Қабр азоби

    Охират ҳовлиси силсиласи

    الشيخ محمد حسان

    في رحاب الدار الآخرة

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Аммо баъд…

    Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг хайрлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салланинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганларидир, (динда) ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир.

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    «Охират ҳовлиси силсиласи» деб аталмиш ваъз-насиҳат услуби билан илмий асослаш ўртасини, таъсирли воқеа-ҳодисалар билан манҳажийлик ўртасини ўзида бирлаштирган ушбу илмий силсиладан мурод – моддийлик ва шаҳватпарастлик туғён қилган, инсонлар Парвардигори оламнинг тоат-ибодатидан бурилиб кетган ушбу асрда одамларга охиратни эслатишдир.

    Шояд, ғофил огоҳланса, ухлаётган уйқусидан уйғонса, ўлим тўсатдан келиб, уларни кўча-кўйда жанжаллашиб турган пайтларида олиб кетиб қолишидан, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлмай қолишларидан олдин ғафлатдан қутулсалар.

    Ўтган суҳбатимизда маййитнинг жони узилган ва қабрга олиб кетилаётган пайтдаги ҳолатига келиб тўхтаган эдик. «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Маййит тобутга қўйилиб, одамлар уни елкага олишгач, агар солиҳ одам бўлган бўлса: «Мени тезроқ олиб боринглар», дейди. Агар солиҳ бўлмаган бўлса: «Эй, ҳолимга вой бўлсин, қаерга олиб кетаяпсизлар?!», дейди. Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма жонзот эшитади, агар инсон эшитса беҳуш бўлиб қоларди» (Бухорий: №1314, Насоий: 4/41).

    Мана, маййит қабрга ҳам етиб келди.. Келинг, бугун мен сизга қабр ҳақида, унда бўлажак воқеалар, қабр фитнаси ва ундаги ҳолатлар ҳақида сўзлаб берай. Аллоҳ жалла ва алодан сиз-у бизни қабр фитнасидан асрашини сўрайман.

    Одатимизга кўра, бугунги суҳбатимизни қуйидаги моддаларга бўлиб оламиз:

    1. Биринчи: Қабрда бўлажак азоб ва роҳат-фароғатга далиллар.
    2. Иккинчи: Қабр азобига дучор этувчи сабаблар.
    3. Учинчи: Қабр азобидан қутулиш йўллари.

    Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. У бунга Қодир Зотдир.

    Биринчи: Қабрда бўлажак азоб ва роҳат-фароғатга далиллар

    Бугун бизнинг айни мавзуда сўзлашишга ғоят эҳтиёжимиз бор. Зеро, сўнгги пайтларда бу ҳақда ҳар турли гап-сўзлар кўпайиб, қора матбуот саҳифаларида ушбу мавзуга тааллуқли айрим мақолалар ҳам пайдо бўлмоқда. Жумладан, яқиндагина улардан бирида «Қабр азоби: хурофотлар ва афсоналар» номли бир мақола чоп этилибди.

    Муҳтарам профессорлардан бири қаламига мансуб ушбу мақолада даъво қилинишича, қабр азоби ҳақида келган барча ҳадислар хурофот ва афсонадан бошқа нарса эмас экан!! Профессор жанобларининг илми нақадар ғовлаб кетганини кўрсатувчи мана бу жумлаларга эътибор қаратинг: «Қабр азоби ғайб ишидир, Қуръонда пайғамбар ғайбни билмаслиги айтилган». Нақадар мураккаб жаҳолат!!

    Профессорнинг бу сўзларидан шу маъно келиб чиқадики, биз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ғайбга тааллуқли ҳамма ишларни тасдиқламаслигимиз, жумладан Аллоҳга, фаришталарга, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига ва бошқа шу каби ғайбий хабарларга иймон келтирмаслигимиз керак бўлади.

    Бу бечора профессор Парвардигори оламнинг Ўз пайғамбари ҳақида айтган мана бу сўзларини унутган чоғи: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир» (Ван-нажм: 3-7).

    У бечора Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини ўқимаганмикин: «Алиф, лом, мим. (Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун раҳбар-йўлбошчидир» (Бақара: 1-3).

    Муҳтарам профессор ушбу оятларни яна бир сидра ўқиб чиқсалар, яхши бўларди. Зотан, мўминларнинг энг биринчи белгилари ғайбга иймон келтиришдир.

    Яна бир зиёли олим 300 саҳифадан ортиқ семиз бир китоб чиқарибди. Китоб бошидан охиригача қабр азоби ва ундаги неъматларни рад қилишга бағишланган бўлиб, муаллиф нассларни (яъни оят ва ҳадислардан иборат шаръий далилларни) оёғини осмондан қилиб, роса «олим»лик қилган.

