Бизга боғланинг
18. Молнинг мулкдор зиммасидаги ҳақлари
Мол-мулк Аллоҳники, У молнинг ҳақиқий эгаси, инсон эса молда халифа ва омонатдор, у молни ўзининг қўлига омонат қўйган Зотнинг изни-иродасига мувофиқ топиши, сарфлаши ва тасарруф этиши лозим, у қиёмат куни қўлидаги молни қаердан топиб, қаерга сарф қилгани, молнинг унинг зиммасида бўлган ҳақларини адо этган этмагани ҳақида сўроқ қилинади ва ҳисоб беради.
Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан» (Оли Имрон: 26).
«Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Оли Имрон: 109).
«У сизларни (ўзларингиздан аввалгилар ўтиб кетганларидан кейин) Ерда қолувчилар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган зотдир. Албатта, Парвардигорингиз (осийларни) тезда жазолаувчидир ва албатта У мағфиратли, меҳрибондир» (Анъом: 165).
«Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўриш учун сизларни уларнинг ортидан Ерга халифа (ўринбосар) қилиб қўйдик» (Юнус: 14).
«(Эй инсонлар), Аллоҳга ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га иймон келтиринглар ҳамда У зот сизларни ҳалифа қилиб қўйган нарсалардан (яъни вақтинча қўлларингизда турган, эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларнинг қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан) инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир» (Ҳадид: 7).
«Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (уни ўзлаштириб обод қилишлари учун баъзилари бошқалари ортидан кетма-кет келиб яшайдиган) қавм (Одам ва унинг зурриёти)ни қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган қавмни қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан»» (Бақара: 30).
Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни банда умрини қаерда ўтказгани ҳақида, илмини нимага ишлатгани ҳақида, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча унинг қадами силжимайди» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 122).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дунё яшнаб турган, ширин нарсадир. Аллоҳ азза ва жалла қандай амал қилишларингизни кўриш учун сизларни унда қолдиражак. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, Бани Исроилнинг илк фитналаниши аёллар хусусида бўлган эди» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 911).
Молларнинг закотини бериш фарз, закот Ислом биносининг пойдевор ва рукнларидан биридир
Аллоҳ таоло айтади:
«Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилувчилар билан бирга руку қилинг» (Бақара: 43).
«Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 41).
(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни у билан поклашингиз ва тозалашингиз учун молларидан бир қисмини закот сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Тавба: 103).
«Уларнинг мол-мулкларида сўровчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш бордир» (Ваз-зарият: 19).
«Улар (топган) мол-мулкларида сўровчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир» (Маъориж: 24,25).
«Мевалаганда мевасидан енглар, ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар! Албатта, У исроф қилувчиларни севмас» (Анъом: 141).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиниши ва Ундан бошқа (илоҳларни) инкор қилиш, намозни барпо қилиш, закотни бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётганларида унга айтдилар: «Сиз аҳли китоб бўлган қавм олдига бормоқдасиз. Уларни энг биринчи Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга чақиринг. Аллоҳни таниганларидан сўнг уларга Аллоҳ бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айтинг. Уни (қабул) қилишгач, Аллоҳ уларга молларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган закотни фарз қилганини айтинг. Агар бунга итоат қилсалар, улардан закотларини олинг, бироқ энг яхши ва нафис молларини олишдан сақланинг» (Муттафақун алайҳ).
Бир ривоятда: «Сиз аҳли китоблардан бўлган бир қавмга бормоқдасиз. Етиб боргач, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришга чақиринг, агар бунда сизга итоат қилсалар Аллоҳ таоло уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айтинг, агар бунда ҳам итоат қилсалар Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини айтинг, агар бунда ҳам сизга итоат қилсалар молларининг яхшиларини (закот қилиб) олишдан сақланинг, мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ бўлмайди» (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Учта иш борки, ким уларни қилган бўлса иймоннинг мазасини тотган бўлади: ким Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилса; бир Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ (деб ишонса); ҳар йили молининг закотини мамнуният билан, рози бўлиб берса; (чорва молларидан) қарисини, қўтирини, касалини, майдасини бермайди, балки молларингизнинг ўртачасидан (берасизлар), Аллоҳ сизлардан (молингизнинг) яхшисини сўрамади ва ёмонини беришга буюрмади» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 1400).
