Зулҳижжа ойининг ўн куни фазилатлари ҳақида

     

    Ҳамза ибн Фойиъ ал-Фатҳий
    Исмоил Ёқуб таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон, 102);

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!» (Нисо, 1);

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб, 70-71);

    Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) кейин пайдо қилинганларидир. Ҳар бир кейин пайдо қилинган иш бадъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.

    Мусулмон биродарлар! Аксар одамларнинг дунё ишларида ошиқишини, дунёнинг ранг-баранг матоларига муҳаббат қўйганини кўрамиз. Уларнинг ўткинчи дунёвий манфаатлари ортидан чопишларини, бироқ абадий манфаатлари ва нафис хазиналаридан ғафлатда эканларини кўриб, юрагимиз ачишади.

    Муборак кунлар ва фазилатли соатлар яқинлашмоқда. Бу кунларда амалларнинг савоблари бир неча баробар ортиқ бўлади, уларда даражалар кўтарилади. Бу кунлар Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг шаънини улуғлаш ва аҳамиятини кўрсатиб бериш учун алоҳида тилган олган: «Тонгга қасам, (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Фажр, 1, 2). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат молию жони билан (жиҳодга) чиқиб, ҳеч нарсасиз қайтган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

    Ушбу фазилатли кунлар бизларни амалда жидду-жаҳд қилишга ва ғайрат кўрсатишга чорлайди. Шундай экан, эй мусулмонлар, улардан фойдаланиб қолишга ва уларни солиҳ амаллар билан обод қилишга уринайлик. Мана шундай фазилатли кунлар кириб келса-ю, одамлар бундан бехабар, на яхшиликларга ошиқмай, на ёмонликлардан тийилмай, дунё билан овора бўлиб, у кунларни ғафлатда ўтказсалар, жуда ачинарли бўлади.

    Инсон молини кўпайтирса-ю, амалини кўпайтирмаса, ғафлатини зиёда қилса-ю, охиратдаги мартабасини зиёда қилмаса, фонийда ошиқса-ю, боқийга ошиқмаса!

    Одамлар ташвиши – ҳаёт ўтса бас,

    Ахир эзгуликсиз ўтган умр абас!

    Солиҳ амалга тенг зоди роҳила,

    Тополмас ҳар қанча қидириб ҳеч кас!

    Ўтиб бораётган ҳар бир соат умрингиздан бир бўлагини узиб кетмоқда, ушбу вақтларни зое қилиш ўзлигингизни зое қилиш ва ҳасратингизни орттириш демакдир.

    Абул Фараж ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одамларга боқиб, вақтларини қандай кетказаётганларидан ажабланаман. Тун узун бўлса, бефойда гап-сўзлар билан ё ишқ-муҳаббат мавзусидаги китоблар ўқиш билан, кундуз узун бўлса, уйқу билан ўтказадилар. Кун бўйи Дижлада ё бозорларда санғийдилар. Мен уларни чексиз уммонда номаълум томонга қараб олиб кетаётган кемада ҳеч нарсадан бехабар сўзлашиб бораётган кишиларга ўхшатаман. Жуда озчилик кишиларгина тириклик маъносини англаганини кўрдим. Улар охиратга озуқа ҳозирлаш ва сафарга тайёрланиш билан оворалар. Бироқ улар ҳам бир-бирларидан тафовутлидирлар. Тафовутлари сабаби илмларининг камлиги ё кўплигидандир. Ғофиллари тўғри келган нарсани елкаларига ортганлар ва кўпинча яхшилиги бўлмаган нарса билан қувониб юрадилар.. Қанча-қанча инсонлар йўлда қароқчига учраб, бор-будидан айрилиб қолади.. Шундоқ экан, умр мавсумини беҳуда ўтказиб юборишдан сақланингиз, фурсат ўтиб кетмасидан амалга ошиқингиз, илм ўқингиз, ҳикмат ўрганингиз, замон билан беллашингиз, нафслар билан олишингиз, озуқани кўпайтирингиз!»

    Мўмин биродарлар! Зулҳижжа ойининг ўн куни амалга берилиш ва ошиқиш кунлардир, зафар, саодат ва нажотга эришиш кунларидир. Шундай экан, уларни қўлдан бой берманг, уларни Аллоҳ таолонинг тоат-ибодати билан бойитиб олинг.

    Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бахтли киши – ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билган ҳамда уларда бўлган вазифа ва тоатлар орқали Хожасига қурбат ҳосил қилган кишидир. Шояд, у ўшаларда бўлган ажру-савоблардан насибадор бўлиб, саодатга эришса ва охиратда дўзах азобидан омонликда бўлса».

    Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло дунё аҳлига чиқарган ҳар бир кун борки, «Эй одамзот, мени ғанимат бил, эҳтимол мен сен учун охирги кундирман», деб нидо қилади. Ва ҳар бир тун борки, «Эй одамзот, мени ғанимат бил, эҳтимол мен сен учун охирги тундирман», деб нидо қилади».

    Муҳтарам биродарлар! Ушбу муборак ўн кунликни тоатлар ва солиҳ амаллар билан обод қилиш суннатдир. Жумладан, Зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш мустаҳабдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда солиҳ амаллар қилишга ундаганлар, рўза эса энг афзал амаллардан саналади. Саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзани лозим тут, зеро унга тенг (амал) йўқ», деганлар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: «(Ушбу кунлар) рўзасини тутиш таъкидли мустаҳабдир», деганлар. Аммо авом халқ орасида, айниқса аёллар ичида машҳур бўлган уч кунлик рўза, яъни еттинчи, саккизинчи, тўққизинчи кунларни рўзага хослаш асли-асоси йўқ ишдир. Аммо Арафа кунининг рўзаси таъкидлангандир. Чунки бу куннинг ўзига хос фазли бор. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилганидек, «у ўтган йилги ҳамда йилнинг қолган қисмидаги гуноҳларга каффорат бўлади».

