Кашфуш-шубуҳот (2)

    Баъзан тавҳид душманларининг жуда кўп илмлари, китоблари, ҳужжатлари
    бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон
    келтириш ва У зотга бўйсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган
    вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан
    шодланиб-мақтандилар»
    (Ғофир: 83).

    «Баъзан тавҳид душманларининг жуда кўп – луғавий – илмлари,
    мурожаат қиладиган – китоблари, ҳужжатлари бўлади». Лекин, таҳқиқ
    қилинганда улар саробга ўхшаган бўлади, мунозара пайтида у илмларининг ҳеч
    нарсага арзимаслиги очилиб қолади: «Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари
    эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, унинг олдига келгач
    эса ҳеч нарса топа олмас»
    (Нур: 39). Яъни, керак бўлган пайтда ўзига
    асқотмайди. Бу ҳужжатлардан баъзилари ҳақида юқорида айтиб ўтилди, баъзилари
    ҳақида эса қуйида жавоб келади.

    Илм – пайғамбарлар алайҳимуссаломдан қолган меросдир. Аммо, уларнинг илми ё
    тушда кўрилган нарсалар ё асли бўлмаган ботил афсоналардир. Ичида саҳиҳ гаплар
    ҳам бўлиши мумкин, бироқ улар уни тушунмайдилар, аслида у гаплар уларнинг
    ботилларига далил бўлмайди, балки уларга қарши раддия бўлади.

    Уларда ҳам кўплаб илмлар, китоблар ва ҳужжатлар борлигига далил сифатида
    қуйидаги оятни келтирилди:

    «Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки уларга пайғамбарлари (Аллоҳга иймон келтириш
    ва У зотга бўйсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида
    улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан
    шодланиб-мақтандилар» (Ғофир: 83)».

    Мана шуни билган бўлсангиз ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл унинг устида
    ўтирувчи фасоҳат, илм ва ҳужжат аҳли бўлган душманларсиз бўлмаслиги аниқлигини
    билган бўлсангиз, демак, сизга Аллоҳнинг динидан ўзингиз учун ўша шайтонларга
    қарши курашишга қурол бўладиган нарсани ўрганиб-билишингиз вожиб бўлади.
    Шайтонларки, уларнинг имоми ва пешвоси Парвардигорингиз азза ва жаллага шундай
    хитоб қилган эди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом
    Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра
    уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан
    оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган
    ҳолларида топмайсан»
    (Аъроф: 16, 17). Лекин, қачонки, Аллоҳга иқбол
    қиларкансиз ва Унинг ҳужжатларига ва далилларига қулоқ соларкансиз, қўрқманг ва
    ғамгин бўлманг: «Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлувчидир» (Нисо:
    76).

    «Мана шуни билган бўлсангиз…» Яъни, мусанниф юқорида баён қилиб
    берган нарсаларни англаб олган бўлсангиз..

    «Ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўл унинг устида ўтирувчи – шу йўл
    устига маҳкам ўрнашиб олган, ундан ажралмайдиган ва ундан қайтмайдиган,
    мақсадлари иғво ва шу тўғри йўлдан тўсиш бўлган – фасоҳат, илм ва – ўз
    ботилларига бўлган – ҳужжат аҳли бўлган душманларсиз бўлмаслиги аниқлигини
    билган бўлсангиз…»
    Бироқ, уларнинг ҳужжатлари пайғамбарлар
    алайҳимуссаломдан мерос бўлиб қолган ҳужжатлар бўлмасдан, фақат тушда кўрилган
    нарсалар ва ёлғонлардан иборатдир ва ўзлари учун керакли пайтда асқотмайдиган
    бўш ҳужжатлардир.

    «Демак, сизга Аллоҳнинг динидан ўзингиз учун ўша шайтонларга қарши
    курашишга қурол бўладиган нарсани ўрганиб-билишингиз вожиб бўлади».
    Бу билан
    сиз ўзингизни ва динингизни ҳимоя ва мудофаа қиласиз, шу билан ҳалигидай мақомда
    турган ва жин шайтонларидан кўра зарари кучлироқ бўлган, иблиснинг ўринбосарлари
    бўлган одамий шайтонларга қарши курашасиз.

    «Шайтонларки, уларнинг имоми ва пешвоси Парвардигорингиз азза ва жаллага
    шундай хитоб қилган эди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли
    мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман».
    Яъни, у инсон зотига адовати ғоят қаттиқлигидан: «Мен бу йўлдан ўтувчи бирон
    кишини қўймасдан, унга маҳкам ёпишаман ва уни йўлдан оздираман» деди, одамзотни
    йўлдан оздиришга, ҳақ йўлдан бутунлай буриб юборишга қаттиқ ҳаракат қилди, ўзи
    жон-жаҳди билан қасд қилган иши ҳақида хабар берди, сўнг уни таъкидлаб:
    «Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан
    оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган
    ҳолларида топмайсан» (Аъроф: 16, 17)
    », деди.

    Модомики, мазкур сифатда бўлган йўл устига ўтириб олинган, ундан тўсиш учун
    анвои хил тўсиқлар, анвои хил аслаҳалар, анвои хил ҳужжатлардан фойдаланилар
    экан, анвои хил фириб-найранг, алдов ва макр-ҳийлаларни ишга солинар экан, инсон
    қандай хотиржам бўлсин, қандай қўрқмасин?!

    Инсон ва жин шайтонлари пистирма қўйган бу йўлда қанчадан-қанча одамлар ҳалок
    бўлиб кетмади дейсиз?! У шайтонлар учун қалбга ҳукмронлик бериб қўйилгани ҳолда,
    ўзларини омонликда деб кўрдилар ва унинг хатарларидан хавфда бўлмадилар.

    Мусанниф шайтон ва унинг ўринбосарларининг адоватини, уларнинг инсон зотини
    ҳалок қилишга нақадар ҳарисликларини зикр қилиб ўтганидан сўнг шундай
    дейди:

    «Лекин, қачонки – қалбингиз ва бор вужудингиз билан – Аллоҳга иқбол
    қиларкансиз
    – Унинг Ўзигагина илтижо қилишингиз, куч-қудратни фақат Унга
    нисбат беришингиз ва Ундан бошқалардан безор бўлишингиз билиниб тураркан – ва
    Унинг
    – Китоб ва Суннатдан бўлган – ҳужжатларига ва далилларига қулоқ
    соларкансиз, –
    Тўғри Йўл устида пойлаб ўтирган душманлардан – қўрқманг ва
    ғамгин бўлманг
    – сизда ўзингизни бундан ҳимоя қиладиган қалқон мавжуддир,
    Аллоҳнинг ҳужжат ва далилларидан юз ўгиришдан қўрқиш керак.

    Қўрқув ва ғамгинлик сизга ушбу далил-ҳужжатларга қулоқ тутмасликдан бўлиши
    даркор. Аммо, уларга иқбол қиларкансиз, қўрқишга ҳожат йўқ: «Шубҳасиз,
    шайтоннинг макри заиф бўлувчидир»
    (Нисо: 76)».
    Агарчи, шайтоннинг улуши
    мингдан тўққиз юз тўқсон тўққизтани ташкил этса ҳам, унга эргашганларнинг
    кўплиги унинг куч-қудрати кўплигидан эмас, унинг макри заиф, балки кўпчилик
    халқлар унга итоат қилиб, унга ўз қалбларидан ўрин бериб қўйганлар, уни ўзларига
    ҳукмрон қилиб олишгач, улар устидан ҳукмронлиги тўла бўлди, йўқса Аллоҳнинг
    бандалари устидан унинг ҳукмронлиги йўқ эди. Агар улар уни ўзларига ҳукмрон
    қилиб қўйишмаса эди, у улар устидан асло ҳукмрон бўлолмас эди. Осийлар ўзлари
    унга итоат қўлини узатдилар, агар улар унга адоват ва исённи изҳор қилишганида у
    ҳаргиз ўзича уларга ҳукмрон бўлиб олмас эди. Инсонлар ўзлари шаҳватларни деб,
    нақдни насиядан афзал кўришганидан тизгинларини унга бериб қўйдилар. Аллоҳ таоло
    айтганидек: «Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Парвардигорларига таваккул
    қиладиган зотлар устида
    (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат
    ҳукмронлик йўқдир. Унинг
    (шайтоннинг) ҳукмронлиги фақат (уни)
    дўст тутиб,
    (Аллоҳ)га шерик қилиб оладиган кимсалар устидадир»

    (Наҳл: 99, 100). Қай бир кишига шайтон бирон ишда ҳукмрон бўлиб олган бўлса, у
    одам уни ўзига дўст тутган бўлиб чиқади, агар бир ишда унга итоат қилса, шайтон
    бошқа ишда ҳам ундан итоат кутади, шундай қилиб, охири уни ҳалокатга етказади,
    Аллоҳ сақласин.

    Оддий бир илмсиз муваҳҳид ўша мушрикларнинг мингта олимига ғолиб бўлади.
    Аллоҳ таоло айтганидек: «Шак-шубҳасиз Бизнинг қўшинимиз
    (яъни
    пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар)
    ғолиб
    бўлувчидирлар»
    (Соффат: 173). Аллоҳнинг қўшини қилич ва тиғ билан ғолиб
    бўлганлари каби ҳужжат ва тил билан ҳам ғолиб бўлувчидирлар.

    «Оддий бир илмсиз муваҳҳид…» Яъни, ўзи олим ва фақиҳ бўлмаса ҳам,
    динининг далилларини яхши билган бир аҳли тавҳид киши.. Бу ерда жоҳил илмсиз
    кишини кўзда тутилмади. Бироқ, илмсиз оми киши ҳам ақлий ҳужжатларни танишга
    муваффақ қилиниши ҳам мумкин, лекин бу жуда камёб ҳолдир.

    «… ўша мушрикларнинг мингта олимига ғолиб бўлади». Чунки,
    мушрикларнинг ҳужатлари ботил, афсона ва ёлғон тушлардир. Бу ҳужжатлар ичида бор
    бўлган ҳақ гаплар ҳам аслида уларнинг ўзларига қарши ҳужжат бўлади.

    «Аллоҳ таоло айтганидек: «Шак-шубҳасиз Бизнинг қўшинимиз (яъни
    пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлувчидирлар» (Соффат:
    173).»
    Бу оят ғалабани фақат Аллоҳнинг қўшинига чеклади.