Молининг закотини чиқармайдиган одам ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг! У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур)» (Тавба: 34,35).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шу (айтилган ишлар)ни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаб қоладилар – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – ва уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳгадир» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, у зотдан сўнг Абу Бакр халифа қилингач ва араблардан баъзилари кофир бўлиб кетгач, Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: «Сиз қандай қилиб жанг қиласиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича жанг қилишга буюрилдим. Ким: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса мендан қони ва молини сақлаб қолади – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – ва унинг ҳисоб-китоби Аллоҳгадир» деганлар-ку?!», деди. Шунда Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, намоз билан закот орасини ажратган кимсалар билан албатта жанг қиламан. Зеро, закот молнинг ҳаққи. Аллоҳга қасамки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб келишган бир дона эчкини агар мендан ман қилишса, бунинг учун улар билан албатта жанг қиламан», деди. Умар айтади: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Абу Бакрнинг кўнглига жанг қилишни солиб қўйганини кўрдим, кейин билдимки, у ҳақ экан» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимга Аллоҳ мол-дунё берган бўлса-ю, унинг закотини адо этмаган бўлса, мол-дунёси Қиёмат куни кўзлари устида иккита нуқта бўлган, (заҳри кучлилигидан) боши ялтираб кетган катта илонга айланиб, уни ўраб олади, сўнг уни икки жағи орасига олиб: «Мен сенинг молингман, мен сенинг хазинангман», дейди» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир тилла ва кумуш эгаси уларнинг ҳаққини – яъни закотини – адо этмаса, қиёмат куни ўтдан бўлган лавҳалар (тахтасимон бўлаклар) қилиниб, уни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у кишининг биқинига, пешонасига, орқасига босилади. Совуб қолса, яна қайтадан (қиздириб) олиб келинади, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган бир кунда, то бандалар ўртасида ҳукм қилиб бўлингунча (шундай қилинади), сўнг у ўзининг ё жаннатга, ё дўзахга бўлган йўлини кўради» (Муслим ривояти).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир кишининг туя, сигир ё қўйлари бўлиб, уларнинг ҳаққини (яъни закотини) адо қилмаса, қиёмат куни (ўша жониворларни) энг катта ва энг семиз кўринишида олиб келинади, улар уни туёқлари билан эзғилашади, шохлари билан сузишади. Охиргиси ўтиб кетгач, яна биринчисини қайтариб келинади, то одамлар ўртасида ҳукм қилиб бўлингунча (шу ҳолат давом этади)» (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир кишининг моли бўлса-ю, унинг ҳаққини адо қилмаса, (қиёмат куни моли) унинг бўйнига ўралиб оладиган катта илонга айлантирилади. У қочмоқчи бўлади, илон эса унинг ортидан қолмайди». Сўнг у зот ушбу оятни ўқидилар: «Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару Ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Оли Имрон: 180). (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 2289).
Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлса, ҳузурларига борардик ва у зот бизларга сўзлаб берардилар. Бир куни бизга айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Биз молни намоз барпо қилиниши ва закот адо қилиниши учун туширдик. Агар одамзотнинг бир водий тўла тилласи бўлса, унинг икки водий бўлишини истаган бўларди. Агар икки водий тилласи бўлса, учинчиси ҳам бўлишини истаган бўларди. Одамзотнинг қорнини тупроқдан бошқаси тўлдира олмайди. Сўнгра Аллоҳ тавба қилган кишининг тавбасини қабул қилади» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1639).
