12. Олимнинг ҳақ-ҳуқуқлари, унинг зиммасидаги масъулиятлар

    Илм талаб қилишнинг фазли, илм талаб қилишга тарғиблар, толиби илмга бериладиган ажру-савоблар

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» (Тавба: 122).

    «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, маъруфга (ибодат-итоатга) буюрадиган ва мункардан (исён-гуноҳдан) қайтарадиган бир уммат (жамоат) бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 70).

    Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у зот масжидда қизил чопонлари устида ёнбошлаб ётган эканлар, «Ё Расулуллоҳ, мен илм излаб келдим», дедим. Шунда у зот: «Марҳабо, толиби илм! Толиби илмнинг талаб қилаётган илмини яхши кўриб, уни малоикалар ўраб оладилар ва қанотлари билан соялайдилар, сўнг устма-уст бўлишиб, то дунё осмонигача етадилар», дедилар (Аҳмад, Табароний, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 71).

    Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким илм талабида бир йўлда юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар илм толибининг бу қилган ишидан рози бўлиб, ўз қанотларини унинг оёқлари остига тўшайдилар» Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 70).

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: «Икки оч киши – илм соҳиби ва дунё соҳиби тўймайди ва бу иккиси баробар эмасдир. Илм соҳиби Раҳмоннинг розилигини зиёда қилади, дунё соҳиби эса туғёнга берилади». Сўнг ушбу оятларни ўқидилар: «Дарҳақиқат (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар ҳаддидан ошар» (Алақ: 7), «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28). (Доримий ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ кимга яхшилик истаса, уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).

    Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшироқдир. Динингиздаги энг яхши нарса вараъ (парҳезкорлик)дир» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 68).

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким илм излаб чиқса, то қайтгунича Аллоҳнинг йўлида бўлади» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 88).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунё малъундир, ундаги барча нарcалар ҳам малъундир, Аллоҳнинг зикри ва Аллоҳ яхши кўрган нарcалар ҳамда олим ё эcа таълим олувчи бўлган киши бундан муcтаcнодир» (Термизий, Ибн Можа, Байҳақий ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 74).

    Одамларга яхшиликни таълим берадиган олимнинг фазли ва у Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида эга бўладиган кароматлар ва ажру-савоблар

    Аллоҳ таоло айтади:

    «(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи ким бор?» (Фуссилат: 33).

    «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар» (Фотир: 28).

    «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ, фақат Унинг Ўзи ҳақдир. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).

    «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (Зумар: 9).

    «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтаради. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мужодала: 11).

    Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир» (Саҳиҳул-жомиъ: 4212).

    Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат олимга осмонлару-ердаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан афзаллиги худди ойнинг қолган юлдузлардан афзаллиги кабидир. Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир, пайғамбарлар эса тилла ҳам, кумуш ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмнигина мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким уни олган бўлса, мўл улушни олибди» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 70).

    Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яхшиликни таълим берувчи кишига барча нарсалар, ҳатто денгизлардаги балиқлар ҳам дуо-истиғфор айтиб турадилар» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3024).

    Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Олимнинг обид (оддий ибодат қилувчи)дан афзаллиги худди менинг энг қуйида бўлганларингиздан афзаллигим кабидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло, Унинг малоикалари, самовоту ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли-ю, (сувдаги) балиқлар одамларга яхшиликни таълим берувчи кишига салавоту салом йўллаб турадилар» (Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1838).

    Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларнинг энг афзалингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатган кишидир» (Бухорий ривояти).

    Мусъаб ибн Саъддан, отаси (Саъд ибн Аби Ваққос) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 170).

