Бизга боғланинг
Ойликни рибо банкига тушириб олиш дурустми?
Савол:
Ассалому алайкум ИСЛОМНУРИ веб саҳифаси муҳаррирлари.
Биз Сизларга бир савол билан мурожаат қилмоқчимиз. Бизнинг ташкилотимиз бизга иш ҳақини нақд пул орқали эмас балки пластик карточкаларга ўтказиб беряпди. Пластик карточкаларга ўтишни мажбур қиляпди. Йил охирига бориб ҳамма ўтиши керак экан. Пластик карточкага ўтказилган пулга ойнинг охирида банкнинг қўшимча 3% и қўшилар экан. Фоизсиз пластик карточкани иложи йўқ экан. Истасангиз, истамасангиз ҳам банкнинг қўшимча фоизи қўшилиб қоляпди. Бир ойда ойлик ва аванс ҳисобланади. Биз ҳисоб китоб қилиш жараёнида қайси бири ўз иш ҳақкимизу қайси бири банкнинг фоизи эканини ажрата олмай қоляпмиз. Биз қандай йўл тутишимиз керак. Шу банк томонидан берилаётган фоиз судхурликка кирадими ёки кирмайдими? Сизлардан катта илтимос, шу саволга тўлиқ ва батафсил жавоб беришингизни илтимос қиламиз. Биз бир неча киши бу муаммога ечим топа олмаяпмиз.
Жавоб:
Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ:
Ҳурматли биродарлар, пластик карточкага ўтишни сизларга мажбур қилишаётган бўлса, бундан бошқа илож бўлмаса сизлар ҳам унга ўтинглар. Чунки, сизлар мажбурсизлар, ислом тоқатдан ортиқ ишни талаб қилмайди. Энди банкнинг берадиган фойдасига келадиган бўлсак, унинг риболигида шубҳа йўқ. Ундай бўлса нима қилиш керак? Деган савол туғилади. Сизлар айтмоқчи банкнинг қўшимчасини чиқариш у даражада қийин эмас. Ойлигингизнинг аслини билмоқчи бўлсангиз ишхонадаги молия қисмига мурожаат қилинг айтиб беришади. Йўқ, ҳар сафар мурожаат қилиш ноқулай десангизлар, банк ҳақиқатда 3% фойда қўшаётган бўлса, ҳисобингизга тушган пулнинг шу миқдорини чиқариб ташланг. Агар ойлигингиз 1000 сўм бўлса бундан 30 сўмини чиқаринг, бу ўша банк берган ҳаром пул. Бу миқдорни ажратдик ҳам дейлик. Энди ундан қандай қутиламиз? Бу пулни банк эгаларига қолдириб, буни биз олмаймиз, бу ҳаром пул сизларга деб, уни уларга қолдириб уларнинг чўнтакларини яна ҳам қаппайтирамизми? Йўқ. Бу пулни олиб ундан қутулиш мақсадида мискин-бечораларга бериб юборамиз ва бундан ажру-савоб умид қилмаймиз. Ҳаром пулни садақа қилиб ундан савоб умид қилинмайди. Лекин биз бошқа томондан савобни умид қилишимиз дурустроқ бўлади. У — ана шу ҳаром пулдан эхтиёт бўлиб, уни еб юборишдан Аллоҳдан қўрққанимиз ва Аллоҳ таоло бу ишларимизни кўриб, билиб тургани учун бизга ҳаромни тарк қилганимиз эвазига ажр беришини умид қилишимиздир.
Бундан келиб чиқиб кимдир мен бева бечораларга бераман холос, мақсадим ўша банкдаги берилаётган фойдалар бошқаларга кетмасину уларни мен олиб худони йўлида сарфлайин дейдиган бўлса, биз унга «йўқ» деймиз. Бу иш ҳаром, уни қилиш мумкин эмас. Юқорида айтилган масала бошқа масала, уларнинг фарқи бор, биринчи ҳолда: ишхона ишчиларни шу карточкалар орқали пулларини банкдан олишга мажбур қиляпти, уларда мажбурлик бор. Иккинчи ҳолда хеч қандай мажбурлик йўқ, балки у шунчаки банкнинг фойдаси (проценти)дан унумли фойдаланмоқчи.
Сизлар «аванс» дебсизлар, ундан банк бераётган фойда мақсад қилинганми ёки ишхона берадиган қўшимча ойликми? Агар ундан мақсад процент бўладиган бўлса унинг жавоби юқорида ўтди. Агар у ишхона берадиган қўшимча ойлик бўлса бу ҳам тушунарли, уларнинг ҳаммасини битта ойлик ҳисоблаб банк берадиган 3% ни чиқариб юборилади.
Яна бир нарсани суриштириб кўринглар, ана шу банк пул уларда қанча вақт турса унга фойда қўшади. Бунинг шарти борми? Агар унинг шарти йўқ бўлиб, пул кирдими чиқишда фойдаси билан чиқадиган бўлса у ҳолда юқоридаги айтилган бўйича иш қиласизлар. Акс ҳолда шунча кун турса ёки бир ой ичида пул чиқариб олинмаса деган каби шартлари бўлса, шартга тўғри келиб қолишидан аввал пулни чиқариб олинглар. Иложи борича пулни банкда қолдирмаслик керак, чунки пулнинг банкда қолиши уларга ёрдам бўлади.
Валлоҳу аълам