Ҳайит куни одобларидан


    Азиз биродарим, барча ибодатларимизда биз учун энг гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олганимиздек, ҳайит куни қиладиган амалларимизни ҳам ул зотникидек қилишга интилайлик.

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ийд куни эрталаб ғусл қилар эдилар. Сўнгра чиройли кийимларини кийяр ва хушбўйланар эдилар. Намозгоҳга чиқишларидан аввал бир нечта хурмо ердилар. Хурмони тоқ ердилар. Агар хурмо топа олмасангиз, бирор ширинлик есангиз ҳам бўлади.

    Намозгоҳга пиёда юриб борар, бир йўлдан борсалар бошқасидан қайтиб келар эдилар. Ҳайитдан олдинги куни куёш ботишидан бошлаб то ҳайит намозини ўқигунларича такбир айтар эдилар. Аллоҳ таъоло деди: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара, 185) Такбирлари: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, Аллоху акбар ва лиллаҳил ҳамд» эди. Бу такбирни уйда ҳам, кўчада ҳам, хатто бозорларда ҳам баралла айтиш суннатдир.

    Намозгоҳга боришда ҳам, келишда ҳам шошмасдан, виқор билан, бировларга озор бермасдан юринг. Ҳаром нарсаларга қарашдан кўзингизни сақланг. Агар ийд намози масжидда ўқиладиган бўлса, масжидга эртароқ бориб, аввалги сафларда намоз ўқишга ҳаракат қилинг. Намоз бошлангунига қадар такбир айтишда астойдил бўлинг. Намоздан сўнг имомнинг хутбасига қулоқ тутинг, хутба тугагач ён атрофингиздаги мусулмон биродарларни «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам тоатларни қабул айласин», деб муборакбод килинг.

    Бу кунда ота-она, қариндош-уруғ ва ёр-биродарларни зиёрат қилиш мақсадга мувофиқдир.

    Ҳайитни чиройли, шод-хуррамлик билан ўтказиб олганингиздан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан Шаввол ойидан олти кун рўза тутинг: «Ким Рамазон рўзасига Шавволдан олти кун рўзани эргаштириб қўйса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади». Бу рўзани тезроқ тутиб қўймоқчи бўлсангиз ҳайитнинг иккинчи кунидан бошлаб тутишингиз мумкин. Биринчи ҳайит куни рўза тутиш харомдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар икки ҳайитнинг биринчи кунида рўза тутишдан қайтарганлар. Бу олти кунни Шаввол ойи давомида тутиш жоиз саналади. Унда пайдар-пайлик шарт эмас. Рамазон рўзасидан қарзи бор опа-сингилларимиз аввало қарзларини тутиб, кейин Шаввол рўзасини тутганлари яхши. Аммо қазоларини тутишлари сабабли Шаввол тугаб колиш эҳтимоли бўлса, қазоларини кечиктириб, Шавволнинг олти кунини тутишлари афзал. Чунки Шаввол рўзаси фақат Шавволда тутилади уни қазо килиб бўлмайди. Рамазоннинг қазосини келгуси Рамазонгача тутиб берсалар бўлаверади. Валлоҳу аълам.

    Парвардигоримиз Аллоҳдан бу улуғ айёмларни келгуси йилларда хам баракотлари ила бизга қайтаришини, ҳаммаларимизни келгуси Рамазонга соғ-саломат, мустаҳкам иймонла еткизишини ёлвориб сўраймиз. Эй Аллоҳ, дуойимизни қабул эт!

    Аллоҳ йўлидаги биродарингиз Неъматуллоҳ Ҳомидов (Абдулҳафиз Домла раҳимаҳулоҳ)

    2003 йил

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963