Бизга боғланинг
197. Тақиқланган сўзлар ҳақида
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلاَّ رَجَعَتْ عَلَيْهِ» (أخرجه مسلم).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши биродарига: «Эй кофир!» деса, улардан бири ўша (сўзнинг гуноҳи) билан қайтади. Агар у айтганидек бўлса хўп, акс ҳолда (кофирликка нисбат бериш унинг ўзига) қайтади (гўёки ўзини ўзи кофирга чиқарган бўлади)» (Муслим ривояти).
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «مَنْ دَعَا رَجُلاً بِالْكُفْرِ أَوْ قَالَ عَدُوَّ اللَّهِ وَلَيْسَ كَذَلِكَ إِلاَّ حَارَ عَلَيْهِ» (أخرجه مسلم).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир кишини «кофир» деб чақирса ё «Аллоҳнинг душмани» деса-ю у одам ундай бўлмаса, (ўша гапи) ўзига қайтади» (Муслим ривояти).
عَنْ أَبِي الْمَلِيحِ عَنْ رَجُلٍ قَالَ كُنْتُ رَدِيفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَعَثَرَتْ دَابَّةٌ فَقُلْتُ تَعِسَ الشَّيْطَانُ فَقَالَ: «لا تَقُلْ تَعِسَ الشَّيْطَانُ فَإِنَّكَ إِذَا قُلْتَ ذَلِكَ تَعَاظَمَ حَتَّى يَكُونَ مِثْلَ الْبَيْتِ وَيَقُولُ صَرَعْتُهُ بِقُوَّتِي وَلَكِنْ قُلْ «بِسْمِ اللَّهِ» فَإِنَّكَ إِذَا قُلْتَ ذَلِكَ تَصَاغَرَ حَتَّى يَكُونَ مِثْلَ الذُّبَابِ» (رواه أبو داود وأحمد).
Абул-Малиҳдан ривоят қилинади, у бошқа бир кишидан ривоят қилади: Мен уловда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларига мингашиб кетаётган эдим, улов қоқилиб кетди. Шунда мен: «Шайтон ўлгур», деган эдим, у зот: «Шайтон ўлгур» демагин. Чунки ундай десанг, шайтон катталашиб, (шишиб) уйдек бўлиб кетади ва: «Куч-қувватим билан уни енгдим», дейди. Унинг ўрнига сен: «Бисмиллаҳ» дегин, шундай десанг шайтон кичрайиб пашшачалик бўлиб қолади», дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари).
Шарҳ:
Мусулмон киши ҳар бир айтган гапига ҳисоб беради ва ё ажрга ё гуноҳга эришади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим сўзлардан қайтарганлар ва айримларининг ўрнига нима дейиш кераклигини ўргатганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Мусулмон кишини «Эй кофир!» «Эй Аллоҳнинг душмани!» дейиш мумкин эмас;
- Бу сўзлар ноҳақ айтилган бўлса, айтувчисининг ўзига қайтиб келади;
- «Шайтон ўлгур» ёки шу қабилдаги сўзни демаслик керак, бунинг ўрнига «Бисмиллаҳ» дейиш лозим.