Бизга боғланинг
024. Уҳуд ва Аҳзоб ғазотлари оралиғидаги жанговор ҳаракатлар
Уҳуд фожеаси мусулмонлар учун анча ёмон асоратлар қолдирди. Уларнинг шавкатлари синиб, диллардан ҳайбатлари кетиб қолди, мўминларга ички ва ташқи тарафдан қийинчиликлар кучайди, Мадинани ҳар тарафдан хавф-хатар ўраб кела бошлади. Яҳудлар, мунофиқлар ва бадавий араблар адоватларини очиқдан-очиқ изҳор қила бошладилар, улардан ҳар бир тоифа мўминларни ҳақоратлашга урина бошлади, ҳатто уларни йўқ қилиш ва илдизларини қуритиб ташлаш ҳаракатига тушиб қолишди.
Ушбу жангдан икки ой ўтмасдан Бану Асад қабиласи Мадинага ҳужум қилишга ҳозирланиб қолди. Сўнг 4- ҳижрийнинг сафар ойида Адол ва Қора (عضل وقارة) қабилалари ўнта саҳобанинг ўлимига сабаб бўлган бир ҳийла-найранг уюштиришди. Шу ойнинг ўзида Омир ибн Туфайл ал-Омирийнинг гиж-гижлаши билан бир неча қабилалар етмишта саҳобани ўлдиришди, бу фожеа «Биър Маууна» ҳодисаси деб аталди. Бу орада Бану Назир давомий равишда ўз адоватини ошкор қилиб келди, ҳатто 4- ҳижрийнинг рабиул-аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштирди. Бану Ғатафоннинг журъати ортиб, 4- ҳижрийнинг жумодул-увло ойида Мадинага ҳужум қилиш тараддудига тушди.
Уҳуд жангида кетган шавкатлари туфайли мусулмонлар анча пайтгача ана шундай хатарлар таҳдиди остида қолишди. Лекин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб борган доно сиёсат ва тадбирлар ушбу оқимларнинг йўлларини тўсиб, мусулмонларга йўқотилган шавкат ва ҳайбатларини яна қайтариб берди, уларни яна янгидан олийлик ва улуғликка эриштирди. У зотнинг бу борада биринчи қўйган қадамлари Қурайш ортидан Ҳамроул-асадгача таъқиб қилиб бориш амалиёти бўлди. Шу билан ислом лашкарининг обрў-эътибори бир қадар сақланиб қолди. Сал кейинроқ эса мусулмонларга ҳайбатларини қайтариб берган ва ҳатто илгаригидан ҳам зиёда ҳайбатга эга қилган бир неча жанговор юришларни олиб бордилар. Қуйида ана шу юришлар ҳақида айрим маълумотлар бериб ўтамиз.
Абу Салама сарийяси
Уҳуд воқеасидан кейин мусулмонларга қарши биринчи бўлиб Бану Асад ибн Хузайма қабиласи хуруж қилди. Хабарчилар Хувайлиднинг икки ўғли Талҳа ва Салама ўз қавмлари ва уларга тобеъ бошқа уруғлар билан биргаликда Бану Асад ибн Хузайма қабиласини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш қилишга чорлаётганлари хабарини келтирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг олдини олиш мақсадида муҳожир ва ансорлардан иборат 150 кишилик сарийяни юбордилар, унга Абу Саламани амир қилиб, байроқ боғлаб бердилар. Абу Салама Бану Асад ибн Хузаймага ҳали улар урушга йўл олмасларидан туриб, ўз диёрларида эканида етиб бориб, ҳамла қилди. Улар тумтарақай бўлиб кетишди. Мусулмонлар уларга қарашли туя ва қўй подаларини ўлжа қилиб ҳайдаб кетишди ва соғ-саломат, жангсиз Мадинага қайтиб келишди.
Ушбу сарийянинг юборилиши 4- ҳижрий муҳаррам ойининг бошида бўлди. Қайтишда Абу Саламанинг Уҳудда олган жароҳати очилиб кетиб, кўп ўтмай у вафот этди.
