Бизга боғланинг
221. Кибрнинг ҳаромлиги ва ундан огоҳлантириш
Аллоҳ таоло айтади: «(Шунда уларга) айтилди: «Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!» Кибр-ҳаво қилувчи кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!» (Зумар: 72).
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ» قَالَ رَجُلٌ إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا وَنَعْلُهُ حَسَنَةً؟ قَالَ: «إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ، الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ وَغَمْطُ النَّاسِ» (رواه مسلم)
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Бир одам кийими яхши бўлиши ва пойафзали бежирим бўлишини суяди (шу нарса кибрми?), деди. «Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради (у кибр эмас). Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни назар-писанд қилмасликдир», дедилар (Имом Муслим ривояти).
عَنْ حَارِثَةَ بْنَ وَهْبٍ الْخُزَاعِيِّ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «أَلا أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ النَّار؟ِ كُلُّ عُتُلٍّ جَوَّاظٍ مُسْتَكْبِرٍ» (متفق عليه).
Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар дили қаттиқ, манман ва мутакаббир кимсалардир» (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا يَنْظُرُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِلَى مَنْ جَرَّ إِزَارَهُ بَطَرًا» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло изорини кибр билан судраб юрган кимсага қиёмат куни (раҳмат назари билан) боқмайди» (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ وَأَبِي هُرَيْرَةَ قَالا قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «قال الله عز وجل: «الْعِزُّ إِزَاري وَالْكِبْرِيَاءُ رِدَائِي فَمَنْ يُنَازِعُنِي عَذَّبْتُهُ»» (رواه مسلم).
Абу Саид ал-Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Азизлик Менинг изорим, кибриё (мутакаббирлик) ридоимдир, ким Мен билан буларни талашса уни азобга гирифтор қиламан» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Кибр Аллоҳ таолодан бошқасига лойиқ бўлмайдиган сифатлардан бўлиб, инсонларда бўлиши айбли саналади. У дўзах аҳлининг сифатларидан ва унинг эгаси қиёмат куни қаттиқ азобга гирифтор бўлиш билан огоҳлантирилган гуноҳи кабиралардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбида зиғирча кибр бўлган киши жаннатга кирмаслигини айтганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Кибр ҳаром ва гуноҳи кабиралардан;
- У дўзах аҳлининг сифатларидан;
- Кибр – ҳақни рад қилиш ва қабул қилмаслик, одамларни назар-писанд қилмасликдир;
- Чиройли ва покиза кийиниб юриш кибр эмас.