Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
    Абдулҳафиз домла (раҳимаҳуллоҳ) таржимаси

    Одамлар учун яшаш қулайликлари қанча кўпайса ва улар дунё халқлари билан қанча кўп алоқа қилсалар, уларга ёмонлик эшиклари шунча кўп очилади. Дабдаба ва фаровон ҳаёт инсонни бузади. Чунки инсон дабдабага ва танасини яйратишга эътибор қаратса, қалбини парвариш қилишни эсдан чиқаради. Унинг энг катта мақсади эртага қуртларга ем бўладиган, сасиб кетадиган жасадни парваришлаш бўлиб қолади. Мана шу айни балодир. Бугун одамларга зарар берган нарса айнан шудир. Кимга қулоқ солманг, албатта ундан: “Қасримиз (уйимиз) қандай бўлсайкин? Мошинамиз қанақа марка бўлсайкин? Қанақа мебел олсак экан? Нима овқат есак экан?” – деяётганини эшитасиз!

    Бу бало оддий одамлар қолиб, шаръий илм ўрганаётган кишиларга ҳам етган. Улардан айримлари дунё топишга восита бўладиган бирор мансаб ё мартабага эришиш учун ўқийди. Гўёки инсон улуғ вазифа учун яралмагандек! Аслида дунё ва унинг ноз-неъматлари бир восита, холос. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан сизу бизларни дунёдан воситадек фойдаланишимизга муваффақ қилишини сўрайман.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ қуйидаги маънода сўз айтганлар: “Одам мол-дунёни худди эшакни миниш учун, ҳожатхонани ҳожат ўташ учун ишлатгани каби ишлатиши керак”. Ана шундай қилганлар мол-дунёнинг ҳақиқатини ва унинг ҳақиқий қадрини билган одамлардир.

    Сиз мол-дунёни ва пул топишни асосий мақсадингиз қилиб олманг. Мол-дунёни эшакни мингандек мининг. Агар сиз мол-дунёни минмасангиз, у сизни минади ва фикру зикрингиз дунё топиш бўлиб қолади.

    Шунинг учун ҳам айтамиз: Одамларга дунё эшиклари қанча кўп очилса ва улар унга қарай бошласалар, улар дунёдан қанча топсалар, охиратдан шунчасини бой берадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳга қасам, мен сизларга камбағаллик етишидан қўрқмайман. Аксинча, худди сизлардан олдингиларга мўл-кўл дунё ато этилганидек сизларга ҳам мўл-кўл бойлик берилишидан, улар бу борада кимўзар ўйнаганларидек сизлар ҳам кимўзар ўйнашингиздан, охир-оқибат, дунё уларни ҳалок қилганидек сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман” (Бухорий ривояти, 3158-ҳадис).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари нақадар тўғри! Айни шу нарса бугун одамларни ҳалак қилди. Бугун улар дунёвий ишлардан кимўзар ўйнаш билан ҳалаклар. Гўёки дунё улар учун эмас, улар дунё учун яратилгандек. Улар ўзлари у учун яратилган нарсани қўйиб, ўзлари учун яратилган нарса билан овора бўлиб қолдилар. Бу йўлдан озишнинг бир кўринишидир, Аллоҳ сақласин!

    «Риёзус солиҳийн» шарҳидан

    Манба: www.islomnuri.com

    [1] Ниқмат – бало, азоб.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963