Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (1): Муқаддима

    Муаллиф: Шайх Ҳоний Ҳилмий

    Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

    Муқаддима

    Барча ҳамдлар Аллоҳга хос. Унга ҳамдлар айтамиз, Ўзидан ёрдам ва гуноҳларимизга мағфират сўраймиз, нафсларимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг касофатидан Аллоҳдан паноҳ беришини тилаймиз. Аллоҳ кимни тўғри йўлга бошласа, уни ҳеч ким адаштира олмас, Аллоҳ кимни адаштириб қўйса, ҳеч ким уни тўғри йўлга бошлай олмас. Шериги бўлмаган, ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

    Илоҳим, Муҳаммад ва унинг аҳли-оиласига ҳудди Иброҳим ва унинг аҳли-оиласига салавот айтганингдек салавот айт! Зеро, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан. Илоҳим, Муҳаммад ва унинг аҳли-оиласига ҳудди Иброҳим ва унинг аҳли-оиласига барака ато этганингдек барака ато эт! Зеро, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотдирсан.

    Аллоҳ таолодан барчамизнинг гуноҳларимизни кечиришини, бу дарслар ниҳоясида тарқалар эканмиз, худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда тарқалишимизни, ҳеч биримизни илм даврасидан ҳосил бўладиган ажр-савобдан маҳрум этмаслигини сўрайман. Аллоҳим, Ўзинг бизни кечир, раҳм айла, Ўзингга аён гуноҳ ва хато-камчиликларимизни афв эт. Фазлу-марҳаматинг ила бизни тўғри йўлга бошла. Зеро, Сен барча айбу нуқсондан пок, энг улуғ ва энг мукаррам зотсан.

    Азиз биродарим, сиздан битта саволга жавоб беришингизни сўрамоқчиман. Фақат саволга дарров, ҳеч ўйланмасдан, чин қалбдан жавоб беришингизни истайман. Ақлингиз ва тилингиз билан эмас, балки чин қалбингиздан рост ва очиқ жавоб беришингизни хоҳлайман. Мен сиз аслида қандай инсон эканингизни ўзингизга кўрсатиб беришга ёрдамлашмоқчиман.

    Аллоҳ таоло бизнинг танамиз тузилишига, ташқи кўринишимизга қараб баҳо бермайди. Балки бизнинг қалбимизга ва амалларимизга қараб баҳо беради. Хўш, қалбингизда нималар бор деб ўйласиз?! Аллоҳ таолони яхши кўриш туйғуси бормикан? Қалбингиз Аллоҳ таолонинг тоат-ибодати ва зикри билан машғулми ё қалбингиз ғафлатда ва дунё ташвишлари билан оворами?!

    Биз Ражаб ойининг бошида турибмиз ҳамда яхшилик, тоат-ибодат, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш ойи бизга яқинлашиб келмоқда. Келинг: “Бу йил Рамазонда қандай амаллар қилиш ниятим бор?” дея ўзингизга шу саволни бериб кўринг.

    Ушбу савол ҳеч хаёлингизга келганми?! Шу ҳақда ўйлаб кўрдингизми? Ё сиз бу масаланинг қанчалар муҳим эканини ҳис қилмаяпсизми, бу  ҳақда умуман ўйлаб ҳам кўрмадингизми?

    Сизда вақтнинг ғанимат экани, мукофотлар бериладиган ой яқинлашиб қолгани ва унга етолмай қоламан деган қўрқинч ҳисси борми? Ҳамиша: “Аллоҳим, бизга Ражаб ойини баракали қилгин. Аллоҳим, Шаъбон ойини бизга баракали қилгин. Аллоҳим, Рамазонга етишимизни насиб қилгин!” дея дуо қиляпсизми? Ушбу дуони қанчалар кўп айтяпсиз? Ё сиз шундай муҳим нарсани ёдингиздан чиқариб қўйдингизми?!

    Чин қалбдан жавоб беришингизи истайман.

    Шу йил Аллоҳ таоло сизга Рамазонга етишни насиб қилса, энг катта орзуйингиз нима? Энг катта орзуйингиз дўзахдан озод бўлганлар қаторида бўлишми? Мана шу сизнинг иймоний мақсадингизми? 