    Юқоридаги оятда зикр қилинган уммат (жамоат)дан мурод – яхшилик нима, мункар нима эканини ҳар томонлама пухта билувчи олимлардир. Йўқса, жоҳил – яхши-ёмонни ажрата билмайдиган илмсиз одам қандай қилиб яхшиликка буюриши ва ёмонликдан қайтариши мумкин?! Бу ерда айтилган умматдан мурод – баъзи ҳизбийлик тарафдорлари бўлган замондошларимиз оят маъносини нотўғри талқин қилиб, даъво қилганларидек сиёсий ҳизблар (партиялар) эмас. Улар мана шу хато тушунчаларидан келиб чиқиб, бир ягона уммат ичида сони чекланмаган сиёсий ҳизблар ташкил қилиш вожиблигини даъво қилишади. Бу эса илгари на салаф, на халаф ичида мўътабар бўлган нотабиий ва ёт тушунчадир. Зеро, сиёсий ҳизблар, кўриб ва кузатиб турганимиз каби, халқнинг барча табақа ва қатламларини қамраб олади, уларга олимлар ҳам, жоҳиллар ҳам бирдек аъзо бўлиши мумкин. Шундай экан, яхшилик ва ёмонликни тўла-тўкис билмайдиган жоҳил-илмсиз кишига: «Сен маъруфга (яхшиликка) буюришинг ва мункардан (ёмонликдан) қайтаришинг лозим» деб айтилиши тўғри бўлмайди. Зеро, ўзида йўқ бўлган киши бировга беролмайди.

    Яъни, илм талаб қилиш мусулмонларнинг эркакларига фарз бўлгани каби аёлларига ҳам фарздир. Зотан, шариатда келган ҳар бир буйруқ модомики, бирор жинсга хос қилиб айтилмаган бўлса, эркак-аёлга бирдек тааллуқли саналади. Ҳадисдаги илмдан мурод – шариат илмидир, яъни: «Аллоҳ айтди», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар», «саҳобалар айтдилар»дир.

    Аллоҳнинг йўлидан мурод – жиҳод бўлиб, илм талаб қилиб чиққан киши то қайтиб келгунича Аллоҳ йўлида жиҳодга чиққан кишининг ажрига эга бўлади.

    Ояти карима далолат қиладики, Аллоҳ таолодан қўрқиш кишининг илми миқдорига қараб бўлади, илм ортган сари бевосита қўрқув ҳам ортади, илм қанча кам бўлса қўрқув ҳам шунча кам бўлади. Қўрқув ва илм бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

    Ояти карима энг Улуғ ва Буюк Гувоҳ томонидан энг улуғ ва буюк гувоҳ берилувчи нарсага – тавҳидга берилган энг улкан гувоҳликни ўз ичига олган. Яна оятда олимларнинг фазлига далолат бор. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг тавҳид ҳақидаги, бир ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлиги ҳақидаги гувоҳликларини – бошқа одамлардан алоҳида ажратиб – Ўзининг гувоҳлиги ва малоикаларининг гувоҳликларига боғлаб, бир ўринга қўйди… Оятдан яна шу маъно ҳам англашиладики, кимда-ким мана шундай гувоҳлик бермаса ёки унинг зидди бўлмиш ширкка гувоҳлик берса, унинг илм доираси ҳар қанча кенг бўлмасин, илм соҳасида ҳар қанча улкан унвону мукофотларни қўлга киритган бўлмасин, ҳақиқий уламолардан саналмайди. Оятда айтилган «илм аҳллари» барча давр ва замонлардаги то қиёматга қадар келувчи барча олимларни ўзи ичига олади.

    Яъни, олимлар пайғамбарларнинг илми, ахлоқи, ихлос, жиҳод ва ибодатларида, ҳақни очиқ-ошкор айтишлари, мухолифларнинг озорларига сабр қилишларида меросхўрлардир. Пайғамбарлар мероси мана шу маъноларнинг барчасини ўз ичига олади.

