Касаллик етса, табибга қараб чопасан.. Ўлимдан қўрқиб..

    Очлик етса, таомга югурасан.. Ўлимдан қочиб..

    Ташналик етса, сувга қараб интиласан.. Ўлимдан даҳшатга тушиб..

    Лекин… Хўш, кейинчи?! Охири нима бўлади?!

    Эй куч-қувват эгаси.. Эй оқил.. Эй кучли талант соҳиби.. Эй каттакон.. Эй
    вазир.. Эй амир.. Эй катта… Эй сағир.. Эй бадавлат… Эй фақир…

    Ҳар бир йиғловчи устидан йиғлайдилар..

    Ҳар бир хабарчининг ҳам ўлими хабари берилур..

    Ҳар бир асралган нарса ҳам тугайди..

    Ҳар қандай зикр қилинувчи ҳам унутилади..

    Аллоҳдан бошқа ҳеч ким боқий қолмайди..

    Ким устунман деса, Аллоҳ ундан устундир..

    Аллоҳ таоло рост айтади: «Дарҳақиқат (жон) халқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўювчи бирон киши борми?», деб қолинган, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақтда ана ўша Кунда ёлғиз Парвардигорингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир!» (Қиёмат: 26-30).

    Жон ҳалқумга етган пайтда.. «Бунинг жонини ким олиб чиқади?! Раҳмат фаришталарими, азоб фаришталарими?!», деб турилган вақтда…

    «Руқя қилиб – дам солиб қўядиган одам борми? Даволай оладиган бирон киши борми? Уни ўлимдан тўсиб қолишга қодир бирон киши борми?», деб қолинган вақтда..

    Қаранг унга!! Ким ўзи аслида у?! Салтанат ва обрў-эътибор эгаси!! Туганмас мол-дунё соҳиби!! Дабдабали автоуловлари, ҳашаматли саройлари бор!! Вазирлари хизматига қўл қовуштириб туради!! Хос тайёрада дунёнинг энг машҳур шифохонасига олиб келинган.. Атрофини жаҳоннинг энг катта ва энг машҳур шифокорлари ўраб олган.. Бири юрак ва ички аъзолар соҳаси мутахассиси, яна бири бош мия ва асаблар соҳасида мутахассис, яна бири у соҳада, бошқа бири бу соҳада етакчи мутахассис..

    Атрофини табиблар ўраб олган.. Улар бир нарсани истайдилар, подшоҳлар Подшоҳи эса бошқа нарсани истади..

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Ҳар бир жамоат учун ажал бордир. Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар» (Аъроф: 34).

    «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур» (Нисо: 78).

    Атрофини табиблар ўраб олган, ҳар бири уни даволашга уринади..

    Лекин, қўлларидан ҳеч нарса келмайди..

    Унинг аҳволига боқинг.. Юзи сарғайган, ранги ўчган, аъзои бадани совқотган, терилари тортишган, қўл-оёқлари бармоқларига муз югураётганини ҳис қилиб ётибди..

    Аҳли-оиласига, ёру-дўстларига мўлтираб қарайди.. Уларнинг юзлари гоҳ тиниқлашиб, гоҳ шарпадек хиралашиб кўринади.. Ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади.. Ўзи ётган хона гоҳ кичрайиб, игнанинг тешигидек бўлиб қолаётгандек, гоҳ эса кенгайиб, бепоён фазога ўхшаб қолаётгандек бўлади..

    Бу ким бўлди?! Ўлим фариштаси!! Ўлим фариштаси унинг боши устига етиб келди!!

    Осмондан тушиб келаётган ановилар ким экан?! У уларни ўз кўзлари билан кўради! Улар фаришталар! Ажабо, улар раҳмат фаришталарими экан ё азоб фаришталари?!

    Ўлим фариштаси нима деб хитоб қиларкин унга ҳозир?!

    У унинг руҳига хитоб қилиб: «Эй покиза жон, мақтовли ҳолда чиқ, роҳат-фароғат ва ноз-неъматлар билан, сендан рози бўлган ва ғазаб қилмайдиган Парвардигор билан хушхабарлан», дермикин?!

    Ёки: «Эй ифлос жон, Аллоҳнинг ғазаби ва азоби сари чиқ!», деб хитоб қилармикин?!

