Илмнинг фазли ва олимлик даъво қилишнинг хатари

    فضل العلم وخطورة التعالم

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Илмнинг фазли ва ўзини олим қилиб кўрсатишнинг хатарига бағишланган бугунги суҳбатимизга хуш келибсиз. Ушбу мавзу ҳам яхшироқ ўрганишга лойиқ ва аҳамиятга молик мавзулардан саналади. Мавзунинг бироз узунлигини ҳисобга олиб, уни қуйидаги бир неча бўлимларга бўлиб ўрганамиз:

    1. Биринчи: Илмнинг Қуръон ва Суннатда баён қилинган фазилатлари.
    2. Иккинчи: Шаръий жиҳатдан эътиборли илм.
    3. Учинчи: Илм таҳсил қилишнинг фойдали йўллари.
    4. Тўртинчи: Олимлик даъво қилишнинг хатари ва унинг кўринишлари.
    5. Бешинчи: Давоси нимада?
    Биринчи: Илмнинг Қуръон ва Суннатда баён қилинган фазилатлари

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бу дунёда талаб қилинадиган нарсалар ичида энг афзали илмдир. Унинг фазлини билиш учун Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни бирор нарсада зиёдаликни сўрашга буюрмагани ҳолда, фақат илмда зиёдалик сўрашга буюрганини билишимиз ҳам кифоя қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтди: «Айтинг: Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин» (Тоҳа: 114).

    Ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳдониятига – ягоналигига Ўзининг гувоҳлигини биринчи ўринга қўйгач, ортидан малоикаларининг улуғ гувоҳликларини ва бевосита унинг ортидан илм аҳлларининг гувоҳлигини қўяди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай барҳақ маъбуд йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай барҳақ маъбуд йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақ. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).

    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илм аҳлларининг мақомига гувоҳлик бериб айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олимларгина қўрқур» (Фотир: 28).

    Сўнгра Аллоҳ таоло уларнинг қадрларини ва мартабаларини кўтариб қўйишини айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11).

    Бу ҳақда кўплаб оятлар келган, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

    Аллоҳни танишга, Унинг розилигига эришишга ва охиратда Унга яқин бўлишга олиб борувчи йўлга фақатгина Аллоҳ пайғамбарларини у билан юборган ва китобларини у билан туширган фойдали илм орқали етилади.

    Модомики, ер юзида илм сақланиб тураркан, одамлар ҳидоятда давом этадилар. Илмнинг сақланиб туриши олимларнинг туриши билан бўлади. Олимлар кетсалар, одамлар залолатга тушиб қоладилар.

    عَنِ عَبْدِ اللَّهِ بن عَمْرٍو، قَالَ: قَالَ رَسُولُ
    اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:»إِنَّ اللَّهَ لا يَقْبِضُ الْعِلْمَ
    انْتِزَاعًا يَنْتَزِعُهُ مِنَ النَّاسِ، وَلَكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقَبْضِ
    الْعُلَمَاءِ، حَتَّى إِذَا لَمْ يَبْقَ عَالِمٌ اتَّخَذَ النَّاسُ رُؤُوسًا
    جُهَّالا، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا
    .

    Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Албатта Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон бир олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади».

    Шоир айтганидек:

    «Фахрланиш фақат олимларга ярашур,

    Зеро, улар ҳидоят узра йўл кўрсатувчилардир.

    Ҳар бир кишининг даражаси унинг ишига қараб бўлади,

    Жоҳил кимсалар илм аҳлига душмандирлар.

    Илм эгалла, у сабабли абадий яшаб қоласан,

    Барча инсон ўлажак, ёлғиз илм аҳли барҳаёт қолажак».

    Илмнинг фазлига далолат қилувчи кўплаб ҳадислар келган. Жумладан:

    « مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِى
    الدِّينِ» .

    «Саҳиҳайн»да Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ кимга яхшилик истаса, уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди» (Бухорий (6/152), Муслим (№1037) ривоятлари).