Абдуллоҳ ибн Унайснинг махсус топшириқ билан юборилиши
Шу ойнинг – 4- ҳижрий муҳаррамнинг – бешинчи куни хабарчилар Холид ибн Суфён ал-Ҳузалийнинг мусулмонларга қарши қўшин тўплаётгани хабарини келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Унайсни уни тинчитиб келишга юбордилар.
Абдуллоҳ ибн Унайс ўн саккиз кун йўқ бўлиб кетди ва муҳаррамнинг йигирма учинчисида, шанба куни Маадинага етиб келди. У Холидни ўлдириб, калласини олиб келган экан. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қўйди. Шунда у зот унга бир асо бериб: «Бу асо қиёмат куни сен билан менинг ўртамиздаги белгидир», дедилар. Вафоти яқинлашгач, Абдуллоҳ ибн Унайс ўша асони ўзи билан бирга, кафани ичига қўйишлариин васият қилган экан.
Ражиъ воқеаси
Шу йилнинг – тўртинчи ҳижрийнинг – сафар ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Адол ва Қора қавмидан кишилар келишиб, улар ичига Ислом кириб борганини айтишиб, уларга дин таълимини берадиган ва Қуръон ўргатадиган кишиларни қўшиб беришларини сўрадилар. Ибн Исҳоқнинг сўзларига кўра, олти нафар саҳобани уларга қўшиб юбордилар, Бухорий ривоятига кўра, улар ўн киши бўлганлар. Ибн Исҳоққа кўра, уларга Марсад ибн Аби Марсад ал-Ғанавийни амир қилиб тайинладилар, Бухорий ривоятига кўра, Осим ибн Собитни – Осим ибн Умар ибн Хаттобнинг бобосини – амир қилдилар. Улар ҳалиги қавм билан бирга жўнаб кетишди. Робиғ билан Жидда оралиғида Ҳижоз еридаги Ҳузайл қабиласига тегишли Ражиъ номли сувли ерга (қудуққа) етишганда улар Ҳузайлнинг Бану Лаҳён деган маҳалласи аҳлини мусулмонларга қарши ёрдамга чорлаб, фарёд кўтаришди. Юзга яқин камончилар улар ортидан қувиб бориб, уларни қуршаб олишди. Мусулмонлар бир тепаликка чиқиб олишганди. «Агар таслим бўлиб, олдимизга тушиб келсангиз, бирортангизни ҳам ўлдирмасликка сўз берамиз», дейишди улар. Осим уларга таслим бўлишдан бош тортиб, шериклари билан бирга жанг қилишди ва улардан етти киши камон ўқидан ҳалок бўлишди. Хубайб ибн Адий, Зайд ибн Дасинна ва яна бир киши қолишди. Иккинчи маротаба ўлдирмасликка аҳд берилгач, уччалови улар олдига тушиб бордилар. Бироқ, улар аҳдга хиёнат қилиб, уларни камонларининг ипи билан боғлаб ташлашди. Учинчи киши: «Бу хиёнатнинг бошланиши», деди-да, улар билан боришдан бош тортди. Уни судраб, юришга мажбур қилишди, аммо у оёқ тираб туриб олди. Шундан сўнг уни ўлдиришди. Хубайб билан Зайдни эса Маккага олиб бориб, сотиб юборишди. Бу иккиси Бадрда уларнинг бошлиқларидан баъзиларини ўлдиришган эди. Хубайбни анча вақт қамаб қўйишди, сўнг қатл қилишга қарор қилишиб, Ҳарамдан Танъимга олиб чиқишди. Осиб ўлдирмоқчи бўлиб турганларида Хубайб: «Менга имкон беринглар, икки ракъат намоз ўқиб олай», деди. Улар уни бўшатишди. У икки ракъат намоз ўқиди. Салом бергач: «Аллоҳга қасамки, агар ўлимдан қўрққанидан қилди, дейишларингиз бўлмаса эди, яна ҳам узунроқ ўқиган бўлардим», деди. Сўнг: «Эй Аллоҳим, буларни бирма-бир ҳисобини олгин ва тирқиратиб ҳалок қилгин, улардан бирортасини ҳам қолдирмагин» деб дуо қилди, кейин қуйидаги шеърни ўқиди:
لقد أجمع الأحزاب حولي و ألَّبُوا قبائلهم و استجمعوا كل مَجمعٍ
و قد قرَّبوا أبنائهم و نسا ئهم و قُرِّبتُ من جذع طويل مُمَنَّعٍ
إلى الله أشكو غُربتي بعد كُربتي و ما جمع الأحزاب لي عند مضجعي
و قد خيَّروني الكفرَ و الموتُ دونه و قد ذفرت عيناي من غير مَدْمَع
فذا العرش صبَّرني على ما يراد بي فقد بضَعوا لحمي و قد بئُوس مطمعي
و لست أبالي حين أقتل مسلما على أيِّ شقٍّ كان في الله مضجعي
و ذالك في ذات الإله و إن يشأ يبارك علي أوصال شلوِ ممزعِ .
