Бизга боғланинг
267. Маййитга дод-фарёд қилмай, жазавага тушмай йиғлашнинг жоизлиги
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ دَخَلْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى أَبِي سَيْفٍ الْقَيْنِ وَكَانَ ظِئْرًا لإِبْرَاهِيمَ – عَلَيْهِ السَّلام – فَأَخَذَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِبْرَاهِيمَ فَقَبَّلَهُ وَشَمَّهُ ثُمَّ دَخَلْنَا عَلَيْهِ بَعْدَ ذَلِكَ وَإِبْرَاهِيمُ يَجُودُ بِنَفْسِهِ فَجَعَلَتْ عَيْنَا رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَذْرِفَانِ فَقَالَ لَهُ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ وَأَنْتَ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ فَقَالَ: «يَا ابْنَ عَوْفٍ إِنَّهَا رَحْمَةٌ» ثُمَّ أَتْبَعَهَا بِأُخْرَى فَقَالَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الْعَيْنَ تَدْمَعُ وَالْقَلْبَ يَحْزَنُ وَلا نَقُولُ إِلاَّ مَا يَرْضَى رَبُّنَا وَإِنَّا بِفِرَاقِكَ يَا إِبْرَاهِيمُ لَمَحْزُونُونَ» (رواه البخاري)
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Абу Сайф ал-Қайннинг уйига кирдик, – у (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари) Иброҳимни эмизувчи аёлнинг эри эди, – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳимни қўлларига олиб ўпдилар ва ҳидладилар. Шундан сўнг яна киргандик, Иброҳим жон таслим қилаётган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларидан ёш қуйила бошлади. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, Сиз-а, (сиз ҳам мусибатга сабр қила олмай йиғлаяпсизми)?!», деган эди: «Эй Авфнинг ўғли, бу раҳмдилликдир», деб жавоб бердилар ва яна қўшиб қўйдилар: «Албатта кўз ёшланади, қалб маҳзун бўлади, бироқ биз фақат Раббимиз рози бўладиган сўзларни айтамиз. Эй Иброҳим, Биз сендан ажралганимиз учун қайғудамиз» (Имом Бухорий ривояти).
عَنْ أُسَامَة بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ أَرْسَلَتْ ابْنَةُ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَيْهِ إِنَّ ابْنًا لِي قُبِضَ فَأْتِنَا فَأَرْسَلَ يُقْرِئُ السَّلامَ وَيَقُولُ: «إِنَّ لِلَّهِ مَا أَخَذَ وَلَهُ مَا أَعْطَى وَكُلٌّ عِنْدَهُ بِأَجَلٍ مُسَمًّى فَلْتَصْبِرْ وَلْتَحْتَسِبْ» فَأَرْسَلَتْ إِلَيْهِ تُقْسِمُ عَلَيْهِ لَيَأْتِيَنَّهَا فَقَامَ وَمَعَهُ سَعْدُ بْنُ عُبَادَةَ وَمَعَاذُ بْنُ جَبَلٍ وَأُبَيُّ بْنُ كَعْبٍ وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ وَرِجَالٌ فَرُفِعَ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الصَّبِيُّ وَنَفْسُهُ تَتَقَعْقَعُ فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ فَقَالَ سَعْدٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا هَذَا؟ فَقَالَ: «هَذِهِ رَحْمَةٌ جَعَلَهَا اللَّهُ فِي قُلُوبِ عِبَادِهِ وَإِنَّمَا يَرْحَمُ اللَّهُ مِنْ عِبَادِهِ الرُّحَمَاءَ» (متفق عليه).
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қизлари ўғли жон таслим қилаётганини айтиб, етиб келишларини сўраб у зот ҳузурларига одам юборди. У зот салом йўлладилар ва «Албатта, олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳнинг Ўзиники. Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида маълум муҳлат билан (белгиланган)дир. (Унга айтгин) сабр қилсин, мусибатнинг эвазига ажру савобни умид этсин» деб айтиб юбордилар. Қизлари қасам билан: «Албатта етиб келсинлар» деб айтиб юборди. Шундан сўнг у зот қўзғолдилар, Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқа кишилар ҳамроҳ бўлишди. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига берилди, у жуда оғир ҳолатда эди. Шунда у зотнинг кўзларидан ёш қуйилди. Саъд: «Ё Расулуллоҳ, бу нимаси?» деган эди, «Бу Аллоҳ таоло бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишисининг қалбига ўрнатган раҳм-шафқатдир. Аллоҳ бандалари ичидан фақат раҳмдил кишиларгагина раҳм қилади», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ:
Маййитга хафа бўлиб, ачиниб йиғлаш табиий ва мубоҳ иш бўлиб, модомики Аллоҳнинг қазо-қадаридан норозилик, жазавага тушиш ва Аллоҳни рози қилмайдиган сўзлар бўлмас экан, бунинг учун Аллоҳ таоло жазоламайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига тўла иймонлари ва розиликлари бўлгани ҳолда болага меҳр-шафқатлари туфайли йиғлаганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Маййитга дод-фарёд солмай, Аллоҳнинг қазосидан норози бўлмай унсиз йиғлаш жоиз;
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳр-шафқатли ва юмшоқкўнгил зот эдилар.