    قَالَ أَبو الدَّرْدَاءِ: فَإِنِّى سَمِعْتُ رَسُولَ
    اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَطْلُبُ فِيهِ
    عِلْمًا سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِنَّ الْمَلاَئِكَةَ
    لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا رِضًا لِطَالِبِ الْعِلْمِ وَإِنَّ الْعَالِمَ
    لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِى السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِى الأَرْضِ وَالْحِيتَانُ فِى
    جَوْفِ الْمَاءِ وَإِنَّ فَضْلَ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ
    لَيْلَةَ الْبَدْرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ وَإِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ
    الأَنْبِيَاءِ وَإِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا
    وَرَّثُوا الْعِلْمَ فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ ».

    Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Байҳақий Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким илм талабида бир йўлга кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Дарҳақиқат, фаришталар илм толибининг бу қилган ишидан рози бўлиб, ўз қанотларини унинг оёқлари остига тўшарлар. Дарҳақиқат, олимга осмонлару-ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам дуо-истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан афзаллиги худди ойнинг қолган юлдузлардан афзаллиги кабидир. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар, пайғамбарлар эса тилла ҳам, кумуш ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмнигина мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким уни олган бўлса, мўл улушни олибди».

    «فَوَاللَّه ِ لأَنْ يُهْدَى بِكَ رَجُلٌ وَاحِدٌ خَيْرٌ
    لَكَ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ».< /p>

    Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга деганлар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сен учун қизил туялар бўлишидан кўра яхшироқдир» (Бухорий (7/58), Муслим (№2406) ривоятлари).

    عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضى الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ
    -صلى الله عليه وسلم- قَالَ «إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلاَّ
    مِنْ ثَلاَثٍ صَدَقَةٌ جَارِيَةٌ وَعِلْمٌ يُنْتَفَعُ بِهِ وَوَلَدٌ صَالِحٌ
    يَدْعُو لَهُ».

    Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан» (Муслим (№1631), Абу Довуд (№2880), Термизий (№1376), Насоий (6/251) ривоятлари).

    Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у зот масжидда қизил чопонларини ёстиқ қилиб суяниб ўтирган эканлар, «Ё Расулуллоҳ, мен илм излаб келдим», дедим. Шунда у зот: «Марҳабо, толиби илм! Толиби илмнинг талаб қилаётган илмини яхши кўриб, уни малоикалар ўраб оладилар ва қанотлари билан соялайдилар, сўнг устма-уст бўлишиб, то дунё осмонигача етадилар», дедилар (Аҳмад, Табароний, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Албоний «Саҳиҳут-тарғиб»да (№71) ҳасан санаган).

    عَنْ أَبِى أُمَامَةَ الْبَاهِلِىِّ قَالَ ذُكِرَ
    لِرَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- رَجُلاَنِ أَحَدُهُمَا عَابِدٌ وَالآخَرُ
    عَالِمٌ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى
    الْعَابِدِ كَفَضْلِى عَلَى أَدْنَاكُمْ ». ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله
    عليه وسلم- « إِنَّ اللَّهَ وَمَلاَئِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ
    حَتَّى النَّمْلَةَ فِى جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ
    النَّاسِ الْخَيْرَ ».

    Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бири обид (оддий ибодат қилувчи), иккинчиси олим бўлган икки киши ҳақида зикр қилинди. Шунда у зот айтдилар: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг энг қуйи обрўда бўлганларингиздан афзаллигим кабидир». Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло, Унинг малоикалари, самовоту ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли-ю, (сувдаги) балиқлар одамларга яхшиликни таълим берувчи кишига салавоту салом йўллаб турадилар» (Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис, деган, Саҳиҳул-жомиъ: 1838).

