Бизга боғланинг
158. Мунофиқларнинг аломатларидан
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 142-оятида айтади:
«Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир.— Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар»
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنهما أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا إِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ وَإِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا عَاهَدَ غَدَرَ وَإِذَا خَاصَمَ فَجَرَ» (متفق عليه)
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда тўртта сифат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни тарк қилгунича, нифоқдан битта сифат унда бор бўлади: Омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон сўзлайди, аҳд берса хиёнат қилади, хусуматлашса фожирлик қилади (мақсаддан четлаб кетади)», дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَثْقَلَ صَلاةٍ عَلَى الْمُنَافِقِينَ صَلاةُ الْعِشَاءِ وَصَلاةُ الْفَجْرِ وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهِمَا لأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар у иккисида бўлган (ажрлар)ни билишганда эди, эмаклаб бўлса-да келишган бўларди».
Шарҳ:
Қуръон Карим мунофиқларнинг белгиларидан кўпларини хабар берган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматни унга тушиб қолишдан огоҳлантириб улардан баъзиларини ўз суннатларида зикр қилдилар. Хиёнат, аҳдни бузиш, ёлғон сўзлаш ва фожирлик шулар жумласидан бўлиб, улар фақат мунофиқ кимсада жамланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқлар сифатларидан яна бир сифатни ҳам айтганларки, у – хуфтон ва бомдод намозларига ялқовлик қилишдир. Бу ҳолат бугунги кунда мусулмонлардан жуда кўп содир бўлмоқда. Мусулмон киши ушбу сифатларни яхши билмоғи ва улардан қаттиқ эҳтиёт бўлмоғи лозим.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Хиёнат, ёлғон, алдов, фожирлик мунофиқларнинг сифатларидан.
- Умуман намозга, хусусан хуфтон ва бомдод намозларига ялқовлик қилиш ва уларни оғир санаш ҳам уларнинг сифатларидан.
- Аллоҳни кам зикр қилиш ҳам уларнинг белгиларидан.
- Ушбу сифатлардан эҳтиёт бўлиш лозим.