Бизга боғланинг
«Ҳиснул муслим» шарҳи (13): Зикрнинг фазилати (1)
Зикрнинг фазилати ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда талай оятлар нозил қилган. Жумладан:
- “Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!”[1].
Яъни тоат-ибодат қилиш ила Мени зикр қилинглар (эсланглар), Мен ҳам сизларни мағфиратим ила зикр қиламан (эслайман). Аллоҳни зикр қилган бандани Аллоҳ зикр қилиши У зотнинг ваъдасидир. Ким тоат-ибодат қилиш ила Аллоҳни ёд этса, Аллоҳ ҳам уни яхшилик билан ёд этади. Ким гуноҳга қўл уриш билан Аллоҳни “зикр” қилса, Аллоҳ ҳам уни лаънати ва жаҳаннами ила “зикр” қилади.
Баъзи уламоларнинг айтишича, мазкур оятнинг маъноси қуйидагича: “Фаровонлик пайтида Мени эслангиз, қийинчилик пайтингизда Мен сизларни эслайман”.
- “Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!”[2], дейди.
Яъни Аллоҳни тилингиз билан ва ҳар қандай ҳолатда эслангиз. Чунки инсоннинг ҳаёти қуйидаги тўрт ҳолатнинг биридан ташқарига чиқмайди – ё тоат-ибодат қилаётган, ё гуноҳга қўл ураётган, ё фаровонликда, ё машаққатда бўлади. Бинобарин, агар тоат-ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ таолони эслаши ва амалини ихлос билан бажариши, уни қабул қилишини ва муваффақ этишини сўраши керак бўлади. Агар гуноҳ қилаётган бўлса, Аллоҳни эслаб, тавба қилиши ва гуноҳини кечиришини сўраши керак бўлади. Агар фаровонликда бўлса, Аллоҳни эслаб, Унга шукр қилиши, борди-ю, қийинчилик ичра бўлса, Аллоҳни эслаб, бунга сабр қилиши керак бўлади.
Айрим уламоларнинг айтишича, мазкур оят Аллоҳни айбу нуқсонлардан пок ва ёлғиз илоҳ эканини айтинг, У зотни улуғланг, олқишланг, Унга лойиқ бўлган турли мақтовли сўзлар билан Аллоҳни кўп мақтанг, деган маънони билдиради.
Аллоҳни кўп зикр қилишдан мурод тоат-ибодатга кўп юзланиш бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир тоат-ибодат ва ҳар бир яхшилик зикрнинг бир тури ҳисобланади.
- “Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир”[3].
Яъни Аллоҳ таолони тиллари билан кўп зикр қиладиган эркак ва аёллар. Бу ерда зикр қилувчи эркак ва аёлларга мақтов айтилмоқда.
“Аллоҳни кўп зикр қилувчи” деб, деярли ҳамиша Аллоҳни қалби ё тили ё ҳар иккиси билан зикр қиладиган одамга айтилади. Қуръон тиловати ва илм ўрганиш ё ўргатиш ҳам зикр саналади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким (кечаси) уйғониб, аёлини ҳам уйғотиб, сўнг иккиси ҳам икки ракаат намоз ўқиса, Аллоҳни кўп зикр қилганлар жумласидан бўлади”[4].
Инсон эрталаб ва кечқурун, турли вақт ва ҳолатларда айтилиши шариатимизда жорий этилган зикрларни қўймай айтиб юрса, Аллоҳни кўп зикр қилганлар жумласидан бўлади.
- “Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, жаҳрий қилмай эртаю кеч зикр (ёд) қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг”[5].
Яъни: Эй Муҳаммад, агар ёлғиз ўзингиз намоз ўқисангиз, ўзингизни хокисор тутиб, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб қироат қилинг.
Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оятнинг маъноси шуки, бомдод, шом ва хуфтон намозларида қироатни жаҳрий қилиб ўқинг”.
“…ғофил кимсалардан бўлманг” – яъни пешин ва аср намозида қироат қилишни эсдан чиқарманг. Чунки бу икки намозда сиз махфий қироат қиласиз.
Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолонинг: “Раббингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб жаҳрий қилмай эртаю кеч зикр (ёд) қилинг”, деган сўзи барча зикрларни қамраб олувчи умумий сўз бўлиб, Қуръон ўқиш, дуо қилиш, тасбеҳ ва таҳлил айтиш ва бошқа зикрларни ўз ичига олади.
“…жаҳрий қилмай” – яъни бошқалар эшитмайдиган даражада паст овозда зикр қилинг. Чунки зикрни махфий қилиш ихлосга яқинроқ ва яхши тафаккур қилишга муносиброқ.
“…эртаю кеч” – бу икки вақтда одамлар банд бўлгани учун ушбу вақтда зикрдан ғофил бўлиб қолмасликни ирода қилган.
“…эрта”дан мурод: эрталабки вақтлар, тонг саҳар пайтлари.
“…ғофил кимсалардан бўлманг” – яъни Аллоҳнинг зикридан ғофил бўладиган, уни эсдан чиқарадиганлардан бўлманг”. Иқтибос тугади.
Оятдаги “эрталаб”дан мурод кундузнинг аввалги вақти. “Кеч”дан эса аср билан шом орасидаги вақт ирода қилинган.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Раббини зикр қиладиган ва Раббини зикр қилмайдиган икки банданинг мисоли тирик билан ўликка ўхшайди”[6].
Ҳадисни Абу Мусо Ашъарий (Абдуллоҳ ибн Қайс) разияллоҳу анҳу ривоят қилган.
“Раббини зикр қиладиган” – яъни зикр турларидан бири билан Аллоҳни зикр қиладиган киши.
Ўлик билан ғофил ўртасидаги ўхшашлик томони шуки, иккиси ҳам на бировга фойда беради, на ўзи фойда олади. “Тирик ва ўлик” деган сўздан мурод бор (мавжуд) ва йўқ (мавжуд эмас) деган маъно бўлиши ҳам мумкин. Яъни зикр қилувчини (ҳаётда) мавжуд нарсага, ғофилни эса мавжуд бўлмаган нарсага қиёсладилар. Мавжуд нарсанинг самаралари (фойдалари) бўлганидек, зикр қилувчи банданинг ҳам дунё ва охиратда самаралари бўлади. Мавжуд бўлмаган нарсанинг ҳеч вақоси бўлмаганидек, ғофил кишининг ҳам на дунёда ва на охиратда ҳеч вақоси бўлмайди.
Араб тилида “мисоли” деган сўз “ўхшаши” деган маънода қўлланилади.
(Давоми бор)
[1] Бақара сураси, 152-оят.
[2] Аҳзоб сураси, 41-оят.
[3] Аҳзоб сураси, 35-оят.
[4] Абу Довуд (1309) ва бошқалар ривоят қилган. Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: “Саҳиҳи Абу Довуд”. (М).
[5] Аъроф сурси, 205-оят.
[6] Қаранг: “Фатҳул Борий”, 11/208. Бухорий (6407) ва Муслим (779) ҳадисни қуйидаги кўринишда ривоят қилган: “Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикр қилинмайдиган уй тирик ва ўлик кабидир”. (Қ).