    عَنْ أَبِى وَاقِدٍ اللَّيْثِىِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ –
    صلى الله عليه وسلم – بَيْنَمَا هُوَ جَالِسٌ فِى الْمَسْجِدِ وَالنَّاسُ مَعَهُ،
    إِذْ أَقْبَلَ ثَلاَثَةُ نَفَرٍ، فَأَقْبَلَ اثْنَانِ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ – صلى
    الله عليه وسلم – وَذَهَبَ وَاحِدٌ، قَالَ فَوَقَفَا عَلَى رَسُولِ اللَّهِ – صلى
    الله عليه وسلم – فَأَمَّا أَحَدُهُمَا فَرَأَى فُرْجَةً فِى الْحَلْقَةِ فَجَلَسَ
    فِيهَا، وَأَمَّا الآخَرُ فَجَلَسَ خَلْفَهُمْ ، وَأَمَّا الثَّالِثُ فَأَدْبَرَ
    ذَاهِبًا ، فَلَمَّا فَرَغَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ « أَلاَ
    أُخْبِرُكُمْ عَنِ النَّفَرِ الثَّلاَثَةِ أَمَّا أَحَدُهُمْ فَأَوَى إِلَى اللَّهِ
    ، فَآوَاهُ اللَّهُ، وَأَمَّا الآخَرُ فَاسْتَحْيَا، فَاسْتَحْيَا اللَّهُ مِنْهُ،
    وَأَمَّا الآخَرُ فَأَعْرَضَ ، فَأَعْرَضَ اللَّهُ عَنْهُ ».

    Бухорий ва Муслим Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан масжидда ўтирган пайтларида уч киши кириб келди. Иккитаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга юрди, биттаси (бурилиб) кетди. Икковлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадаги бўшлиқни кўриб, ўша жойга ўтирди. Иккинчиси уларнинг орқасига келиб ўтирди. Учинчи одам эса бурилганича кетди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сўзларидан) фориғ бўлгач, дедилар: «Бу уч киши ҳақида сизларга хабар берайми? Улардан бирлари Аллоҳга (яъни, Аллоҳнинг Расули мажлисига) интилган эди, Аллоҳ унга жой берди. Иккинчилари (ҳалқада бўш жой йўқ экан деб кетиб қолишдан) ҳаё қилган эди, Аллоҳ ҳам (жазо беришга) ундан ҳаё қилди. Учинчилари юз ўгириб кетган эди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди» (Бухорий (1/143, 144), Муслим (№2176) ривоятлари).

    Фазлу марҳармат соҳиби Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу мавзуда бундан бошқа ҳам жуда кўп ҳадислар келган.

    Иккинчи: Шаръий жиҳатдан эътиборли илм

    Шаръий жиҳатдан эътиборли илмдан мурод – Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-мувофақот» номли қимматли асарининг саккизинчи муқаддимасида айтганидек, Аллоҳ ва Расули унинг соҳибини мутлақо мақтаган илмдир.

    У киши айтадилар: Шаръан эътиборли саналувчи илм ўз эгасини нафс-ҳавосига эргашиб кетишига йўл қўймайдиган, эгасини ўзининг тақозосига мувофиқ ушлаб турувчи ва ўзининг қонун-қоидаларига ихтиёрий ё мажбурий равишда бўйсунадиган қилувчи фойдали илмдир.

    Еттинчи муқаддимада айтадилар: Амални ифода этмайдиган ҳар қандай илмни шариатда яхши санашга далолат қилувчи нарса йўқдир.

    Севикли дўстлар, илмнинг руҳи амалдир. Акс ҳолда, у фойдадан холи илм бўлиб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олимларгина қўрқур» (Фотир: 28). Аллоҳ таоло айтади: «Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли чуқур билим эгасидир» (Юсуф: 68). Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: Яъни, Биз таълим берган нарсаларга амал қилувчидир.

    Амалсиз илм фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади:

    «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2, 3).

    «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44).

