Бизга боғланинг
223. Мусулмонларнинг ҳожатларини раво қилишнинг фазли
عَنْ عَبْد اللَّهِ بْن عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ وَلا يُسْلِمُهُ وَمَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللَّهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» (متفق عليه).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади» (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللَّهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلاَّ نَزَلَتْ عَلَيْهِمْ السَّكِينَةُ وَغَشِيَتْهُمْ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمْ الْمَلائِكَةُ وَذَكَرَهُمْ اللَّهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ» (رواه مسلم)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мўминдан дунё ғамларидан бир ғамни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир қийналган (камбағал)га енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга дунёю охиратда енгиллик беради. Ким бир мусулмонни (айбини) яширса, Аллоҳ уни (айбини) дунё ва охиратда яширади. Банда модомики биродарига кўмак бераркан, Аллоҳ унга кўмак бераверади. Ким илм излаб бир йўлга кирса, шу сабабли Аллоҳ унга жаннат йўлини енгил қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, улар устига Аллоҳ томонидан сокинлик туширилади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни зикр қилади. Кимни амали секинлатган бўлса, насаби уни тезлата олмайди» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Мусулмонларнинг, хусусан улар ичидаги заиф кишиларнинг ҳожатларини раво қилиш учун елиб-югуриш Аллоҳ ва Пайғамбари яхши кўрган ва Аллоҳ таоло кўп ажру савоблар ваъда қилган ишлардандир. Ким бир биродари билан бирга унинг ҳожати учун юрса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатларини раво қилаверади ва дунёю охиратда унга Ўзи мадад беради.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Мусулмонларнинг, хусусан заифларнинг ҳожатларини раво қилишга ҳаракат қилиш фазилатли ишлардан саналади;
- Ким мусулмон биродарига ёрдам берса, Аллоҳ унга муҳтожлик пайтида ёрдам беради.
- Ким мусулмоннинг айбини яширса Аллоҳ унинг айбини дунё ва охиратда яширади.