Бизга боғланинг
254. Шамолни сўкиш мумкин эмаслиги ва шамол эсган пайтда айтиладиган сўзлар ҳақида
عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا تَسُبُّوا الرِّيحَ فَإِذَا رَأَيْتُمْ مَا تَكْرَهُونَ فَقُولُوا اللَّهُمَّ إِنَّا نَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِ هَذِهِ الرِّيحِ وَخَيْرِ مَا فِيهَا وَخَيْرِ مَا أُمِرَتْ بِهِ وَنَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ هَذِهِ الرِّيحِ وَشَرِّ مَا فِيهَا وَشَرِّ مَا أُمِرَتْ بِهِ» (أخرجه الترمذي).
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шамолни сўкманглар! Агар ёқимсиз (шамолни) кўрсанглар: «Парвардигоро! Биз Сендан ушбу шамолнинг яхшилигини, ундаги нарсанинг яхшилигини ва унга буюрилган ишнинг яхшилигини сўраймиз, Сендан ушбу шамолнинг ёмонлигидан, ундаги нарсанинг ёмонлигидан ва унга буюрилган ишнинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз», денглар» (имом Термизий ривояти).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا تَسُبُّوا الرِّيحَ فَإِنَّهَا تَجِيءُ بِالرَّحْمَةِ وَالْعَذَابِ وَلَكِنْ سَلُوا اللَّهَ خَيْرَهَا وَتَعَوَّذُوا بِهِ مِنْ شَرِّهَا» (أخرجه أحمد وابن ماجه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шамолни сўкманглар, чунки у раҳмат ва азоб олиб келади. Балки, Аллоҳдан унинг яхшилигини сўранглар ва ёмонлигидан паноҳ тиланглар» (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Шарҳ:
Шамол ва бўронлар Аллоҳнинг махлуқотидан бўлиб, У Ўз истагига кўра улар билан ё раҳмат ё азоб юборади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шамолни сўкишдан қайтарганлар, чунки у ўзига буюрилган ишни қилади. У зот Аллоҳдан унинг яхшилигини сўрашни ва ёмонлигидан паноҳ тилашни буюрганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Шамолни сўкиш мумкин эмас;
- Чунки у ўзига буюрилган ишни қилади, унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор;
- Шамол эсган пайт Аллоҳдан унинг яхшилигини сўраш ва ёмонлигидан паноҳ тилаш лозим.