    قَالَ أسامة بن زيد سَمِعْتُ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله
    عليه وسلم – يَقُولُ: « يُجَاءُ بِالرَّجُلِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيُلْقَى فِى
    النَّارِ ، فَتَنْدَلِقُ أَقْتَابُهُ فِى النَّارِ ، فَيَدُورُ كَمَا يَدُورُ
    الْحِمَارُ بِرَحَاهُ ، فَيَجْتَمِعُ أَهْلُ النَّارِ عَلَيْهِ ، فَيَقُولُونَ أَىْ
    فُلاَنُ ، مَا شَأْنُكَ أَلَيْسَ كُنْتَ تَأْمُرُنَا بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَى عَنِ
    الْمُنْكَرِ قَالَ كُنْتُ آمُرُكُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَلاَ آتِيهِ ، وَأَنْهَاكُمْ
    عَنِ الْمُنْكَرِ وَآتِيهِ » .

    Бухорий ва Муслим Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, улар билан тегирмон айлантираётган эшакдек (доира шаклида) айланаверади. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидинг ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди» (Бухорий (6/238), Муслим (№2989) ривоятлари).

    Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга дуо қилиб, фойдасиз илмдан паноҳ тилардилар. Имом Муслим ва бошқалар Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    «اللَّهُمَّ إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ
    وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ
    يُسْتَجَابُ لَهَا».

    «Эй Аллоҳим, мен фойдасиз илмдан, хушуъсиз қалбдан, тўймас нафсдан ва қабул қилинмас дуодан Ўзингдан паноҳ тилайман», дер эдилар (Абу Довуд (№1548), Насоий (8/263) ривоятлари).

    Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қиёмат куни мендан: «Илм ўқидингми ё жоҳил бўлдингми?» деб сўралса, мен: «Илм ўқидим» десам, шунда Аллоҳнинг Китобидан биронта ҳам буюрувчи ё қайтарувчи оят қолмасдан, ҳаммаси менинг олдимга келиб, унга амал қилганимдан сўраса, буюрувчи оят келиб: «Буйруғимга бўйсундингми?!», деса, қайтарувчи оят келиб: «Қайтариғимдан тийилдингми?!», деса, мен ана шундан қаттиқ қўрқаман. Бас, шундоқ экан, мен фойдасиз илмдан, хушуъсиз қалбдан, тўймас нафсдан ва қабул қилинмас дуодан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ тилайман» (Байҳақий, Доримий, Ибн Абдулбар ривоят қилганлар).

    Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Эй илм аҳли, унга амал қилингиз! Зеро, олим – илм ўқиган, сўнг амал қилган ва илми амалига мувофиқ келган кишидир. Ҳали шундай қавмлар келадики, илмлари ҳалқумларидан ўтмайди, ичлари ташларига зид келади, илмлари амалларига хилоф бўлади, бир-бирларига мақтанишиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришади, ҳатто бир киши ўз ҳалқасидаги киши бошқа бир ҳалқага бориб ўтирса, ундан ғазабланади ва уни тарк қилади. У кишиларнинг бу амаллари Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига кўтарилмайди» (Имом Шотибий «Ал-мувофақот»да, саккизинчи муқаддимада худди шундай, санадсиз келтирган).

    Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Олим агар илмига амал қилмаса, унинг мавъизаси қалбларда худди ёмғир томчиси силлиқ тошда ўрнамаганидек ўрнамайди.

    Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

    Қанча-қанча Аллоҳни эслатувчи кишилар бўладики, ўзлари Уни унутган бўлади.

    Қанча-қанча Аллоҳдан қўрқитувчилар бўладики, ўзлари Аллоҳга қарши журъатли бўлади.

    Қанча-қанча Аллоҳга яқинлаштирувчилар бўладики, ўзлари Аллоҳдан узоқ бўлади.

    Қанча-қанча Аллоҳга чорловчилар бўладики, ўзлари Аллоҳдан қочувчи бўлади.

    Қанча-қанча Аллоҳнинг Китобини ўқувчилар борки, ўзлари Аллоҳнинг оятларидан суғурилувчи бўлади.