    Ўлим мастлиги ва шиддати ичида ўзига келган пайт атрофидагиларга жавдираб, раҳм-шафқат тилагандек, умидвор ва ялинчоқ назар билан боқади.. Гапира олса тили билан, тили сўзга келмаса, ҳолати тили билан уларга айтади:

    Қадрдонларим.. Болаларим.. Ўғилларим.. Мени ташлаб кетманглар, қаро гўрда ёлғиз қолдирманглар.. Мен отангизман, сизларни севган падарингизман.. Яшаб турганингиз қасрларни сизларга мен қуриб берганман.. Бу ҳовли-жойларни мен обод қилганман.. Тижоратингизни мен ривожлантирганман.. Мен.. Мен.. Мени ташлаб кетманглар, қабрда ёлғиз қолдирманглар!!

    Бор мол-мулкимни сарфланг, мени қутқариб қолинг.. Менга ўз умрингиздан бир чимдимгина беринг.. Қай бирингиз умримни ҳеч йўқ бир-икки соатга узайтира олади?..

    Ана шу пайтда ҲАҚ овози юксалади. Аллоҳ жалла ва ало айтганидек:

    «Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида — ҳолбуки ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ бўлурмиз, лекин сизлар (буни) кўрмайсизлар (билмайсизлар) — Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар, (ва ўзларингизнинг: «ҳеч қандай эга — Парвардигор ҳам, қайта тирилиш ҳам йўқ», деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар ўша (жонни яна жасадга) қайтара олсангизлар эди! (Йўқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар). Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир! Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай! Энди агар у (қайта тирилишни) ёлғон деювчи гумроҳлардан (яъни чап томон эгаларидан) бўлса, у ҳолда қайноқ сувдан иборат «зиёфат» ва дўзахга киритилиш бордир! Шак-шубҳасиз (ушбу сурада зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатнинг ўзидир! Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!» (Воқеа: 83-96).

    Сени поклайман, эй ўлим билан зўравонлар бўйнини хорликка гирифтор этган Зот!

    Сени поклайман, эй ҳукмдорлар орзуларига ўлим билан чек қўйган Зот!

    Сени поклайман, эй уларни ўлим сабабли қасрлардан қабрларга, саройлар ёруғидан мозорлар ёриғига, қиз-жувонлар қучоғидан қурт-қумурсқалар ўчоғига, маишатлар лаззатидан тупроғ-у лойлар ваҳшатига кўчирган Зот!!

    Ҳорун ар-Рашид ўлим тўшагида ётаркан, атрофидаги яқинларига: «Дафн этилажак қабримни кўришни истайман», деди. Уни қабри ёнига кўтариб олиб келдилар.. Ҳорун ар-Рашид қабрга боқиб йиғлади, сўнг уни кузатиб келган кишиларга қараб: «Менга мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!», деди (Ал-ҳааққо: 28, 29). Сўнг бошини осмонга кўтариб, йиғлаган кўйи: «Эй мулку салтанати абадий Зот! Салтанати қўлдан кетган кимсага Ўзинг раҳм қилгайсан», деди..

    «Дарҳақиқат (жон) халқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўювчи бирон киши борми?», деб қолинган, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақт…».

    У қайтиш кунидир.. Чин дунёга кўчиш кунидир.. Ажал етди.. Муҳлат тугади.. Дунё ҳаёти поёнига етди.. Энди Парвардигорга рўбарў бўлишдан ўзга чора йўқ..

    Ҳикоя қилинишича, халифа Сулаймон ибн Абдулмалик салаф уламоларидан Абу Ҳозим номли бир олимдан: «Эй Абу Ҳозим! Айтингчи, нега биз ўлимни ёмон кўрамиз?!», деб сўради.

    Шунда Абу Ҳозим шундай жавоб берди: «Чунки, сизлар дунёнгизни обод, охиратингизни эса хароб қилдингиз. Шу боис обод ўлкадан харобазорга ўтишни ёқтирмайсиз…».

    Севикли дўстларим! Америкага сафарим давомида биродарлардан бирлари менга ўша ерда яшайдиган бир бадавлат араб кишиси ҳақида сўзлаб қолди, у ўзи мусулмон бўлгани ҳолда намоз ўқимас экан, Аллоҳ жалла ва алонинг ҳаққини адо қилмас экан. Шунда мен унга насиҳат қилиш мақсадида ҳузурига кирдим.

    У менга шундай деди: «Мен бу ўлкага доллар жамғариш учун келганман. Сизга ваъда бераманки, ўз юртимга қайтгач, масжиддан бир қадам ҳам ажралмайман».