    «Аллоҳнинг қўшини қилич ва тиғ билан ғолиб бўлганлари каби ҳужжат ва тил
    билан ҳам ғолиб бўлувчидирлар».
    Демак, бу ғалабани барча жиҳатга умумий
    бўлишини тақозо қилади, улар ҳужжат ва тил жиҳатидан ҳам, қилич ва тиғ жиҳатидан
    ҳам ғолиб бўладилар.

    Ҳозирги замонда ёмонлик аҳлига ҳукмронлик бериб қўйилганини айтиб раддия
    беришга шошилманг. Бунга сабаб уларнинг ўзлари динларини зое қилишлари бўлди.
    Бўлмасам, Роббул оламийннинг дини сақланувчидир, уни муҳофаза қилувчилар
    томонидан муҳофаза қилинувчидир.

    Хавф-хатар фақат қуролсиз йўлга чиққан муваҳҳид учунгина мавжуддир. Аллоҳ
    таоло бизга Ўзининг «Ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва
    мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китоби»
    (Наҳл: 89) билан миннат-марҳамат
    қилди.

    «Хавф-хатар фақат қуролсиз йўлга чиққан муваҳҳид учунгина мавжуддир».
    Яъни, ўзини ҳимоя қиладиган қуроли – далил-ҳужжати бўлмаган, динининг
    далилларини ўрганмаган муваҳҳид хавф-хатар устида бўлади, душмани бўлмиш шайтон
    ва унинг лашкари қўлида ҳалок қилиниши, асирга олиниши хавфида қолади, шайтон ва
    унинг тобеълари уни йўлдан оздиришларидан ташвиш бор бўлади.

    «Аллоҳ таоло бизга Ўзининг «Ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят,
    раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китоби» (Наҳл: 89) билан
    миннат-марҳамат қилди».
    Бу биз учун энг катта қуролдир.

    Ботил эгаси қандай бир ҳужжат келтирмасин, Қуръонда уни синдирадиган ва
    ботиллигини баён қилиб берадиган далил албатта бордир. Аллоҳ таоло айтганидек:
    «Улар сизга
    (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон
    мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ
    (жавобни) ва энг гўзал
    шарҳни келтириб қўйдик»
    (Фурқон: 33). Баъзи муфассирлар бу оят ботил
    аҳллари то қиёматгача келтирадиган ҳар қандай ҳужжатга ом эканини
    айтганлар.

    «Ботил эгаси қандай бир ҳужжат келтирмасин, Қуръонда уни синдирадиган ва
    ботиллигини баён қилиб берадиган далил албатта бордир».
    Буни билган билади,
    бунга муваффақ қилинган киши муваффақ қилинади, билмаган киши билмайди.

    «Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги
    каби) бирон мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ (жавобни)
    ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик» (Фурқон: 33)».
    Қуръон ҳар қандай
    ботилни рад қилишга кафилдир. Лекин, фаҳм қуввати ҳар кимда ҳар хил бўлади.
    Баъзи одамлар бошқаларда бўлмаган кучли фаҳмлаш қувватига эга қилинган бўлади,
    бир хил одамларга бошқаларга берилмаган тавфиқ берилган бўлади.

    «Баъзи муфассирлар бу оят ботил аҳллари то қиёматгача келтирадиган ҳар
    қандай ҳужжатга ом эканини айтганлар».
    Лекин, инсонга уни тушуниш ва англаб
    етиш қобилияти берилмаган бўлиши мумкин. Баъзи уламолар, жумладан шайхулислом
    Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ фикрларига кўра, ботил иш устидаги киши ўзининг ботилига
    бирон оят ё саҳиҳ ҳадисни ҳужжат қилиб келтирса, аслида шу оят ё ҳадисда унинг
    зиддига далил бўлади. Бунга бир неча оятларни мисол ўлароқ келтиради. Жумладан:
    «Кўзлар унга ета олмас» (Анъом: 103), «Бирон нарса У зотнинг мислидек
    эмасдир»
    (Шўро: 11) оятлари каби.

    Мен замонамиздаги мушриклар бизга қарши ҳужжат қилган гапларга жавоб
    тариқасида Аллоҳ таоло Китобида зикр қилган нарсалардан баъзиларини сизга айтиб
    бераман.

    «Мен замонамиздаги мушриклар бизга қарши ҳужжат қилган гапларга жавоб
    тариқасида Аллоҳ таоло Китобида зикр қилган нарсалардан баъзиларини сизга айтиб
    бераман».
    Китобнинг мавзуси ва унинг ёзилишига асосий сабаб ҳам шудир ўзи.
    Китоб айрим мушрикларнинг ибодат тавҳиди борасида келтирган шубҳаларига раддия
    тарзида ёзилган. Шайх раҳимаҳуллоҳ Аллоҳга даъват қилишга бел боғлаб, кўпчилик
    одамлар ботиб қолган катта ширк турини баён қилиб бергач, баъзи жоҳиллар
    ўзларига ўхшаган жоҳилларни шубҳага тушириш мақсадида у кишига қарши фикрларни
    кўтариб чиқдилар ва мусанниф раҳимаҳуллоҳ мусулмонларни кофирга чиқараётганини
    даъво қилдилар. Бундай бўлишдан Аллоҳ сақласин, у киши аслида куфр амалини
    қилаётган ва куфрига ҳужжат барпо бўлган кишиларнигина кофир санайди. Шундан
    сўнг мусанниф – гарчи ўзи ўргимчакнинг тўридан ҳам заиф бўлса-да – жоҳилларни
    шубҳага туширган ўша шубҳаларни аритиш ва уларни рад қилиш мақсадида қўлга қалам
    олди.

    Мусанниф раҳимаҳуллоҳ инсон шубҳаларга дучор бўлган пайтда пайғамбарларнинг
    дини ҳақиқатидан бохабар ҳолда бўлиши ва пайғамбарларнинг дини мушрикларнинг
    динидан афзал эканини билиб олиши учун аввал пайғамбарларнинг дини ва улар
    даъват қилган нарсанинг ҳақиқатини баён қилишда, шунингдек мушрикларнинг дини ва
    уларнинг аҳволини баён қилишда фойдали бўлган бир муқаддимани тақдим қилди ва
    замонасининг мушриклари ўтган мушрикларнинг динига эргашган эканларини
    тушунтириб берди.

    Айтамизки, ботил аҳлига жавоб икки йўл билан: мужмал (қисқа) ва муфассал
    (батафсил) бўлади.

    Аммо, мужмал уни англаган киши учун жуда катта иш ва улкан фойдадир. Бу
    Аллоҳ таолонинг қавлики: «У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у

    (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва
    бошқа
    (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш
    қийин бўлган оятлар ҳам
    (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш
    бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ
    таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки,
    (ундай оятларнинг) таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур»
    (Оли
    Имрон: 7). Саҳиҳ ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
    «Агар ундан (яъни Қуръондан) муташобиҳ бўлган оятларга эргашаётган кишиларни
    кўрсангиз, Аллоҳ номлаган кишилар ўшалардир, улардан эҳтиёт бўлинг» (Бухорий ва
    Муслим ривоятлари).

    «Айтамизки, ботил аҳлига жавоб икки йўл билан: мужмал (қисқа) ва муфассал
    (батафсил) йўл билан бўлади.

    Аммо, мужмал уни англаган киши учун жуда катта иш ва улкан фойдадир».
    Аммо, дили билан англамасдан, фақат тилига жорий бўлган кишилар учун бу жавоб
    ҳужжат бўлмайди. Бу далил мужмал ва мухтасар бўлиши билан бирга ҳақиқатда ҳар
    қандай шубҳага жавоб бўлишга ярайди.

    «Бу Аллоҳ таолонинг қавлики: «У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у
    (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва
    бошқа
    (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш
    қийин бўлган оятлар ҳам
    (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш
    бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ
    таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки,

    (ундай оятларнинг) таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур» (Оли Имрон: 7)».
    Муҳкам оятлар – бандалар уларни билиши, уларга амал қилиши ва иймон келтириши
    билан Аллоҳга бандалик қилиши лозим бўлган оятлардир. Демак, муҳкамнинг ҳукми
    қуйидагича:

    1) Унинг Аллоҳ ҳузуридан эканига иймон келтириш.

    2) Унинг маъноларини билиш.

    3) Унга амал қилиш.

    Муташобиҳ оятларнинг далолати эса муҳкам оятларникидек аниқ-равшан эмас.
    Унинг ҳукми қуйидагича:

    1) Уни Аллоҳ ҳузуридан деб, Аллоҳ таоло бандаларига унга иймон келтиришлари
    учун нозил қилган, деб ишониш.

    2) Уни муҳкамга хилоф келадиган маънода тафсир қилмаслик, балки уни асл-асос
    бўлмиш муҳкамга қайтариш ва шу билан тафсир қилиш.

    «Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага
    солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ
    оятларига эргашадилар».
    Яъни, дилларида ҳақдан оғиш бўлган кишилар далил
    келтиришда муҳкамни қўйиб, муташобиҳни талаб қиладилар, уларнинг ботилларини
    вайрон қилиб ташлайдиган ва ўзларини шармисор қиладиган возиҳ-равшан далилни
    тарк қиладилар.

    Демак, бундан келиб чиқадики, ҳидоят ва тўғрилик эгалари муҳкамга эргашадилар
    ва муташобиҳни муҳкамга қайтарадилар, «Нега энди унга ё бунга эҳтимоли бўлмаган
    мана бу аниқ-равшан оятдан бурилишим керак?!», дейдилар.

    Улар зайғ аҳлидан, яъни қалбларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кишилардан бутунлай
    фарқлидирлар. Чунки, Аллоҳ таоло зайғ аҳлини муташобиҳга эргашадилар, деб
    хослади.

    «Ҳолбуки, (ундай оятларнинг) таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур».
    Таъвил деганда таҳриф (бузиб ўзгартириш) ҳам, тафсир ҳам, ғоиб ишларнинг
    кайфиятларини билиш ҳам кўзда тутилиши мумкин. Таҳриф ботилдир, тафсирни
    уламолар биладилар, ғоиб ишларнинг кайфиятларини эса Аллоҳдан бошқаси
    билмайди.

