Болаларни Қуръонга боғлашнинг баъзи кўринишлари

    Болаларни Қуръонга боғлашнинг баъзи кўринишлари

    Арабчадан Абдуллоҳ Шариф таржимаси
    Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири

    Кўзланган мақсадлар:

    1- Болани Қуръонга муҳаббатли қилиб тарбиялаш.

    2 – Болага Қуръон ёдлаш усулларини осонлаштириш.

    Бу режаларнинг ҳар бири беш-ўн дақиқадан ортиқ вақт олмайди.

    Бу режалар боланинг кундалик шароитига муносиб равишда давомий ва такрорий қўлланиши ижобий натижа беради. Ота-оналардан бу борада фарзандларига кўмак этишлари талаб қилинади. Хусусан она бу ишга қаттиқ эътибор қаратиши керак. Чунки, она кўп вақт фарзандлари билан бирга.

    1 – Ҳомиладор чоғингизда Қуръон тиловатини кўп тингланг.

    Бола онанинг қорнида экан онанинг руҳий ҳолатидан ва у яшаб турган муҳитдан таъсирланади. Агар она Қуръонни давомий эшитадиган бўлса, шаксиз у кўтарингки руҳда бўлади. Бу эса ўз ўрнида болага таъсирини ўтказади. Чунки, Қуръон ўз тингловчисига руҳий таъсирини ўтказмай қўймайди. Қуръон нафақат араб тилини пухта биладиганларга, балки араб тилини умуман тушунмайдиганларга ҳам таъсир қилади.

    Ҳомиладорлик пайтингизда Қуръон тиловатини тинглаб, ундан олган роҳатингиз ҳомилангиз учун ҳам роҳат бағишлайди. Озгина бўлса ҳам Қуръон тинглашингиз сиз ва ҳомилангиз учун кун бўйи таъсир қилади.

    2 – Чақалоғингиз эмизикли чоғида ҳам Қуръон тиловатини тингланг.

    Чунки, эмизикли гўдак атроф муҳитдан таъсирланишини илм-фан исбот қилган. Зеро, чақалоқнинг эшитиш ҳиссиёти ишга тушиб бўлган. Шунинг учун болага ҳар куни беш-ўн дақиқа Қуръон эшиттириш – мас, эрталаб беш, кечқурун беш дақиқа – кейинчалик Қуръонни осон ёдлашига ёрдам беради.

    3 – Болангиз олдида Қуръон ўқинг.

    Бу услуб болада тақлид маҳоратини оширади. Зеро, тақлид қилиш инсон қонида бор. Болангиз олдида ёки у билан бирга Қуръон ўқишингиз уни Қуръонга меҳрли қилиб тарбиялайди. Бу услуб ўзингиз Қуръон ўқимаган ҳолингизда болангизга Қуръон ўқишни буюришингиздан кўра самаралироқдир.

    Агар ота-оналар фарзандлари билан бирга ўтириб озгина вақт бўлсада Қуръон ўқисалар эди, кўзланган натижага тезроқ эришилган бўларди.

    4 – Фарзандингизга Қуръон ҳадя этинг.

    Фарзандингизнинг ўзига хослаб бир Қуръон китоби – Мусҳаф ҳадя этишингиз боладаги эгадорлик табиатига мутаносиб иш. Бу хусусият болаларда кўпроқ ўйинчоққа тааллуқли бўлсада, бошқа нарсаларга эгадорлик қилиш хусусияти ҳам йўқ эмас. Демак, фарзандингизни ўзи учун хос бўлган мусҳафга боғлаб қўйинг. Бола хоҳлаган пайт мусҳафини қўлига олиб ўқий оладиган бўлсин.

    5 – Қуръондан қанчадир қисмини ёд олган маҳал унга кичкина бўлсада хурсандчилик-тантана қилиб беринг. (Шартли боғланиш)

    Бу болага ёқтирган нарсасини муҳайё қилиш орқали уни Қуръонга боғлаш услубидир. Бундай тантана бола – у билан аввалдан келишилган Қуръондан муайян бир миқдорни ёдалаб тугатганда қилинади. Бола шартга вафо қилгани учун тантанали равишда унга совға тақдим этилади. Шубҳасиз бу услуб болани ҳам, Қуръон ёдалаётган ўқувчини ҳам ҳатто ёши катталарни ҳам Қуръон ёдлашга рағбатлантиради.