Атрофимда ғанимлар йиғилишиб яйрашди,
Қавму қабилаларни менга қарши қайрашди.
Мени баланд бир дарахт танасига боғлашди,
Хотин, бола-чақани яқинимга чорлашди.
Аллоҳга арз этаман ғурбату аламлардан,
Ўлим олдидан кўрган озору ситамлардан.
Арш соҳибининг Ўзи сабрли қилди жоним,
Шундан этим тилка-ю, бус-бутундир иймоним.
Менга: «Танла, ё куфр, ёки ўлим» дейилди,
Кўзларимдан ўша дам севинч ёши қуйилди.
Муслим ҳолда ўлсам бас, шунинг ўзи кифоя,
Фарқсиз умрим қай йўсин топишлиги ниҳоя.
Зеро, менинг ўлимим Аллоҳ йўлида бўлар,
Гар истаса жасадим Ўзи муборак қилар.
Қатли олдидан Абу Суфён унга: «Сенинг ўрнингда Муҳаммаднинг бошини танасидан жудо қилишимизни, сен эса ўз уйингда бўлишингни истармидинг?», деган эди: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен ўз уйимда бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари турган жойларида битта тикан кириб озор етказишини ҳам истамайман», деди. Шундан сўнг уни осиб ўлдирдилар ва жасадини қўриқлаб тургани одам қўйдилар. Амр ибн Умайя аз-Зомрий тунда яширинча келиб, уни олиб кетиб, дафн қилди. Хубайбни ўлдиришга Уқба ибн Ҳорис бош-қош бўлди. Чунки, Хубайб Бадрда унинг отаси Ҳорисни ўлдирган эди.
«Саҳиҳ»да келганидек, Хубайб қатл олдидан икки ракъат намоз ўқишни биринчи бўлиб суннат қилган экан ва унинг асир бўлиб, қўллари боғлиқ турган ҳолида бир бош узум еб турганини кўришган, ваҳоланки ўшанда Маккада меванинг ўзи бўлмаган экан.
Зайд ибн Дасиннани эса Сафвон ибн Умайя сотиб олиб, отасининг қасосига ўлдирди.
Қурайш Осим ибн Собитнинг жасадидан ўзлари таниб олгудек бирон қисмини олиб келишга вакиллар юборди, чунки Осим Бадрда уларнинг улуғларидан бирини ўлдирган эди. Шунда Аллоҳ таоло булутга ўхшаш арилар тўдасини унинг устига юбориб, жасадини Қурайш элчиларидан ҳимоя қилди. Улар унга яқинлашишга ҳам қодир бўлишмади. Осим бирон мушрикнинг қўли унга тегмаслигига ва ўзи ҳам бирон мушрикка қўл теккизмасликка Аллоҳга аҳду паймон берганди. Бунинг хабари Умар розияллоҳу анҳуга етганда у: «Аллоҳ таоло мўмин бандани ҳаётида асрагани каби вафотидан кейин ҳам асрайди», деган эди.
Биър Маъуна ҳодисаси
Ражиъ фожеаси юз берган ўша ойнинг ўзида ундан ҳам ёмонроқ ва даҳшатлироқ яна бир фожеа содир бўлди. Тарихда уни «Биър Маъуна ҳодисаси» деб билинади.