    «Саҳиҳ ҳадис борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
    «Агар ундан
    (яъни Қуръондан) муташобиҳ бўлган оятларга эргашаётган
    кишиларни кўрсангиз, Аллоҳ – «дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар» деб –
    номлаган кишилар ўшалардир, улардан эҳтиёт бўлинглар».
    Сизларни ҳам ўзларига
    ўхшаб ҳақ йўлдан тойдириб юбормасинлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    улардан огоҳлантирдилар, чунки улар билан аралашиш ва гапларига қулоқ солиш
    қалбни бузадиган ёмон дард ва касалликдир. Инсон ўзининг ҳақда турганига суяниб
    хотиржам бўлиб қолмасин, балки тойилиш аҳлларидан узоқлашсин. Гарчи ўзи ҳақда
    бўлса ҳам, улардан бегоналашсин. Зеро, салафларнинг ҳолатлари ана шундай эди ва
    улар ушбу ҳадисни далил қилиб келтирар эдилар. Ботил аҳлининг ҳукми шу, яъни
    улардан имукон қадар йироқлашиш лозим, токи қалбга ундан қутулиш қийин бўлган
    шубҳа оралаб қолмасин. Ботил аҳли сизни ҳам ўзидек қалбида оғиш бўлган одам
    қилиш учун бор кучини аямайди, улар шаҳвоний маъсият эгаларидан кўра одамларга
    зарари кўпроқдир.

    Мисол учун, агар сизга баъзи мушриклар: «Огоҳ бўлингизким, албатта
    Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин
    бўлмайдилар»
    (Юнус: 62), ёки «шафоат ҳақ» ёки «пайғамбарларнинг Аллоҳ
    ҳузурида жоҳлари (ҳақ-ҳурматлари) бор», деса ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    салламнинг бирон сўзларини ўзининг ботилига далил қилиб келтирса, сиз у айтган
    сўзнинг маъносини тушунмасангиз, унга шундай жавоб беринг: «Аллоҳ таоло Ўзининг
    Китобида қалбларида ҳақ йўлдан оғиш бор бўлган кимсалар муҳкам оятларни қўйиб,
    муташобиҳ оятларга эргашадилар, деган. Мен сизга айтгандек, мушриклар рубубият
    (тавҳиди)га иқрор бўлишган, бироқ Аллоҳ таоло уларни малоикаларга, анбиё ва
    авлиёларга боғланишлари ва «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг
    оқловчиларимиз»
    (Юнус: 18) дейишлари сабабидан кофир санаган. Бу аниқ-равшан
    ва муҳкам иш бўлиб, бирон киши унинг маъносини ўзгартиришга қодир
    эмас.

    «Мисол учун…» Яъни, мушрикларнинг муташобиҳни ҳужжат қилиб
    келтиришларига ва бунга мужмал-мухтасар жавоб билан жавоб беришга мисол
    шуки..

    «Агар сизга баъзи мушриклар: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг
    дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус:
    62),
    деса…». Яъни, шу оят улар даъво қилаётган нарсага далил бўлишини
    айтса, яъни шунга суяниб улар азиз-авлиёлардан талаб қилишларини, уларнинг Аллоҳ
    ҳузурида манзилати, обрў-эътибори, жоҳи ва фазли борлигини, шундай манзилатларга
    эга бўлган одам сўралишга, восита бўлишга лойиқ деб, айтса…

    «Ёки «шафоат ҳақ», деса…» Яъни, нассларда (оят ва ҳадисдан бўлган
    далилларда) зикр қилинган шафоат ҳақ ва воқедир, деса ва модомики ҳақ бўларкан,
    уни ўликлардан ҳам сўраш мумкин, уларнинг номини айтиб: «Эй фалончи, менга
    шафоатчи бўлинг», дейиш мумкин, деса…

    «Ёки «пайғамбарларнинг Аллоҳ ҳузурида жоҳлари (ҳақ-ҳурматлари) бор»,
    деса
    ». Улар Аллоҳ ҳузурида жоҳи бўлмаган кишилар учун дуо қилиб сўраб
    беришади, деса..

    «Ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирон сўзларини ўзининг
    ботилига далил қилиб келтирса, сиз у айтган сўзнинг маъносини
    тушунмасангиз…»
    Яъни, шу ҳадиснинг унинг мақсудига далил бўлишини
    тушунмасангиз ва унинг қилаётган ишини ботил деб тушунсангиз ва эътиқод
    қилсангиз…

    «Унга шундай жавоб беринг: «Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида қалбларида ҳақ
    йўлдан оғиш бор бўлган кимсалар муҳкам оятларни қўйиб, муташобиҳ оятларга
    эргашадилар, деган…»
    Яъни, улар муҳкам оятларни қўйиб, муташобиҳларни
    далил қилишади. Сен ҳам муҳкам оятлар бўлмиш қуйидаги оятларни тарк қилдинг:
    «Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо
    қилманглар!»
    (Жин: 18), «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда
    Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби
    Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот
    топмаслар»
    (Муъминун: 117) ва қуйидаги: «Огоҳ бўлингизким, албатта
    Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин
    бўлмайдилар»
    (Юнус: 62) дейилган муташобиҳ оятга мурожаат қилдинг. Сен
    шафоат ҳақлигини баён қилувчи муташобиҳга мурожаат қилдинг ва Аллоҳ билан бирга
    яна бирон кимсага дуо қилмаслик лозимлиги ҳақидаги муҳкам оятни тарк
    қилдинг.

    «Мен сизга айтгандек…» Яъни мусанниф айтган нарса билан унга жавоб
    берингки… «… мушриклар рубубият (тавҳиди)га иқрор бўлишган», бу ҳақда
    баҳс-мунозара қилишмаган.

    Яна унга айтасизки, масалан, Абдулқодир (Жийлонийга) дуо қилаётган одам унинг
    эътиборли шахс эканини даъво қилади. Сен рубубиятга иқрорсан, аввалги мушриклар
    ҳам рубубиятга иқрор бўлишган, бироқ бу уларга фойда бермаган..

    «Аллоҳ таоло уларни малоикаларга, анбиё ва авлиёларга боғланишлари ва «Ана
    шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз» (Юнус: 18) дейишлари
    сабабидан кофир санаган».
    Шунингдек, уларни: «Биз (ўша
    «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат
    қилурмиз»
    (Зумар: 3) дейишлари сабабли кофир санаган. Улар шундан ортиқ
    нарса қилишмаган.

    «Бу аниқ-равшан ва муҳкам иш бўлиб, бирон киши унинг маъносини
    ўзгартиришга қодир эмас».
    Яъни, қалбларида ҳақдан оғиш бор бўлган кимсалар
    муташобиҳни ҳужжат қилиб, муҳкамдан бурилишлари, аввалги мушрикларнинг улар
    ҳақида рубубятни ва ёмғир ёғдиришларини даъво қилишмагани, улар фақатгина
    ўшаларнинг шафоатларини ва Аллоҳга яқинлаштиришларини умид қилиб, қалбларини
    уларга боғлашлари сабабли кофир ва мушрик бўлишгани аниқ-равшандир. Демак, мана
    бу икки иш аниқ-равшан ва муҳкамдир:

    1) Уларнинг муташобиҳни ҳужжат қилишлари.

    2) Мушриклар – юқорида айтилганидек – рубубиятга иқрор бўлишгани ва Аллоҳ
    таоло уларни малоикаларга ва бошқаларга боғланишлари сабабли кофир деб атагани,
    улар фақатгина шафоат ва Аллоҳга яқинлаштиришлари умидидагина улардан талаб
    қилишган экани.

    Муҳкам ишлардан яна бири шуки, улар ўзлари унга дуо-илтижо қилаётган, унга
    атаб жонлиқ сўяётган, унга боғланишаётган кишиларидан фақатгина шафоат умид
    қилишарди. Аллоҳ таоло айтганидек: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо»)
    қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни
    Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз»,
    (дерлар). Шак-шубҳа
    йўқки, Аллоҳ
    (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида
    уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни
    ҳидоят қилмас»
    . (Зумар: 3).

    Эй мушрик, сен менга айтган Қуръон (ояти) ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    салламнинг сўзлари маъносини билмайман. Лекин, қатъий айтаманки, Аллоҳнинг
    Каломи бир-бирига зид келмайди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари
    Аллоҳ азза ва жалланинг каломига хилоф келмайди.

    «Эй мушрик, сен менга айтган Қуръон (ояти)…» Яъни, «Огоҳ
    бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва
    улар ғамгин бўлмайдилар»
    (Юнус: 62) каби оятлар муташобиҳдир ва унинг ҳукми муҳкамга
    қайтарилишдир.

    «Ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари…» «Ва менга
    шафоат берилди» деган сўзлари каби..

    «… маъносини билмайман». Яъни, сен қасд қилганингдек, сен
    истаганингдек, Аллоҳни қўйиб уларга дуо қилинишлари маъносига далолат қилишини
    билмайман. Тўғри, Аллоҳнинг дўстларига охиратда бирон хавф-хатар йўқ ва улар
    ғамгин бўлмайдилар. Бироқ, бунинг уларга дуо-илтижо қилиш мумкин бўлишига
    далолат қани?! Ким уларни бу даражага етказди?! Сен шундай деб айтасанми?!

    Менинг эса кундек тиниқ-равшан ва қатъий далилларим бор: «Бас,
    (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо
    қилманглар!»
    (Жин: 18), «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда
    Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, унинг ҳисоб-китоби
    Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот
    топмаслар»
    (Муъминун: 117) каби.

    «Лекин, қатъий айтаманки, Аллоҳнинг Каломи бир-бирига зид келмайди, Набий
    соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ азза ва жалланинг каломига хилоф
    келмайди».
    Яъни, биламанки, у ва бошқа оятлар бу нассларга зид келмайди,
    мендаги насслар муҳкамдир, далолати очиқ-равшан бўлган муҳкамни тарк қилиб,
    муташобиҳни ушламайман.

    Менда бўлган далилларга ҳеч нарса зид келмайди, улар муҳкамлардир. Бу
    далилларга зид келади деб айтаётган муташобиҳ ҳам унга асло хилоф келмайди. Агар
    Аллоҳнинг каломи бир-бирига зид келади, деб даъво қилса, бу бошқа бир куфр
    бўлади. Шунингдек, агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳнинг
    каломига зид келади, деб даъво қилса, бу ҳам аввалги куфридан бошқа алоҳида яна
    бир куфр бўлади.

    Мана шу яхши ва тўғри жавобдир. Лекин, уни фақат Аллоҳ таоло муваффақ
    қилган кишигина тушунади, сиз уни (яъни, шу жавобни) енгил-арзимас санаманг.
    Зеро, у Аллоҳ таоло айтганидек: «Унга фақат сабр-тоқатли зотларгина
    эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур»
    (Фуссилат: 35).

    «Мана шу яхши ва тўғри жавобдир. Лекин, уни фақат Аллоҳ таоло муваффақ
    қилган кишигина тушунади, сиз уни (яъни, шу жавобни) енгил-арзимас
    санаманг».
    Бу мазкур мухтасар жавобга муаллиф томонидан айтилган мақтовдир.
    Зеро, у шубҳага солувчининг шубҳаларини даф қилишда асосли аслдир.