    6 – Болага Қуръон қиссаларидан айтиб беринг.

    Болалар қисса тинглашни яхши кўрадилар. Шунинг учун фарзандингизга Қуръонда келган қиссалардан унинг ақлига яраша услубда айтиб беринг. Болани Қуръонга боғлаш учун қисса Қуръонда қандай келган бўлса, шундайлигича айтилиши лозим. Қиссанинг якунида Қуръонда келган қисса оятлари ўқиб берилса, боғлаш янада мукаммал бўлади.

    7 – Кундалик ҳаётимизда қўлланадиган сўзларни Қуръон оятларида келган сўзларга боғланг.

    Бундай сўзларга мисол: сув, осмон, ер, қуёш, кеча, кундуз, хурмо, узум, ўргимчак ва бошқа сўзлар.

    Бу усулни қўллаш учун масалан, боладан осмон ҳақида келган оятни айтиб беришини сўрашингиз мумкин, ваҳоказо.

    * Бу банд араб тилини тушуна оладиган болалар учун.

    8 – Бу сўз қаерда келган мусобақаси?

    Аннос ёки фалақ сўзи ёки булардан бошқа сўзларни қаерда келган, деб болаларингизга савол беришингиз мумкин.

    9 – Қуръонни фарзандингиз учун ажралмас дўст қилиб қўйинг.

    Бу услубни Қуръоннинг «Амма» порасини унинг қўл сумкасига солиб қўйиш орқали татбиқ қилишингиз мумкин. Чунки, бу болани Қуръонга боғлаб, унга хотиржамлик беради. Бу хусусан тушкунлик ва қўрқув маҳали жуда ҳам қўл келади. Модомики қўлида Қуръон бор экан безовталикка ҳожат йўқ.

    10- Қуръон ўқиш ва Қуръон илмига оид дарслар берадиган тармоқларга боғлаб қўйинг.

    Фарзандингизни Қуръонга хосланган телеканаллар, компютер ва планшетдаги Қуръон дастурларига боғланг. Бу услуб болани ўқиш ва ёдлашга ва бу борада тенгдошлари билан мусобақалашишга ундайди. Агар у тинглаётган ёки томоша қилаётган қорилар ва мусобақа иштирокчилари фарзандингизнинг тенгқурлари бўлсалар ва айниқса унинг жинсидан бўлсалар, сен ҳам ўқисанг ана шулардек, балки улардан ҳам пухтароқ қорилардан бўласан деб болада ишонч ҳосил қилинг.

    11 – Мусобақаларда қатнашишга қизиқтиринг. Масалан, уйда, масжидда, ёки шаҳар бўйича ўтказиладиган мусобақаларга қатнашишга рағбатлантиринг.

    Мусобақалашиш ёш болаларнинг табиатларида мавжуд хислат. Бу хислатни Қуръони каримни ёдлашга йўналтириб юбориш мумкин. Зеро, бола якка ҳолда Қуръон ўқишни ёки Қуръон ёдлашни кўп ҳам ёқтирвермайди. Лекин мусобақага қўшилса, тенгдошларидан ўзиб кетиб, мукофотни қўлга киритишга жудаям ошиқади. Инсон ёшлик чоғида моддий нарсаларга қизиқади, ёши улғайган сари маънавий нарсаларга қизиши ортиб боради. Мукофотлар, ҳадялар моддий нарсалар бўлиб болани Қуръон ёдлашга чорлайди. Аввалига Қуръон ёдлаши мукофот ва ҳадялар учун бўлса, кейинчалик Қуръоннинг юксак маънавий томонларини англай бошлайди. Шунингдек бу мусобақалар турли босқичлардан иборат бўлгани боис Қуръонни давомий такрорлаш ва ёдлашга чорлайди, ҳатто у бир порани тугатса яна қайтадан ўқийдиган бўлиб қолади. Қуръон ёдлаш учун ўзига режа тузиб олади. Бундан ташқари мусобақачилар билан аралашуви унга ғайрат бағишлаб, улар билан мусобақалашишга чорлайди. Мабодо дангасалиги тутиб қолса ва ҳиммати пасайса, шериклари ундан ўзиб кетишлари хаёлига келиши билан дарҳол ўқишга киришади.

