Таҳажжуд намози (1)

    Аҳмад Собит

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Намозни мўминларга роҳат, тақводорларга хотиржамлик ва ёлғизларга нур қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

    Таҳажжуд намозини ўқувчиларнинг имоми, руку ва сажда қилувчиларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли-оиласи, саҳобалари ҳамда уларга қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган кишиларга салавоту саломлар бўлсин.

    Дарҳақиқат, таҳажжуд намозини ўқиш солиҳ кишиларнинг одати, мўминларнинг тижорати ва нажот топувчиларнинг амалидир.

    Тунда мўминлар Раб таоло билан холи қоладилар, Яратганга юзланиб, ўзларининг ночор ҳолларини шикоят қиладилар ва Унинг фазлу марҳаматидан сўрайдилар.

    Қалблари Рабларининг олдида ҳозир, Яратганнинг муножотига бел боғлаган, раҳмат шабадаларидан тин олиб, бу яқинлик нуридан ўзгача қувват ҳосил қилган ҳолда бандаларига саховати кенг бўлган Зотга тавба-тазарру ила ёлворадилар.

    Қуръони карим таҳажжуд ҳақида

    Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойларидан узоқ бўлади» (Сажда, 16). Мужоҳид ва Ҳасан Басрий раҳимаҳумаллоҳ: «Бу оят таҳажжуд ҳақида», деганлар. Ибн Касир «Тафсир»да: «Бу оятда таҳажжуд намози ўқиш ва тўшакда ухлаб ётмаслик назарда тутилган», деган.

    Абдулҳақ Ишбилий раҳимаҳуллоҳ: «Яъни, Аллоҳнинг таҳдидидан қўрққанлари ва жаннат ваъдасидан умид қилганлари учун уларнинг ёнбошлари тўшакда қарор топмайди», дейди.

    Аллоҳ таоло таҳажжуд намозини ўқувчилар ҳақида бундай дейди: «У муҳсинлар тунлари жуда кам ухлар, Парвардигорларига ибодат қилиб, намоз ўқир, кечанинг охири саҳар пайтида гуноҳлари учун Аллоҳга истиғфор айтар эдилар» (Зориёт, 17-18). Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: «Улар тунда намоз ўқиган ва намозни дуою истиғфор ила саҳаргача давом эттирган кишилардир», деган.

    Аллоҳ таоло бошқа оятда айтади: «(Кофирлигидан ҳузурланиб яшаётган ўша кофир яхшироқми) ёки Раббига тоат-ибодат қилаётган, тунларини намозда тик туриб ва саждалар қилиб ўтказаётган, охират азобидан қўрқадиган, Раббининг раҳматини умид қиладиган киши яхшироқми? Эй Расул, айтинг, Парвардигорларини ва ҳақ динларини биладиган кишилар билан ҳеч нарсани билмайдиган кимсалар тенг бўладими? (Йўқ, тенг бўлмайди.) Фақат соғлом ақлли кишиларгина панду насиҳат олади» (Зумар, 9).

    Яъни, шундай сифатларга эга киши билан тунда ухлаб ўзини зое қилган, Раббининг ваъдаси ва тахдидини билмаган кимса баробар бўладими?!

    Ҳадиси шарифлар тунги намоз ҳақида

    Мусулмон биродарим!

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозига тарғиб қилиб, бундай деганлар: «Таҳажжуд намозида бардавом бўлинглар. Зеро, у сизлардан аввалги солиҳ кишилар одати, Аллоҳга қурбат, ёмонликларга каффорат, гуноҳлардан қайтарувчи ва танадан касалликни кетказувчи амалдир»[1].

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар ҳақида: «Тунда намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандай яхши банда бўлар эди-я!» дедилар[2]. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Солим айтади: «Шундан сўнг Абдуллоҳ тунда жуда оз ухлайдиган бўлди».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда шундай олий бинолар (қасрлар) борки, уларнинг ичидан ташқариси, ташқарисидан ичи кўриниб туради». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, у бинолар кимлар учун?» деб сўрашди. У зот: «Улар яхши гапни сўзлаган, (мискинларга) таом едирган ва одамлар уйқуда бўлган пайт кечани тоат-ибодат билан ўтказган зотлар учундир», деб жавоб бердилар[3].

    Яна бир ҳадисда бундай деганлар: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссаллом келиб, бундай деди: «Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, барибир ўласиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, албатта ундан ажраласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг, батаҳқиқ у ҳақда сўраласиз. Билингки, мўмин кишининг шарафи таҳажжуд намозини ўқиши, азизлиги эса инсонлардан беҳожат бўлишидир»[4].

    Бошқа ҳадисда бундай деганлар: «Ким тунда ўн оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким юз оят билан намоз ўқиса, узоқ ибодат қилувчилардан деб ёзилади. Ким минг оят билан намоз ўқиса, «муқонтирин»лардан деб ёзилади»[5].

    Муқонтиринлар – тоғдек улкан ажрга эга кишилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида кечаси ётиб, тонг отгунча ухлаган киши ҳақида айтилди. Шунда у зот: «У қулоқларига шайтон бавл қилиб қўйган кишидир!» дедилар[6].

    Яна бир ривоятда: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир», деганлар.

    [1] Аҳмад ва Термизий ривояти, Албоний саҳиҳ деган.
    [2] Бухорий ва Муслим ривояти.
    [3] Табароний ва Ҳоким ривояти, Албоний саҳиҳ деган.
    [4] Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Мунзирий ва Албоний ҳадисни ҳасан деган.
    [5] Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган.
    [6] Бухорий ва Муслим ривояти.

    Таҳажжуд намози (2) >>

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962