Воқеа шундай содир бўлди: «Мулоъибул-асинна» лақабли Абу Бароъ Омир ибн Молик Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Уни Исломга даъват қилган эдилар, қабул қилмади, бироқ инкор ҳам қилмади. «Ё Расулуллоҳ, агар Нажд аҳлини Исломга даъват қилиш учун асҳобларингизни юборсангиз, улар ижобат қилишади, деб умид қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен уларга Нажд аҳли бирон зиён-заҳмат етказишидан хавфдаман», деган эдилар, у: «Мен уларни ўз ҳимоямга оламан», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, қирқ кишини, «Саҳиҳ»га кўра, етмиш кишини унга қўшиб юбордилар, – «Саҳиҳ»даги гап тўғрироқ – уларга «Алмуъниқ лиямувта» лақабли, Бану Соида қабиласидан бўлган Мунзир ибн Амрни амир қилиб тайинладилар. Улар мусулмонларнинг энг яхши, энг фозил, энг бообрў ва энг қори кишилари эдилар. Кундузлари ўтин териб, шунинг эвазига аҳли суффалар учун егулик сотиб олиб, кечалари Қуръонни дарс қилиб, намозлар ўқиб, шу зайлда йўл юриб, Бану Омир билан Бану Сулайм ерлари ўртасидаги Биър Маъуна деб аталган бир жойга келиб тушдилар. Шундан сўнг Умму Сулаймнинг акаси Ҳаром ибн Милҳонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактублари билан Аллоҳнинг душмани Омир ибн Туфайл ҳузурига юбордилар. Омир мактубга қараб ҳам қўймади. Бир кишига буюрган эди, орқасидан туриб унга найза урди. Найза санчилишидан чиққан қонни кўрган Ҳаром: «Аллоҳу акбар, Каъбанинг Парвардигорига қасамки, мен (нажотга ёки жаннатга) эришдим», деб хитоб қилди.
Шундан сўнг бу Аллоҳнинг душмани Бану Омир қабиласини мусулмонларга қарши жангга чақирди. Бироқ, улар Абу Бароънинг ҳимоясини риоя қилиб, унинг чақириғини қабул қилишмади. Сўнг Бану Сулаймни жангга чорлаган эди, Усайя, Риъл ва Заквон уруғлари унинг чақириғини қабул қилиб, чиқиб келишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига яқинлашиб, уларни ўраб олишди. Ўртада жанг бўлиб, унда барча саҳобалар ўлдирилдилар, фақат бир Каъб ибн Зайд ибн Нажжор исмли саҳобагина тирик қолди, уни ўликлар ичидан ярадор ҳолда топилди. Шундан сўнг у то Хандақ жангигача яшаб, ўша куни ҳалок бўлди.
Амр ибн Умайя аз-Зомрий ва Мунзир ибн Уқба ибн Омир мусулмонларнинг подаларини боқиб юришган эди, воқеа жойида қушларнинг чарх уриб айланаётганини кўриб қолишди. Мунзир тушиб бориб, жангга қўшилиб кетди ва асҳоблар билан бирга ўлдирилди. Амр ибн Умайя аз-Зомрий эса асирга тушди. У ўзининг Музор қабиласидан эканини айтганидан сўнг Омир унинг пешона сочини кесиб ташлаб, онасининг бўйнида бўлган бир қул озод қилиш қарзи эвазига уни озод қилди.
Амр ибн Умайя аз–Зомрий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга улкан мусибат – етмишта энг фозил мусулмоннинг ҳалокати хабарини келтирди. Бу улкан йўқотиш бутун бошли Уҳуд жангидаги йўқотишга тенг келар, бироқ унда мусулмонлар ошкора тўқнашувда ҳалок бўлган бўлсалар, бунисида ғаддор хиёнат қурбонига айлангандилар.