    Мен дедим: «Субҳаналлоҳ! Ким сенга кафил бўла олади юртингга қайтиб боришингга, эй бечора банда?! Эртагача тирик туришингга кафолатинг борми ўзи?!»

    Аллоҳга қасамки, бир неча дақиқадан сўнг аҳволи нима кечишини ҳеч ким билмайди!

    Шеър (мазмуни):

    Ғўрлик даврингда қилиб келган ишларни қўй энди,

    Гуноҳларингни эсга ол ва улар учун кўз ёш тўк.

    Сен унутган бўлсанг ҳам икки фаришта унутмаган,

    Сен гуноҳга ғарқ, улар эса ёзишга машғул эдилар.

    Жон сенга берилган бир омонатдир,

    Уни мажбуран қайтариб беришинг бор.

    Сен мағрур бўлиб, у учун югуриб-елган дунё

    Ҳақиқатан йўқ бўлувчи бир матодир.

    Билиб қўй, кеча ва кундузда олган

    Ҳар бир нафасларимиз саноқлидир

    Дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир, ҳар қанча улкан бўлмасин, барибир ҳақирдир. Зотан, тун ҳар қанча узоқ давом этмасин, тонг отиши аниқ, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга киришдан бошқа чора йўқ..

    … Шундан сўнг Сулаймон ибн Абдулмалик деди: «Эй Абу Ҳозим, Аллоҳ таоло ҳузурида аҳволимиз не кечади?!».

    Абу Ҳозим жавоб берди: «Аллоҳнинг Китобига қараб кўринг, ўзингизни унда топасиз».

    «Қаерида топаман?!», сўради Сулаймон.

    «Шак-шубҳасиз, яхшилар жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар!» (Инфитор: 13-14) оятларида», жавоб берди Абу Ҳозим.

    Шунда Сулаймон ибн Абдулмалик: «Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди, эй Абу Ҳозим?!», деб хитоб қилди.

    «Албатта, Аллоҳнинг раҳмати муҳсинларга (эзгу амал қилувчиларга) яқиндир» (Аъроф: 56), деб жавоб берди Абу Ҳозим.

    «Эртага Аллоҳга рўбарў бўлишимиз қай суратда бўлади?», сўради Сулаймон ибн Абдулмалик.

    «Муҳсин – эзгу амал қилувчи киши худди узоқ сафардан ўз аҳли ҳузурига қайтиб келган ва аҳли уни шод-хуррамлик билан кутиб олган кишидек, мусиъ –гуноҳга ботган киши эса худди хожаси ҳузурига қайтарилган қочоқ қул каби ҳолатда бўлади», деб жавоб берди.

    «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга йўлиқишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради».

    Мен дедим: «Ё Расулуллоҳ, ўлимни ёмон кўришни айтаяпсизми? Ҳаммамиз ҳам ўлимни ёмон кўрамиз-ку?!».

    «Ундай эмас, балки мўмин кишига (ўлим соати етгач,) Аллоҳнинг раҳмати, розилиги ва жаннати билан хушхабар берилганда у Аллоҳга йўлиқишни яхши кўради, шунда Аллоҳ ҳам у билан учрашишни яхши кўради. Кофир кимсага Аллоҳнинг азоби ва ғазаби хабари берилганда у Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўради, шунда Аллоҳ ҳам у билан учрашишни ёмон кўради», дедилар (Бухорий: №6507, Муслим: №2683).

    «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Маййит тобутга қўйилиб, одамлар уни елкага олишгач, агар солиҳ одам бўлган бўлса: «Мени тезроқ олиб боринглар», дейди. Агар солиҳ бўлмаган бўлса: «Эй, ҳолимга вой бўлсин, қаерга олиб кетаяпсизлар?!», дейди. Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма жонзот эшитади, агар инсон эшитса беҳуш бўлиб қоларди» (Бухорий: №1314, Насоий: 4/41).

    Шеър (мазмуни):

    Эй кўнгил, кўчиш фурсати яқин,

    Улкан фалокат бошингга соя солиб турибди.

    Ҳозирлигингни кўриб ол,

    Узун орзулар сени алдаб қўймасин.

    Бир манзилга қўнасанки,

    Унда дўст дўстини унутар.

    Унда бошинг устига

    Зил-замбил тупроқ тортилар.

    Барчамиз фанога йўлиқамиз,

    Азиз ҳам, хор ҳам қолмагай

    Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳга истиғфорлар айтаман.

    Иккинчи хутба:

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп салавоту саломлар йўллагин.

    Аммо баъд…

    Севикли дўстларим..