    Мен қабр азобини инкор қилувчи бундай «билағон», журъатли «олим»ларга раддия сифатида айтаманки, Имом Қуртубий ва Имом Ҳофиз Ибн Ҳажар улар ҳақида шундай деганлар: «Қабр азобини фақат мулҳидлар (динсиз-атеистлар), зиндиқлар, хаворижлар, айрим муътазилийлар ва фалсафа йўлини тутган кишиларгина инкор қилишди, барча аҳли сунналар уларга мухолиф бўлдилар».

    Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр азоби ҳақдир, уни инкор қилувчи киши адашган ва адаштирувчидир».

    Севикли биродарим! Қуйида мен сизга қабр азоби ҳақлигига ўз ҳавои-хоҳишларидан сўзламайдиган Содиқ ва Масдуқ зотнинг – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – сўзларидан мўл-кўл далиллар олиб келаман. Нега Қуръондан эмас, дейсизми?! Чунки, Қуръон оятларини турлича таъвил қилса бўлади. Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумони хаворижлар билан мунозара қилишга юборганларида унга айтганларидек: «Эй Ибн Аббос! Сиз улар билан Суннат (ҳадислар) билан мунозара қилинг, Қуръон билан эмас. Чунки, Қуръон (ҳар хил таъвилларни) кўтарувчи, кўп жиҳатлар (яъни маънолар) эгасидир».

    Ушбу модда ҳақида сўзлашга киришарканман, уни буюк имомларимиз сўзларидан иқтибос олинган муҳим бир муқаддима билан бошламоқчиман. Энг аввал «Таҳовия ақидаси» шориҳи Имом Ибн Абил-Изз раҳимаҳуллоҳ сўзларини олиб келаман.

    У айтади: «Билингки, қабр азоби барзах азобидир. Ҳар бир инсон вафот этаркан, агар азобга ҳақли бўлса, хоҳ қабрга қўйилсин, хоҳ қабрга қўйилмай, ваҳшийларга ем бўлган, ё куйиб, кулга айланган, ё денгизга чўкиб кетган бўлсин, ўзига тегишли бўлган азобни олмай иложи йўқдир».

    Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадис ҳақида бир фикр қилиб кўринг. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Бир киши ҳаддан ташқари кўп гуноҳлар қилиб, вафоти яқинлашганда фарзандларига васият қилиб айтдики: «Агар вафот этсам, мени куйдиринглар ва кулимни шамолли кунда денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Роббим мен(и қайта тирилтириш)га қодир бўлса, менга ҳеч бир бандасига бермайдиган қаттиқ азоб билан азоб беради». Фарзандлари унинг айтганини қилишди. (Аллоҳ таоло) ерга: «Олган (омонатлар)ингни адо қил», деб буюрди. Шунда у (одамнинг жасади йиғилиб келиб, Аллоҳ ҳузурида) турди. Аллоҳ таоло ундан: «Сени бундай қилишга нима ундади?», деб сўради. «Сендан қўрқишим, эй Роббим», деб жавоб берди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уни мағфират қилди» (Муттафақун алайҳ).

    Ҳадиснинг мавзумизга тааллуқли жойи шуки, Аллоҳ таоло бу бандани жасади куйдирилиб, кули кўкка совурилганидан кейин қайта тирилтирди, оламлар подшоҳининг биргина «Бўл!» амри билан ўша заҳоти у яна қайта инсон шаклига кирди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ олдида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди» (Оли Имрон: 59).

    Аллоҳ таоло айтади: «Ёки бир зот (Узайр пайғамбар) ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди» (Бақара: 259).

    Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Иброҳим: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмайсанми?» деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаманку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўзингга бургин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз қудратли ва ҳикматлидир» (Бақара: 260).

    Аллоҳнинг қудратига чек-чегара йўқ, Уни еру осмондаги бирон нарса ожиз қолдира олмайди. Мавзу муқаддимасини Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг қимматли сўзлари билан якунлайман. У киши айтади:

    Аллоҳ таоло учта ҳовли қилди: дунё ҳовлиси, барзах ҳовлиси ва қарор (ўрнашиш) ҳовлиси. Сўнг ҳар бир ҳовли учун ўзига хос ҳукмларни қилди. Дунё ҳовлисидаги ҳукмларни баданларга жорий бўладиган ва руҳлар унга тобеъ бўладиган қилди. Барзах ҳовлисидаги ҳукмларни руҳларга жорий бўладиган ва баданлар унга тобеъ бўладиган қилди. Қарор ҳовлисидаги ҳукмларни эса ҳам руҳларга, ҳам баданларга жорий бўладиган қилди.

    Яна айтадилар: Билингки, қабрнинг кенглиги ва торлиги, ёруғлиги ва алангаси одамлар бу дунёда билган нарсалар жинсидан эмасдир..

