Бизга боғланинг
264. Сабрга тарғиб, мусибат пайтида айтиладиган сўзлар
Аллоҳ таоло айтади: «Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир» (Бақара: 156, 157).
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الصَّبْرُ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الأُولَى» (رواه البخاري).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Ҳақиқий) сабр – илк мусибат етган пайтда қилинган сабрдир» (Имом Бухорий ривояти).
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «مَا مِنْ مُسْلِمٍ تُصِيبُهُ مُصِيبَةٌ فَيَقُولُ مَا أَمَرَهُ اللَّهُ { إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ } اللَّهُمَّ أْجُرْنِي فِي مُصِيبَتِي وَأَخْلِفْ لِي خَيْرًا مِنْهَا إِلاَّ أَخْلَفَ اللَّهُ لَهُ خَيْرًا مِنْهَا» (رواه مسلم).
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бир мусулмон бошига мусибат тушганда Аллоҳ буюрганидек: «Биз Аллоҳникимиз ва албатта Унинг ҳузурига қайтамиз. Эй Аллоҳ! Мана шу мусибатим сабабли менга ажру-мукофот бергин ва унинг ўрнига мен учун ундан кўра яхшироқ нарсани ато қил» деса, Аллоҳ таоло албатта унинг ўрнига яхшироқ нарсани беради (Имом Муслим ривояти).
عَنْ صُهَيْبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «عَجَبًا لأَمْرِ الْمُؤْمِنِ إِنَّ أَمْرَهُ كُلَّهُ خَيْرٌ وَلَيْسَ ذَاكَ لأَحَدٍ إِلاَّ لِلْمُؤْمِنِ إِنْ أَصَابَتْهُ سَرَّاءُ شَكَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ وَإِنْ أَصَابَتْهُ ضَرَّاءُ صَبَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ» (رواه مسلم).
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминнинг иши қизиқ! Барча иши у учун яхшиликдир, бу эса мўминдан бошқага насиб бўлмайди. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади ва бу у учун яхшилик бўлади. Агар ёмонлик етса сабр қилади ва бу ҳам у учун яхшилик бўлади» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Мусибатга сабр қилиш ва унинг ажр-савобини умид қилиш иймоннинг кучли эканига далил, Аллоҳнинг раҳматига ва гўзал оқибатга эришишга сабабдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибатлар пайтида сабр қилишга йўллаганлар ва умматларига мусибат пайтида айтиладиган сўзларни таълим берганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Мусибат пайтида сабр қилишнинг фазилати;
- Ҳақиқий ва мақтовга сазовор сабр – илк мусибат тушган пайтда қилинган сабрдир;
- Машаққатларга сабр-бардошли бўлиш мўминларнинг сифатларидан;
- Мусибат пайтида айтиладиган зикрнинг фазли.