Амр ибн Умайя йўлда келаётганида Қарқара деган жойда бир дарахт соясида тўхтади. Бану Килоб қабиласидан бўлган икки киши ҳам унинг ёнига келиб тушишди. Улар уйқуга кетишган пайт Амр иккаласини ҳам ўлдирди ва шу билан биродарларининг ўчини олган бўлди. Бироқ, ушбу қабиланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тинчлик аҳдномалари бор бўлиб, Амрнинг бундан хабари йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эди: «Сен ўлдирган иккала киши учун дия (хун пули) тўлашим лозим бўпти», дедилар, сўнг мусулмонлардан ва уларнинг яҳудий иттифоқчиларидан ҳалиги иккаласи учун дия жамлашга киришдилар. Мана шу воқеа Бану Назир ғазотига сабаб бўлди, бу ҳақда қуйироқда зикр қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун оралиғида бўлиб ўтган мазкур икки фожеа туфайли қаттиқ қайғу-аламга тушдилар, алам ва изтироблари ҳаддан зиёд кучайди, асҳобларини хиёнаткорона ўлдирган қавму қабилаларга дуоибад ўқидилар. «Саҳиҳ Бухорий»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Биър Маъунада асҳобларини ўлдирган кишиларни ўттиз кун дуоибад қилдилар. Бомдод намозида Риъл, Заквон, Лаҳён, Усайя қабилаларини дуоибад қилар, «Усайя Аллоҳ ва расулига осий бўлди», дердилар. Сўнг Аллоҳ таоло пайғамбарига: «Қавмимизга биздан етказингки, биз Раббимизга йўлиқдик, У биздан рози бўлди, биз ҳам Ундан рози бўлдик» деган оят нозил қилди ва биз уни ўқиб юрдик, кейинчалик у мансух бўлди. Шундан сўнггина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуойи қунут ўқишни тўхтатдилар.
Бану Назир ғазоти
Айтиб ўтганимиздек, яҳудлар Ислом ва мусулмонларга нисбатан адоват оловида жизғанак бўлишар, бироқ улар уруш ва жангу жадал кишилари эмас, балки макр-ҳийла ва фириб-найрангга устаси фаранг инсонлар эди. Кину адоватларини ошкор қилишар, мусулмонларга озорлар етказишнинг минг бир ҳийлаларини исташар, бироқ, ўртада урушмаслик ҳақида аҳднома борлиги учун очиқ уруш ҳаракатларидан сақланишарди. Қолаверса, улар Бану Қайнуқоъ ва Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши воқеаларидан кейин юрак ҳовучлаб қолишган, сукут қилишга ва овоз чиқармасликка мажбур бўлиб қолишганди.
Бироқ, Уҳуд воқеасидан кейин уларда ҳам журъат пайдо бўлиб, ошкора адоват ва хиёнат йўлига ўтишди, мунофиқлар ва Макка мушриклари билан яширинча боғланишиб, мусулмонларга қарши улар фойдасига ишлай бошладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тишларини тишларига қўйиб сабр қилиб келдилар, аммо Биър Маъуна ва Ражиъ ҳодисаларидан кейин уларнинг юзсизлик ва журъатлари чидаб бўлмас даражага етди, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан суиқасд уюштиришгача боришди.
Бунинг тафсилоти шундай бўлганди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча асҳоблари билан улар ҳузурига Амр ибн Умайя аз-Зомрий ўлдириб қўйган ҳалиги икки нафар Бану Килобликнинг хун пулини тўлашга ёрдам беришларини сўраб бордилар. Чунки, ўртадаги аҳднома бандларига кўра бу уларнинг ҳам бўйнига тушарди. Улар: «Ҳа, албатта йиғиб берамиз эй Абул Қосим, унгача сиз мана бу ерда ўтириб туринг», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кутиш учун уларнинг уйларидан бирининг девори остига келиб ўтирдилар. Абу Бакр, Умар, Алий ва бошқа бир қанча саҳобалар ҳам у кишининг ёнларида ўтирдилар.
