Насоий ва Аҳмад ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунгги намозлари ўта ҳайратомуз-ки, у бизни унинг узунлиги ҳақида фикрлашимиз ҳамда уни ўзимизга намуна қилиб олишимизга ундайди!

    Абу Абдуллоҳ Ҳузайфа ибнул-Ямон розияллоҳу анҳу деди: «Мен кечаларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини бошладилар. Мен: «Юзинчи оятдан сўнгра рукуъ қиладилар» — деб ўйладим. Бироқ, ундан ўтиб кетдилар. Мен: «Бақара сурасини бир ракаатда ўқир эканлар-да?» — деб ўйладим. Бироқ, давом этиб, Оли имрон сурасини бошладилар, уни ҳам ўқиб тугатдилар. Мен: «Энди рукуъ қилсалар керак» — деб ўйладим. Кейин Нисо сурасини бошладилар ва ўқиб тугатдилар. Ул зот ҳар бир ҳарфни дона-дона талаффуз қилар, тасбеҳ зикр қилинган оятдан ўтсалар тасбеҳ айтар, сўраш бор жойда сўрар, паноҳ сўраш бош жойда паноҳ сўрар эдилар. Кейин рукуъ қилдилар ва: «Субҳана раббиял – азийм» (Буюк раббимни мушриклар сифатлаётган ёмон-ноқис сифатлардан поклайман)» — дея бошладилар. Рукуъларининг узунлиги қиёмларига яқин миқдорда бўлди. Кейин: «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Раббана лакал-ҳамд» (Аллоҳ Ўзига ҳамд айтувчини (нг ҳамдини) қабул қилди. Раббимиз, Сенга ҳамдлар бўлсин!?» — дедилар. Кейин рукуъларига яқин миқдорда, узоқ туриб қолдилар. Кейин сажда қилдилар ва: «Субҳана раббиял-аъло» (Олий Раббимни мушриклар сифатлаётган ёмон сифатлардан поклайман)» — дедилар. Саждалари ҳам (узунликда) қиёмларига яқин эди» (Имом Муслим ривояти).

    Бомдоддан сўнг

    Мадина кечасининг сокинлиги тугаб, тонг ёриша бошлаган пайтда, масжидда бомдод намози жамоат билан ўқилгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш чиққунига қадар Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлар эдилар. Кейин икки ракаат намоз ўқирдилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу деди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фажр намозини ўқиганларидан сўнг намозгоҳларида Қуёш чиққунига қадар ўтирар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу буюк суннатни қилишга рағбатлантириб, ундаги ажру-савобларни эслатдилар. Анас розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бомдодни жамот билан ўқиган, кейин қуёш чиққунига қадар Аллоҳни ёд қилиб ўтирган сўнгра икки ракаат намоз ўқиган одамга бир ҳаж ва бир умра савоби тўла, тўла, тўла қилиб берилади» — дедилар (Имом Термизий ривояти).

    Чошгоҳ намози

    Кун яримлаб, Қуёшнинг ҳарорати кўтарилди, куйдирувчи гармсел юзга урила бошлади. Бу чошгоҳ вақтидир. Бу — ҳаракат ва эҳтиёжларни қондириш маҳалидир. Пайғамбарлик масъулияти, қабила вакиллари билан учрашиш, саҳобаларга таълим бериш ва оила аъзоларининг ҳақларини адо этиш каби оғир юкларни кўтаришларига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога ибодат қилар эдилар.

    Муоз розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини ўқирмидилар?» — деб сўраганида: «Ҳа, тўрт ракаат ва ундан зиёда Аллоҳ хоҳлаганича ўқир эдилар» — деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

    Чошгоҳ намозини ўқишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васият қилган эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ойда уч кун рўза тутиш, икки ракаат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни менга васият қилдилар» Бухорий ва Муслим ривояти.

    Нафл намозларни уйда ўқиш

    Ушбу хонадон иймон билан обод, зикру – ибодат билан лиммо-лим эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг хонадонимиз ҳам шундай бўлиши кераклигини таъкидлаб, қуйидаги васиятни қилдилар: «Уйингизда ҳам намоз ўқинглар, уйингизни қабристон қилиб олманглар!» (Имом Бухорий ривояти).

    Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча суннат намозларини ва бирор сабабга боғлиқ бўлмаган нафл намозларининг барчасини, хусусан, шом намозининг суннатини уйларида ўқир эдилар. Ул зот суннат намозларни масжидда ўқиганлари ривоят қилинмаган. Нафл намозларни уйда ўқишнинг фойдалари бор улар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сунатларига эргашиш, хотинлар ва болаларга намоз ўқишни ўргатиш, Шайтонларнинг намоз ва зикрлар сабабли уйдан қувилиши, амалнинг риёдан узоқ ва ихлосли бўлишидир».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғилари

    Эркак ва аёлларнинг кўпи йиғлайди. Бироқ, йиғи қандай ва ким учун бўлиши керак? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хоҳласалар дунёни қўлларига олишлари мумкин бўлган, жаннат олдида ва ўзлари жаннатнинг энг олий мақомида бўлишларига қарамай йиғлар эдилар! Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлар эдилар! Бироқ, бу йиғи обидлар йиғиси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда Раббига муножат қилар ёки Қуръон тиловатини тинглар экан йиғлар эдилр. Бу йиғи қалбнинг юмшоқлиги, юракнинг софлиги, Аллоҳнинг буюклигини билиш ва Аллоҳ таолодан қўрқиш сабабли эди.