    Модомики, илм ўз эгасини Аллоҳ жалла ва алога бандалик қилдирмас экан, унинг асло қиймати йўқдир. Илм ўз эгасини Аллоҳ жалла ва алога яқинлаштирмас экан, унинг ҳеч қандай вазни йўқдир. Илм ўз соҳибига Аллоҳдан қўрқувни келтирмас экан, унда яхшилик йўқдир. Шаръан эътиборли илм – ўз соҳибини Аллоҳнинг амрларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш ҳамда Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларида туриш орқали Аллоҳга яқинлаштирадиган ҳар қандай ишга мажбурлайдиган илмдир.

    Учинчи: Илм таҳсил қилишнинг фойдали йўллари

    Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ «Ал-мувофақот» китобининг ўн иккинчи муқаддимасида айтадилар:

    Илмни чуқур ўрганишнинг энг фойдали йўлларидан бири уни чуқур эгаллаган эгаларидан олишдир. Дарҳақиқат, илм кишиларнинг қалбларида эди, кейин китобларга кўчди ва калитлари кишиларнинг қўлларида қолди, демишлар. Бу сўз тақозосига кўра, илмни кишилардан (яъни, уни чуқур эгаллаган олимлардан) олиш зарур бўлади. Шубҳасиз, ўшалар унинг калитларидир.

    Кейин айтадилар: Модомики, илмни чуқур эгаллаган олимлардан олиш зарурлиги собит (аниқ) бўлган экан, бунинг икки йўли бор:

    Биринчи йўли – юзма-юз ўтириш, бу икки йўлнинг фойдалироғидир.

    Яъни, шогирд устози олдида ихлос билан, сидқидилдан илмга иқбол қилиб ўтиришидир. Устознинг олдида бу қабилда ўтиришнинг жуда катта баракот ва фойдалари бор.

    Қанча-қанча масалалар бўладики, толиби илм уни китобдан ўқиб, ёдлаб олади, дилида қайта-қайта такрор қилади, аммо тушунолмайди. Ўша масалани устози олдида ўқиганида бирданига миясида тушунча пайдо бўлади, устоз ҳузурида унда ўша масаланинг илми ҳосил бўлади.

    Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

    «Баъзида бу тушунча оддийгина йўл билан, чигал ўринни шогирднинг миясига келмаган бир усулда тушунтириб бериш орқали ҳосил бўлиб қолади. Баъзида эса Аллоҳ таоло шогирдга устози олдида қўл қовуштириб, унинг дарсига эҳтиёжини изҳор қилиб ўтирган пайтда ғайриоддий тарзда берадиган илҳом билан ҳам ҳосил бўлиб қолади. Бу эса уламолар билан бирга ўтиришнинг фойдаларидан саналади. Чунки, улар ҳузурида шогирд учун бошқа пайт очилмайдиган нарсалар очилади.

    Илм таҳсил қилишнинг иккинчи йўли – Абу Исҳоқ Шотибий раҳимаҳуллоҳ сўзларини келтиришда давом этамиз – олимларнинг китобларини мутолаа қилишдир. Бу фойдали бўлиши учун иккита шарт топилиши керак:

    Биринчиси, китоблардан ўқиш билан ўша талаб қилинаётган илмнинг мақсадларини тушунишга ва у илм эгаларининг истилоҳларини (терминларини) билишга етарли қобилият ва лаёқати бўлиши. Бу эса олимлардан ва шу фаннинг билимдонларидан юзма-юз ўтириб, дарс олиш воситасида пайдо бўлади.