Яҳудлар ёлғиз қолишгач, шайтоннинг сўзига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга тил бириктиришди. Бирлари: «Ким мана бу тегирмон тошини олиб, томдан унинг устига ташлаб, бошини янчиб ташлай олади?», деган эди, Амр ибн Жаҳҳош исмли бир бадбахтлари: «Мен қиламан», деди. Шунда Саллом ибн Мишкам: «Қўйинглар, бундай қилманглар! Аллоҳ уни бу макрларингиздан албатта хабардор қилади. Бундай қилиш ўртамизда бўлган аҳдномани бузиш демакдир», деб уларни у ишдан қайтаришга уринди. Бироқ, улар шум режаларини амалга оширишга қарор қилишди.
Шунда оламлар Парвардигори ҳузуридан Жибрил алайҳиссалом тушиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларнинг шум ният ва режаларидан бохабар қилдилар. У зот дарҳол ўринларидан туриб, Мадинага қараб йўл олдилар. Саҳобалари орқаларидан эргашиб: «Шошилиб туриб кетдингиз, тинчликми?», деб сўрашганда уларга яҳудларнинг суиқасдлари ҳақида айтиб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тезлик билан Муҳаммад ибн Масламани Бану Назир ҳузурига чопар қилиб йўлладилар ва уларга: «Мадинадан чиқиб кетинглар, биз билан бирга турманглар! Сизларга ўн кун муҳлат бераман. Агар шундан кейин бу ерда сизлардан бирон кишини учратсам, бошини кесаман», дедилар. Яҳудларнинг чиқиб кетишдан бошқа иложлари қолмади. Кўчиб кетишга ҳозиргарлик кўра бошлашди. Бироқ, шу орада мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай уларга: «Маҳкам туринглар, жойларингдан ҳеч қаёққа кетмасдан қаттиқ ҳимояланинглар, мен икки минг одам билан ёнларингизда тураман, сизлар билан бирга жон олиб, жон бераман, сизларга Бану Қурайза билан иттифоқчиларингиз Ғатафон ҳам ёрдам беради», деб элчи юборди, Аллоҳ таоло хабар берганидек: (Абдуллоҳ ибн Убай деди:) «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта бизлар ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши урушиш) тўғрисида ҳеч қачон бирон кимсага итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта бизлар сизларга ёрдам берурмиз», (Ҳашр: 11).
Шу билан яҳудларда ўзларига ишонч пайдо бўлиб, жанг қилиш қарорига келдилар ва раислари Ҳуяй ибн Ахтоб мунофиқлар бошлиғининг ваъдаларидан умидвор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Биз диёримиздан чиқмоқчи эмасмиз, қўлингдан келганини қил», деб одам юборди.
Шубҳасиз, мусулмонларга нисбатан жуда ноқулай бир ҳолат юзага келганди. Чунки, бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг мана шундай оғир вазиятда турган пайтларида яна рақиблар билан тўқнашувга киришнинг оқибати хайрли бўлмаслиги мумкин эди. Улар арабларнинг ўзларига қарши тиш қайрашаётганини, уларнинг вакил ва элчиларига нисбатан мудҳиш хиёнатларга қўл уришаётганини кўриб туришарди. Боз устига, Бану Назир яҳудларининг куч-қуввати уларнинг таслим бўлиши эҳтимолини узоқлатар ва улар билан бўлажак тўқнашувнинг оғир кечишидан дарак берар эди. Бироқ, Биър Маъуна ва ундан олдинги фожеалардан сўнг жиддийлашиб кетган ҳолат мусулмонларнинг шахс ва жамоатларига қилинаётган хиёнат ва ғаддорлик жиноятларига нисбатан ҳассосликларини анча оширган, бундай жиноятчиларга бўлган нафратларини ҳаддан зиёд тоширган эди. Шу боис улар Бану Назирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштириш ҳаракатидан сўнг, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, уларга қарши жанг қилишга қатъий қарор қилдилар.
Ҳуяй ибн Ахтобнинг жавоби етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтдилар, мусулмонлар ҳам такбир айтдилар. Шундан сўнг қавмга қарши жанг қилишга отландилар. Мадинага Ибн Умми Мактумни халифа қилиб қолдириб, Бану Назир сари юриш бошладилар. Байроқни Алий ибн Аби Толибга бердилар. Етиб боргач, уларни қамал қилдилар.