    Муторриф ибн Абдуллоҳ отасидан шу ривоятни қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Йиғлаганлари сабабли ичларидан қозоннинг қайнаши сингари товуш келар эди» (Имом Аҳмад ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Менга (Қуръон) ўқиб беринг!»— дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Қуръон Сизга нозил бўлган бўлса-ю, мен Сизга ўқиб бераманми?» — дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Қуръонни бошқадан тинглашни яхши кўраман» — дедилар. Мен Нисо сурасини ўқидим ва «Ва Сизни уларннинг устига гувоҳ қилиб олиб келсак» оятига етганимда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари ёш қуяётган экан»(Имом Бухорий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниг сочларининг ярма очадиган жойларидаги ҳамда муборак соқолларидаги ўн саккизтага яқин оқ мўйлар ҳақида фикр юритиб кўринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оқ тукларнинг сабабини муборак тиллари билан қандай баён қилганига бир қулоқ тутинг. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, соч-соқолларингизга оқ тушибди-ку?!» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ме(нинг соч-соқолим)ни «Ҳуд», «Воқеъа», «Вал-мурсалат», «Амма ятасаалун»,ва «Изаш-шамсу куввират» суралари оқартирди» — дедилар (Имом Термизий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавозелари

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг гўзал хулқлиси ва энг қадрлиси бўлиб, Оиша розияллоҳу анҳо айтганларидек: «Хулқлари Қуръон эди» (Имом Аҳмад ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен гўзал ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим» — дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени масиҳийлар Ийсо ибн Марямни улуғлаганларидек улуғламанглар! Балки, Аллоҳнинг бандаси ва расули, деб айтинглар» — дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

    Анас розияллоҳу анҳу деди: «Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, эй яхшимиз, яхшимизнинг ўғли эй саййидимиз, саййидимизнинг ўғли» — деб хитоб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, сизлар менга тўғри гапираверинглар, шайтон сизларни адаштирмасин! Мен — Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳман. Сизлар мени Аллоҳ қўйган мақомдан юқори мақомга қўйишингизни хоҳламайман» — дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

    Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаддан зиёд улуғлайдилар ва у зотнинг ғайб ишларини билади, зарар ва фойда етказади, муҳтожларнинг эҳтиёжини, касалларнинг шифосини берадилар, – деб эътиқод қилишади. Аллоҳ таоло бу тушунчани бутунлай рад этиб шундай деди: «Айтинг: «Мен ўзимга ҳам бирон фойда ёки зарар етказишга қодир эмасман. Магар Аллоҳ хоҳлаган ишгина бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган ва менга бирон ёмонлик-зиён етмаган бўлур эди» (Аъроф: 188).

    Барча оламлар ичида энг афзал бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабби олдида синиқ бўлган одамларнинг боши эдилар.

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Саҳобалар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра севимлироқ бошқа одам йўқ эди. Шундай бўлсада, ёқтирмасликларини билганлари учун, Ул зотни кўрганларида ўринларидан турмас эдилар»(Имом Аҳмад ривояти).

    Сиз ўта камтарлик ва нодир гўзал хулқ билан бир бечора аёлга ишлари кўп бўлишига қарамай вақт ажратган Ислом умматининг пайғамбарига бир назар ташланг.

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу деди: «Бир хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: «Сизга эҳтиёжим бор» — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинанинг кўчаларидан хоҳлаганингда ўтир мен сен билан бирга ўтир(иб эҳтиёжингга қулоқ тут)аман» — дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камтарларнинг камтари эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Агар мени (қўйнинг) қўли ёки оёғи (туёқни ейиш) учун чақирсалар бораман. Агар менга (қўй) оёғи ёки қўли совға қилинса, қабул қиламан» — дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳар бир асрда мутакаббирлар учун, уларинг кибру ҳаволари ва гердайишлари олдида тўсиқ ва қайтарувчи бўлиб қолади.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилади: «Қалбида заррача кибри бўлган одам жаннатга кирмайди» (Имом Муслим ривояти).

    Кибр —Аллоҳ сақласин– жаҳаннамга олиб борадиган йўлдир, гарчи у заррача бўлса ҳам. Қаранг, Аллоҳ таоло гердайиб юрган мутакаббирни қандай жазолади, унга ғазабни тушириб, қандай азоблар билан азоблади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир одам чиройли кийимни кийиб олиб, ўзидан ўзи хурсанд бўлиб, сочлари таралган ва гердайиб юриб кетаётган эди, баногоҳ, Аллоҳ уни ерга юттирди. У Қиёмат кунигача ернинг тубига қараб тушиб бораверади» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963