Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (5): Асосий қадам: тавба (1)

    Асосий қадам

    Рамазонда яхшилик меваларидан баҳраманд бўламан десангиз, ражаб ойида уларнинг уруғини экиб, шаъбон ойида суғоришни унутманг

    Ражаб ойи яхшилик ва баракага тўла ойларнинг калити, дейилади.

    Абу Бакр Варроқ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ражаб яхшилик уруғларини экадиган, Шаъбон уларни суғорадиган, Рамазон ҳосилни йиғадиган ойдир”.

    Баъзи олимлар бундай деган экан: “Ражаб шамолга, Шаъбон ёмғирли булутга, Рамазон эса ёмғирга ўхшайди”.

    Ҳисоб-китобни мана шундай олиш керак. Бошқачаси тўғри келмайди.

    Баъзилар бундай деган экан: “Йил мобайнидаги кунлар дарахтга ўхшайди. Ражаб ойи барглайдиган, Шаъбон ойи куртаклайдиган, Рамазон ойи мевалайдиган кунларидир. Меваларни мўминлар йиғадилар”.

    Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром (ойлар)дир” (Тавба, 36).

    Нима учун ушбу ойлар ҳаром ойлар деб номланган, биласизми? Чунки бу ойларда уруш ҳаром қилинган.

    Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Аллоҳ тўрт ойни танлаб олиб, уларни ҳаром ойлар қилди ва уларнинг қадрини бошқа ойлар қадридан баланд қилиб қўйди. Ушбу ойларда қилинган ҳаром амалнинг гуоҳини ва қилинган яхши амалнинг савобини катта қилди”. Бу фойдали маълумотни эсдан чиқарманг.

    Каъб ал-Аҳбор айтади: “Аллоҳ муайян вақтларни танлаб олди. Уларнинг Аллоҳга энг суюклиси ҳаром ойлардир”.

    Мана шу ривоятларни Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Латоиф ал-маориф” китобида келтирган.

    “Ражаб” сўзи араб тилида “ҳадя (тортиқ) қилинган буюк нарса” деган маънони билдиради.

    Мана шулар ражаб ойининг хусусиятларидир.

    Биринчи қиладиган ишингиз тавба бўлсин. Зеро, тавба инсон умридаги энг муҳим вазифа саналади.

    Рамазонга тайёр бўлишингиз ва унга ҳозирлик кўришингиз учун биринчи тайёргарлик: ражаб ойида биринчи экинингиз бир йил давомида номаъи аъмол дафтарини гуноҳ-маъситлар билан қорайтирган бандага лойиқ тавба қилиш билан Аллоҳ таолони рози этиш, ушбу ойда тавба билан номаи аъмол дафтарингизни оқартириш бўлсин. Умрини ялқовлик билан ўтказганига тавба қилиб, қолган умрини ғанимат биладиган инсон каби иш тутиш бўлсин.

    Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шояд (шунда) нажот топсангизлар” (Нур, 31).     

    Тавба

    Қилган гуноҳларингиз учун истиғфор айтиб, Аллоҳга пок қалб билан юзланишингиз тавбвдир. Бўлган иш бўлди. Энди уни ортга қайтариб бўлмайди, деб айтишни хоҳламайман. Йўқ! Мен сиз муайян гуноҳларни танлаб, улардан тавба қилишингизни хоҳлайман. Ушбу улуғ ойда нималардан тавба қилишимиз кераклигини қуйида зикр қиламан.

    Мунофиқлик хислатларидан тавба қилиш 

    Мунофиқлик ҳозирги замонамиздаги энг хатарли ва энг катта дардларнинг биридир. Ичингизда мавжуд айрим мунофиқлик хислатларидан қутулишингизни хоҳлайман. Мен сизни мунофиқликда айбламоқчи эмасман. Лекин эҳтимол унинг баъзи хислатлари сизда бор бўлиши, аммо буни сиз сезмай юрган бўлишингиз мумкин. Шуни назарда тутмоқдаман. Зеро, инсонда бир вақтнинг ўзида иймон, нифоқ ва куфр хислатлари бўлиши мумкин. Масалан, нифоқдан бир хислат, куфрдан бир хилсат, иймондан бир хислат бўлиши мумкин. Агар сизда ёмон хислатлардан бири бўлса, Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилмоқчи бўлсангиз, биринчи ўринда ушбу хислатдан тавба қилишингиз керак. Масалан:

    Намозга дангасалик қилиш ва Аллоҳни кам зикр этиш

    Аллоҳ таоло айтади: “Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир. Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар” (Нисо, 142).

    Биз намозга бепарво бўлиб қарашдан тавба қилишимиз керак. Хусусан, жамоат намозига бўлган эътиборсизликдан ва бомдод намозига ухлаб қолаверишдан чинакам тавба қилишимиз керак.

    Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мунофиқлар учун энг қийин намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар ушбу икки намозда қандай (ажр-савоб ва яхшиликлар) борлигини билганларида, (масжидга) эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар[1].

    Ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Агар бирор кишини бомдод намозига келмаганини кўрсак, бизда унга нисбатан ёмон ўй (гумон) пайдо бўлар эди”[2].

    Аллоҳни кам зикр этишдан тавба қилиш   

    Айрим донишмандлар бундай деган экан: “Мунофиқлар Аллоҳни оз зикр қилишади. Чунки Аллоҳ уни қабул қилмайди. Зеро, амал қанча кам бўлса, Аллоҳ уни қабул қилмайди. Амал қанча кўп бўлса, Аллоҳ уни қабул қилади” (Яъни Аллоҳ мунофиқлар айтган зикрни қабул қилмагани учун улар оз зикр қилишади).

    Али разияллоҳу анҳу айтади: “Тақво билан қилинган амал асло оз бўлмайди. Ахир Аллоҳ қабул қиладиган амал қандай оз бўлсин?!”

    Раббингиз шакур, яъни бирон амалингизни мукофотсиз қолдирмайдиган зотдир. У бандани бирон яхши амал қилишга муваффақ этса, банда ўзини ғайратли ҳис қилиб, бошқа яхши амални қилишга интилиб турадиган бўлади.

    Шу сабабли: “Яхши амалнинг аломати ундан кейин яна битта яхши амал бўлишидир. Амалнинг қабул бўлмаганининг аломати ундан кейин гуноҳ ва маъсиятларга қўл уришдир”.

    Ёлғон гапиришдан тавба қилиш

    Қанчалик қийин бўлса ҳам фақат рост гапирайлик. Ёлғон сўздан узоқ бўлинг. Зеро, ёлғончилик бузуқликка, бузуқлик дўзахга етаклайди.

    Берган ваъдангизга хилоф қилманг. Масалан, бир одамга фалон вақтда келаман деб, ваъдангизга хилоф қиласиз. Ёки бирон нарсани беришга сўз бериб, унинг устидан чиқмайсиз. Хусусан, тоқатингиз етмайдиган нарса бўлса, уни асло ваъда берманг. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Аллоҳ бирон жонга тоқатидан ортиқ нарсани юкламайди” (Бақара, 286).

    Кўп ваъдаларни бериб, уларга вафо қилмаслик бу банданинг хорлигининг аломатидир.    

    Омонатга хиёнат қилманг

    Имом Бухорий ва Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса бажармайди, омонатга хиёнат қилади”.

    Имом Муслим келтирган бир ривоятда: “Гарчи намоз ўқиса ҳам, рўза тутса ҳам, мен мусулмонман деб даъво қилса ҳам”, деган қўшимча бор.

    Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтиганлар, Аллоҳга ва Унинг эличисига хиёнат қилманглар ҳамда билатуриб ораларингиздаги омонатга хиёнат қилманглар” (Анфол, 27).

    Орамизда Аллоҳнинг ҳузурида: “Раббига берган ваъдасига хилоф қилиб, Аллоҳга хиёнат қилди”, деб ёзилган инсон борми? Шу ҳақда бир ўйлаб кўрайлик.

    Менга айтингчи, сиз ҳеч Аллоҳга бир нарсани ваъда бериб, кейин унга вафо қилмай қўйган ҳолатингиз бўлдими?! Мен солиҳ банда бўламан дея Аллоҳга ваъда бериб, Аллоҳ сизга шунга йўл очиб берганида у йўлдан юз ўгирган пайтингиз бўлдими? Орамизда ҳавои нафсига эргашиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини тарк қилиб, у зотга хиёнат қилганлар борми? Орамизда Аллоҳ таоло берган омонатга хиёнат қилганлар борми? Ушбу замонимизда хиёнатнинг турлари нақадар кўп-а?!

     Одамлар ҳеч кимга билдирмай яширинча қанчадан-қанча хиёнатлар қилиб юрганига бир қаранг! Мен бунинг ҳаммасини бирма-бир айтиб ўтишни хоҳламайман. Ҳар биримиз ўзи яширинча қандай хиёнатлар қилиб юрганини яхши билади. Ўзингизга бир назар солинг: Аллоҳга хиёнат қиляпсизми? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга хиёнат қиляпсизми? Билдирмай бировга хиёнат қиляпсизми?

    Аллоҳга ва Унинг эличисига хиёнат қилманглар ҳамда билатуриб ораларингиздаги омонатга хиёнат қилманглар” (Анфол, 27).

    [1] Сунани Ибн Можа.
    [2] “Саҳиҳи тарғиб” китобида айтилишича, бу ривоятни Баззор “Муснад” китобида саҳиҳ санад билан нақл қилган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963