    Такбир айтиш ҳам ушбу ўн кунликдаги суннат амаллар жумласига киради. Бу кунларда такбир (аллоҳу акбар), ҳамд (алҳамдулиллаҳ) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) айтиш суннатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича: «Ҳеч бир кунларда қилинган амал ушбу кунлардаги амалдан улуғроқ ва суюмлироқ бўлмайди. Шундай экан, у кунларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар».

    Такбирни масжидларда, йўлларда, бозорларда ва Аллоҳни зикр қилиш мумкин бўлган ҳамма жойларда айтиш мустаҳабдир. Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд». Такбирнинг бундан бошқа кўринишлари ҳам бор.

    «Ал-муғний»да айтилади: «Қозий айтади: Азҳода (қурбон ҳайитида) такбир муқайяд (чекланган) ва мутлаққа (чекланмаганга) бўлинади. Муқайяди намозлардан кейинги такбир, мутлақи эса ҳамма ҳолатда, бозорларда ва ҳамма вақтда айтиладиган такбирдир».

    Ҳозирги даврда такбир айтиш деярли унутилган суннатлардан бўлиб қолди. Ушбу ўн кунликда уни камдан-кам одам айтаётганига гувоҳ бўласиз. Аслида, суннатни тирилтириш ва ғофилларга эслатиш учун уни овоз чиқариб айтиш керак. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум зулҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Уларнинг такбирини эшитиб, одамлар ҳам такбир айтишарди.

    Ҳаж ва умра амалларини адо этиш ҳам ушбу ўн кунликдаги амаллар сирасига киради. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир», деганлар.

    Ушбу ўн кунликда ҳар қандай солиҳ амалларни – намоз, зикр, Қуръон ўқиш, дуо, садақа, силаи раҳм, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш каби ишларни кўп қилиш мустаҳабдир.

    Ундан ташқари, қурбонлик бўғизлаш ҳам ушбу ўн кунликдаги солиҳ амаллар жумласига киради. Имкони бор мусулмон уни тарк қилиши яхши эмас.

    Муҳтарам биродарлар! Аллоҳга холис тавба қилиш, гуноҳлардан астойдил тийилиш ҳам ушбу ўн кунликда ва бошқа пайтларда ҳам шошилиш лозим бўлган яхши амаллар қаторига киради. Аллоҳ таоло айтади:

    «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим, 8);

    «Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот, 11).

    Бу кунларда қилинган тавба зафар ва муваффақият йўлидир. Чунки бу кунлар яхшиликлар мавсумидир. Инсонлар бу кунларда рўза, такбир, ҳаж, қурбонлик каби улуғ амалларга бевосита киришган бўлади. Бас, ҳаромлардан тийилиш, бировларга қилинган ноҳақ зулмлардан қутулиб олиш, ҳақларни ўз эгаларига қайтариш, фаҳшу мункардан ва шармандали ҳолатлардан узоқ бўлиш билан чин тавба қилиб қолишга шошилингиз! Аллоҳ таоло айтади: «Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки ана ўша (киши) нажот топувчилардан бўлур» (Қасас, 67).

    Аллоҳга тавба қилиш банда учун иззат, шараф ва кароматдир, банда шу билан саодатга эришади, шу билан шодланади, шу билан фойда топади. У саодат эшикларидан катта бир эшикдир. У билан ҳасанотларга эришилади, у билан ёмонликлар тўкилади, у билан ризқ ёғилади, омад ва муваффақият давомли бўлиб, бадбахтлик ва ғамгинлик кетади.

    Имом Муслим «Саҳиҳ»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади ва кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш мағрибдан (ботадиган томонидан) чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», дедилар.

    Шундай экан, эй биродар, тавба, истиғфор ва кўп яхшиликлар қилиш билан Раббингизнинг тоатига шошилинг. Зеро, ғанимат пайтлар остонасида турибсиз, пайсалга солиш ва кечиктиришдан сақланинг. «Саҳиҳи Муслим»да келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Мен бир кунда юз марта тавба-истиғфор айтаман», деганлар.

    «Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ бандасининг тавбасидан сизларнинг биронтангиз бепоён – кимсасиз чўлда туясини йўқотиб, кейин топиб олгандан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади», деганлар.

    Эй мусулмонлар, Аллоҳ бандаларининг тавба қилишларидан ва Унга қайтишларидан хурсанд бўлади. Вақт борида тавба қилиб қолинг, ғафлат ва сусткашликдан ҳазир бўлинг!

    Эй ақл кўзи очиқ бўлиб, инсон умрини, одамларнинг ҳаётларини кузатган, ўлимларига гувоҳ бўлиб, жанозаларида иштирок этган, хурсандчилигу ғам-аламларига шерик бўлган инсон! Тавбани қачонга олиб қўйдинг?! Токай тоатдан ғофилсан?! Қачонгача маъсиятларга чопасан, тоатдан бўйин товлайсан, тавбага бўйин эгмайсан?! Панд-насиҳатлар эшитгансан, Қуръон ўқигансан, ўлимни кўргансан. Токай даъватга ижобат қилишга қайсарлик қиласан?! «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (Таҳрим, 8).

    Эй мусулмонлар! Ортимизда жуда оғир кун турибди. Ўша кунга яхшилаб ҳозирланиб олайлик. У кунда фақат икки гуруҳ – саодат аҳли ва бахтсизлик аҳли гуруҳлари бўлади. Кимлардир саодатга эришади, яна кимлардир бахтсизликка юз тутади.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр, 18).

    06/11/2009

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963