Бану Назир ўз қалъалари дарвозаларни танбалаб, томлари устидан мусулмонлар устига ўқ ва тошлар ёғдира бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хурмозор ва боғларидан келадиган ёрдамдан маҳрум қилиш мақсадида уларни кесиб ва ёқиб юборишга буюрдилар. Ҳассоннинг шеърида келгани каби:
Бувайрани қоплаб олган аланга.
(Бувайра – Бану Назир хурмозори номи эди.) Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилдики: «(Эй мўминлар), сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз танасида турган ҳолида қолдирдингларми, бас (сизлар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди)» (Ҳашр: 5).
Қурайза уларни ёлғизлатиб қўйди, Абдуллоҳ ибн Убай ҳам, иттифоқчилари Ғатафон ҳам хиёнат қилди, ҳеч бирлари уларга на бир ёрдам кўрсатишга ва на бир ғамларини аритишга қўл уришмади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳолини шайтоннинг ҳикоясига ташбеҳ қилди: «(Яҳудийларни мўминларга қаршилик қилишга гиж-гижлаётган мунофиқлар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга «Кофир бўл», деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) «Албатта мен сендан безорман…», деди» (Ҳашр: 16).
Қамал узоққа чўзилмади, бор-йўғи олти кун давом этди – баъзилар ўн беш кунга чўзилган ҳам дейишган – шундан сўнг Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув солди, натижада улар қуролларини ташлаб, таслим бўлишга тайёрлана бошладилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам чиқариб, Мадинани тарк қилмоқчи эканликларини билдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бола-чақаларини олиб, қуролларидан ташқари туялари кўтаргудек юклари билан Мадинадан чиқиб кетишга изн бердилар.
Улар бу шартга рози бўлишди ва кўчириб кетиш мақсадида уйларининг эшик-деразаларигача буза бошладилар. Айримлари ҳатто қозиқлару тўсинларгача юкладилар. Сўнгра хотин, бола-чақаларини олиб, олти юз туя юк билан Мадинани ташлаб чиқиб кетдилар. Кўпчилиги ва Ҳуяй ибн Ахтоб, Саллом ибн Абу Ҳуқайқ каби раислари Хайбарга кўчиб кетишди. Бир тоифаси Шомга кетди. Улардан фақат икки киши – Ёмин ибн Амр билан Абу Саъд ибн Ваҳб Исломни қабул қилиб, мол-мулкларини сақлаб қолишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Назирнинг қурол-аслаҳаларини олдилар, ерларига, уй-жой ва мол-мулкларига эга бўлдилар. Улардан олинган қуроллар 50та совут, 50та дубулға ва 340та қилични ташкил қилди.
Бану Назирнинг мол-мулки, ерлари ва ҳовли-жойлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига тегишли бўлиб, уларни ўзлари истаган ўринга ишлатишга ҳақли бўлдилар, уларни бешга тақсимламадилар. Чунки, уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи ғанимат қилиб берди, мусулмонлар от-уловларини ўйнатиб, жанг қилиб қўлга киритмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хоссатан муҳожирларга тақсимлаб бердилар, ансорлардан фақат икки кишига – Абу Дужона ва Саҳл ибн Ҳунайфга камбағал бўлганлари учун бердилар. Ундан ўз аҳли-оилаларига ҳам йиллик нафақа сифатида бериб турар, қолганини эса Аллоҳ йўлида қурол-аслаҳа ва от-улов сотиб олишга сарфлар эдилар.
Бану Назир ғазоти тўртинчи ҳижрийнинг рабиул-аввалида – 625- йил августда – бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло бу ғазот ҳақида тўла бир сура – «Ҳашр» сурасини нозил қилди. Унда яҳудларнинг сургун қилинишини сифатлаб, мунофиқларнинг шармандали маслакларини очиб берди, ўлжа ҳақидаги ҳукмларни баён қилди, муҳожир ва ансорларни мақтади, ҳарбий манфаатлар учун душман еридаги дарахтзорларни кесиш ва ёқиб юбориш жоизлигини, бу нарса ерда бузғунчилик қилишга кирмаслигини баён қилди, мўминларни тақвони лозим тутишга ва охиратга ҳозирланишга буюрди, сура хотимасини Ўзига ҳамду сано айтиш ва Ўзининг исм ва сифатларини баён қилиш билан якунлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Ҳашр» сураси ҳақида гап кетса: «Назир сураси дегин», деб қўярдилар.
