Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (7): Асосий қадам: тавба (3)

    Танбаллик ва сусткашликдан тавба қилиш 

    Ялқовликни ташлашингизни истайман. Дам олиб ётадиган вақт ўтди. Ушбу мавзу ҳақида қисқача қуйидагиларни айтиб ўтмоқчиман: 

    Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: “Банда “Мен ялқовман”, деб айтишини ёмон кўраман”, дер эди. Яъни ундай одамга: “Туриб, фалон ишни қилинг”, дейишса: “Йўқ, қилгим келмаяпти”, деб жавоб беради.

    Бу сўзни асло айта кўрманг! Хаёлингиздан чиқариб ташланг. Чунки сиз қандай ўй-хаёлда бўлсаниз, шундай ҳаёт кечирасиз.

    Психологларнинг айтишларича, сиз ўзингизга ҳеч қачон: “Мен муваффақиятсизликка учрайман, эплай олмайман”, деб айтмаслигингиз керак. Балки: “Эй Раббим, мени собитқадам қил”, деб айтишингиз лозим. Ҳатто: “Мана бундай бўлади деб кўрқаман”, деб ҳам айтманг. Чунки айтган ҳар бир гапингиз ҳаётингизга ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Масалан, эрим мени талоқ қилади, эрим талоқ қилади, деб айтаверсангиз, чиндан ҳам талоқ қилади. Модомики, инсон салбий маъноли сўзларни айтаверар экан, шунга яраша ҳаёт кечиради.

    Ҳар бир ишни доим яхши гумон билан бошланг. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ишга яхши гумон назари билан қарашни ёқтирар эдилар. У зот: “Шумланиш ширкдир”, деганлар. Шумланиш, яъни бирор ишдан ёмон натижа кутиш Аллоҳ таоло ёмон кўрадиган ишларнинг биридир. Шундай экан, “Мен ялқовман, қўлимдан келмайди, уддалай олмайман” деб айтманг.

    Айюб Сахтиёний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сиз хоҳлаган иш бўлмаса, у ҳолда бўлган ишни хоҳланг”.

    – Бу менинг йўлим эмас экан. Бу йўлга лойиқ эмас эканман. Чунки Қуръон ўқишни бошладим, лекин уддасидан чиқолмадим. Ақида ва фиқҳдан озгина ўқидим, лекин уни ҳам эплай олмадим. Ибодагўй одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, улар билан бирга икки-уч кун юрдим, лекин чарчаб қолдим ва улар билан бирга юришни давом эттиролмадим. Даъватчилар билан ҳам бирга юриб кўрдим. Уларда айрим шариатга хилоф ишларини кўриб, уларни ҳам тарк этдим. Менинг қўлимдан келмас экан. Қачон мен бир нарсани хоҳласам, ўша нарса бўлмай қолаверади. Менинг йўлим ёпиқ.

    – У ҳолда: “Бўлган ишни хоҳла”. Яъни бўлган ишни мен хоҳлаган иш шу экан, деб эътибор қилинг. Шундай қилиш қўлингиздан келадими?

    Сиз хоҳлаган иш бўлмаса, у ҳолда бўлган ишни сиз хоҳланг. Бу Аллоҳ хоҳлаган ишни сиз ҳам хоҳланг, деганидир. Чунки бўлган иш Аллоҳ хоҳлагани учун бўлди. “Демак, мен хоҳлаган иш шу экан”. “Демак, Аллоҳ менга насиб қилгани шу экан”, деб айтинг. Ортга чекинманг. Умидсизлик ва тушкунликка йўл қўйманг. Ўзингизга: “Мен уддасидан чиқолмайман, бу йўлдан юриш қўлимдан келмайди”, деб айтманг. Зеро, Аллоҳ тақдир қилган иш ортидан фақат яхшилик келади.

    Қўлингиздан келадиган ишни кўпроқ бажаришга ҳаракат қилинг. Бу сизнинг ғайратингизни орттириб, ялқовликни кетказади.

    Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким ибодатга бел боғласа, янада ғайрати ортади. Ким ялқовлик қилса, мадорсизлиги (ялқовлиги) ортади”.