    Иккинчиси, мутақаддим (аввалги даврдаги) уламоларнинг китобларини мутолаа қилишга қасд қилиш. Чунки, улар кейинги давр кишиларидан кўра уни яхшироқ англовчи бўлганлар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг яхшиликларига гувоҳлик бериб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтганлар:

    عَنْ عَبْدِ اللَّهِ – رضى الله عنه – عَنِ النَّبِىِّ –
    صلى الله عليه وسلم – قَالَ « خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِى، ثُمَّ الَّذِينَ
    يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ يَجِىءُ أَقْوَامٌ تَسْبِقُ
    شَهَادَةُ أَحَدِهِمْ يَمِينَهُ ، وَيَمِينُهُ شَهَادَتَهُ». /

    «Одамларнинг энг яхшиси менинг асрим аҳли, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилардир. Сўнгра бир қавм келадики, улардан бирининг гувоҳлиги қасамидан ўзади, қасами гувоҳлигидан ўзади» (Бухорий (5/199), Муслим (№2534) ривоятлари).

    Шундай экан, шаръий илм таҳсил қилишни истаган киши олимлар ҳузурига бориши, улар дарсида ўтириши, ниятини тўғри қилиши, амалини Аллоҳ учун холис қилиши, ичида ҳам, ташида ҳам, сўзида ҳам, амалида ҳам Аллоҳдан тақво қилиши, тоатларга ҳарис бўлиши, гуноҳлардан ва ҳаром ишлардан узоқ бўлиши лозим бўлади. Зеро, гуноҳу маъсиятлар илмнинг нурини ўчириб қўювчи зулматдир.

    Имом Молик Шофиийга – раҳимаҳумаллоҳ – айтганларидек: «Мен Аллоҳ сизнинг қалбингизга нур солиб қўйганини кўраяпман, бу нурни гуноҳлар зулмати билан ўчириб қўйманг».

    Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтганлар:

    Вакиъга «Зеҳним паст» дея арз қилдим,

    Деди: Гуноҳларни тарк қил, даво шул.

    Билгилки, Аллоҳнинг нуридир илм,

    Осийга Аллоҳнинг нури олмас йўл.

    Аллоҳ таолодан барчамизни содиқлардан қилишини сўраймиз.

    Иккинчи хутба

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

    Аммо баъд…

    Тўртинчи: Олимлик даъво қилишнинг хатари ва унинг кўринишлари

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Олимлик даъво қилиш хатарли дард ва ёмон иллатдир. У «Аллоҳ номидан илмсизлик билан сўзлаш» деб аталувчи бузғунчиликнинг кириб келиш остонасидир. Ўзини олим деб даъво қилувчи илмсиз киши – пишиб етилмай туриб қуриб, туршакка айланиб қолган мевага ўхшаб, ҳали илмни пухта эгалламай туриб, олимлик даъво қилади.

    Имом Ғазолийнинг мана бу сўзлари нақадар ажойиб: «Илмсиз одам сукут қилса эди, ўртада хилоф қолмасди».

    Биз бу сўзларимиздан фақат илм ўқишга ялқовлик қилгани ҳолда олимлик даъвосини қиладиган, ҳали тўлмай туриб тошиб кетадиган чаламуллаларни назарда тутмоқдамиз. Илм даъвосини қиладиган ва Аллоҳнинг дини ҳақида илмсизлик билан, далилсиз сўз айтадиган бу турдаги «олим»лар ҳавои нафсларининг йўриғига тушиб қолишган, бу хатарли иллат уларни барча ёмонликка, ҳалокат, залолат ва адаштиришга қараб судрайди. Ҳар қандай саволга жавоб айтишдан парҳез қилмайдилар, тўғри келган масалада фатво беришдан ҳайиқмайдилар.

    Ривоят қилишларича, бир киши ҳар қандай саволга тўхталмай жавоб айтиб ва фатво бериб юбораверар экан. Таниш-билишлари унинг бу феълини билишгач, одамларни унинг залолатидан огоҳлантириб қўйиш мақсадида уни имтиҳон қилиб кўрмоқчи бўлишибди ва аслида йўқ бўлган «хинфишор» деган бир сўзни ўйлаб топишиб, ундан шу ҳақда сўрашибди. У ўйланиб ўтирмай, сўз бошлабди:

    «Хинфишор Яман тарафларда ўсадиган хушбўй бир ўсимлик бўлиб, агар туя еса, сути боғланиб қолади. Бу ҳақда яманлик бир шоирнинг шеъри ҳам борки:

    Муҳаббатингиз қалбимни ўзига боғлади

    Худди хинфишор туя сутини боғлаганидек».

