Бизга боғланинг
218. Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида
Аллоҳ таоло айтади:
«Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!» (Исро: 23,24).
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик» (Анкабут: 8).
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ؟ قَالَ: «الصَّلاةُ عَلَى وَقْتِهَا» قَالَ ثُمَّ أَيٌّ؟ قَالَ: «ثُمَّ بِرُّ الْوَالِدَيْنِ» قَالَ ثُمَّ أَيٌّ؟ قَالَ: «الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ» (متفق عليه).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўрадим. У зот: «Вақтида ўқилган намоз» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Ота-онага яхшилик қилиш» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш» дедилар (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ صَحَابَتِي؟ قَالَ: «أُمُّكَ» قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ أُمُّكَ» قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ أُمُّكَ» قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ أَبُوكَ» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, яхши муомаламга ким кўпроқ ҳақли?», деб сўради. «Онанг!» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Кейин отанг!» дедилар (Муттафақун алайҳ).
عَنْ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قالَ جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاسْتَأْذَنَهُ فِي الْجِهَادِ فَقَالَ: «أَحَيٌّ وَالِدَاكَ؟» قَالَ نَعَمْ قَالَ: «فَفِيهِمَا فَجَاهِدْ» (متفق عليه).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳодга боришга рухсат сўраб келган эди, у зот: «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унда сен ўшалар ҳаққида жиҳод қил (яъни, уларнинг розилигини топишга қаттиқ ҳаракат қил)», дедилар (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رَغِمَ أَنْفُ ثُمَّ رَغِمَ أَنْفُ ثُمَّ رَغِمَ أَنْفُ» قِيلَ مَنْ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ: «مَنْ أَدْرَكَ أَبَوَيْهِ عِنْدَ الْكِبَرِ أَحَدَهُمَا أَوْ كِلَيْهِمَا فَلَمْ يَدْخُلِ الْجَنَّةَ» (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!», дедилар. «Ким ё Расулуллоҳ?» деб сўралди. «Ким ота-онасидан бирини ёки ҳар иккаласини кексайган пайтларида топса-ю, (уларни рози қилмагани сабабли) жаннатга кирмаса», дедилар (Муслим ривояти).
Шарҳ:
Ота-онанинг фарзанд устида кўп ҳақлари бор, Аллоҳ таоло Қуръонда уларнинг ҳақларини Ўзининг ҳаққи бўлмиш ёлғиз Унга ибодат қилиш ҳаққи билан ёнма-ён келтирди ва инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрди. Чунки, ота-она, хусусан она фарзандларни тарбия қилиб ўстиришда кўпдан-кўп машаққатларни бошдан кечиради. Ота-онанинг фарзандларга меҳр-шафқати табиий бўлгани, аксар ҳолатларда фарзанд — у ҳам ўз бола-чақаси билан машғул бўлиб — кексайган ота-онасидан беэътибор қолгани боис Қуръон ва Суннатда хитоб асосан фарзандларга қаратилди ва уларни ота-онага астойдил хизмат қилишга буюрилди.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Ота-онага яхшилик қилиш вожиб, уларга оқ бўлиш, бир оғиз сўз билан бўлса-да уларга озор етказиш ҳаром;
- Уларга яхшилик қилиш Аллоҳга энг суюмли амаллардан, гуноҳларнинг кечирилишига ва жаннатга киришга сабабдир;
- Яхшилик қилишда онанинг ҳаққи кўпроқ ва отанинг ҳаққидан муқаддамдир. Чунки она заифа ва кўмакка муҳтожроқ, бундан ташқари у фарзанди сабабли кўпроқ машаққатлар тортган;
- Ота-онага ҳаётларию мамотларида раҳмат тилаб дуода бўлиш уларнинг ҳақларидандир;
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кекса ота-онасига яхшилик қилмаган кишига хорлик тилаб дуо қилганлар.