Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (8): Амаллар

    Рамазонга тайёргарлик кўришда керак бўладиган амаллар:

    1. Намоз.

    Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ражаб ойида муайян кўринишда намоз ўқиш кераклиги борасида бирон саҳиҳ далил келмаган”.

    Бироқ шу ойдан бошлаб сиз Рамазонни қарши олишга тайёргарлик кўришни бошлашингиз керак. Нафл намозларни кўпайтириб, Рамазонни қарши олишга тайёрланинг. Биз ражаб ойида муайян ибодатларни қилиш керак демоқчи эмасмиз.

    Тайёргарликни “такбиротул эҳром”, яъни намоз бошлаганда айтиладиган аввалги такбир (Аллоҳу акбар сўзи)дан бошлашимиз керак.

    Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким (фарз) намозни қирқ кун жамоат билан, биринчи такбирга улгуриб ўқиса, унга икки нарсадан қутулиш насиб этади: дўзахдан қутулиш, мунофиқликдан қутулиш”.

    Тайёргарликни мана шундан бошлашимиз керак. Шояд шу амал олтмиш кун ичида, энг бўлмаганда шаъбоннинг охирги ўн кунида бир яхшиликка эришишингизга сабаб бўлса.

    2. Сажда қилиб, Раббимизга тоат-ибодат қилиш.

    Нафл намозларни кўпайтирайлик.

    Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Намоз ортидан яна намоз ўқиш китобинг (амал дафтарнинг) “Иллийюн”[1]да бўлишига сабаб бўлади”. Енгил икки ракаат нафл намоз ўқишдан бошланг. Унда зам сурага Ихлос сурасини ўқиб, руку ва саждадаги зикрларни бир марта айтсангиз ҳам майли. Кейин ортидан яна икки ракаат нафл намоз ўқинг. Шунда сиз учун Иллийюнда улуғ бир китоб битилади.

    Бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кеча ва кундузда ўн икки ракаат намоз ўқиса, жаннатда унга бир уй барпо этилади”, деганлар.

    Биринчи вазифамиз ўн икки ракаат нафл намоз ўқиш бўлсин. Ушбу амални бажаришга ражаб ойининг бошидан киришишимиз лозим. Энг камида равотиб (фарз намозларидан олдин ва кейинги) суннатларни тўлиқ ўқиб боришимиз керак.

    Уларни ҳаммамиз яхши биламиз. Улар: бомдод фарзидан олдинги икки ракаат, пешин фарзидан олдинги тўрт ва кейинги икки ракаат, шом фарзидан кейинги икки ракаат, хуфтон фарзидан кейинги икки ракаат суннат намозлардир. Мана шулар равотиб суннатлар ҳисобланади.

    Агар ўн икки ракаат нафл намозни бир вақтда жамлаб ўқиш сизга қулай бўлса, ўқийверинг. Масалан, чошгоҳ вақтида ўн икки ракаат нафл намоз ўқиб олинг. Муҳими, Аллоҳ сизга жаннатда уй барпо этишини истасангиз бир кунда ўн икки ракаат нафл намоз ўқисангиз бўлгани.

    Сизни ҳеч ким кўрмайдиган ерда икки ракаат намоз ўқишингизни хоҳлайман. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дегандар: “Кишининг одамлар кўрмайдиган ерда ўқиган битта намози одамларнинг олдида ўқиган йигирма бешта намозига тенгдир”.

    Аста-секин тоат-ибодатларни кўпайтириб боринг. Мисол учун, бугун ўн икки ракаат нафл намозини ўқинг. Бир неча кундан кейин пешиндан кейинги икки ракаат ўрнига тўрт ракаат намоз ўқинг. Дўзахдан озод бўлишни хоҳламайсизми? Мана шу амал дўзахдан қутулишнинг бир йўли ҳисобланади. Ҳадисда бундай дейилган: “Ким пешин намозининг фарзидан олдин тўрт ракаат ва фарзидан кейин тўрт ракаат нафл намозни қолдирмай ўқиб юрса, дўзахга ҳаром бўлади”. Яъни дўзахга тушмайди.

