Савоблар ва каффоратларнинг олтмиш эшиги (2)


    (21) Бева ва бечораларга ёрдам бериш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бева ва бечораларга ёрдам берган киши Аллоҳ йўлидаги мужоҳид кабидир» (Ровий айтади: «Менимча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ухламай кечалари (ибодат билан) бедор бўлган ва кундузлари оғзини очмай рўза тутган киши кабидир», деб ҳам айтган бўлсалар керак») (Имом Бухорий ривояти, 10/366).

    (22) Етимларни кафолатга олиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Етимни кафолатига олган киши билан иккимиз жаннатда шундаймиз», дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини (бирлаштириб) кўрсатдилар (Имом Бухорий ривояти, 10/365).

    (23) Таҳоратни мукаммал қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Таҳорат қилган, қилганда ҳам мукаммал қилган кишининг баданидан, ҳатто тирноқлари орасидан хатолари (гуноҳлари) тўкилади» (Имом Муслим ривояти, 245).

    (24) Таҳорат қилгандан сўнг шаҳодат келтириш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Таҳорат қилган, қилганда ҳам мукаммал қилган, кейин: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росуулуҳ. Аллоҳумма-жъалний минат тавваабийна важ-ъалний минал мутатоҳҳирийн», деб айтса, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва хоҳлаган эшигидан жаннатга киради» (Имом Муслим ривояти, 234).

    Дуонинг маъноси қуйидагича: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир», деб гувоҳлик бераман. Илоҳим, мени тавба қилувчилар ва покланувчилар жумласидан қил!»

    (25) Муаззиннинг ортидан азонни такрорлаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳайя алас-солат» ва «ҳайя алал-фалаҳ»дан бошқаларида муаззин сўзи такрорланади. «Ҳайя алас-солат» ва «ҳайя алал-фалаҳ» дейилганида (азонни эшитган одам): «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ», (яъни, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш ҳам, куч-қувват ҳам фақат Аллоҳдандир) деб айтади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким азонни эшитган пайтида: «Ушбу комил даъватнинг, қоим (ҳозир бўлган) намознинг Парвардигори бўлган эй Аллоҳ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила ва фазилат ато этгин. Уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомга кўтаргин», деса, уни қиёмат куни шафоат қиламан» (Имом Бухорий ривояти, 2/77).

    (26) Масжид куриш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳнинг юзини умид қилиб масжид қурган бўлса, Аллоҳ ҳам унга жаннатда ўшандай бир уй қуради», дедилар (Имом Бухорий ривояти, 450).

    (27) Мисвок ишлатиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимга оғир бўлмаса эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрар эдим» (Имом Бухорий (2/331) ва Имом Муслим (252) ривояти.

    (28) Масжидга қатнаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ масжидларга бориб қайтган кишига ҳар бир бориб қайтгани сайин жаннатда бир жой ҳозирлаб кўяди» (Имом Бухорий ривояти, 2/124; Имом Муслим ривояти, 669).

    (29) Беш вақт намозни адо этиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Фарз намоз вақти келган пайт қай бир мусулмон намознинг таҳорати, хушуси ва рукуъларини чиройли қилса (жойига қўйса), модомики катта гуноҳлардан тийилар экан экан, (ушбу намоз) унинг ўтган гуноҳлари учун каффорат бўлади. Бу ҳолат ҳамиша шундай (давом этади)» (Имом Муслим ривояти, 228).

    (30) Бомдод ва аср намозларини адо этиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «″Бардайн″ (бомдод ва аср) намозларини ўқиган кимса жаннатга киради» (Имом Бухорий ривояти, 2/43).

    (31) Жума намози

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Таҳорат қилган, қилганда ҳам мукаммал қилган, сўнгра жума намозига келган ва (имом хутба қилган пайтда) тинглаб, жим турган кишининг бу жума билан нариги жума ўртасидаги ва қўшимча уч кундаги гуноҳлари кечирилади» (Имом Муслим ривояти, 857).

    (32) Жума кунида дуолар ижобат бўладиган вақт

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума кунида бир вақт яширилган. Ўша пайтда намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан бирон нарса сўралса, (Аллоҳ) албатта беради».(Имом Бухорий (2/344) ва Имом Муслим (852) ривояти).

    (33) Фарз намозлар билан бирга ўқиладиган суннат намозлар

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ розилиги учун фарз намозларидан ташқари ҳар куни ўн икки ракаат (нафл) намоз ўқиган мусулмон учун Аллоҳ жаннатда бир уй қуради» (Имом Муслим ривояти, 728).

    (34) Гуноҳ қилгандан сўнг ўқилган икки ракаат намоз

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда бирон гуноҳ ишга қўл урса, сўнг мукаммал таҳорат олса, кейин туриб икки ракаат намоз ўқиса, сўнг Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳ уни албатта кечиради», дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: «(У тақводор зотлар) қачон бирон фаҳш-гуноҳ қилиб кўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳлари учун мағфират-кечирим сўрайдиган кишилардир» (Оли Имрон, 135) (Имом Абу Довуд ривояти, 1521).

    (35) Тунги намоз

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фарз намозларидан сўнг энг афзал намоз тунда ўқилган (таҳажжуд) намозидир», дедилар (Имом Муслим ривояти, 1163).

    (36) Чошгоҳ намози

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар куни банда танасидаги ҳар бир суяк учун садақа қилиши керак. Бир бор тасбеҳ айтиш, бир бор ҳамд айтиш, бир бор “лаа илааҳа иллаллоҳ” дейиш, бир бор такбир айтиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, буларнинг барчаси садақадир. Банда чошгоҳ вақтида икки ракаат намоз ўқиши шуларнинг барчасининг ўрнига ўтади» (Имом Муслим ривояти, 720).

    (37) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга битта салавот айтган кишига Аллоҳ ўнта салавот айтади» (Имом Муслим ривояти, 384).

    (38) Аллоҳ учун рўза тутиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси банда Аллоҳ таоло йўлида бир кун рўза тутса, албатта шу бир кунлик рўзаси туфайли Аллоҳ унинг юзини етмиш йил дўзахдан йироқ қилади» (Имом Бухорий (6/35) ва Имом Муслим (1153) ривояти).

    (39) Ҳар ойда уч кун рўза тутиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар ой уч кун рўза тутиш ҳамиша (бир ой тўла) рўза тутиш, демакдир» (Имом Бухорий (4/192) ва Имом Муслим (760) ривояти).

    (40) Рамазон ойи рўзасини тутиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон (келтирган ҳолда) ва савоб умидида тутган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий (4/221) ва Имом Муслим (760) ривояти).

    (Давоми бор)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963