    «Зеро, у Аллоҳ таоло айтганидек: «Унга фақат сабр-тоқатли зотларгина
    эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат: 35)».
    Бу
    жавоб ҳам мана шундай улкан сифатдадир, агар сиз шу жавобга муваффақ
    қилинсангиз, жуда катта ишга муваффақ этилган бўласиз.

    Мазкур шубҳаларнинг ушбу жавоби учта ишдан ташкил топган бўлди:

    1) Қалбларида ҳақдан оғиш бўлган кишилар муҳкамни қўйиб, муташобиҳга
    эргашишлари баёни.

    2) Аввалгилар рубубиятга иқрор бўлишган ва унда талашишмаган, улар ҳам бугун
    шубҳа солаётган мана шу кишидек фақат шафоат ва Аллоҳга яқинлаштиришни талаб
    қилишларини даъво қилганлар.

    3) Менда бир-бирига зид келмайдиган далиллар мавжуд, Набий соллаллоҳу алайҳи
    ва салламнинг сўзлари Аллоҳнинг каломига зид келмайди, ботил устидаги шахс
    аслида ҳақ бўлган, лекин унинг ботилига асло далил бўлмайдиган нарсани ҳужжат
    қилиб келтирмоқда.

    Энди батафсил жавоб шуки, Аллоҳнинг душманларининг у билан одамларни
    пайғамбарларнинг динидан тўсадиган кўп эътирозлари бор. Мана бу гаплари ҳам шу
    жумладан: «Биз Аллоҳга ширк келтирмаймиз, балки ягона, шериксиз Аллоҳгина
    яратади, ризқ беради, фойда етказади, зарар етказади деб, шунингдек Абдулқодир ё
    ундан бошқаси у ёқда турсин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларига
    бирон фойда ё зарар етказишга эга эмаслар, деб гувоҳлик берамиз. Лекин, мен
    гуноҳкор бандаман, солиҳ зотларнинг эса Аллоҳ ҳузурида жоҳлари
    (ҳурмат-эҳтиромлари) бор, мен улар воситасида Аллоҳдан сўрайман».

    «Энди батафсил – яъни, ҳар бир шубҳага алоҳида, ўзига хослаб берилган
    жавоб шуки, Аллоҳнинг душманларининг – Аллоҳдан бошқага сиғинувчи
    мушрикларнинг – у билан одамларни пайғамбарларнинг динидан тўсадиган кўп
    эътирозлари бор. Мана бу гаплари ҳам шу жумладан: «Биз Аллоҳга ширк
    келтирмаймиз, балки ягона, шериксиз Аллоҳгина яратади, ризқ беради, фойда
    етказади, зарар етказади деб, шунингдек Абдулқодир
    (Жийлоний) ё ундан
    бошқаси
    – жоҳ, манзилат ва катта мақомга эга бўлган шахслар – у ёқда
    турсин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларига бирон фойда ё зарар
    етказишга эга эмаслар, деб гувоҳлик берамиз. Лекин, мен гуноҳкор бандаман,

    Олий даргоҳдан бевосита сўрашга лойиқ эмасман – солиҳ зотларнинг эса Аллоҳ
    ҳузурида жоҳлари (ҳурмат-эҳтиромлари) бор, мен улар воситасида Аллоҳдан
    сўрайман».
    Яъни, мен улардан талаб қиламан, улар мен учун Аллоҳдан сўраб ва
    талаб қилиб берадилар ва мени Аллоҳга яқинлаштирадилар, мен уларнинг ўзларидан
    сўрамайман.

    Сиз унга ҳам юқорида ўтгани каби жавоб беринг. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам уларга қарши урушган кимсалар ҳам сен айтган нарсаларга иқрор
    эдилар, бутлари уларга ҳеч нарсани бошқариб бермаслигига иқрор эдилар, фақатгина
    жоҳ ва шафоатни мақсад қилгандилар, денг ва унга Аллоҳ Китобида зикр қилган ва
    баён қилиб берган нарсаларни ўқиб беринг.

    «Сиз унга ҳам юқорида ўтгани каби жавоб беринг. Яъни, Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган кимсалар ҳам сен айтган
    нарсаларга иқрор эдилар, бутлари уларга ҳеч нарсани бошқариб бермаслигига иқрор
    эдилар,
    – фойда етказувчи ҳам, зарар етказувчи ҳам ёлғиз Аллоҳ эканига иқрор
    эдилар – фақатгина жоҳ ва шафоатни мақсад қилгандилар…». Уларга фақат
    Аллоҳ ҳузурида жоҳлари-ҳурматлари борлиги учунгина боғлангандилар. Зеро, улар
    ҳақида Қуръон оятлари нозил бўлган мушрикларнинг ҳолати шу эди, яъни ўзлари
    сиғинаётган кишиларга яратувчи ва ризқ берувчи деб эмас, фақат Аллоҳ олдида
    шафоат қилувчи деб дуо-илтижо қилишарди.

    «Унга Аллоҳ Китобида зикр қилган ва баён қилиб берган нарсаларни ўқиб
    беринг».
    Унга мана шу айтиб ўтганларимизга далолат қилувчи оятларни ўқиб
    беринг.

    Уларнинг Аллоҳ таолонинг рубубиятига иқрорликларига далолат қилувчи оятлардан
    баъзилари булардир:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга
    осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким
    ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни
    тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир
    Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!»
    (Юнус: 31).

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Агар
    билувчи бўлсанглар
    (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?»
    Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас
    (шундан) ибрат-эслатма
    олмайсизларми?!» Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?»
    Улар: «
    (Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир
    қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар
    (айтинглар-чи), «Барча
    нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи
    (барчага) ҳомийлик қиладиган,
    Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик
    ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай
    алданмоқдадирсизлар?!»
    (Муъминун: 84-89).

    «Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз
    албатта «Аллоҳ» дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг
    кўплари
    (ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар»
    (Луқмон: 25).

    «Қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни
    (Ўз измига) қаратган зот ким?» — деб сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ»,
    деб
    (жавоб қилурлар). Бас (шундоқ экан, ўша Аллоҳга ибодат қилишнинг
    ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!» (Анкабут: 61).

    Ва бошқа оятлар.

    Яна унга сиз Аллоҳ таоло уларни улуҳиятдаги ширклари сабабли кофир санагани,
    ваҳоланки улар фақат ўшаларнинг шафоатларини ва Аллоҳга яқинлаштиришларини
    истаган эканлари, бугунгилар ҳам аввалги мушриклар қилган ишдан ортиқча иш
    қилишмаётганига далолат қиладиган оятларни ўқиб беринг, токи у ўзининг
    пайғамбарлар келтирган диндан узоқлашган ва пайғамбарлар келтирган нарсанинг
    аксини қилаётганини англасин. Улар қуйидаги оятлардир:

    «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган
    нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг
    оқловчиларимиз», дейдилар»
    (Юнус: 18).

    «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз
    (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина
    ибодат қилурмиз»,
    (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида)
    улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур.
    Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас»
    . (Зумар:
    3).

    «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? Сизлар ҳам (дунёдан
    ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар. Мен У зотни қўйиб (жонсиз
    бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар
    Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у
    (бут)ларнинг оқловлари мени
    бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени
    (Аллоҳнинг азобидан)
    қутқара олмаслар»
    (Ясин: 22, 23).

    «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак,
    шундай ёлғиз ҳолда келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда
    қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Аллоҳга шерик деб гумон қилган

    оқловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз (орангиз) узилиб
    қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз
    бутларингиз сизлардан йўқ
    бўлибди!»
    (Анъом: 94).

    Ва улар ўзлари қасд қилган кишиларидан жоҳ ва шафотдан бошқа нарсани
    истамаган эканларига далолат қилувчи бошқа оятлар.

    Ушбу жавобнинг хулосаси қуйидагича: сен аввалги мушриклар иқрор бўлган
    нарсадан ортиқча иш қилмадинг, сенинг ишинг уларнинг ишларидан ўзгача эмас, сен
    ҳам, улар ҳам бир хил.

    Агар у: «Бу оятлар бутларга сиғинадиган одамлар ҳақида тушган, сен қандай
    қилиб солиҳларни бутларга тенглаштирасан?! Қандай қилиб пайғамбарларни бутларга
    тенг деб кўрасан?!», деса, унга юқоридаги гаплар билан жавоб беринг. Агар у
    кофирларнинг ҳам рубубиятнинг ҳаммасини Аллоҳ учун деб гувоҳлик беришганига ва
    ўзлари қасд қилган кишиларидан шаофтдан бошқа нарсани истамаганларига иқрор
    бўлса, лекин айтган гапи билан уларнинг феъллари билан ўзининг феълини ажратишни
    истаса, сиз унга айтингки, кофирлар ичида бутларга сиғинадиганлари бор эди,
    авлиёларга дуо-илтижо қиладиганлари бор эди, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар
    (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай
    бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар»
    (Исро: 57) деди, Ийсо ибн Марямга
    ва унинг онасига дуо қиладиганлари бор эди, Аллоҳ таоло деди: «Масиҳ ибн
    Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир.
    Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққирост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари
    ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оят-ҳужжатларни
    уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга
    оғаётганларни кўринг! Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам
    беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитувчи,
    билувчидир»
    (Моида: 75, 76).

    «Агар у: «Бу оятлар бутларга сиғинадиган одамлар ҳақида тушган…»
    Яъни, агар у шубҳа солувчи кимса: «Бу оятлар, яъни «Улар Аллоҳни қўйиб,
    ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва:
    «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар»
    (Юнус:
    18) ва бошқа шу мазмундаги оятлар бутларга сиғинадиган одамлар ҳақида тушган»,
    деса ва энди бу шубҳага ўтса, Аллоҳдан бошқага ибодат дегани фақат бутларга
    сиғиниш билан бўлади, ундан бошқаси ибодат саналмайди, бундай қилганлар
    бутпараст-мушрик бўлиб қолмайди, у одам солиҳларга дуо қиляпти, демак у мушрик
    эмас, деса..