    Бирон яхши амални, у қанчалик кичик бўлмасин, арзимас санаманг. Масалан, бугун бир марта “Субҳаналлоҳ” деб айтинг. Бу битта савоб – яхшилик. Эҳтимол сиз айтган битта тасҳбеҳ осмонга кўтарилиб, ариларнинг ғувуллаши каби овоз чиқариб, сизни Аллоҳнинг ҳузурида зикр қилар. Бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтинг. У зот сизга “Аллоҳ” деб айтишни насиб этди. Бундан ортиқ ҳеч нарса сиздан хоҳламаймиз.  

    Айтишларича, совуқ кунларнинг бирида Ваҳб раҳимаҳуллоҳ ухлаб ётганида тушида жаннатдаги ҳури-ийнларни кўради. Улар Ваҳбнинг олдига келиб: “Туриб намоз ўқинг. Намоз ўқишнинг фойдаси уйқудан кўпроқ. Уйқу баданингизни бемадор қилади”, дейишади. Яъни туринг. Бу амалингиз (уйқу) сизни менинг висолимга етказадиган йўл эмас. Менга эришаман десангиз, туриб амал қилинг. Амал қилишингиз баданингизни бўшаштирадиган уйқудан сиз учун яхшироқдир. Уйқуни камайтиринг. Кўп ухлаш қалбни ўлдиради ва баданнинг тинка-мадорини қуритади.

    Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини кўп такрорлаб юринг: “Аллоҳим, мени ожизлик ва дангасаликдан сақлашингни сўрайман”.  

    Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дуо қилишга ўзида куч тополмайдиган одам энг ожиз одамдир”, деганлар.

    Бор кучингизни солиб (сарфлаб) ҳаракат қилинг, шунда мақсадингизга етасиз, иншааллоҳ. Аслида бу осон. Лекин сиз уни қийин деб ўйлайсиз. Шайтон уни сизга эришиб бўлмайдиган қийин қилиб кўрсатади. Шу сабабли сиз бу йўлни қийин деб ҳисоблайсиз.

    Тушкунликка тушишдан тавба қилиш

     Қаддингизни ростланг, бошингизни кўтаринг. Ҳамиша ўзингизни ердаги Аллоҳнинг энг афзал бандаси деб ҳисобланг. Чунки сиз мусулмонсиз. Аллоҳ таоло сизни тавҳидга, тўғри йўлга, аҳли суннат ва жамоат йўлига муваффақ қилди. Шуларнинг барчаси бошингизни кўтаришга ва жидду жаҳд билан амал қилишга ундамайдими?!

    Ҳимматнинг пастлигидан тавба қилиш

    Бор ғам-ташвиши фақат дунё бўлган одамларнинг бири бўлманг! Чунки Аллоҳ азза ва жалла қачон улар ҳақида сўзласа, албатта қоралаган.

    Аллоҳ таоло айтади: “Улар (жангдан ва эзгу амаллардан) ортда қолувчиларнинг бири бўлишга рози бўлишди ва қалбларига муҳр урилди. Бас, энди улар (ҳидоятни) тушунмаслар” (Тавба, 87). Ҳеч нарса қилмай ўтиришга рози бўлди. Аллоҳ йўлида жанг қилишга отланмади. Шу сабабли Аллоҳ таоло уларнинг қалбида то У зотга йўлиқадиган кунга қадар нифоқ иллатини қолдирди.

    Айтмоқчи бўлганим, бу ўта хатарли масала. Бинобарин, тайёргарлик кўрмасангиз бўлмайди. Бирон яхши амални бажаришга чақиришса, ғайрат билан киришишингиз керак. Енгингизни шимаринг. Дадил-дадил қадам босинг. Жидду-жаҳд билан амал қилинг.

    Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юрсалар шундай юрар эдиларки, кўрган одам у зотнинг ожиз (суст) ҳам, ялқов ҳам эмаслиги билиб олар эди”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламниг юришларидан ўрнак олинг.

    Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини қулоғингизга қуйиб олинг:

    “Қалб қачон юмшар экан-а?! Тошдан яртилганми ё пўлатдан? Тоат-ибодатга келганда ялқовлиги тутади. Гуноҳ-маъсият олдида пешқадамлик қилади”.

    Аллоҳнинг йўлидан юришга келганда кучи етмай қолади. Гуноҳлар дейилса, ҳечам чарчамайди, кучи ошиб тошиб кетади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962