Ибн Исҳоқ ва бошқа кўпчилик тарих ва сийрат аҳлларининг ушбу ғазот ҳақида ривоят қилган сўзларининг хулосаси шудир.
Абу Довуд, Абдурраззоқ ва бошқалар бу ғазотнинг келиб чиқиши ҳақида бошқа бир сабабни ривоят қилганлар. Яъни, Бадрда мағлубиятга учраган Қурайш кофирлари ушбу жангдан сўнг яҳудларга мактуб йўллаб: «Сизлар қилич-қалқон ва қалъалар эгасисиз. Сизлар бизнинг қабиладошимиз (яъни пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан урушсангиз урушдингиз, акс ҳолда биз фалон-фалон ишларни қиламиз, аёлларингизнинг оёқларидаги тақинчоқлари билан бизнинг ўртамизга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмай қолади», деб пўписа қилишди. Ушбу мактуб келганидан сўнг яҳудлар хиёнатга иттифоқ қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбориб: «Ўттизта асҳобингиз билан бизнинг ҳузуримизга келинг, биз ҳам ўттиз нафар ҳабр (олим, руҳоний)ни олиб чиқайлик, ўрталиғимиздаги фалон жойда учрашайлик. Улар сизнинг сўзларингизни эшитиб кўришсин. Агар тасдиқлашса ва иймон келтиришса, биз ҳам ҳаммамиз сизга иймон келтирайлик», дейишди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўттизта саҳобалари билан чиқиб бордилар, яҳудлардан ҳам ўттизта ҳабр чиқди. Бир ялангликка чиқиб боришгач, яҳудлар бир-бирига: «Қандай қилиб уни ўлдиришга имкон топасиз, ваҳоланки ўттизта асҳобининг ичида бўлса, ҳаммаси унинг учун жон беришга тайёр бўлсалар?!», дейишди. Сўнг у зотга одам юбориб: «Олтмиш киши қандай қилиб бир-биримизни тушуна оламиз, яхшиси сиз учта асҳобингиз билан келинг, биздан ҳам учта олим чиқсин, ўшалар сизнинг сўзингизни тасдиқлашса, биз ҳам иймон келтириб, тасдиқлайлик», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хўп деб, учта саҳоба билан чиқиб бордилар. Яҳудлар ҳам ҳанжарларини кийимлари ичига яшириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш мақсадида чиқиб боришди. Шу орада Бану Назирдан бўлган бир софдил аёл ўзининг ансорлар ичидаги бир қариндошига хабар йўллаб, Бану Назирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уюштирмоқчи бўлаётган суиқасдидан хабардор қилди. Ҳалиги ансорий зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига етиб келиб, эшитган хабарини у зотнинг қулоқларига шипшиди. Яҳудлар ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига етиб келмаган эдилар. У зот тезда Мадинага қайтиб кетдилар ва эртасигаёқ улар устига юриш қилиб, қамалга олдилар. Уларга: «Сизлар менинг олдимда фақат аҳд берибгина омон қолишингиз мумкин», дедилар. Улар аҳд беришдан бош тортишди. Ўша куни улар билан уруш олиб бордилар. Эртасига уларни қўйиб, Бану Қурайзага лашкар тортиб бордилар ва уларни аҳднома беришга чақирдилар. Улар аҳднома беришди. Шундан сўнг қайтиб, яна Бану Назирга лашкар тортиб келдилар. Улар билан уруш олиб бордилар. Охири улар туя кўтаргудек юкларини олиб, қуролларини ташлаб, сургун қилинишга рози бўлишди. Шундан сўнг Бану Назир матоларини, уйларининг эшик-деразаларини туяларга ортишди, уйларини бузиб, қўлга киргудек ёғочларигача олиб кетишди.