    «Сен қандай қилиб солиҳларни бутларга тенглаштирасан?! Қандай қилиб
    пайғамбарларни бутларга тенг деб кўрасан?!», деса…»
    Яъни, Аллоҳдан бошқага
    ибодат қилишни фақат бутларга сиғинишга чекласа…

    Ботил аҳли ва уларга ўхшаганлар солиҳ зотларни уларнинг (яъни оддий
    инсонларнинг) даражасига туширганларни уларнинг ҳақларини камситганликда
    айблайдилар. Ҳақиқатда эса, уларнинг ўзлари пайғамбарларни камситувчи ва ботилга
    берилишни истайдиган кишилардир. Ҳақ аҳли уларни ўзларига лойиқ бўлган ва ўзлари
    олиб келган ҳақ манзилларига қўядилар, ундан зиёда ҳам қилмайдилар,
    камайтирмайдилар ҳам, уларни шаънларига нолойиқ бўлган ботилдан
    поклайдилар.

    «Унга юқоридаги гаплар билан жавоб беринг..» Яъни, аввалги мушриклар
    рубубиятга иқрор бўлган, Аллоҳ таолони ягона ва шериксиз яратувчи, ризқ берувчи
    эканини тан олишар, фақат ўртага воситачилар қўйиш билан мушрикка айланган
    эдилар… ва ҳоказо. Лекин, улар рубубиятга ҳам тўла ҳаққини бермадилар. Зеро,
    юқорида айтиб ўтилгани каби, улуҳиятдаги тавҳид рубубиятдаги тавҳиднинг
    натижасидир.

    «Агар у – яъни шубҳага солувчи кимса – кофирларнинг ҳам
    рубубиятнинг ҳаммасини Аллоҳ учун деб гувоҳлик беришганига ва ўзлари қасд қилган
    кишиларидан шаофтдан бошқа нарсани истамаганларига иқрор бўлса, лекин айтган
    гапи билан уларнинг феъллари билан ўзининг феълини ажратишни истаса…»

    яъни, мушриклар бутларга ибодат қилишган, мен бутга сиғинмайман деса…

    «Сиз унга айтингки, кофирлар ичида бутларга сиғинадиганлари бор эди..»
    Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас уларга
    содиқлигимизча қолурмиз», дедилар»
    (Шуъаро: 71), «Сизлар Аллоҳни қўйиб
    фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва
    (уларни «худолар» деб) ёлғон
    тўқимоқдасизлар»
    (Анкабут: 17), «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар
    нимадир
    (яъни нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)» (Анбиё:
    52).

    «… авлиёларга дуо-илтижо қиладиганлари бор эди, Аллоҳ таоло улар ҳақида:
    «Улар
    (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам
    Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар» (Исро: 57)
    деди…»
    Уларнинг маъбудалари ҳар турли бўлиб, фақат бутлардан иборат
    эмасди. Ману шу оят бунга далил бўлади. Чунки, у жинларга сиғинадиган инсонлар
    ҳақида нозил бўлган бўлиб, жинлар Исломга кириб, инсонлар уларга сиғинишда қолиб
    кетгандилар.

    Кўпчилик муфассирлар фикрига кўра, бу оят Узайр ва Масиҳга сиғинадиган
    кишилар ҳақида нозил бўлган экан.

    Ҳар икки сўз ўртасида зидлик йўқ, зеро у қандайдир бир дуо қилинувчига дуо
    қилаётган кишиларга нозил бўлган бўлиб, ўша дуо қилинаётган шахс Парвардигорнинг
    раҳматидан умидвор ва азобидан қўрқувчи солиҳ кишидир. Гўё Аллоҳ субҳанаҳу ва
    таоло уларга раддия бериб айтмоқдаки, сизлар дуо қилаётган зотлар худди сизлар
    қандай бўлсангиз ўшандай бандаларимдир, улар менинг раҳматимдан умидвор бўлиб,
    азобимдан қўрқадилар, сизлар ҳам худди улар қилганидек қилишларингиз лойиқ
    бўлади. Улар учта нарса билан – ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишлари, Унинг
    ўзидангина умидвор бўлишлари ва Унинг ўзидангина қўрқишлари билан Унга бандага
    айландилар.

    Бу оят уларнинг авлиёларни ҳам маъбуд санаган эканларига далиллар
    жумласидандир.

    «Ийсо ибн Марямга ва унинг онасига дуо қиладиганлари бор эди». Бу
    насронийларнинг пайғамбарларни Аллоҳга шерик қилишларига очиқ далилдир, зеро
    Ийсо алайҳиссалом пайғамбар эди.

    «Аллоҳ таоло деди: «Масиҳ ибн Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан
    илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга
    ҳаққирост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар.
    (Эй
    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён
    қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг!
    Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган
    нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Моида: 75,
    76)».

    Бу аввалги аҳли китобларнинг ширк турларидан биридир.

    «Унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини эслатинг:

    «(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг)
    барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга: «Ана у (мушриклар) сизларга
    ибодат қилувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда
    (фаришталар): «Пок
    Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга
    ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари уларга
    (яъни жинларга) иймон
    келтирувчидирлар», дерлар»
    (Сабаъ: 40, 41).

    «Унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини эслатинг:

    «(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини
    тўплаб, сўнгра фаришталарга: «Ана у
    (мушриклар) сизларга ибодат қилувчи
    бўлганмидилар?» дейилган кунда
    (фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг
    бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар
    эдилар. Уларнинг кўплари уларга
    (яъни жинларга) иймон келтирувчидирлар»,
    дерлар» (Сабаъ: 40, 41)».
    Бу оят мушриклар ичида фаришталарга сиғинувчилари
    бўлганига далил бўлади.

    Ушбу оятлардан билдингизки, мушриклар ичида авлиёларга ва солиҳларга
    дуо-илтижо қиладиганлари бор эди, пайғамбарларга дуо-илтижо қиладиганлари бор
    эди, фаришталарга дуо-илтижо қиладиганлари бор эди. Оятларнинг баъзиси
    авлиёларга сиғинадиган кишилар ҳақида, баъзиси пайғамбарларга сиғинадиган
    кишилар ҳақида, баъзиси фаришталарга сиғинадиган кишилар ҳақида нозил бўлган,
    улар фақат бутларга сиғинадиган кишиларгагина хос бўлмаган. Маъбудотлар ўртасида
    фарқ йўқ, уларнинг ҳаммаси ҳам махлуқни холиққа тенглаштиришдир, ҳаммаси ҳам
    ибодатда Аллоҳ таолодан бошқага бурилишдир, ҳаммаси ҳам ширкдир, ҳаммаси ҳам
    мушриклардир. Оятлардан маълум бўлдики, у ҳам ўшаларнинг айни ўзи, шу билан
    унинг шубҳаси очилди ва ҳужжати яроқсиз бўлди.

    «Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ:
    «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб
    олинглар», деб сен айтдингми?»
    деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок
    парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган
    бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан.
    Аммо мен Сенинг дилингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб
    илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим:
    «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!»»
    (Моида:
    116, 117).

    «Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо
    ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб
    сен айтдингми?»
    деганида…» Аллоҳ таоло Ийсонинг бундай деб
    айтмаганини жуда яхши билувчи, бироқ мурод – уни гувоҳлар олдида гапиртириш ва
    уларнинг унга сиғинишлари ботил иш бўлганини, унинг ўзи бунга рози бўлмаганини
    баён қилиб беришдир. Аллоҳ таоло тарафидан бўлган бу хабар Аллоҳни қўйиб,
    Масиҳни ва унинг онасини худо қилиб олганларни айблаш ва мазаммат қилишдир.

    «Эй пок парвардигор…» Сени улуғлигинг ва буклигингга лойиқ
    бўлмайдиган нарсалардан поклайман..

    «Ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку…» Оламлар
    парвардигорининг ҳеч кимни унда шерик қилмаган ҳаққини ўзимга қилиб олишим
    дуруст эмас…

    «Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг…» Бу гап мендан
    содир бўлмаганини Ўзинг яхши билувчисан..

    Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг дилингдаги ҳеч
    нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга
    фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз
    бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!»»
    (Моида: 115, 117).

    Унга айтингки: «Билдингки, Аллоҳ таоло бутларни қасд қилганларни ҳам кофир
    деди, солиҳларни қасд қилганларни ҳам кофир деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
    ва саллам ҳам уларга қарши уруш қилдилар, улар ўртасини ажратмадилар».

    «Унга – яъни юқоридаги шубҳага солувчи кимсага – айтингки:
    «Билдингки, Аллоҳ таоло бутларни қасд қилганларни ҳам кофир деди, солиҳларни
    қасд қилганларни ҳам кофир деди…»
    балки уларни кофир санаш ва шундай деб
    эътиқод қилиш бунга қўшилиши зарур, ким уларни кофир санамаса, бу уларнинг
    ишларини куфр деб кўрмаслигига далил бўлади.

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уларга қарши уруш қилдилар,
    улар ўртасини ажратмадилар».
    Балки, уларнинг йўлларини битта деб билдилар,
    гарчи маъбудлари ҳар турли бўлса-да, ҳаммаси бир нарсага қайтувчидирлар, яъни
    Аллоҳдан бошқани ибодатда Аллоҳга шерик қилишди. Шу билан унинг шубҳаси очилди
    ва ҳужжати яроқсиз бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин
    ҳақида ғоят билимсиз экани маълум бўлди.

    Агар айтсаки: «Кофирлар ўша (бут)ларидан истардилар, мен фақат Аллоҳгина
    фойда етказувчи, зарар етказувчи, ишларни бошқарувчи, деб гувоҳлик бераман,
    фақат Унинг Ўзидан истайман, солиҳларга ишдан ҳеч қандай улуш йўқ, лекин мен
    уларни қасд қиламан ва Аллоҳдан уларнинг шафоатларини умид қиламан».

    Жавоб шуки: Бу кофирларнинг сўзларининг айни ўзидир. Унга сиз Аллоҳ
    таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб беринг: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо»)
    қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин
    қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)»
    (Зумар: 3),
    «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз, дейишади»

    (Юнус: 18)
    .

    «Агар айтсаки: «Кофирлар ўша (бут)ларидан истардилар…» Яъни,
    ҳақларида Қуръон оятлари нозил бўлган Абу Жаҳл ва унга ўхшаш кофирлар ўзлари
    дуо-илтижо қиладиган бутлардан сўрардилар ва талаб қилардилар, чунки ўша бутлар
    уларнинг Аллоҳга бўлган ҳожатларининг эшиклари эди, мушриклар уларга бевосита
    ибодат қилишарди..