    12 – Болангизнинг Қуръон ўқишини ёзиб олинг ва ўзига қайтариб эшиттиринг.

    Бу услуб болани қуръон ёдлаш йўлида бардавомийликка ундайди. У ўз тиловати тинглаш билан ўзини машҳур қорилардек ҳис қилади ва янада чиройли ва хатосиз ўқишга ҳаракат қилади.

    13 – Болангизни мактаб радиосида ва йиғинларида Қуръон тиловати билан иштирок этишга рағбатлантиринг. Мактаб радиосида ва линейкада Қуръон тиловати билан иштирок этиши уни бировлар олдида уялмасдан Қуръон тиловат қилишга чиниқтириш билан бирга ёдлаган сураларини мустаҳкамлайди. Хусусан унинг тиловатини ўқитувчиси ёки синфдошлари мақтаса унинг Қуръонга нисбатан қизиқиши янада ортади. Ота-оналар фарзандларидаги хатоларни тузатиш мақсадида мактаб ўқитувчилари ва масъуллари билан доимо алоқада бўлиб турсалар, бола бу иш муҳим эканини идрок қилади ва унга эътиборни кучайтиради.

    (*Бу банд келжакка орзу сифатида киритилди. Бироқ, араб ва аксар исломий давлатларда бу оддий ҳол. Советлар тузумининг таъсири остида яшаётган “Исломий давлатлар”да эса етти ухлаб тушга кирмайдиган ҳол. Аллоҳ ер юзидаги барча мусулмонларга раҳм қилсин!)

    14 – Фарзандингизни намозда имом бўлишга чорланг, хусусан таровиҳ каби нафл намозларда.

    Буни она-бола биргаликда татбиқ қилиши мумкин. Болалар галма-гал бир-бирларига имом бўлиб намоз ўқишлари ҳам мумкин. Балоғатга етмаган бола Қуръондан ёдлаган бўлса, катталарга нафл намозларда аёлларга эса фарз намозларда ҳам имомлик қилиши дуруст бўлади.

    15 – Масжиддаги Қуръон таълими ҳалақаларига юборинг.

    Агар масжидда Қуръон ҳалқаси бўлмаса, фарзандингизни бирор устозга боғланг. Бу жуда муҳим. Чунки у тенгдошларидан қолиб кетмаслик учун улар билан мусобақалашишга интилади. Бундан ташқари қироат ва тажвид маҳоратларини ҳам касб этади.

    16 – Болани олимлар билан ҳамсуҳбат қилинг.

    Болани уламоларга яқинлаштириш ундаги қўрқиш, уятчанлик ва хижолатчилик иллатини йўқотади. Катталар билан муомала қилишни ўрганади. Уламоларга савол бериш одобларини таълим олади. Қанчадан-қанча олимлар мана шу йўсинда етишиб чиққанлар.

    Бу услублардан қандай фойдаланамиз.

    1 – Барча услубларни жадвал қилиб ёзинг.

    2 – Услубларни татбиқ қилиш ўрнига қараб тақсимланг: енгил ва татбиқ қилиш осон бўлганларини биринчи ёзинг ва шу шаклда тартибланг.

    3 – Камида учта услубни бир пайтда қўлланг. Сўнг боланинг ўзлаштиришини кузатинг.

    4 – Боланинг ўзлаштиришига ва тоқатига қараб қолган услубларни қўшинг.

    Шу билан сўзимизга якун ясаймиз, Аллоҳ билувчироқ зот. Пайғамбаримиз Муҳаммадга ва у зотнинг аҳли байтларига ҳамда жамики саҳобаларга Аллоҳнинг саломи ва солавотлари бўлсин.

    Бу маълумотларни тарқатганларни Аллоҳ таоло ажру мукофотлар билан сийласин. Албатта Аллоҳ яхшиликларга муваффақ қилувчидир.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962