    Ушбу бош мақсадингизга етиш учун ҳозирдан ҳаракат қиляпсизми?

    Шу йилги Рамазон ойига эсон-омон етиб, жаннатилар қаторига қўшилиб, ҳисоб-китобсиз, ҳеч бир азоб тортмай жаннатга киришни насиб этишини Аллоҳдан сўраяпсизми?

    Аллоҳ таоло сизнинг олдингию кейинги – барча гуноҳларингизни кечиришини, шу йилги Рамазон ойидан амал дафтарингиз топ-тоза ҳолда чиқишни орзу қиляпсизми?

    Шу йилги Рамазондан қалбингиз гуноҳу маъсиятлардан холи, ҳозиргача қутула олмай юрган олдинги гуноҳларингиз қолдиқларини ва жоҳилиятдаги пайтингиздан қолиб кетган ёмон одатларингизни ташлаб, пок қалб билан чиқишни орзу қиляпсизми?

    Шу йил сиз учун Аллоҳ таоло сари йўл олишнинг, ҳидоятга ва тўғри йўлга ўтишнинг ҳақиқий бошланиш йили бўлишини орзу қиласизми?!

    Ўзи нимани хоҳлаяпсиз? Хаёлингиз нималар билан банд?

    Аллоҳ таоло шу йил сизга Унинг ҳузуридаги мартабангизни кўтарадиган катта бир амални насиб этишини орзу қиляпсизми?

    Ниятингиз чиндан ҳам қатъий ва рост бўлса, у ҳолда шу йил жиддий, ихлос ва сидқ (самимият) билан амал қилишни бошланг. Анас ибн Назр разияллоҳу анҳунинг Уҳуд жангида айтган қуйидаги сўзини шиор тутиб, “Аллоҳга қандай амал қилишимни ҳали кўрсатаман!” дея ишга киришинг!

    Мана шундай ўйлар ҳеч хаёлингизга келдими? Ё биз ҳали ҳам ўзимизнинг арзимас ташвишларимиз билан овора бўлиб юрибмизми?!

    Ҳозирдан бошлаб тузиб қўйишингиз керак бўлган иймоний режангиз борми?

    Олдингизга қўйган мақсадингиз ойдин бўлмаса, буюк даражаларга етишингиз қийин бўлади.

    Муваффақиятга эришишингиз учун учта нарсани амалга оширишингиз керак:

    1. Мақсадни аниқлаб олиш;
    2. Мақсад очиқ-ойдин бўлиши;
    3. Мақсадга жиддий ёндашиш.

    Ҳаётда олдимизга қўйган мақсадларимиз жуда кўп. Ҳар биримиз уни хоҳлаймиз, буни хоҳлаймиз… Лекин мақсади томон жиддий ҳаракат қилаётганлар оз. Ахир ҳаракатсиз қуруқ сўзнинг фойдаси бўладими?!

    Мақсадингизни аниқлаб олинг

    Сиз шу йили дўзахдан озод этилган бандалар қаторида бўлишни истайсизми? Бунга эришиш учун нималар қилмоқчисиз? Олдингизда олтмиш кун бор, яъни Ражаб ва Шаъбон ойлари.

    Энг озида ҳар куни кечаси Раббингизга муножот қилиб икки ракаат намоз ўқишга кучингиз етади. Қуйидаги дуони мудом айтиб юринг:

    “Ё Раббим, ё Раббим, мени дўзахдан озод этгин”.

    Энди сизга: “Бу ва мана бу амаллар дўзахдан озод этилишга сабаб бўлади”, дейилса, ўша амалларни бажаришга шошилинг. Бу сизнинг бош мақсадингиз бўлсин, ундан бошқасига чалғиманг.

    “Эй эзгулик (ажр-савоб) истаган одам, тоат-ибодатга келиб қол!” деб айтадиган фариштанинг чақириғига “лаббай” деб, ҳозир қўлини кўтарадиган одам борми?! Жаннат хушхабарини олиш учун шу йили ўз жонини Аллоҳ таолога сотишга, нафси билан курашишга ким тайёр?!

    Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар,) қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир” (Тавба, 111).

    Аллоҳ таолони рози қилиш учун қўлидаги энг қимматбаҳо нарсани беришга ният қилганлар борми?!

