Бизга боғланинг
229. Зикрнинг фазли ҳақида
Аллоҳ таоло айтади:
«Аниқки Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир» (Анкабут: 45).
«Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман» (Бақара: 152).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَقُولُ اللهُ تَعَالَى: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي، وَأَنَا مَعَهُ إِذَا ذَكَرَنِي، فَإِنْ ذَكَرَنِي فِي نَفْسِهِ ذَكَرْتُهُ فِي نَفْسِي، وَإِنْ ذَكَرَنِي فِي مَلأٍ ذَكَرْتُهُ فِي مَلأٍ خَيْرٍ مِنْهُمْ» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман (яъни, у менга яхши гумон қилсин. Мен доимо у ўйлаганидан яхшироқман). Агар у Мени зикр қилса, Мен у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар у Мени жамоат орасида зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоат олдида зикр қиламан» (Муттафақун алайҳ).
وعن أبي الدرداء رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : أَلاَ أُنَبِّؤُكُمْ بِخَيْرِ أَعْمَالِكُمْ، وَأَزْكَاهَا عِنْدَ مَلِيكِكُمْ، وَأَرْفَعِهَا فِي دَرَجَاتِكُمْ، وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ إِنْفَاقِ الذَّهَبِ وَالْوَرِقِ، وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ أَنْ تَلْقَوا عَدُوَّكُمْ فَتَضْرِبُوا أَعْنَاقَهُمْ وَيَضْرِبُوا أَعْنَاقَكُم؟» قَالُوا: بَلَى، قَالَ: «ذِكْرُ اللهِ تَعَالَى» (رواه الترمذي وابن ماجه)
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амалларингиз ичида энг яхшисини, Хожаларингиз ҳузурида энг покизасини, даражаларингизни кўтарувчисини, олтину кумуш эҳсон қилишдан ҳам яхшироғини ва душманларингизга рўпара бўлиб, сизлар уларни, улар сизларни бўйинларингизга қилич билан уришларидан ҳам хайрлироғини хабарини берайми?», дедилар. «Ҳа», дейишди (асҳоблар). «Аллоҳ таолони зикр қилиш!», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «سَبَقَ الْمُفَرِّدُونَ» قَالُوا وَمَا الْمُفَرِّدُونَ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ: «الذَّاكِرُونَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتُ» (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муфарридлар ўзиб кетдилар», дедилар. «Муфарридлар кимлар, ё Расулуллоҳ?», деб сўрашди. «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Аллоҳни зикр қилишнинг фазилати кўп ва савоби улуғ, унда бардавом бўлиш энг афзал ва Аллоҳга суюмли ишлардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни кўп зикр қилувчилар бошқалардан ўзиб кетганини хабар берганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Зикрнинг фазли, савобининг улуғлиги;
- У олий даргоҳда Аллоҳ таоло тарафидан яхшилик билан зикр этилишга сабаб бўлади:
- У қиёмат куни ажру савобда бошқалардан олдинга ўтиб кетишга сабабдир.