01.2 Аллоҳ таолонинг бандалар устидаги ҳақлари

    Банда тарафидан содир бўладиган ҳар бир гуноҳ Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига ташланади, У истаса кечиради, истаса азоблайди. Аллоҳга ширк келтириш гуноҳи бундан мустасно, зеро У буни кечирмайди.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

    Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида асҳобларидан бир жамоаси бўлган ҳолда шундай дедилар: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, фарзандларингизни ўлдирмасликка, ичларингиздан бўҳтон тўқимасликка, яхши ишларда итоатсиз бўлмасликка мени байъат қилинглар. Сизлардан кимки (шу байъатига) вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким бу ишлардан биронтасини қилиб қўйиб, шу дунёда жазосини олса, бу унга каффоратдир. Ким бу ишлардан биронтасини қилган, сўнг Аллоҳ уни яширган бўлса, (Қиёмат куни) унинг иши Аллоҳга (ҳавола), хоҳласа уни авф этади, хоҳласа жазо беради.» Биз мана шу ишларда у зотга байъат бердик (Муттафақун алайҳ).

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Ким Мени гуноҳларни кечиришга қодир деб билса, Мен уни кечираман ва (қандай гуноҳлигига) парво қилмайман, модомики Менга бирон нарсани шерик қилмаса» деди» (Табароний, Ҳоким, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 4330).

    Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Эй одамзот! Модомики, Менга ибодат қилар, Мендан умидвор бўлар ва Менга ширк келтирмас экансан, Мен сендан содир бўлган гуноҳларни кечираман. Агар осмону ер тўла гуноҳлар билан Менга рўбарў келсанг, Мен сени ўшанча мағфират билан кутиб оламан ва сени кечираман, (гуноҳларингга) парво қилмайман» деди» (Табароний, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 4341).

    Бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмлари бундан мустасно, зотан қасосдан ва мазлумга золимдан ҳаққини ундириб беришдан бошқа чора йўқдир.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг зиммасида биродарининг ор-номусига нисбатан қилган зулм ё (моли ёки жонига қилган зулм каби бошқа) бирон нарса бўлса, шу бугун, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келишидан олдин ундан қутулиб олсин. (У кунда) агар унинг солиҳ амали бўлса, зулми миқдорича ундан олинади, агар савоблари бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга юкланади», дедилар (Бухорий ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни ҳақ-ҳуқуқларни ўз эгаларига албата адо қиласизлар, ҳатто шохсиз қўйга шохли қўйдан ҳам ўч олиб берилади», дедилар (Муслим ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» деб сўрадилар. «Бизнингча, муфлис – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам» деб жавоб беришди. «Менинг умматимдаги муфлис шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга, бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади», дедилар (Муслим ривояти).

    Ширк (қилинган) амалларни бекорга чиқаради ва уларни вайрон қилади

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65).

    «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).

    «Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у охиратда зиён кўрувчилар тоифасидандир» (Моида: 5).

    «(Зотан) Биз улар (яъни жиноятчи кимсалар) қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23).

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, Ибн Жадъон жоҳилият пайтида силаи раҳм қилар, мискинларга таом берар эди, бу ишлари унга фойда берадими?», деб сўрадим. «Йўқ, фойда бермайди, у бир марта ҳам: «Эй Роббим, қиёмат куни менинг гуноҳларимни кечиргин» деб айтмаган», дедилар (Муслим ривояти).

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёмат кунидаги шафоатлари Аллоҳга ширк келтирмай ўтган тавҳид аҳллари учунгинадир

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ижобат қилинадиган дуоси бўлади, ҳар бир пайғамбар у дуони қилишга шошилган, мен эса уни қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асраб қўйганман, у умматимдан Аллоҳга ширк келтирмай ўтган ҳар бир кишига – иншоаллоҳ – албатта етгусидир» (Муслим ривояти).

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менга шафоат (қилиш ҳаққи) берилди, у Аллоҳга ширк келтирмайдиган ҳар бир кишига етувчидир» (Ибн Абу Осим «Суннат»да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ деган).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» (Бухорий ривояти).

    Аҳд-паймон ҳақидаги далил-ҳужжат ва тавҳидга далолат қилувчи белгилар

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир. Ёки: «Ахир илгари ота-боболаримиз мушрик бўлган эсалар, бизлар улардан кейин келган (ва уларнинг ўргатган йўлларига эргашган) авлод бўлсак, ўша ноҳақ йўлда ўтган кимсаларнинг қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қилурмисан», демасликларингиз учундир» (Аъроф: 172-173).