    «Мен фақат Аллоҳгина фойда етказувчи, зарар етказувчи, ишларни бошқарувчи,
    деб гувоҳлик бераман, фақат Унинг Ўзидан истайман, солиҳларга ишдан ҳеч қандай
    улуш йўқ, лекин мен уларни қасд қиламан ва Аллоҳдан уларнинг шафоатларини умид
    қиламан».
    Уларнинг ҳам, мен талаб қилаётган ишнинг эгаси ҳам Аллоҳдир, мен
    уларни фақат Аллоҳга воситачим бўлишларини талаб қилиб қасд қиламан..

    У аввалги иккита шубҳаси ариганидан кейин энди бу шубҳага ўтса..

    «Жавоб шуки: Бу кофирларнинг сўзларининг айни ўзидир…» Буларнинг
    сўзлари енгилроқ эмас, балки уларникидан оғирроқ ҳамдир. Зеро, улар рубубиятга
    иқрор бўлишган, Аллоҳ ягона тадбир қилувчи зот, шериги йўқ деб тан олишган –
    китобнинг бошида айтиб ўтилгани каби – сиз унга уларнинг рубубиятга иқрор
    бўлишларига далолат қилувчи оятларни ўқиб беринг, уларнинг шафоатдан бошқа
    нарсани талаб қилмаганларига далолат қилувчи оятларни ўқиб беринг..

    «Унга сиз Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб беринг: «У зотдан ўзга
    «дўстлар»ни
    («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша
    «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат
    қилурмиз»,
    (дерлар)» (Зумар: 3)». Бу оятда уларнинг талабларини фақат
    битта нарсага чеклаш бор, яъни улар: «Бизда Аллоҳнинг ўзидан сўрашга лойиқлик
    йўқ, биз улардан сўраймиз, улар биз учун Аллоҳдан сўраб берадилар, бизни Аллоҳга
    яқинлаштирадилар», дейишарди.

    ««Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз, дейишади»
    (Юнус: 18)». Бу оятда уларнинг қасдлари фақат битта нарса экани, яъни
    барчанинг парвардигори бўлмиш Зотга воситачилик талаб қилишлари баён
    қилинди.

    Билингки, мазкур учта шубҳа уларда бўлган энг катта шубҳалардир.
    Агар Аллоҳ таоло уларни Ўз Китобида очиқлаб берганини билган бўлсангиз ва
    яхшилаб тушуниб олган бўлсангиз, улардан кейинги шубҳалар енгилдир.

    «Билингки, мазкур учта шубҳа уларда бўлган энг катта шубҳалардир».
    Мазкур ва ундан аввалги иккита шубҳа – рубубият тавҳидига иқрор бўлиш билан ширк
    йўқолиши шубҳаси, ширкни бутларга сиғинишга чеклаш шубҳаси ва кофирлар улардан
    (яъни, ўзлари сиғинаётганлардан) сўраганлари, у эса улардан фақат шафоат талаб
    қилиши шубҳасидир.

    «Агар Аллоҳ таоло уларни Ўз Китобида очиқлаб берганини билган бўлсангиз ва
    яхшилаб тушуниб олган бўлсангиз, улардан кейинги шубҳалар енгилдир».
    Яъни,
    уларнинг мана шу энг катта шубҳаларига раддия бериш осонлашган бўлса, улардан
    бошқа шубҳаларига жавоб бериш жуда ҳам енгил кечади, сиз нассларда уларга бўлган
    жуда осон раддияларни топасиз.

    Агар: «Мен Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмайман, солиҳларга дуо-илтижо
    қилиш ибодат эмас», деса: «Сен Аллоҳ таоло ибодатни Унинг ўзига холис қилишингни
    фарз қилганига иқрормисан?», денг. Агар «Ҳа», деса: «Аллоҳ сенга фарз қилган
    нарсани, яъни ибодатни Унинг ўзига ихлос билан қилиш нима эканини менга баён
    қилиб бер», денг, у ибодатни ва унинг турларини билмайди. Сиз унга баён қилиб
    берингки: «Аллоҳ таоло:
    «Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда
    (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни
    севмас
    »
    (Аъроф: 55), деди. Мана шуни билдиргач, унга: «Шуни Аллоҳга
    ибодат деб биласанми?», денг, у: «Ҳа», дейишга мажбур бўлади, зеро дуо
    ибодатнинг мағзидир. Унга айтинг: «Бунинг ибодат эканига иқрор бўлсанг, кеча-ю
    кундузлар хавф ва умид билан Аллоҳга дуо қилсанг, сўнг мана шу ҳожатингни сўраб
    пайғамбарга ё бошқасига ҳам дуо қилсанг, Аллоҳнинг ибодатида бошқасини шерик
    қилган бўласанми?!» У: «Ҳа», дейишга мажбур бўлади. Шунда сиз унга айтинг: «Агар
    сен Аллоҳ таолонинг: «(Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва

    (жонлиқ) сўйинг (қурбонлик қилинг)» (Кавсар: 2) оятига
    амал қилсанг ва Аллоҳга тоат-ибодат қилиб, Унга атаб жонлиқ сўйсанг, шу ибодат
    бўладими?». У «Ҳа», дейишга мажбур бўлади. Сиз унга айтингки: «Агар пайғамбар
    бўлсин, жин бўлсин ё бошқаси бўлсин, бирон махлуқотга атаб жонлиқ сўйсанг, шу
    ибодатда Аллоҳдан бошқасини шерик қилган бўласанми?». У иқрор бўлиб, «Ҳа»
    дейишдан бошқа чора тополмайди.

    «Агар: «Мен Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмайман, солиҳларга дуо-илтижо
    қилиш ибодат эмас», деса…»
    ва ўзидан ширк содир бўлганини инкор
    қилса..

    ««Сен Аллоҳ таоло ибодатни Унинг ўзига холис қилишингни фарз қилганига
    иқрормисан?», денг».
    Буни инкор қилиш имконини тополмайди, агар инкор қилса,
    унга жавоб бериш масъулиятини биздан соқит қилган бўлади.

    «Агар «Ҳа», деса: «Аллоҳ сенга фарз қилган нарсани, яъни ибодатни Унинг
    ўзига ихлос билан қилиш нима эканини менга баён қилиб бер», денг…»
    Агар
    Аллоҳ унга ибодатни ихлос билан қилишини фарз қилганини билгани ҳолда ва иқрор
    бўлгани ҳолда ундан Аллоҳ унга фарз қилган нарсанинг ҳақиқатини сўрасангиз,
    «у ибодатни ва унинг турларини билмайди». Чунки, агар ибодатни ва унинг
    турларини билганида эди, уни ўзидан рад қилмаган ва Аллоҳнинг ибодатига Ундан
    ўзгасининг ибодатини муқаддам қилмаган бўларди. Лекин, у жоҳилларнинг жоҳили ва
    адашганларнинг адашганроғидир. Зеро, жаҳолат ҳам бир неча хил бўлиб, энг катта
    жаҳолат Аллоҳни танимаслик, Унинг исму сифатларини билмасликдир. Бу жаҳолат
    Унинг шариати ва динини билмасликдан кўра каттароқдир. Бу одам жаҳолатини икки
    иш сабабли каттайтириб олди:

    Биринчиси: дин асоси бўлган тавҳидни билмаслиги.

    Иккинчиси: ҳар бир одамга маълум ва равшан бўлган нарсани билмаслиги. Маълум
    ва равшан нарсани билмаслик махфий нарсани билмасликдан кўра каттароқдир.

    «Сиз унга баён қилиб берингки…» Яъни, сиз унга дуо ва талаб қилиш
    ибодат эканини баён қилиб беринг. Ибодатнинг таърифларидан бири шуки: «Ибодат –
    урф жиҳатидан амал қилиб келинишисиз ва ақл тақозосисиз шаръан буюрилган ишдир».
    Аллоҳ таоло бизларни Унинг ўзигагина дуо қилишга буюрган.

    «Аллоҳ таоло: «Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда
    (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни севмас»
    (Аъроф: 55), деди.» Шу оят ҳам мана шуни, янги Унга дуо қилиш ибодат
    эканини ифодалайди.

    «Мана шуни билдиргач…» Яъни, мазкур оят дуонинг ибодат эканига
    далолат қилишини билдиргач…

    «Унга: «Шуни Аллоҳга ибодат деб биласанми?», денг, у: «Ҳа», дейишга мажбур
    бўлади…»
    Буни инкор қилолмайди. Агар инкор қилса, у билан гаплашиш соқит
    бўлади, унинг мутукаббирлиги маълум бўлади ва агар имкони бўлса, уни жаллодга
    олиб бориш керак бўлади.

    «Зеро, дуо ибодатнинг мағзидир». Ҳадисда келганидек: «Дуо ибодатнинг
    илиги-мағзидир» (Термизий ривояти).

    «Унга айтинг: «Бунинг ибодат эканига иқрор бўлсанг, кеча-ю кундузлар хавф
    ва умид билан Аллоҳга дуо қилсанг, сўнг мана шу ҳожатингни сўраб пайғамбарга ё
    бошқасига ҳам дуо қилсанг, Аллоҳнинг ибодатида бошқасини шерик қилган
    бўласанми?!» У: «Ҳа», дейишга мажбур бўлади».
    Агар унда далилга илтифот
    қилиш бўлса, «Ҳа», дейишга мажбур бўлади. Чунки, биринчисига иқрор бўлиши
    иккинчисига ҳам иқрор бўлишини лозим тутади. Шу билан унинг шубҳаси арийди.

    «Шунда сиз унга айтинг: «Агар сен Аллоҳ таолонинг: «(Парвардигорингиз учун
    намоз ўқинг ва
    (жонлиқ) сўйинг (қурбонлик қилинг)» (Кавсар:
    2) оятига амал қилсанг ва Аллоҳга тоат-ибодат қилиб, Унга атаб жонлиқ
    сўйсанг, шу ибодат бўладими?». У «Ҳа», дейишга мажбур бўлади».
    Чунки, далили
    очиқ ва ҳужжати қатъий бўлиб турибди, шу боис инкор қилолмайди.

    «Сиз унга айтингки: «Агар пайғамбар бўлсин, жин бўлсин ё бошқаси бўлсин,
    бирон махлуқотга атаб жонлиқ сўйсанг, шу ибодатда
    – яъни, жонлиқ сўйиш
    ибодатида – Аллоҳдан бошқасини шерик қилган бўласанми?». У иқрор бўлиб, «Ҳа»
    дейишдан бошқа чора тополмайди».
    Биринчисидан кейин иккинчисини инкор қилиши
    мумкин эмас, балки биринчисига иқрор бўлиши иккинчисига ҳам иқрорликни тақозо
    қилади. Яъни, бошқа ибодатлар ҳам айни шундайдир, ё ибодатлигига иқрор бўлиш
    керак ё эса йўқ. Агар ибодат эканини инкор қилса, унга ҳужжат барпо қилинади,
    агар иқрор бўлса, енгилади.