    Одамларга яхшиликни таълим берувчи олимга ҳар бир нарса, ҳатто инидаги чумоли-ю, денгизлар тубидаги балиқларгача салавот ва истиғфор айтиб туриши кўнгилга кўп улуғ ҳисларни, олий ва юксак маъноларни олиб келади. Жумладан: а) Бу борлиқ ва ундаги бор жонли-ю жонсиз мавжудот ягона мақсад – Яратувчининг ибодатида муштарак, барча махлуқотлар жинс, шакл, исм ва табиатларида ҳар турли бўлишлари билан бирга барча-барчаси вужудга келишларидан бўлган мақсад ва ғояда ҳамжинс ва якдилдир; б) Мўмин кишига ғурбат ҳар қанча кучли бўлмасин, атрофида унга хайрихоҳ бўлувчи дўстлари бор. Чунки атрофидаги ҳар бир мавжудот Холиқнинг тавҳиди, ҳамду-тасбеҳида унга шерик, динда, ақийда ва тавҳидда унга дўст-биродар; в) Одамларга яхшиликни таълим берувчи олим бошига бало ва машаққатлар ёпирилган пайтларда мана шу ҳиссиётлар билан ўзига юпанч топади, енгиллик ҳис қилади. Гўё унинг атрофидаги ҳар бир жонзот, ва ҳатто бутун борлиқдаги барча мавжудот унга: «Сабр қил, мувозанатингни йўқотма, йўлдаги ёлғизлик ва ғурбат, золимлар тарафидан тортаётганинг озору уқубатлар сени ҳақдан ва ҳақни очиқ айтишдан буриб қўймасин, сен ёлғиз эмассан, биз сен билан биргамиз, сен сезмаган ҳолда биз сенга шунча-шунча вақтдан бери салавотлар, дуо-ю истиғфорлар айтиб турибмиз, Аллоҳдан сенга раҳмат ва сабот тилаб турибмиз», деяётгандек; г) Ушбу ҳислар олимни Аллоҳ учун яна-да ихлосли бўлишга, бутун борлиғини Унга бахш этишга, даъвати учун ажрни фақат Унинг ўзидан талаб қилишга, одамлардан бирон нарса умидвор бўлмасликка чорлайди, шу билан бу раббоний ато ва барча махлуқотларнинг ҳамкор ва ҳамдўстлиги сақланиб қолади; д) Одамларга яхшиликни таълим берувчи олим кишига барча махлуқотлар тарафидан бўлган бу ҳамкорлик, ҳамдўстлик ва эътибор яхшиликка яхшилик қайтариш, маъруфга маъруф билан жавоб бериш қабилидаги ишлардандир. Олим кишининг яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши ва одамларга яхшиликни таълим беришининг самараси бутун ер юзига яхшилик, ризқу барака ёғилишида намоён бўлади. Одамзотнинг гуноҳу маъсиятлари ерга ва ер юзидагиларга шумлик ва озорлар келиши манбаи бўлгани каби, тоат-ибодат ва яхшиликда барқарор бўлиши бутун ер аҳлига яхшилик олиб келади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик)» (Жин: 16), «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-­­­­­­­қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетмангиз!» (Ҳуд: 52), «Мен дедимки: Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ва сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ҳамда сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12), «Биз қачон бирон шаҳар (аҳли)ни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (Ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб — муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз» (Исро: 16). Золим шаҳар устига тушадиган ҳалокат ва вайронагарчилик унда яшовчи инсонлар-у, ҳайвонлар-у, барча нарсаларда акс беради, одамзотнинг маъсиятлари барчага бирдек шумлик ва бало ўчоғига айланади; е) Инларидаги чумолилар ва денгиз тубидаги балиқлар олим кишига кўпчилик инсонлардан кўра вафодорроқ ва унинг яхшилигини билувчироқдир. Чунки кўп кишилар ўзларига яхшиликни таълим берган ва ҳидоятларига сабаб бўлган олим киши ҳақида инсоф билан сўз айтишни, унга дуои хайр ва истиғфор айтишни ёки бир оғиз «раҳимаҳуллоҳ» (Аллоҳ раҳмат қилсин) деган сўзни ҳам кўп кўришади, айримлар эса ҳатто олимнинг арзимас хатоси учун, баъзан эса бевосита бирон хатоси бўлмаса ҳам, унинг шаънида ҳақорат ва лаънат айтишдан ҳам тойишмайди.

    Демак, одамларнинг
    яхшилари ва афзаллари шу билан – Қуръон ўрганиш ва ўргатиш билан, Аллоҳга ва
    Унинг тавҳидига чақириш билан билинади, мол-дунё тўплаш, дунё устида мусобақа
    қилиш билан эмас.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962