    Аллоҳ таолонинг марҳаматига сазовор бўлиб, солиҳ бандалар қаторига қўшилиш учун ҳамма нарсасини фидо қилишга ким тайёр?!

    Ким шу айтилган таклифларга: “Мана мен, мана мен”, деб айта олади?!

    Ҳа, сиз бунинг уддасидан чиқасиз! Сиз буни қатъий ишонч билан айтинг. “Мана мен” дея уни амалга оширишга ўзингизда ожизлик ва заифликни ҳис қилишингизни истамаймиз. Ўзингизга ҳамиша бундай деб айтинг: “Мен фақат шу мақсад учун яратилганман, мен фақат жаннатилар қаторида бўлиш учун яратилганман, мен фақат Раббимга ибодат қилиш учунгина яратилганман. Ҳа, баъзан гуноҳ ва маъсиятларга қўл уриб қўяман. Баъзан тўғри йўлдан ўнг ва чап томонга оғиб кетаман. Лекин ҳеч қачон Раббимнинг йўлини тарк эмайман”.

    Мен фақат шу ғоя (мақсад) учун яратилганман

    Мана шунга чин қўнгилдан ишонсангиз, иймон йўлини давом эттиришга ва рақобатлашишга куч топасиз. Раббингиз гуноҳингизни кечириб, айбларингизни яширишини, балки гуноҳларингизни савобларга айлантириб юборишини эсга олинг. Қайғули ўтмишингиз сизни Аллоҳнинг раҳматидан умидингизни узиб қўйишига йўл берманг. Зеро, бу ўзингизни ислоҳ қилиш ва ўнглашга бўлган умидингизни сўндиради. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла фазлу карами кенг ва меҳрибон зотдир. Қўлимиздан бой берган нарса ва ўтмишимиз учун қайғуриб, надомат чекмаслигимиз кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган: “Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар…” (Ҳадид, 23).

    Аллоҳга қасамки, Раббингиз билан ўртангиздаги алоқани тикласангиз ва ҳидоят йўлини лозим тутсангиз, орзу қилган барча нарсангизга эришасиз. Энг муҳим вазифангиз яшаб турган ҳозирги онларингизни ислоҳ қилиш бўлсин. Зеро, эртанги кунга етасизми йўқми, билмайсиз. У ҳақда нега қайғурасиз? Сиз ҳозирги лаҳзаларингиз ҳақида ўйланг. Мана шу бахтга ва ютуққа элтувчи йўлдир. Яшаб турган лаҳзангиз ҳақида ҳозир ўйланинг… Ҳа, ҳозир! Раҳмоннинг розилигига қандай қилиб эришиш ҳақида ўйланг!

    Демак, Рамазонни қарши олаётганда мана шу ғояни олдингизга қўйишингиз керак. Лекин шуни ёдда тутингки, мақсадга қуруқ орзу билан эришиб бўлмайди. Эҳтимол, сиз мен айтиб ўтган барча нарсани (ғояни) ўзингиз ҳам орзу қилиб юрган бўлишингиз мумкин. Лекин шуни яхши билиб олингки, орзу билан умиднинг ўртасида фарқ бор.

    Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Иймон қуруқ орзу, яхши амалларни қилиб чиройли кўриниш билан эмас, балки қалбда ўрнашган ва уни амал тасдиқлаган нарса билан бўлади”.

    Қалбингизда бор нарсани билиб олишингизни хоҳлаймиз. Амалингизга қаранг, шунда ўзингизнинг ҳолатингизни билиб оласиз.

    Уламолар айтишича, “Яхши амаллар яхши ҳолатларнинг, яхши ҳолатлар қалбга жо қилинган ҳис-туйғу маҳкам ўрнашганининг натижасидир”. Яхши ҳолат сиз билан Аллоҳнинг ўртасидаги алоқа яхши ва кучли бўлиши демак. Бунинг самарасини амалларингизда кўришингиз мумкин. Ўзингизни тўғри йўлдан кетаётганингизни кўрасиз.

    Ўқиётган намозларингиз қандай ҳолатда? Қуръончи? Зикрлар ва дуоларчи?

