13. Меҳмоннинг мезбон устидаги ҳақлари

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар» (Инсон: 8).

    «Дарҳақиқат Бизнинг элчиларимиз — фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб турмай бир бузоқни оловда пишириб келтирди» (Ҳуд: 69).

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (оловда пиширилган) бир семиз бузоқни келтирдида, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?» деди» (Ваз-зарият: 24-27).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда келади: «Иброҳим алайҳиссалом меҳмонга зиёфат қилиб берган биринчи киши эди, у биринчи бўлиб, саксон ёшида хатна қилинган киши эди, Қадум деган жойда (ёки қадум-теша билан ўзини ўзи) хатна қилган эди» (Ибн Асокир ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 725).

    Меҳмонни иззат-икром қилишнинг фазли

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зот (меҳмонга қўйгани емак-ичмак борми деб) аёлларига одам юборган эдилар, улар: «Бизда сувдан бошқа нарса йўқ эди», дейишди. Шунда: «Бу кишини ким меҳмон қилади?», дедилар. Ансорлардан бир киши: «Мен» деб, уни уйига олиб кетди. Бориб аёлига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳмонини иззат-икром қил», деди. Аёли: «Уйимизда фақат болаларимизга етарлигина овқат бор», деди. «Сен таомингни ҳозирлагин-да, чироғингни ёқ, сўнг болаларингни ухлатиб қўй», деди. Аёли таом ҳозирлади, чироғини ёқди, болаларини ухлатиб қўйди. Сўнг туриб чироқни тўғрилаётгандек бўлиб, уни ўчириб қўйди. Сўнг эр-хотин ўзларини меҳмон билан бирга таом еяётгандек қилиб кўрсатиб ўтиришди ва оч ҳолда тонг оттиришди. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганида у зот: «Аллоҳ бу кеча иккаловингизнинг ишингиздан таажжубланди ёки кулди», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар» (Ҳашр: 9) оятини нозил қилди (Бухорий ривояти).

    Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ фазлу карам эгаларини яхши кўрувчи Соҳибкарамдир, сахийларни яхши кўрувчи Саховатпешадир, У олий хулқларни яхши кўради, тубан хулқларни ёмон кўради» (Ибн Асокир ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1800).

    Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларнинг энг яхшингиз таом берганингиздир» (Аҳмад, Ибн Можа ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 44).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин!» (Муттафақун алайҳ).

    Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ислом (амаллари)нинг энг яхшиси қайси?» деб сўраган эди, «Таом едиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишиларингга салом беришинг» дедилар (Бухорий ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Раҳмонга ибодат қилингиз, таом берингиз ва саломни ёйингиз, жаннатга хотиржам кирурсиз» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Термизий, Доримий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 571).

    Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда шундай хоналар борки, ичидан ташқариси, ташқарисидан ичкариси кўриниб туради». Шунда бир аъробий ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, улар кимлар учун?», деб сўради. «Ширинсухан бўлган, таом едирган, мудом рўзадор бўлган ва кечалари одамлар ухлаб ётганда намоз ўқиганлар учун», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1616).

    Ҳониъ ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида: «Ё Расулуллоҳ, қайси нарса жаннатни вожиб қилади?», деб сўради. «Яхши сўзлар сўзлашни ва таом беришни ўзингга лозим тут», дедилар (Бухорий «Холқу афъалил-ибад»да, Ибн Абид-Дунё, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1939).

    Бахиллик ва меҳмонни яхши кутмаслик айбли иш экани

    Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Меҳмонни меҳмон қилмайдиган одамда яхшилик йўқ» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2434).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамдаги энг ёмон нарса – жазавага солувчи бахиллик ва юраги чиқиб кетадиган қўрқоқликдир» (Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 560).

    Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб дедилар: «Хасисликдан сақланинглар! Зеро, сизлардан илгаригилар хасислик сабабли ҳалок бўлишди: у уларни бахилликка буюрди, бахил бўлишди, қариндошлардан узилишга буюрди, қариндошлардан узилишди, фисқу-фужурга буюрди, фужурга берилишди» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 1489).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бахилликдан сақланинглар! Чунки, сизлардан илгаригилар унинг чорлови билан қон тўкишди, унинг чорлови билан қариндошларидан узилишди, унинг чорлови билан ҳаром ишларга қўл уришди» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 2603).

    Амр ибн Шуайб отаси орқали бобосидан (Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ушбу уммат аввалининг салоҳи (тузалиши) таркидунёлик ва яқийн (чуқур иймон-ишонч) биландир, унинг охири бахиллик ва орзу(га берилиш) билан ҳалок бўлади» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3427).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ йўлидаги чанг-ғубор билан жаҳаннам тутуни бир бандада ҳеч қачон жамланмайди, бахиллик билан иймон бир банданинг қалбида ҳеч қачон бирикмайди» (Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2606).

    Бир ривоятда: «Аллоҳ мусулмон кишининг қалбида иймон билан бахилликни жамламайди» (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 2918).

    Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки сифат – бахиллик ва бадхулқлик мўмин кишида жамланмайди» (Термизий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2608).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!» «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, бахиллик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва содда мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 3432).

    Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Бахилликдан ҳам ёмонроқ дард борми?!», деб уч марта такрорладилар (Бухорий ривояти).

    Қўли шол (фалаж) бўлиб қолган бир аёл Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурига кириб: «Эй Уммул-муъминийн, кеча оқшом қўлларим соппа-соғ ётган эдим, эрталаб турсам қўлим шол бўлиб қолибди», деди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Нима бўлди?», деб сўрадилар. У деди: «Ота-онам бой-бадавлат кишилар эди. Отам закот берар, меҳмонни яхши кузатар, тиламчини қуруқ қайтармас, яхшиликдан бирон нарсани ҳақир санамай қилар эди. Онам эса бахил, қурумсоқ аёл эди, молини бирон яхшиликка ишлатмас эди. Отам вафот этди, икки ой ўтгач онам ҳам вафот этди. Бугун тушимда кўрдим, отамнинг эгнида бир жуфт сариқ кийим, олдида анҳор оқиб турибди. Мен: «Эй ота, бу нима(нинг мукофоти?)» деб сўрадим. Отам: «Эй қизим, дунёда ким бир яхшилик қилса, (унинг мукофотини) кўради, буни Аллоҳ менга ато қилди», деди. «Онам нима бўлди?», деб сўрадим. «Онанг вафот этдими?» деди. «Ҳа», дедим. «Ҳайҳот, бизнинг олдимизга етиб келмади. Бориб, чап томон аҳлидан излаб кўр», деди. Чап тарафга бурилдим. Қарасам, онам яланғоч, бир парча латта билан тўсинган ҳолда турибди, қўлида кичкина бир ёғ бўлаги бор, оҳ-воҳ тортиб, ташналикдан ҳасрат чекиб турибди. Қаттиқ қийналиб кетганида кафтига ҳалиги ёғ бўлагини ишқалаб, кейин уни ялайди. Қарасам, олдида анҳор оқиб турибди. «Эй она, нега олдингиздан анҳор оқиб туриб, ташналикдан оҳ-воҳ тортасиз?», дедим. «Мени ундан ичгани қўймайдилар», деди. «Мен сизга ичириб қўяйми?», дедим. «Қанийди, шундай қилсанг», деди. Шунда мен бир ҳовуч сув олиб, унга ичирдим. Шу пайт ўнг томон аҳлидан бир жарчи: «Ким бу аёлга сув берган бўлса, қўли қурисин!» деб икки марта жар солди. Уйқудан уйғонсам, қўлим шол бўлиб қолибди, қимирлата олмаяпман». Оиша розияллоҳу анҳо: «Сен унинг эгнидаги латтани танидингми?», деб сўрадилар. «Ҳа, эй уммул-муъминийн, унинг устида кўриб танидим. Онамнинг бирор нарсани садақа қилганини кўрмаганман. Фақат, бир куни отам мол сўйганида бир тиламчи келиб қолганида онам озгина ёғи бор бир суякни унга бериб юборган эди. Яна бир марта бир тиламчи келганида унга бир парча латтани бериб юборган эди», деди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо такбир айтдилар, сўнг дедилар: «Аллоҳ рост айтган ва Расули етказганки: «Ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7,8). (Ибн Ражаб «Рисолалар тўплами»да (2: 430) айтади: «Ҳофиз Абу Мусо ал-Мадийний «Ат-тарғиб ват-тарҳиб» китобида ҳасан санад билан келтирган»).

