Бизга боғланинг
258. Амаллар хотималарга қараб ўлчанади
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ حَدَّثَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: «إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ فِي بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ ثُمَّ يَبْعَثُ اللَّهُ إِلَيْهِ مَلَكًا بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ فَيُكْتَبُ عَمَلُهُ وَأَجَلُهُ وَرِزْقُهُ وَشَقِيٌّ أَوْ سَعِيدٌ ثُمَّ يُنْفَخُ فِيهِ الرُّوحُ فَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونُ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُ الْجَنَّةَ وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ حَتَّى مَا يَكُونُ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُ النَّارَ» (رواه البخاري).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бизга содиқ (ростгўй) ва масдуқ (Аллоҳ тарафидан рост ваъда берилган) зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисни айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лахта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади. Албатта, бир киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газ (ярим қадам)гина масофа қолади. Шунда унинг китоби (Аллоҳ таоло унинг жаннатий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) ўзиб кетиб (яъни ундан ғолиб келиб), жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади. Яна бир киши жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобида (Аллоҳ таоло унинг дўзахий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) етиб келиб (яъни ундан ғолиб келиб), дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади» (Имом Бухорий ривояти).
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «يُبْعَثُ كُلُّ عَبْدٍ عَلَى مَا مَاتَ عَلَيْهِ» (رواه مسلم).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бир банда нимада (яъни, қандай амаллар устида) вафот этган бўлса, шунда тирилтирилади» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Инсоннинг ҳаёти ёмон хотима билан якун топиши ва солиҳ бўлмаган амал билан вафот этиб, ўша билан қайта тирилтирилиши энг оғир уқубатлардандир. Шундай экан, мусулмон киши қилиб юрган амаллари билан мағрурланмаслиги, балки Аллоҳ таолодан ҳусни хотима сўраши ва тўғри йўлда собитқадам қилишини тилаб юриши лозим.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Ёмон хотимадан қўрқиш ва унга олиб бориши мумкин бўлган нарсалардан узоқлашиш лозим;
- Амаллар хотималарга қараб бўлади.