    Шу билан унинг жаҳолати ва адашиши очиқ-равшан зоҳир бўлди, шубҳаси ариди.
    Унинг: «Мен Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмайман…» деган гапи очиқ жоҳиллигидан
    экани ва бу Аллоҳдан бошқага ибодат экани маълум бўлди, унинг Аллоҳдан бошқага
    ибодат қилувчи экани ва уларга нисбатан қилаётган иши ибодат экани, Аллоҳга ҳам,
    бошқасига ҳам ибодат қилаётгани билинди.

    Унга яна айтинг: «Улар ҳақида Қуръон оятлари нозил бўлган мушриклар
    малоикаларга, солиҳларга, Лотга ва бошқага сиғинармидилар?». У: «Ҳа», дейишга
    мажбур бўлади. Шунда сиз айтинг: «Уларнинг ўшаларга бўлган ибодатлари дуо
    қилишда, жонлиқ сўйишда, илтижо қилишда ва шунга ўхшаганларда эдими?». Бўлмасам,
    улар Аллоҳнинг бандалари ва Унинг қаҳри (қудрати) остида эканларига, фақат
    Аллоҳгина ишларни юргизувчи зот эканига иқрор эдилар, лекин жоҳ учун, шафоат
    учун уларга дуо ва илтижолар қилдилар, бу жуда очиқ кўриниб турган ишдир.

    «Унга яна айтинг…» Юқорида айтиб ўтилган жавоб аслида, тўла-тўкис
    кифоя қилувчи жавоб бўлди. Бироқ, мусанниф ўз одатича, юқоридаги шубҳага иккинчи
    бир жавобни ҳам эргаштирди. Сўнг бу жавобни ҳам тўкис қилганидан сўнг яна икки ё
    учта жавобни ҳам қўшиб қўяди. Мазкур шубҳа – унинг «Мен Аллоҳдан бошқасига
    ибодат қилмайман, солиҳларга дуо-илтижо қилиш ибодат эмас» деган гапи эди.

    «Улар ҳақида Қуръон оятлари нозил бўлган мушриклар малоикаларга,
    солиҳларга, Лотга ва бошқага сиғинармидилар?». У: «Ҳа», дейишга мажбур
    бўлади».
    Чунки, Қуръон исботлаган нарсани инкор қилишга қурби етмайди. Сиз
    унга уларнинг фаришталарга, солиҳларга ва Лотга сиғинишларига далолат қилувчи
    оятларни, жумладан қуйидаги оятларни ўқиб беринг:

    «(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини
    тўплаб, сўнгра фаришталарга: «Ана у
    (мушриклар) сизларга ибодат қилувчи
    бўлганмидилар?» дейилган кунда
    (фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг
    бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат қилар эдилар.
    Уларнинг кўплари уларга
    (яъни жинларга) иймон келтирувчидирлар», дерлар»
    (Сабаъ: 40, 41).

    «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам
    Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар»
    (Исро: 57).

    «(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — «Лот», «Уззо»,
    ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!

    (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни «Аллоҳнинг қизлари», дейсизлар,
    демак) эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У зотникими?! У
    ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?! У
    (ном)лар фақат сизлар ўзларингиз ва
    ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар
    (га ибодат қилиш)
    ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (пайғамбар
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларида) Парвардигор томонидан ҳидоят
    (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина
    эргашадилар-а!»
    (Ван-нажм: 19-23).

    Шунда сиз айтинг: «Уларнинг ўшаларга бўлган ибодатлари дуо қилишда, жонлиқ
    сўйишда, илтижо қилишда ва шунга ўхшаганларда эдими?».
    Яъни, уларнинг
    ўшаларга сиғинишлари фақат мана шунга ўхшаш ишларда эди. Бу иш айни шу ишми ё
    бошқами?! У шундан бошқа далил тополмайди.

    Сиз унга айтинг: «Менинг далилим бор, яъни уларнинг ибодатлари айни шу эди,
    «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган
    нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг
    оқловчиларимиз», дейдилар»
    (Юнус: 18).

    «Бўлмасам, улар Аллоҳнинг бандалари ва Унинг қаҳри (қудрати)
    остида эканларига, фақат Аллоҳгина ишларни юргизувчи зот эканига иқрор эдилар,
    лекин жоҳ учун, шафоат учун уларга дуо ва илтижолар қилдилар, бу
    – унинг
    шубҳасини бартараф этишга – жуда очиқ кўриниб турган ишдир».

    Агар у: «Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларини инкор
    қиласанми ва ундан ўзингни пок биласанми?», деса, айтингки: «Мен у зотнинг
    шафоатларини инкор қилмайман, ўзимни ундан пок тутмайман ҳам, балки у зот
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат қилувчи ва шафоатга изн берилган зотдирлар,
    мен у кишининг шафоатларини умид қиламан. Лекин, шафоат ҳаммаси Аллоҳникидир,
    Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг: Барча шафоат-оқлов ёлғиз
    Аллоҳникидир»
    (Зумар: 44). Шафоат фақат Аллоҳ изн берганидан кейин
    бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Унинг ҳузурида ҳеч ким

    (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255). Бирон
    киши хусусида Аллоҳ у ҳақда изн бермасидан туриб шафоат қилолмайдилар, Аллоҳ
    таоло айтганидек: «Улар
    (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат
    (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай
    олурлар»
    (Анбиё: 28). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса фақат тавҳидга
    рози бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек:
    «Кимда-ким Исломдан ўзга дин
    истаса, бас
    (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у
    охиратда зиён кўрувчилардандир»
    (Оли Имрон: 85). Демак, шафоатнинг
    ҳаммаси Аллоҳники экан, фақат Унинг изнидан кейингина бўлар экан, пайғамбар
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, бошқаси ҳам бирон киши хусусида то Аллоҳ у
    ҳақда изн бермагунича шафоат қилолмас эканлар, Аллоҳ таоло фақат тавҳид аҳли
    учунгина изн берар экан, бундан маълум бўлдики, шафоат фақат Аллоҳники, мен уни
    Аллоҳдан талаб қиламан ва айтаманки: «Эй Аллоҳим, мени у зотнинг шафоатларидан
    маҳрум қилмагин, эй Аллоҳим, у зотни менга шафоатчи қилгин» ва
    ҳоказо.

    «Агар у – яъни, шубҳага солувчи кимса бошқа бир шубҳага ўтса ва – :
    «Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларини инкор қиласанми ва
    ундан ўзингни пок биласанми?», деса…»
    Аллоҳнинг душманлари бўлмиш
    қабрпарастларнинг ҳоли ана шундай бўлади, агар уларга ботилни инкор қилинса: «Бу
    ҳақни инкор қилиш», дейишади, агар Аллоҳдан бошқага дуо қилишни инкор қилинса:
    «Бу шафоатни инкор қилиш», дейишади.

    Ботил аҳлининг, шубҳага солувчи ширк аҳлининг ҳоли шуки, улар ҳақ аҳлини ўз
    шубҳалари билан чалғитишга уринишади. Агар уларга Аллоҳдан бошқага дуо қилишлари
    каби ширк ва залолат ишлари инкор қилинса, тавҳид аҳлини айблашга ўтишади ва:
    «Сизлар шафоатни инкор қиласизлар, сизлар авлиёларни ва солиҳларни
    камситасизлар», дейишади.

    «Айтгинки: «Мен у зотнинг шафоатларини инкор қилмайман, ўзимни ундан пок
    тутмайман ҳам…»
    Бошқалардан фарқли ўлароқ, бу тавҳид аҳли учун
    асл-асосдир. Балки, мен ва менга ўхшаган кишилар у зотнинг суннатларини маҳкам
    тутишимиз боис шафоатларига ҳам бошқалардан кўра умидлироқмиз. Улар эса ҳар
    кимларнинг этакларига осилиб юришгани учун ундан маҳрумдирлар, балки улар у
    зотнинг – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – шафоатларига етишиш сабабини тарк
    қилганлар.

    «Балки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат қилувчи ва шафоатга изн
    берилган зотдирлар, мен у кишининг шафоатларини умид қиламан. Лекин, шафоат
    ҳаммаси Аллоҳникидир».
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатга ўзлари
    мустақил равишда эга бўлолмайдилар, балки у зотнинг шафоатларига етишишга лойиқ
    бўлган махсус кишиларни шафоат қилиш изнига эга бўладилар.

    «Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг: Барча шафоат-оқлов ёлғиз
    Аллоҳникидир»
    (Зумар: 44)». Бу ояти карима Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари
    оқимида келган: «(Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар), балки улар Аллоҳдан
    ўзга «оқловчилар»ни
    (яъни ўзларининг гумонларича уларни Аллоҳ ҳузурида
    шафоат қиладиган «оқловчилар»ни — бутларни) ушладилар. (Эй Муҳаммад
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «(Ўша жонсиз бутлар сизларни
    оқлайдими?!) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон
    нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳам-а!». (Зумар: 43).

    Ояти каримада баён қилинишига кўра, шафоат ёлғиз Аллоҳнинг мулки, уни
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилиши Аллоҳдан мустақил равишда эмас,
    балки мулк эгаси у зотни бу билан икром қилди, у зотнинг шафоатлари махсус
    кишиларга, махсус миқдордадир. Демак, у чекланган нарса учун чекланган
    нарсадир.

    «Шафоат фақат Аллоҳ изн берганидан кейин бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек:
    «Унинг ҳузурида ҳеч ким
    (бировни) Унинг изнисиз шафоат қила
    олмайди»
    (Бақара: 255). Қайси бир инсон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи
    ва салламни мана шу умумийликдан хориж қила олади?!

    «Бирон киши хусусида Аллоҳ у ҳақда изн бермасидан туриб шафоат
    қилолмайдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар
    (қиёмат қойим бўлган кунда)
    фақат
    (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай
    олурлар»
    (Анбиё: 28)». Яъни, у зот фақат Аллоҳ таоло сўзи ва ишидан рози
    бўлган кишиларнигина шафоат қила оладилар.

    «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса фақат тавҳидга рози бўлади». Яъни,
    Аллоҳ таоло бандаларидан фақат битта амалга, яъни Исломга в Исломнинг меҳвари
    бўлган тавҳидга рози бўлади. Тавҳиднинг Исломдаги ўрни пойдеворнинг бинодаги
    ўрнидир. Аллоҳ таоло тавҳиддан бошқасига рози бўлмайди.

