031. Қўл бериб кўришишнинг мустаҳаблиги

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Қатода раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳуга:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ўртасида қўл бериб кўриш бормиди?, деб сўради.

— Ҳа бор эди, деб жавоб берди.

Имом Абу Довуд Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашса ва қўл бериб кўришса ажралишларидан аввал гуноҳлари кечирилади», дедилар.

Шайх Албоний бу ҳадисни «ҳасан» деганлар.

Шарҳ

Мусулмонлар орасидаги меҳр-муҳаббатни оширадиган нарсалардан бири учрашганда қўл бериб кўришиш. Бу амал сахобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – ўртасида бор эди. Баронинг ҳадисидаги «ажралишларидан аввал гуноҳлари кечирилади» жумласининг маъноси: баданлари билан ажралишларидан ёки қўлларини қўйиб юборишлиридан аввал гуноҳлари кечирилади, деганидир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Қўл бериб кўришиш мустаҳаб.
  2. Саҳобалар — Аллоҳ улардан рози бўлсин — қўл бериб кўришар эдилар.
  3. Мусулмонлар учрашганда қўл бериб кўришиш улкан ажрли амалдир.
Ислом Нури
Ислом Нури

Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

Articles: 1962