Бизга боғланинг
Кексалик ёки беморлик туфайли рўза тутолмайдиган одамга лозим бўлган нарса ҳақидаги боб
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларга рамазон рўзасини: узри бўлмаган кишиларга адо (яъни, вақтида тутиш) кўринишида, кейин тутиб беришга қодир бўладиган узрли кишиларга эса қазо (кейин тутиб бериш) кўринишида фарз қилди.
Энди ўта қари ёки тузалишидан умид йўқ бўлган бемор каби учинчи бир турли кишилар ҳам борки, улар на адо, на қазо рўза тутишга қодир бўладилар. Аллоҳ таоло бу турдаги кишилардан рўзани енгиллатди ва уларга рўза тутиш ўрнига ҳар бир кун учун битта мискинга ярим соъ миқдорида таом беришни фарз қилди.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).
«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 184).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «У ёши катта қария ва кекса кампирки, рўза тутишга қодир бўлмайдилар, улар ҳар кунги рўза ўрнига битта мискинга таом берсинлар» (Бухорий ривояти (4505)).
Тузалишидан умид бўлмаган оғир бемор ҳам кекса киши ҳукмидадир, у ҳам ҳар куни ўрнига битта мискинга таом беради.
Аммо, мусофир ва тузалишидан умид бор бўлган бемор, рўза ўзига ё боласига зарар етказиши хавфи бўлган ҳомиладор ё эмизикли аёл, ҳайз ва нифосдаги аёл каби давомий бўлмаган узр туфайли рўза тутмаган кишилардан ҳар бири рўза тутмаган кунларининг қазосини бошқа кунларда тутиши шартдир. Аллоҳ таоло айтади: «Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади» (Бақара: 184).
Рўза тутиш зарар қиладиган бемор ва намозни қаср ўқиши жоиз бўлган мусофирнинг рўза тутмаслиги суннатдир. Аллоҳ таоло улар ҳақида: «… у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади», деди (Бақара: 184). «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди», деди (Бақара: 185). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон икки ишдан бирини танлашга ихтиёрли бўлсалар, албатта енгилроғини танлардилар (Бухорий (3560) ва Муслим (2327) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас» (Бухорий (1946) ва Муслим (1115) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Рўза тутишга қийналадиган мусофир ёки бемор рўза тутса, рўзаси дуруст, бироқ кароҳатли бўлади.
Аммо, ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўза тутиши ҳаром ва рўзаси дуруст эмас.
Эмизикли ва ҳомиладор аёл рўза тутмаган кунлари қазосини бошқа кунлари тутиб бериши лозим бўлади. Боласига зарар етишидан хавф қилиб тутмаган аёл қазосини тутишидан ташқари ҳар кунига бир мискинга таом ҳам бериши лозим.
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ибн Аббос ва бошқа саҳобалар ҳомиладор ва эмизикли аёл агар фарзандига хавф қилса, рўза тутмаслигига ва ҳар бир кунига битта мискинга таом беришига фатво берганлар» (Иъламул-муваққиъийн: 3/211). Яъни, қазо лозим бўлиши билан бирга адо қиладилар.
Чўкиш ё ёниш каби ҳалокатга дучор бўлаётган одамни қутқариш учун оғиз очишга муҳтож бўлган кишига оғзини очиш лозим бўлади.
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фитр (яъни, рўза тутмаслик) сабаблари тўртта: сафар, касаллик, ҳайз, рўза туфайли ҳалокат етишидан хавф бўлган кишининг ҳалокатидан қўрқиш, эмизикли ва ҳомиладор аёл каби, чўкаётган одам масъаласи ҳам шунга ўхшайди» (Бадаиъул-фаваид: 4/846).
Мусулмон кишига рамазон рўзаси, каффорат рўзаси, назр рўзаси каби вожиб рўзанинг ниятини кечаси тонг отмасидан қилиши, яъни рамазон рўзасини ё қазосини ё назр ё каффоратни тутаман деб дилидан ўтказиши шарт бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар фақатгина ниятлар билан (эътибор қилинади), ҳар бир киши учун фақат ният қилган нарсаси бўлади», деганлар (Бухорий (1) ва Муслим (1907) Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Оиша розияллоҳу анҳодан марфуъан ривоят қилинган ҳадис борки: «Ким тонг отмасидан туриб рўзани қасд қилмаса, унинг рўзаси рўза эмас» (Насоий (2341) Оиша ва Ҳафса розияллоҳу анҳумодан, Абу Довуд (2454), Термизий (730), Насоий (2331) Ибн Можа (1700), Аҳмад (6/287, №26457) Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Демак, фарз рўзани тунда ният қилиш лозим бўлади.
Ким рўзани кундузида ният қилса, яъни, тонг отганидан сўнг ҳеч нарса емасдан, рўзага ният қилиб олса, рўза ўрнига ўтмайди, фақат нафл рўзада бундай қилиш мумкин.
Фарз рўза кундузи қилинган ният билан яроқли бўлмайди. Чунки, рўза кундузнинг барча қисмида фарз эди, ният ўзидан олдинги вақтни қамрай олмайди.
Аммо, нафл рўза бўлса, кундузи ният қилиш ҳам мумкин. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилишларича: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг олдимга кирдилар ва: «Бирон егулик борми?», деб сўрадилар. Биз: «Йўқ», деган эдик, «Ундай бўлса, мен рўзадорман», дедилар (Муслим (1154), Абу Довуд (2455), Термизий (733), Насоий (2322), Ибн Можа (1701), Аҳмад (6/49, №24220) ривоятлари).
Ҳадис мазмунига кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор эмасдилар, чунки егулик сўрадилар. Демак, бунда нафл рўзанинг ниятини кечиктириш жоизлигига далил бор, буни ман қилувчи далиллар шу билан хосланади.
Кундузида ният қилинган нафл рўзанинг яроқли бўлиш шарти шуки, ундан олдин
рўзага зид бўлган ейиш, ичиш каби бирон иш ўтмаган бўлиши керак. Агар рўзага
ният қилишдан олдин еб-ичган бўлса, рўзаси яроқли бўлмайди.