    Охират диёрига сафаримиз ана шу тарзда бошланади. Биз дунё ҳаёти ҳақиқатини қисқача баён қилганимиздан сўнг ўлимга етиб келдик. Бу босқич қабрга етиб келиш билан тугайди. Мен, иншооллоҳ, суҳбатимиз давомида қабр ҳақида, қабр ҳаёти ҳақиқати, барзах маъноси, ундаги неъматлар ва азоблар тўғрисида, нима учун Аллоҳ таоло Қуръонда қабр азоби ҳақида очиқ зикр қилмагани, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадислар келганми, йўқлиги, қайта тирилиш ҳақиқати ва бошқалар тўғрисида айтиб ўтаман.

    Ҳозир эса аввало ўзимни, кейин сизларни Аллоҳга холис тавба қилишга чорлаб, айтаманки:

    Эй маъсиятлар билан ўз жонига жабр қилиб юрган кимса!!

    Эй намозни тарк қилган, Аллоҳнинг уйларидан қочувчи кимса!!

    Эй шаръий ҳижобни тарк қилган ва намозни зое қилган кимса!!

    Эй замонавий бут-санам – телевизор, интернет – ва шайтон сабабли Аллоҳдан машғул бўлиб қолган кимса!!

    Эй илм мажлисларидан, яхшилик ва тоат-ибодат ўринларидан юз ўгирган кимса!!

    Эй умрини чойхоналарда ўтказувчи ва Аллоҳнинг тоатидан ғофил банда!!

    Кел, ҳозироқ Аллоҳга тавба қил, чин дилдан тавба қилсанг, Аллоҳ албатта тавбангни қабул қилади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

    Севикли дўстим, сизга мурожаат қиламан:

    Келинг, Аллоҳга тавба қилинг, сидиқидилдан Унга қайтинг, гуноҳларингиз ҳар қанча кўп бўлмасин, ноумид бўлманг.. Маъсиятларингиз нақадар оғир, хато ва нуқсонларингиз ҳарчанд улкан бўлмасин, вужудингизни асло умидсизлик руҳи эгаллаб олмасин.. Раҳмоннинг эшигини қоқинг, модомики истиғфор айтиб ва тавба қилиб келаркансиз, У эшигини сизнинг юзингизга ёпмайди.

    «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

    Келинг, ҳозироқ тавбангизни янгиланг, янгидан Аллоҳга қайтинг, Раббингизга холис тавба қилишга аҳд беринг.. Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи эмасми мана сўзларни айтган:

    «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, мадомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, гуноҳинг қанақа бўлишдан қатъий назар, (уларнинг кўплигига ҳам) парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Мендан истиғфор тиласанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!» (Ҳасан ҳадис, Саҳиҳул-жомиъ: №4338, Термизий: 2/270).

    Севиклим дўстим!

    Дунёга ҳам ҳаракат қилаверинг, борлиқни обод этишдан қолманг, мол-дунё ва тижоратдан ҳам юз ўгирманг, фақат бир шарт биланки, ҳалолдан топинг ва Аллоҳ жалла ва алонинг ҳаққини адо этинг.

    Мен сизни дунёдан юз ўгиришга чорламайман, ҳаётдан умидсизлантиришни ҳам истамайман. Бор-йўғи аввало ўзимга, кейин эса сизга дунё охират учун экинзор эканини эслатиб қўйишни истайман. Шундай экан, фоний ҳовлини деб боқийлик ҳовлисидан маҳрум бўлиб қолиш ярамайди. Эртага барчамиз бу дунёдан кетамиз ва Аллоҳ таоло ҳузурига қайтамиз. Ўшанда сизга фақат ўзингиз билан бирга олиб келган амалингиз фойда беради.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Маййитга уч нарса – моли, аҳли ва амали эргашиб боради. Сўнг иккитаси қайтиб кетиб, биттаси қолади. Аҳли ва моли қайтади ва амали қолади» (Бухорий: №6514, Муслим: 2960, Термизий: №2380).

    Қабрга кираркансиз, ҳол тили билан сизга шундоқ хитоб қилинади:

    Ер бағрини тилиб, ўйдилар,

    Қабр ясаб, сени қўйдилар.

    Ҳисоб учун турганинг онда

    Асқотмагай сенга ҳеч банда.

    Ҳа, энди у онда сизга дунёда қилган амалингиз-у, Абадий Барҳаёт Зотнинг раҳматидан ўзга ҳеч нарса наф бермайди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962