    Сўнг гапида давом этиб айтибди: «Довуд Антокий ўзининг хотираларида хинфишорнинг мана бундай, мана бундай турларини айтиб ўтган». Кейин шу билан кифояланиб қолмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ҳам ёлғон тўқий бошлаган экан, уни тўхтатиб қолишибди ва: «Ановилар ҳақларида ёлғон тўқиганинг ҳам етар, бас, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ёлғон тўқима!», дейишибди. Шундай қилиб, бу бечоранинг каззоб ва алдоқчилиги ошкор бўлибди.

    Ҳамма замон ва маконлар ҳам мана шу турдаги «хинфишорчи»лардан холи бўлмайди. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз.

    Олимлик даъво қилишнинг кўринишлари
    Биринчи: Фатвода билағонлик қилиш, ваҳоланки фатво куйдирувчи чўғдир.

    Баъзи илм даъвосидаги кишиларни кўрамизки, савол ва фатво сўровчини жавобсиз қайтаришга ғурури йўл қўймайди ва Аллоҳ номидан илмсизларча гапиришга журъат қилади. Ҳатто, айримлари борки, савол сўровчи ҳали саволини охирига етказмасидан туриб, жавоб беришга киришиб кетади, шайхулисломлар ва буюк имомлар ҳам тўхталган нарсаларда тўхтовсиз гапни олиб қочади.

    Балки, фаразан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга рўбарў қилинганида у киши бунинг жавоби учун бутун Бадр аҳлини жамлаган бўладиган масалада ҳам журъат билан фатво беради.

    Абдурраҳмон ибн Аби Лайло айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобидан бир юз йигирматасини кўрганман, бировидан бир масала сўралса, бошқасига ҳавола қилар, униси яна бошқасига ҳавола қилар, у масала охири яна биринчи сўралган кишига қайтиб келарди». Бир ривоятда: «Улардан бирон киши бир сўзни сўзламай туриб, бу хусусда унинг ўрнига бошқа биродари кифоя қилишини истарди».

    Зуҳрий Холид ибн Асламдан ривоят қилади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан бирга эдик, бир аъробий у кишидан: «Амма меросга ҳақли бўладими?», деб сўради. Ибн Умар: «Билмайман», деб жавоб бердилар. У киши: «Сиз билмайсизми?!», деди. «Ҳа. Бор, олимлардан сўра», дедилар. Ҳалиги киши кетгач, Ибн Умар қўлларини ўпиб: «Абу Абдурраҳмон нақадар яхши гап айтди. Билмаган нарсасидан сўралганда билмайман, деб жавоб берди», дедилар.

    Олимлар зикри келганида Имом Молик порлоқ юлдуз деб кўрилади.

    Имом Шофиий у киши ҳақларида айтадилар: «Мен Моликнинг 48та масала ҳақида сўралганларида шундан 32тасига билмайман, деб жавоб берганларига гувоҳман».

    Шофиий раҳимаҳуллоҳ ҳақларида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Қирқ йилдан бери ўқиган ҳар бир намозимда албатта Шофиий раҳимаҳуллоҳ ҳақларига дуо қилдим».

    Бир куни ўғиллари Имом Аҳмаддан: «Отажон, Шофиий ким бўлганлар, сиз ҳақларига бунча кўп дуо қиласиз?», деб сўради. «Эй ўғлим, Шофиий раҳимаҳуллоҳ олам учун қуёшдек, одамлар учун офиятдек эдилар», дедилар у зот.

    Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Маккаи Мукаррамада Аҳмад ибн Ҳанбал билан кўришиб қолдим. У киши: «Бу ёққа келинг, сизга бир кишини кўрсатаман, дунёга келиб, кўзингиз ундай зотни кўрган эмас», деди ва менга Шофиийни кўрсатди. Биз ҳадис ҳақида сўзлашдик, у кишидан кўра олимроқ одамни кўрмадим. Сўнг фиқҳдан сўзлашдик, у кишидан фақиҳроқ одамни кўрмадим. Сўнгра Қуръондан гаплашдик, у кишидан кўра қорироқ одамни кўрмадим. Кейин луғат ҳақида сўз кетди, билдимки, у киши луғатхона эканлар. Дарҳақиқат, кўзларим у зотга ўхшаш бирор кишини кўрган эмас».

    Шу даражада буюк олим бўлишларига қарамай, Имом Шофиийдан бир масала ҳақида сўралганда жим қолдилар. «Жавоб бермайсизми?!», деб сўралганда: «Жим туришим афзалми, жавоб беришимми, билмай қолдим», дедилар.

    Ўзини олим қилиб кўрсатишнинг энг ёмон кўринишларидан бири – манмансираш, кибрланиш, сўзлаш ва суҳбатлашишда беодоблик қилиш, одамларни камситиш, мажлисларда бировга гап бермаслик мақсадида айрим масалаларни ёдлаб олишдир.

    Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, шунингдек Ҳоким ривоят қилган ва Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ деган, шайх Албоний «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»да саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

    عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى
    الله عليه وسلم- « مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللَّهِ
    عَزَّ وَجَلَّ لاَ يَتَعَلَّمُهُ إِلاَّ لِيُصِيبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا
    لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الْجَنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ».

    «Ким Аллоҳнинг Юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди».

    Имом Термизий ривоят қилиб, ғариб ҳадис деган, Ҳоким, Байҳақий, Ибн Можа ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган, Каъб ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

    «مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ لِيُجَارِيَ بِهِ الْعُلَمَاءَ
    أَوْ لِيُمَارِيَ بِهِ السُّفَهَاءَ أَوْ يَصْرِفَ بِهِ وُجُوهَ النَّاسِ إِلَيْهِ
    أَدْخَلَهُ اللَّهُ النَّارَ».

    «Ким илмни уламолар ичида мақтаниш ё жоҳил кимсалар билан тортишиш ё одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади». Аллоҳдан офият сўраймиз.

    Бешинчи: Давоси нимада?

    1) Амални Аллоҳ учун холис қилиш, ниятни тўғрилаш. Ихлос – холис ният билан амални ширкка доир барча аралашмалардан тозалаш, демакдир.

    2) Иттибоъ (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш). Тўғрилик шундадир.

    3) Қалбни, нафсни ва аъзоларни гуноҳлардан поклаш. Зеро, Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, илмдан маҳрумлик гуноҳ ва маъсиятлар асоратидир.

    4) Тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик, олимлар ҳузурида ўтириш.

    5) Аллоҳ азза ва жаллага кўп тавба-тазарруъ қилиш, Унинг ҳузурида синиқлик изҳор қилиш. Зеро, фазл Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидандир: «Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот: 17).

    6) Қалбингизни Аллоҳга боғланг, бандалардан бирортасига боғламанг. Зеро, бандаларнинг ҳаммаси йиғилиб, сизни мақтасалар ҳам, агар Аллоҳдан узоқ бўлсангиз, ҳаргиз сизни Аллоҳга яқин қила олмайдилар. Агар бандаларнинг ҳаммаси йиғилиб, сизни ёмонласалар ҳам, агар Аллоҳга яқин бўлсангиз, Ундан асло узоқлаштира олмайдилар. Шундай экан, бандалардан умидингизни узинг ва дилингизни Холиқ субҳанаҳу ва таолога боғланг. Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга Ўзи кифоя қилади. Ким ишини Аллоҳга топширса, Ўзи уни ҳидоят қилади. «Аллоҳ Ўз бандасига (уни барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36).

    Эй аллоҳим, бизларга фойдали илм бергин ва илмимизни зиёда қилгин эй оламлар Парвардигори!

    2010 йил 24-сентябр

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962