    Меҳмонни уч кун меҳмон қилиш унинг мезбон устидаги ҳаққи, ундан ортиғи эса садақадир

    Абу Шурайҳ ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зиёфат (меҳмон қилмоқ) уч кундир. Жоизаси (мукофоти-сийлови) – бир кеча-кундуз. Биродарини гуноҳкор этгунга қадар унинг уйида (меҳмон бўлиб) туриш мусулмон киши учун ярашмайди». «Ё Расулуллоҳ! Қандай қилиб уни гуноҳкор қилади?», сўрашди саҳобалар. «Биродарининг меҳмон қилишга ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам уникида тураверади!», деб жавоб бердилар (Муслим ривояти).

    Абу Шурайҳ ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин! Жоизаси (сийлови) – бир кеча-кундуз, зиёфат (меҳмон қилиш) уч кундир. Ундан кейингиси садақа бўлади. Меҳмон учун мезбонникида уни қийнаб қўярли даражада туриш ярамайди» (Муттафақун алайҳ).

    Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Жоизаси бир кеча-кундуз» деган сўзлари ҳақида айтади: «Бир кеча-кундуз уни иззат-икром қилади, совға-салом беради, муҳофаза қилади, сўнг уч кун меҳмон қилади» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3188).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зиёфат уч кун, ундан ортиғи садақадир» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3189).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Меҳмоннинг ўзи тушган хонадон эгаси зиммасида уч кун ҳаққи бор, ундан ортиғи садақа бўлиб, меҳмон хонадон аҳлини гуноҳга қўймасдан жўнаб кетиши лозим» (Абу Яъло, Баззор ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 2590).

    Абу Карима (Миқдом ибн Маъдий Кариб) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: «Меҳмонни бир кеча (меҳмон қилиш) ҳар бир муслим зиммасига вожиб бўлган ҳақдир. Меҳмон кимнинг хонадонида бўлса, (уни меҳмон қилиш) унинг зиммасига қарздир, хоҳласа (қарзини) талаб қилиб олсин, хоҳласа тарк қилсин» (Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3190).

    Агар бир киши қурумсоқ қавмга қўноқ бўлса, улар унинг ҳаққини бермасалар ва меҳмон қилмасалар, у ўз ҳаққини ва ўзига етарлича нарсани куч билан олса зарари йўқ. Агар ҳаққини қўлга киритишга кучи етмаса, мусулмонлар унга ҳаққини олиб бериш учун ёрдам беришлари вожиб бўлади

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир меҳмон бир қавмга қўноқ бўлса-ю, (меҳмондорчиликдан) маҳрум бўлиб тонг оттирса, зиёфат миқдорича нарсани олиши жоиз, унга гуноҳ бўлмайди» (Аҳмад, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 2730).

    Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз: «Ё Расулуллоҳ, сиз бизни юборганингизда баъзи бир қавмларга қўноқ бўлиб тушамиз, улар бизни меҳмон қилишмайди. Шунда нима қилсак бўлади?» деб сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бир қавмга тушсангизлар, сизларга меҳмон учун лозим бўлган нарсаларни беришса, қабул қилинглар. Агар ўз ихтиёрлари билан беришмаса, меҳмонга лозим бўлган нарсаларни улардан ўзларингиз талаб қилиб олинглар» (Муттафақун алайҳ).