    Бошқа ҳадисда: “Ким чошгоҳ вақтида тўрт ракаат ва пешин (фарзи)дан олдин тўрт ракаат нафл намоз ўқиса, жаннатда унга бир уй барпо этилади”, дейилган.

    Шундай қилсангиз ҳам бўлади. Чошгоҳ пайтида тўрт ракаат нафл намоз ва пешиннинг фарзидан кейин тўрт ракаат суннатни ўқийсиз. Шунда сизга жаннатда бир уй барпо этилади. Бир кунда ўн икки ракаат нафл намоз ўқиш қўлингиздан келмаётган бўлса, у ҳолда ҳадисда айтилган мана шу саккиз ракаатни ўқинг. Мен сизга имкон борича яхшилик эшикларни очиб беришни истайман.

    3. Тунги намоз (таҳажжуд).

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким кечаси туриб (таҳажжуд) намозда ўн оят ўқиса, ғофиллар қаторидан чиқарилади. Ким юз оят ўқиса, чин ибодатгўйлардан деб ёзилади. Ким минг оят ўқиса, (ажр-савобга) бой-бадавлатлардан деб ёзилади”.

    4. Рўза.

    5. Садақа.

    Зеро, садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради.

    6. Қуръон ўқиш.

    7. Ҳар куни ҳаж ва умра қилган одамнинг савобини олиш.

    Бунга бомдод намозидан кейин то кун чиққунча масжидда ўтириб, кейин икки ракаат намоз ўқиш ила эришасиз.

    Аммо аёл кишига келсак, унинг уйда ўқиган намози жамоат билан ўқиган намозидан афзалроқ саналади. Аёл киши уйда ўқиган намозининг савоби Пайғамбаримиз масжидида ўқиган намозидан кўпроқ деб умид қилса ҳам бўлади.

    8. Дуо.

    Дуо сизнинг энг кучли қуролингиз. Аллоҳ таоло айтади: “Парвардигорингиз томонидан бўлган мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз!” (Оли Имрон, 133).

    Бошқа оятда: “Эзгу амаллар қилинглар. Шояд нажот топсангизлар” (Ҳаж, 77) дейди.

    Ҳа, мана бу шиорларимизни ҳамиша ёдда тутайлик: “Аллоҳнинг фазлу марҳаматига биринчи бўлиб мен эришаман”, “Қўлимдан нима келишини ҳали Аллоҳга кўрсатаман”.

    Аллоҳ таолодан мадад сўраймиз ва Унинг ўзига суянамиз!

    Хотима

    Аллоҳ таолодан қилган солиҳ амалларимизни қабул қилишини, сўз ва амалларимизда ростгўйлик ва ихлос насиб қилишини сўрайман.

    Аллоҳим, сени барча айбу нуқсонлардан пок деб биламан, Ўзинга ҳамдлар айтаман! Сендан бошқа ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик берамиз, гуноҳларимизга истиғфор айтамиз ва тавба қиламиз.

    Ёзганларим ичида нима тўғри маълумот бўлса, ёлғиз Аллоҳдан. Хато-камчиликлар бўлса, мендан ва шайтондан.

    Дуоларингизда бизнинг ҳаққимизга ҳам дуо қилиб қўйсангизлар!

    Пайғамбаримиз Муҳаммадга ва у зотнинг яқинлари ва саҳобаларига Аллоҳнинг саловати ва саломи бўлсин!

    Муаллиф: Ҳоний Ҳилмий

    [1] И з о ҳ. Иллийюн — Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, еттинчи осмонда, Аллоҳ таолонинг арши аълоси остидаги бир макон бўлиб, инсу жиндан бўлмиш мўминларнинг номаи аъмоллари битилган китоб ўша маконда сақланади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963