Оятнинг маъносида “қавм” деб таржима қилинган сўз арабчасида “халифа” эди. “Халифа”дан мурод Одам алайҳиссалом ва унинг солиҳ зурриётидир. Аллоҳ таоло уларни Ерни тоат-ибодат, яхшиликлар ва инсонга фойдаси тегадиган ҳар нарса билан обод қилишлари ҳамда унда Аллоҳнинг иродаси ва буйруғига биноан яшашлари учун ерда бирин-сирин яшайдиган қилиб қўйди. Бу билан оятдаги халифадан мурод нима экани аён бўлди. Гоҳилар оятдаги “халифа” дан мурод, инсон Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги халифаси, ўринбосари дейдилар. Бу маъно араб тили жиҳатидан ҳам шариат нуқтаи назаридан ҳам тўғри эмас. Чунки, халифа ўзидан аввалигининг ўрнига қоладиганга айтилади. Аввалги халифа ёки иш соҳиби ҳозир бўлиш ёки ишда давом этишдан ман қиладиган сабаб туфайли хозир бўла олмай қолади кейин унинг ўрнига халифаси-ўринбосари келади. Бу маъно Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Улуғлигига, исм-сифатларига тўғри келмайди. Чунки у доимий барҳаёт, ғафлатда қолмайдиган, ухламайдиган, ҳар нарсадан хабардор, ғойиб бўлмайдиган зотдир.
Шунингдек ўринбосар сифатда, лаёқатда ўзидан аввалгига яқин бўлиши керак. Бу маъно ҳам Аллоҳ таолога нисбатан лойиқ эмасдир. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 11-оятида марҳамат қилади: «Унга ўхшаш бирон нарса йўқ, У Эшитувчи ва Кўрувчидир».
Баъзи муфассирлар, “халифа”дан мурод ўзларидан аввал Ер юзида бузғунчилик қилган жинлардан кейин яшаш учун Ерга қўйилган инсонлар деганлар, валлоҳу аълам.
Йиғим-терим кунида бечора мискинларга ҳаққини беришга буюрилган меваларга тортиш ва ўлчаш мумкин бўлган, қуритиб қўйиладиган, қоплаб қўйиладиган, сақлашга олиб қўйиладиган ва нисобга етган ҳар қандай мева ва ҳосиллар киради. Нисоб беш васақ (653 кг)дир. Бир васақ 60 соъ (130.6 кг)га, бир соъ 4 муд (2175 г)га, бир муд (543.75 г) – кафти ўртача кишининг икки кафтига, яъни бир ҳовучига тенгдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хурмо ва дон-дун 5 васақ (653 кг)дан кам бўлса, ундан садақа берилмайди», деганлар. Бериладиган ҳаққи эса лалми (ёмғир суви билан бўлган) ҳосилдан ушр (ўндан бири), суғориладиган ерда бўлган ҳосилдан ушрнинг ярми (йигирмадан бири) миқдоридадир. Чунки, муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда келганки: «Осмон (ёмғири), анҳор, чашмалар суғорган ёки баъл (яъни йилда бир бор ёмғир суви билан тўйинадиган тепалик ер, шунингдек фақат ёмғир суви билан кифояланадиган ҳар қандай экин) бўлса ундан ушр, туялар ёки челаклар билан (ер остидан сув тортиб чиқариб) суғорилса, ундан ушрнинг ярми берилади». Аммо васақлаб ўлчанмайдиган ва сақлашга олиб қўйилмайдиган кўк – полиз экинлари бўлса ёки ўлчанганда нисобга етмаган бўлса, у ҳолда экин ё ҳосилнинг эгаси йиғим-терим пайтида чиққан ҳосилга қараб, ўзи чамалаб – қисиб-қимтимасдан, ошиқча исроф ҳам қилмасдан – кўнглидан чиқариб, фақир-мискинларга ҳақ чиқаради. Аллоҳ таоло айтганидек: «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Бақара: 267). Ер ундириб-ўстирган ҳар бир нарсада нафақа вожиб, улар ичида муайян нисобга чеклангани бор, садақа қилувчи ўзи кўнглидан чиқариб берадиган, нисоби белгиланмагани бор. Қайс ибн Абу Ғаразадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимиздан ўта туриб дедилар: «Эй сотувчилар жамоаси, савдога беҳуда гап-сўз ва қасам аралашиб қолади, унга садақани аралаштириб туринглар») (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти). Ибн Ҳазм «Муҳалло»да айтади: «Бу миқдори чекланмаган суратдаги, кўнгилдан чиқариб бериладиган садақа бўлиб, савдога аралашиб қоладиган лағв ва қасамларга каффорат бўлади».