    Миқдод ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши бир қавмда меҳмон бўлиб, (меҳмондорчиликдан) маҳрум бўлиб тонг оттирса, у то уларнинг экини ва молидан бир кечалик меҳмонлик ҳаққини олгунга қадар унга ёрдам бериш ҳар бир мусулмонга вожибдир» (Мунзирий «Тарғиб»да айтади: Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилган, Ҳоким исноди саҳиҳ деган).

    Иброҳим алайҳиссалом бу ишни келган меҳмонлар кимлар, нега келишган, нима истайдилар, таомга эҳтиёжлари борми, йўқми, бу ҳақда сўраб ҳам ўтирмасдан қилдилар. Бу эса камоли саховат ва карамдан саналади.

    Менга бир хонадонда бўлиб ўтган ажиб бир воқеани сўзлаб беришган эди, хонадон соҳибининг олижаноблилиги ва меҳмонга нисбатан иззат-икромидан ҳайрон қолган эдим. Ислом тарбиясини олган кишилар мана, қандай бўладилар! Урдунлик муҳтарам кишилардан бирининг ҳикоя қилишича, у ва бошқа бир қанча биродарлар бир фазлу карам ва саховат соҳиби бўлган биродарнинг уйига меҳмонга чақириладилар. Биродар оиласи билан меҳмонларга таом ҳозирлаш билан овора бўлиб турган маҳалда шўрва қайнаб турган қозон гўдак боласи устига ағдарилиб кетиб, бола ҳалок бўлади. Шунда биродар сабр-матонат кўрсатиб, аёлини ҳам ҳам сабрга чорлайди, бўлган ҳодисани меҳмонлар сезиб қолиб, роҳатлари бузилмасин деб, ҳеч нарса бўлмагандек меҳмондорчиликни давом эттиришади. Зиёфат ниҳоялангач, меҳмонлар хонадон соҳибига ташаккур изҳор қилишиб, кетишга изн сўраган пайтларида у улардан гўдагининг жаноза намозини бирга ўқишларини сўрайди!

    Яъни, меҳмонларга, шунингдек камбағал-муҳтожлар каби ҳақдор бўлган кишиларга таом берган кишилардир.

    Бахиллик кўп гуноҳу маъсиятларга сабаб бўлади. Шунинг учун бахилликдан паноҳ тилаш суннатдир, Бухорий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Парвардигоро! Мен Сендан ташвишу ғамдан, ожизликдан, ялқовликдан, бахилликдан, қўрқоқликдан, қарзнинг оғирлигидан ва кишиларнинг ғолиб бўлиб кетишидан паноҳ беришингни сўрайман» деб дуо қилардилар ва асҳобларини ҳам шундай дейишга буюрардилар.

    Яъни, бир кеча-кундуз мобайнида меҳмон олдига топган нарсасини қўйиб, имкон қадар кўпроқ зиёфат қилиш ва унга одатдан зиёдароқ илтифот кўрсатиш унинг мукофоти саналади. Иккинчи ва учинчи кунлари эса одатий таом беради, ортиқча нарсалар қўйиши шарт эмас. «Гуноҳкор этгунича» дегани уни танг ва ночор аҳволга тушириб қўйиш, меҳмон қилишга бирон нарса тополмасдан кўнгли хижил бўладиган ҳолатга олиб келишдир. Баъзан бу мезбонни бировдан қарз олишга ва кейин уни тўлаёлмай қолишига, ёки меҳмонни унинг шароити ва имкониятини ҳисобга олмасликда айблаб ғийбат қилишига ва шу сабабли гуноҳга тушишига олиб келади.

    Садақа дегани ихтиёрий иш
    бўлиб, меҳмоннинг мезбон зиммасидаги ҳаққидан саналмайди. Мезбон агар истаса
    садақа қилиб ажрга эга бўлади, истамаса қилмасдан гуноҳкор бўлмайди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962