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни азоби энг енгил бўлган дўзахийга дейди: («Ётган жойинг қандай экан?» у “жуда ёмон жой” деб жавоб беради.) Унга: «Ердаги нарсаларнинг ҳаммаси сеники бўлганида, бу азобдан қутулиш учун уларни берган бўлармидинг?» дейилади. У: «Ҳа», дейди. Шунда: «Мен сендан Одамнинг пуштикамарида эканингда бундан кўра анча енгил нарсани – Менга ширк келтирмаслигингни истаган эдим, сен эса Менга ширк келтиришда маҳкам турдинг», дейди (Муттафақун алайҳ, икки қавс ичидагисини Бухорий ва Муслимдан бошқалар ривоят қилганлар).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни бандани олиб келиниб, (Аллоҳ таоло томонидан) унга айтилади: «Сенга кўз-қулоқ, мол-дунё ва бола-чақалар бермадимми, чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларни сенга бўйсундириб қўймадимми, сени бошлиқ бўлиб, роҳатда юрадиган қилиб қўймадимми?! Сен шу кунингга дучор бўлишингни гумон қилармидинг?» У: «Йўқ», дейди. Шунда унга (Аллоҳ таоло): «Сен Мени қандай унутган бўлсанг, Мен ҳам бугун сени ўшандай унутаман», дейди» (Муслим ривояти).

    Тавҳид устида жанг қилиш, бандаларни бандаларга ибодат қилишдан бандаларнинг Роббига ибодат қилишга ва тоғутга иймон келтиришдан Аллоҳнинг Ўзига иймон келтиришга буриш

    Аллоҳ таоло айтади:

    «То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан) тўхтасалар, бас, албатта Аллоҳ қилаётган амалларини кўргувчидир» (Анфол: 39).

    «Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган аҳли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз!» (Тавба: 29).

    «Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 256).

    Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен одамлар билан улар то Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни ўтамагунларича урушишга буюрилдим. Агар улар бу амалларни бажарсалар мендан ўзларининг жонларию молларини сақлашибди. Лекин ислом ҳақлари (қасос ва ҳадлар) бундан мустасно. (Бизга зоҳир бўлмаган, куфр, нифоқ каби амалларида) ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳавола» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен одамлар билан улар то «Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ» деб гувоҳлик бермагунларича ҳамда менга ва мен келтирган динга иймон келтирмагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар улар бу амалларни бажарсалар мендан ўзларининг жонларию молларини сақлашибди. Лекин ислом ҳақлари (қасос ва ҳадлар) бундан мустасно. (Бизга зоҳир бўлмаган, куфр, нифоқ каби амалларида) ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳавола» (Муслим ривояти).

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётганларида унга айтдилар: «Сен аҳли китоблардан бўлган бир қавмга бормоқдасан. Етиб боргач, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришга чақир, агар бунда сенга итоат қилсалар, Аллоҳ таоло уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айт, агар бунда ҳам итоат қилсалар Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини айт, агар бунда ҳам сенга итоат қилсалар молларининг яхшиларини закот қилиб олишдан сақлан, мазлумнинг дуосидан қўрқ, чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ бўлмайди» (Бухорий ривояти).

    Абу Молик ал-Ашжаъий отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳ таолони ягона деб билса ва Ундан ўзга сиғиниладиган нарсаларга кофир бўлса, унинг моли ва қони ҳаром қилинди, ҳисоби Аллоҳга ҳаволадир» (Муслим ривояти).

    Бир ривоятда: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса ва Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган нарсаларга кофир бўлса, унинг моли ва қони ҳаромдир ва ҳисоби Аллоҳга ҳаволадир» (Муслим ривояти).

    Ибодатнинг яроқли бўлиш шартларидан бири – у Аллоҳ учун холис бўлишидир, агар риё аралашса ботил бўлиб, мақбул саналмайди

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)». (Каҳф: 110).

    «Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат — безак қилиб қўйдик (яъни, ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина Бизнинг синовимиздан ўтурлар)» (Каҳф: 7).

    Оятдаги «чиройлироқ амал»дан мурод – тўғрироқ ва холисроқ амалдир.

    Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Айтингчи, бир киши ажр ва шуҳрат талаб қилиб ғазотга чиқса, у нимага эга бўлади?» деб сўради. «Ҳеч нарсага» – деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, – «Чунки Аллоҳ таоло фақат Ўзи учун холис қилинган ва Унинг Юзини истаб қилинган амалнигина қабул қилади» (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган киши шаҳид бўлган кишидир. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сенинг йўлингда жанг қилдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, сен одамлар сени «жасур» дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди»,- дейди. Сўнг буйруқ берилади – уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.

    Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади – уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.

    Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади – уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади» (Муслим ривояти).

    Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: “Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар» деб айтади», деб жавоб бердилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб» : 29).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло айтди: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қиламан» (Муслим ривояти).

    Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деб айтаётганларини эшитдим: «Ҳеч бир шубҳа бўлмаган кунда Аллоҳ таоло аввалги-ю охиргиларни жамлаганда бир жарчи нидо қилади: «Кимда ким Аллоҳ учун қилган амалида бирор бир кимсани У зотга шерик қилган бўлса, амалининг савобини ўшандан талаб қилсин, чунки Аллоҳ таоло шерикликдан беҳожатдир». (Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Саҳиҳут-тарғиб: 30).