    Сўнг бунга ғоят гўзал ва тушунарли бир мисол келтиради:

    Қаранг, битта тўшакда икки киши ухлаб ётибди. Улардан бири тушида ўзини ноз-неъматлар ичида кўради, уйғонганида ҳам кўрган туши таъсиридан юзи ёришиб, хурсанд бўлиб, сизга тушида кўрган ноз-неъматларни сўзлаб беради. У билан ёнма-ён ётган шериги эса айни шу онларда ўзини азоблар ичида кўраётган бўлиши ва тушидаги азоблар даҳшатидан қўрқиб, уйқусида қаттиқ безовта бўлиши ва ҳатто, дод солиб уйғониб кетиши, сўнг кўрган туши даҳшатидан анчагача ўзига келолмай туриши мумкин.

    Аллоҳ йўлидаги дўстим, сиз бу сўзларни бир тафаккур қилиб кўрдингизми?! Икки киши битта тўшакда ётган ҳолида, бирининг руҳи жаннатда, иккинчисининг руҳи эса дўзахда бўлиши мумкин, ёнма-ён ётган бўлишларига қарамай, бири иккинчисининг ҳолидан бутунлай бехабар бўлади.

    Бу шу дунёнинг ўзида кўриниб турган ишдир. Шундай экан, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган барзах ҳовлисида не синоатлар яширин экан?!

    Ушбу муқаддима ҳақида бироз чуқур фикр юритсангиз, ҳақиқатдан воқиф бўласиз.

    Қолаверса, мен айтаманки, қачон ақл дин ва шариатга ҳоким бўлган экан?!

    Ҳазрат Алийдан Аллоҳ рози бўлсин, у киши айтадилар: «Агар дин иши ақлга кўра бўлганда эди, оёк кийимнинг остига масҳ тортиш устига масҳ тортишдан лойиқроқ эди» (Саҳиҳ, Абу Довуд: №162, Албоний ва Арноут «Жомиъул-усул»да саҳиҳ санаган).

    Қуйида мен қабр азобига доир саҳиҳ ва очиқ далил-ҳужжатларни келтиришга киришарканман, энг аввал бутун дунё муҳаддислари имоми Имом Бухорийнинг «Жанозалар китоби»да тўла бир бобни «Қабр азоби ҳақида келган (ҳадис)лар тўғрисидаги боб» деб номлаган эканига диққатингизни қаратишни истардим. Аслида, шунинг ўзи ҳам етарли саналади. Зотан, ҳадис уламолари сўзларига кўра, Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ини бобларга бўлишда ўта фақиҳ олим эканини исботлаган. Бухорий ушбу боб ичига аввал Қуръондан бир неча оятларни киритган, сўнг бу хусусда келган саҳиҳ ҳадисларни олиб келган. Мен барча аҳли сунна олимлари қабр азоби ҳақлигига далил қилишган биргина оятни келтириш билан кифояланаман.

    Аллоҳ таоло айтади: «Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 45-46).

    Барча аҳли сунна уламолари сўзларига кўра, Аллоҳ таоло бу оятда барзах ҳовлисидаги азобни ва қарор ҳовлисидаги азобни аниқ-тиниқ зикр қилди.

    «Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар)» оятидаги азоб барзах азоби бўлиб, Фиръавн хонадони барзах ҳовлисида эртаю кеч азобга дучор қилинади.

    «(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» оятидаги азоб эса қиёмат кунидаги азобдир.

    Демак, Аллоҳ таоло бу оятда икки азобни – дунё ва охират азобини, барзах ҳовлисидаги ва қарор ҳовлисидаги азобни зикр қилди.

    Мен қабр азобини инкор қилувчилар оғзига мум тишлатиб қўядиган саҳиҳ далилларни келтиришдан олдин бир нарсага огоҳлантиришни истардимки, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки ваҳийни нозил қилган ва бандаларига бу икки ваҳийга иймон келтиришни фарз қилгандир. У иккиси Қуръон ва Саҳиҳ Суннатдир.

    Инкор қилувчилар сўзига қулоқ тутсангиз, улар Қуръон ўзи бизга кифоя қилади (яъни, Қуръонда қабр азоби ҳақида очиқ сўз келмаган), дейишади. Улар ботиллигини исбот қилишга ҳам арзимайдиган бу пуч даъволари билан бизни алдамоқчи бўлишади. Ваҳоланки, фақат ўзларини алдашади.

    Кимда-ким Саҳиҳ Суннатни ёлғон санаса, у ҳеч шубҳасиз, Қуръонни ёлғон санаган бўлади. Ким Суннатни рад қилса, у Қуръонни рад қилган бўлади.

    Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини бир фикрлаб кўринг:

    «Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир» (Ҳашр: 7).

    «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Нисо: 80).

    «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

    «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўшиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36).

    «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 1-2).

    Суннатнинг Қуръонга нисбатан ҳукми уч турлидир.

    Ибнул Қаййим «Иъламул-муваққиъийн»да айтади:

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963