    Сиқилган пайтингизда қўлларингизни дуога кўтариб, Аллоҳ сизга яқин эканини ҳис қила оласизми? Ёки бундай туйғуни ҳис қилмайсизми? Агар бундай ҳис-туйғуни сезмасангиз, бу ҳолатингизда камчилик борлигини, Аллоҳ билан ўртангиздаги алоқа яхши эмаслигини билдиради.

    “Яхши амаллар яхши ҳолатларнинг натижасидир”. Ушбу яхши ҳолатлар қаердан ва қандай қилиб пайдо бўлади? Қалбингиздаги Аллоҳни таниш ҳиссидан пайдо бўлади. “Яхши ҳолатлар қалбга жо қилинган ҳис-туйғу маҳкам ўрнашганининг натижасидир”, деган сўз шу маънони билдиради. Яъни Аллоҳ таоло қалбингизга жо қилган маърифат (Аллоҳни таниш) ҳисси самарасидир. Сизда шу нарса бўлса, Аллоҳ таолони яхши таний бошлайсиз. Уни гўзал ва улуғ сифатлари ила таний бошлайсиз. Ичингиздаги мана шу ҳис-туйғу сизда чиройли ҳолатни келтириб чиқаради, Аллоҳ билан ўртангиздаги алоқани тиклайди. Натижада Аллоҳни таниб, Ундан ҳайбатланасиз, Уни улуғлайсиз ва ҳурмат қиласиз. Зеро, Аллоҳ улуғ, олий ва буюк зотдир. Аллоҳни яхши кўра бошлайсиз. Чунки У олийжаноб, меҳрибон, яхшиликни мукофотсиз қолдирмайдиган зот. Аллоҳдан қўрқа бошлайсиз. Чунки У ёмон ишни жазосиз қолдирмайдиган, ҳаммадан олий ва улуғ зотдир. 

    Қалбингизда мана шундай ҳис-туйғу бўлса, юқорида айтилганидек ҳолатни вужудга келтиради. Ундай ҳолат  эса яхши амалларни қилишга ундайди. 

    Яхши ҳолатга ва яхши амалга эришиш йўли қандай эканини кўрдингизми?!

    Демак, “Аллоҳни қай даражада тайнийсиз, Аллоҳ таоло ҳақида нималар биласиз?” деган саволдан бошлашимиз керак. Аллоҳга қасамки, агар биз Аллоҳ таолони чинакам таниганимизда, ҳолатларимиз ўнгланар эди. Биз қиладиган ҳар бир гуноҳ ва бузғунчиликларимиз аслида Раббимизни танимаганимиздан келиб чиқади. Эй зийрак биродарим, масала қаерда эканини тушундингизми?

    Демак, қуруқ орзу билан мақсадга эришиб бўлмас экан. Раббингиз карамли ва олийжаноб эканига қатъий ишониб, Унинг ҳузуридаги неъматларни умид қилишингиз билан ҳамиша яхши амалларни қилишга ялқовлик қилиб, Унинг ҳузуридаги неъматларни орзу қилиш ўртасида фарқ бор. Шу сабабли қуруқ орзуга берилган одам яхши амалларни қилишга жиддий, жон-жаҳди билан киришмаслигини, умид қилган одамнинг ҳолати эса бунинг тамоман акси эканини кўрасиз. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар Аллоҳга нисбатан гумонлари яхши бўлганида, амаллари ҳам яхши бўлар эди”. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани умид қилган одам унга эришишга сабаб бўладиган ишга киришади, интилади, ҳаракат қилади ва Аллоҳ азза ва жаллага чиройли таваккул қилади.

    Шайтон сизни йўлдан уришига йўл қўйманг. Сизга: “Сенга бу йўл тўғри келмайди. Унда қандай қийинчиликлар борлигини билмайсан. Ким эканингни унутиб қўйдингми?” деб айтса, унинг бу ҳийласига алданиб қолманг. Йўқ, йўқ, асло алданиб қолманг!

    Шу кунгача қилган ишларингиз ўтмишда қолди. Сиз ҳозир яхши амалларда рақобатлашишга тайёр бошқа одамсиз. Бу йилги Рамазон ойини бошқа қалб, ўзгача руҳ билан қарши оласиз. 

    Аллоҳ таоло хайрли амалларга муваффақ қилсин!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963