    «Аллоҳ таоло айтганидек: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин
    истаса, бас
    (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у
    охиратда зиён кўрувчилардандир»
    (Оли Имрон: 85)». У мушриклар ҳақида:
    «Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!»
    (Муддассир: 48),
    дейди.

    «Демак, – биринчи оятда айтилганидек – шафоатнинг ҳаммаси
    Аллоҳники экан,
    – иккинчи оятда айтилганидек – фақат Унинг изнидан
    кейингина бўлар экан,
    – учинчи оятда айтилганидек – пайғамбар соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам ҳам, бошқаси ҳам бирон киши хусусида то Аллоҳ у ҳақда изн
    бермагунича шафоат қилолмас эканлар,
    – тўртинчи оятда айтилганидек –
    Аллоҳ таоло фақат тавҳид аҳли учунгина изн берар экан, бундан маълум бўлдики,
    шафоат фақат Аллоҳники,
    – у ёлғиз Унинг мулки, уни Аллоҳдан ўзгадан талаб
    қилинмайди, фақат Аллоҳнинг Ўзидан сўралади – мен уни Аллоҳдан талаб қиламан
    – шафоатни унинг ёлғиз эгаси бўлган Парвардигори оламнинг Ўзига дуо қилиб
    сўрайман, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуо қилиб эмас – ва
    айтаманки: «Эй Аллоҳим, мени у зотнинг шафоатларидан маҳрум қилмагин, эй
    Аллоҳим, у зотни менга шафоатчи қилгин» ва ҳоказо».
    Агар шундай десангиз,
    сиз шафоатга эришасиз. Мурод шуки, сиз гарчи лафзини айтмаган бўлсангиз-да,
    маъноси бўйича талаб қилган бўласиз. Агар тавҳидга амал қилсангиз, сиз шафоатга
    эришиш сабабларини излаган бўласиз, буни тилингиз билан айтинг ё айтманг,
    фарқсиз.

    Агар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шафоат берилган, мен у зотдан
    Аллоҳ у кишига берган нарсани талаб қиламан», деса, унга жавоб шуки, Аллоҳ таоло
    у зотга шафоат берган ва сени бундай қилишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтганки:
    «Бас, Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин:
    18). Агар сен Аллоҳга пайғамбарини сенга шафоатчи қилишини сўраб дуо қилувчи
    бўлсанг, Унга «Бас, Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо
    қилманглар!»
    , деган сўзида ҳам итоат қил.

    «Агар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шафоат берилган, мен у зотдан
    Аллоҳ у кишига берган нарсани талаб қиламан», деса…»
    Яъни, энди бу шубҳага
    ўтса ва мол-дунёга эга киши ундан истаган кишисига бергани каби шафоат берилган
    киши ҳам худди шундай, уни ўзи истаган кишисига бера олади, деб даъво
    қилса…

    «Унга жавоб шуки, Аллоҳ таоло у зотга шафоат берган ва сени бундай
    қилишдан қайтарган…»
    Ҳа, у зот шафоат қилувчиларнинг саййидилар. Бироқ, у
    зотга шафоатни ато этган Зот бўлмиш Аллоҳ таоло сени бундай қилишдан, яъни
    шафоатни у кишидан талаб қилишдан қайтарган. Бу одам жоҳиллигидан ман қилинган
    ишни талаб қилмоқда. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг у кишига (пайғамбаримизга)
    шафоат ато этиши чекланган атодир, мутлақ эмас. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи
    ва саллам худди пул-мол бергандек ўзлари истаган кишига беравермайдилар, балки
    беришга буюрилган кишиларга берадилар.

    «Аллоҳ таоло айтганки: «Бас, Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага
    дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18)».
    Бу Аллоҳдан бошқага дуо қилишдан
    қайтариқдир. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш бир неча хил бўлади. Жумладан, Аллоҳдан
    бошқасига шафоат қилишларини тилаб дуо қилиш, Аллоҳдан бошқасига мусибатларни
    аритишларини сўраб дуо қилиш ва ҳоказо. Бундай қилишдан қайтарилган. Балки
    аввалги мушрикларнинг динининг ҳақиқати ҳам шу ўзи. Уларнинг олиҳаларига
    қиладиган ибодатлари уларга дуо қилиш билан, шафоат сўраш билан ва шу каби ишлар
    билан эди.

    «Агар сен Аллоҳга пайғамбарини сенга шафоатчи қилишини сўраб дуо қилувчи
    бўлсанг…»
    Яъни, шундай деб умид қилувчи бўлсанг..

    «Унга «Бас, Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!»,
    деган сўзида ҳам итоат қил».
    Агар шафоат қилувчилар саййидининг шафоатларига
    лойиқ бўлишни истасанг, тавҳид аҳлидан бўл, амалингни Аллоҳнинг ўзига холис қил,
    шунда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига эришасан.
    Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган ва у кишининг ҳақлари
    бўлган шафоатга эришиш учун юқорида айтиб ўтилганидек, бир неча шартлар
    белгиланган. Шариат баён қилишича, унга эришиш сабаби пайғамбарларга эргашиш ва
    амални холис қилишдир, сен шу билан шафоатга эршувчилар сафидан ўрин оласан.
    Мушриклар шафоатга эришиш сабабларини зое қилдилар ва унга хилоф қилдилар.

    Шариат баён қилишича, шафоатга эришиш сабаби уни у кишидан сўраш ва талаб
    қилиш эмас, балки шафоатга эришиш сабаби у зотга – соллаллоҳу алайҳи ва саллам –
    иймон келтириш ва у зот олиб келган нарсага амал қилишдир. Аллоҳ таоло айтди:
    «Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48). Аллоҳ
    таоло айтади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа
    олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида
    бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У зот
    билмайдиган нарсаларни
    (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?!»
    (Юнус: 18). Аллоҳ «билмайдиган нарса» ботилдир. Яъни, У Ўзидан бошқа шафоат
    берувчи борлигини билмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қиёмат
    куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?» деб сўралганда у
    зот: «Сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган киши» деб жавоб
    берганлар (Имом Бухорий ривояти). Яна айтганлар: «У (яъни шафоатим) Аллоҳга ширк
    келтирмасдан вафот этган кишига ноил бўлувчидир, иншооллоҳ». Шафоат
    гуноҳкорларгадир. Аммо, мушрикларга шафоат бўлмайди.

    Ундан ташқари, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларга ҳам шафоат
    берилган. Саҳиҳ хабарларда келганки, малоикалар шафоат қиладилар, авлиёлар
    шафоат қиладилар, фаратлар (балоғатга етмай вафот этган фарзандлар) шафоат
    қиладилар. Шундай экан, сен: «Аллоҳ таоло уларга ҳам шафоат берган, мен улардан
    шафоат тилайман», деб айтасанми?! Агар шундай десанг, сен Аллоҳ таоло Ўзининг
    Китобида айтган, солиҳларга ибодат қилишга қайтган бўласан. Агар йўқ десанг,
    «Аллоҳ унга шафоат берган, мен ундан Аллоҳ берган нарсани талаб қиламан» деган
    гапинг ботил бўлади.

    «Ундан ташқари, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларга ҳам шафоат
    берилган».
    Бу юқоридаги шубҳани аритиш учун иккинчи жавобдир. Юқорида унинг
    шубҳасини очиб ташлайдиган тўла-тўкис жавоб ўтди. Буниси иккинчи жавобдир.

    «Саҳиҳ хабарларда келганки, малоикалар шафоат қиладилар, авлиёлар шафоат
    қиладилар, фаратлар (балоғатга етмай вафот этган фарзандлар) шафоат қиладилар».
    Яъни, шафоат жинси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқаларга ҳам
    берилган, лекин бу берилиш чеклидир.

    «Шундай экан, сен: «Аллоҳ таоло уларга ҳам шафоат берган, мен улардан
    шафоат тилайман», деб айтасанми?!»
    Яъни, унинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    салламга шафоат берилган, мен у кишидан сўрайман, деган сўзи айни шунга далолат
    қилади.

    «Агар шундай десанг, сен Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтган, солиҳларга
    ибодат қилишга қайтган бўласан».
    Чунки, солиҳларга сиғиниш улардан шафоат
    талаб қилиш, Аллоҳга яқинлаштиришларини умид қилиб улар учун жонлиқ сўйиш каби
    ишлардан ортиқ эмасди. Аллоҳ таоло айтганидек: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни
    («худо») қилиб олган кимсалар: Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат
    улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз»,

    (дерлар)» (Зумар: 3).

    «Агар йўқ десанг…» Гарчи, уларга шафоат берилган бўлса-да, мен
    улардан талаб қилмайман, десанг…

    ««Аллоҳ унга шафоат берган, мен ундан Аллоҳ берган нарсани талаб қиламан»
    деган гапинг ботил бўлади».
    Яъни, бировга шафоат ҳаққи берилди, деган сўз у
    уни ўзи истаган кишиларга беради, деган маънога далолат қилмаслиги сенга маълум
    бўлган бўлади. Акс ҳолда, шафоат сўралувчи киши уни ўзи истаган кишисига
    бераверадиган бўлганида шариатлар вайрон бўларди. Демак, бу шунга далолат
    қиладики, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга) шафоат берилиши чеклидир ва
    шафоатни у кишидан талаб қилинмайди. Агар у зотнинг ўзларидан талаб қилинадиган
    бўлганида, саҳобалар биринчи бўлиб талаб қилишган бўларди. Аксинча,
    Зайнул-обидийн раҳимаҳуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари
    яқинидаги бир ковак-ёриққа кириб, дуо қилаётган одамнинг ишини мункар
    санаганлар.

    Шу билан унинг шубҳаси ариди, ҳужжати бекор бўлди, жоҳиллиги ва адашганлиги
    маълум бўлди.

    Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло самъий далилларни икки қисмга – муҳкам ва муташобиҳга бўлди ва муҳкамни муташобиҳ учун асл ва унга қайтарилиши лозим бўлган асос-моҳият қилди. Муҳкамнинг зоҳирига хилоф келган нарса муташобиҳ бўлади ва уни муҳкамга қайтарилади. Мусулмонлар шунга иттифоқ қилганлар» (Ас-савоъиқ: 772-б).

    Юқорида Ибнул Қаййим
    раҳимаҳуллоҳнинг гапларида ўтганидек, муташобиҳлиги олимларга эмас, муҳкамнинг
    зоҳирига хилоф бўлгани учун ҳам эмас, балки ўша шубҳага гирифтор бўлиб қолган
    кишигадир.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963