Умар розияллоҳу анҳунинг аввалда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг закотни инкор қилувчиларга қарши уруш қилиш қарорига эътироз билдириши ва Абу Бакр Сиддиқнинг закотни намозга қиёс қилиши далолат қиладики, улар ҳар иккиси Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган юқоридаги ҳадисни билмас эдилар. Чунки, агар билишса эди, Умар эътироз билдирмас ва Абу Бакр қиёсга муҳтож бўлмас эди. Ҳадисдан шу ҳам маълум бўладики, баъзан кичик саҳобий катта саҳоба билмаган нарсани билиши, гоҳо бир ёки бир неча масалада катта саҳобанинг хатосини тўғрилаб қўйиши ҳам мумкин, бироқ бу дегани унинг катта саҳобадан олимроқ ёки афзалроқ эканини англатмайди.
Кумушнинг нисоби 200 дирҳам бўлиб, бир йил айлангач ундан 5 дирҳам чиқарилади. (Бир дирҳам 0,70 мисқолга тенг бўлиб, кумушнинг нисоби 140 мисқол, яъни 595 граммдир.)
Тилланинг нисоби 20 динор бўлиб, йил айлангач ундан ярим динор чиқарилади. (Динордан мурод – вазни бир мисқолга, яъни 4,25 граммга тенг бўлган исломий динордир. Шунда тилланинг нисоби 85 граммга тенг бўлади.) Ҳозирги даврдаги қоғоз пуллар ҳам шу иккисига қиёс қилинади.
Чорва ҳайвонларининг закот нисоби қуйидагича: Туянинг нисоби: 5та туядан 1 қўй, 10тасидан 2 қўй, 15тасидан 3 қўй, 20тасидан 4 қўй, 25тадан то 35тагача битта ибнату махоз (1 ёшдан 2 ёшга ўтган туя), 36тадан то 45тагача битта ибнату лабун (2 ёшдан 3 ёшга ўтган туя), 46тадан 60тагача битта ҳиққа (3 ёшдан 4 ёшга ўтган туя), 61тадан 75тагача битта жазаъа (4 ёшдан 5 ёшга ўтган туя), 76тадан 90тагача иккита ибнату лабун, 91тадан 120тагача иккита ҳиққа, туялар сони бундан ошиқ бўлганда ҳар 50тасига биттадан ҳиққа, ҳар 40тасига биттадан ибнату лабун берилади. Бунинг учун аввал тўла бир йил айланган бўлиши шарт бўлади. Агар ортиқроқ бераман деса ҳиққа ибнату лабуннинг ўрнига ўтади, бироқ ибнату лабун ҳиққанинг ўрнига ўтмайди. Ҳоказо, каттаси кичигининг ўрнига ўтади, акси эмас.
Қўй-эчкилар нисоби: 40тадан 120тагача битта қўй, 121тадан 200тагача иккита қўй, 201тадан 300тагача учта қўй, бундан ошиғига ҳар 100тага биттадан қўй берилади. Бунинг учун ҳам нисоб тўлганига бир йил ўтган бўлиши керак.
Қорамолнинг нисоби: Ҳар 30та молга битта табиъ (1 яшарли мол), 40та молга битта мусинна (2 яшарли мол), 60тага иккита табиъ, 70тага битта мусинна ва битта табиъ, 80тага иккита мусинна, 90тага учта табиъ, 100тага битта мусинна ва иккита табиъ, ҳоказо ҳар ўттизтага битта табиъ ва ҳар 40тага битта мусинна берилади.
Ҳадис мол-дунё тўла-тўкис
ибодатни рўёбга чиқариш учун восита эканига далолат қилмоқда. Демак, ғояни
восита йўлида қурбон қилмаслик керак. Ғоя — дин ва ибодатнинг беками кўст
бўлиши, восита нималиги айтилди. Ғоя қолиб восита билан овора бўлиш — мол-дунё
жамғариш, кўпайтириш билан машғул бўлиш— оқил кишига ярашмайдиган ҳол. Аллоҳга
қасам, агар мол Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш учун восита бўлса, неъматдир,
ундан бошқаси учун бўлса, азобдир.