    Заҳҳок ибн Қайсдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен икки шерикнинг яхшироғиман, ким бировни Менга шерик қилса, у ўша “шеригим” учундир. Эй одамлар! Амалларни Аллоҳга холис қилинглар. Чунки Аллоҳ азза ва жалла Ўзи учун холис қилинган амалнигина қабул қилади. «Бу Аллоҳ учун, бу эса раҳм (қариндошчилик) учун», деманглар, акс ҳолда у раҳм учун бўлади ва ундан Аллоҳга ҳеч нарса йўқ. «Бу Аллоҳ учун, ва сизлар учун» деманглар, акс ҳолда у «сизлар» учун бўлади ва ундан Аллоҳга ҳеч нарса йўқ» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2764).

    Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб: «Эй одамлар! Бу ширкдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир» дедилар. Шунда биров: «Чумолининг ўрмалашидан ҳам махфий бўлса, ундан қандай қилиб сақланамиз, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Эй Аллоҳ, биз бирон нарсани билиб туриб Сенга шерик қилиб қўйишдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз, билмай қилганларимиздан Ўзингга истиғфор айтамиз» денглар» дедилар. (Аҳмад ва Табароний ривояти, «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»: 33).

    Ҳар бир киши ўз жони ва динига эҳтиёт бўлиши, ниятига ҳушёр бўлиши лозим, чунки барча ишлар ниятларга боғлиқдир. Агар ният яхши бўлса амал ҳам яхши бўлади, ният бузилса амал ҳам бузилади.

    Аллоҳ таолодан бизларни бир зум ҳам нафсларимизга топшириб қўймаслигини, ширкнинг катта-ю кичигидан, ошкора-ю махфийсидан сақлашини, Ўзининг муваҳҳид ва мухлис бандаларидан қилишини сўраймиз. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

    Бу ҳукм ширк ва куфр устида ўлган кишига нисбатан бўлиб, агар ўлимидан олдин ширкидан тавба қилса, тавбаси мақбул ва манфаатли ҳисобланади. Зеро, тавба барча гуноҳларни, шу жумладан ширкни ҳам ювади.

    Яъни, мусулмон амирга ёки мусулмонлар ишига волий қилинган мусулмон кишига. У модомики яхшиликка буюрар экан, унга итоат вожиб. Аммо агар Аллоҳнинг маъсияти бўлган ишга буюрса унга итоат вожиб эмас. Зеро, Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқдир.

    Тоғут ва унинг турлари ҳақида Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Аъломул-муваққиъийн» китобида шундай ёзади: «Банда у билан ҳаддидан тажовуз қиладиган ҳар бир нарса – маъбуд ё раҳбар ё хўжайин бўлсин – тоғутдир. Ҳар бир қавмнинг тоғути – Аллоҳ ва Расулини қўйиб, унинг ҳукмини олишадиган ёки Аллоҳни қўйиб унга сиғинишадиган ё Аллоҳ кўрсатиб бермаган суратда унга эргашишадиган ё итоат қилишадиган кишисидир. Оламдаги тоғутлар ҳақида ё одамларнинг уларга нисбатан ҳолатлари ҳақида фикр юритсангиз, кўпларни Аллоҳнинг ибодатидан тоғутнинг ибодатига, Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини олишдан тоғутнинг ҳукмини қабул қилишга, Аллоҳга тоат ва пайғамбарига мутобаат қилишдан тоғутга тоат ва мутобаат қилишга бурилиб кетганига шоҳид бўласиз».

    Тоғутга кофир бўлиш ҳам сўз билан, ҳам эътиқод билан, ҳам амал билан бўлади, улардан бири бошқасининг ўрнини босмайди. Ким тили билан тоғутга кофир бўлсаю, дилида унга, унинг динига ва лашкарига адоват ва нафрат туймаса, тилнинг кофир бўлиши фойда бермайди. Ким тили билан ва дили билан тоғутга кофир бўлсаю, ўзи ундан четланмаса, у билан бирга ишлашдан, у билан бир сафда туриб исломга ва мусулмонларга қарши курашдан тийилмаса, у ҳам тоғутга кофир бўлиш деган нарсани рўёбга чиқарган бўлмайди. Чунки тоғутга кофир бўлиш юқорида айтганимиздек, тил, эътиқод ва амал билан бўлади.

    Ҳадиснинг мазмуни шуки, ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса-ю, лекин тоғутга кофир бўлмаса, Аллоҳни қўйиб унга ибодат қилишдан тийилмаса, моли ва қонини сақлаб қололмайди.

    Яхши амал – суннатга мувофиқ бўлган амалдир.

    Аҳли илмлар айтадилар:
    Аллоҳ таолога ибодат деб қилинадиган ҳар бир амал У зот ҳузурида мақбул бўлиши
    учун унда иккита шарт топилиши керак. Биринчиси – ёлғиз Аллоҳ учун холис бўлиши,
    иккинчиси – суннатга мувофиқ бўлиши. Агар бу икки шартдан бири топилмаса амал
    ботил-яроқсиз бўлади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963