Айюб ва Юнус алайҳимассаломларнинг қиссалари

    1. Айюбнинг қиссаси фарқли қиссадир

    Айюбнинг қиссаси Қуръон Каримда ўзига хос фарқли қиссадир. У қисса Аллоҳ неъматларининг сабрли, шукронлар келтирган мўмин бандалари ва Севимли пайғамбарларида кўриниш қиссасидир. Айюбнинг ҳисобсиз молу қўйлари, туялари, ерлари ва севимли фарзандлари бор эди. Айюб шу нарсаларда синалди ва уларнинг ҳаммаси қўлидан кетди. Кейинроқ эса баданида синалди: танасида Аллоҳни зикр қиладиган тили ва қалбидан бошқа барча аъзолари касалланди. У шаҳарнинг бир четида яккаланди. Ёнида унга меҳрибонлик қиладиган хотинидан бошқа кимса қолмади. Хотини ҳам муҳтож бўлгани учун бировларнинг хизматларини қилиш учун кетар эди (Бу жумлалар аллома ибн Касирнинг тафсиридан иқтибос қилинди).

    2. Айюбнинг сабри

    Шундай бўлишига қарамай Айюб қаноатли, шукронали бўлиб, тили зикру шукр билан машғул, шикоят ва ғазаб қилмас эди. У узоқ йиллар шу аҳволда ,балога сабр қилиб қолиб кетди.

    3. Машаққат устига машаққат

    Аллоҳ ирода қилган синов, мақомларнинг юксалиши ва қазога рози бўлиш ниҳоясига етгач, Аллоҳ уни ожизлиги, мусибати, паноҳ Аллоҳдангина экани, Аллоҳгина барча нарсага қодирлигини ифодалаган мақбул дуони қилишга илҳомлантирди. Аллоҳ таоло бу дуодан сўнг унинг баданига, оиласига офият берди, молу дунёсини қайтарди сўнг барака ато этди. Унинг қўл остидаги мулки битмас-туганмас даражада кўпайди.

    Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад)… Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг). Биз унинг (дуосини) қабул қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик. (Анбиё: 83,84)

    4. Юнус алайҳиссаломнинг қиссаси

    Юнус алайҳиссаломнинг қиссаси Аллоҳнинг қудрати, бандаларига бўлган лутфи карами, барча нарсалардан умид узилиб, ноумидлик ва зулмат қамраб олганда, барча эшиклар ёпилиб, нур, ҳаво ва умид қолмай, ўлим ҳар тарафдан қисиб келган бир пайтда Унинг бандаларига ёрдам берши ва раҳмли илоҳий куч ва қудрат намоён бўлиб, заиф инсонни ўлиши муқаррар бўлиб турган арслоннинг оғзидан ҳам чиқариши, инсон худди ўз уйида, бола-чақаси билан кўрпасига ўраниб ётгандек парчаланмай, саломат чиқиб келишини исботлаш мақомида, Айюбнинг қиссасига боғланиб келади.

    5. Юнус қавми ўртасида

    Юнуснинг қиссаси қуйидагича: уни Аллоҳ таоло «Нийнаво» исмли шаҳарга пайғамбар қилиб юборди. У қавмини Аллоҳ таолонинг йўлига даъват этди. Лекин улар бу даъватдан бош тортиб, куфрларида давом этдилар. Бундан аччиқланган Юнус қавмидан ажралиб кетди ва уч кундан сўнг азоб келади деб хабар берди. Одамлар бунга аниқ ишонганлари учун, бола-чақалари ва ҳайвонларини саҳрога олиб чиқдилар. Улар оналар билан болалар ўртасини ажратишиб, Аллоҳ таолога юракдан ялиниб ёлбориб дуо қилдилар. Ҳатто туяю-бўталоқлар ўкирдилар, сигиру-бузоқлар ва қўю-қўзичоқлар маърадилар. Бу илтижонинг натижасида, Аллоҳ таоло улардан азобни қатарди. Аллоҳ таоло деди: «Қани энди (биз ҳалок қилган шаҳарлар ичида) бирон шаҳар (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азоб­ни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги шармандалик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик.» (Юнус: 98)

    6. Юнус балиқ қорнида

    Юнус алайҳиссалом эса кетиб қолди ва баъзи одамлар билан бирга кемага минди. Улар денгизда боришар экан, кема сувга бота бошлади. Кемадагилар ғарқ бўлишдан қўрқиб, юкларни енгиллатиш мақсадида йўловчилардан бирини денгизга ташлаш учун қуръа ташладилар. Қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқди, бироқ, кемадагилар бунга рози бўлмадилар, чунки улар Юнус пайғамбар эканини билишарди. Иккинчи, учинчи марта қуръа ташладилар. Қуръа яна Юнусга чиқди. Улар Юнусни денгизга ташлашга рози бўлмадилар. Аллоҳ таоло: (Кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар).— деди. Шунда Юнус алайҳиссалом кийимларини ечиб, ўзини денгизга ташлади. Аллоҳ таоло бир наҳанг балиқ (кит)ни у томон юборди. Балиқ денгиз тўлқинларини ёриб келди-да, Юнусни ютиб юборди. Аллоҳ таоло балиққа Юнусни гўштларини ҳазм қилмаслик ва суякларини парчаламасликни ваҳий қилди (Бу жумлалар ибн Касиринг тафсиридан иқтибос қилинди).

    7. Аллоҳ Юнуснинг дуосини ижобат қилди

    Юнус алайҳиссалом кечанинг қоронғилиги ичида, денгиз зулматининг ичидаги балиқ қорнининг зулмати ичида — бир-бирини қоплаган зулматлар ичида эди. У ер нақадар қоронғи эди-я!! У ерда одамнинг соғ қолиши мумкин эмас эди!! Юнус алайҳиссалом Аллоҳ хоҳлаган муддат давомида балиқ қорнида қолди ва Аллоҳ таоло уни зулматларни парчалайдиган, етти қат Осмоннинг устидан раҳматларни ёғдирадиган ва мусибатларни кетказадиган сўзларга илҳомлантирди. Сиз барча мусибатланган, изтиробга тушган, Ер кенг бўлишига қарамай унинг учун тор бўлган, жони қийналиб кетган ва паноҳ Аллоҳ таолодангина эканини аниқ билган кишилар учун тасалли бўлган ушбу мисли йўқ ғаройиб қиссани Қуръон Карим қандай ҳикоя қилганини тингланг:«Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Биз ҳақимизда уни тек ташлаб қўйишимизни ўйлаган пайтини (эсланг), сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч барҳақ илоҳ йўқ, магар Ўзинг Ҳақдирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг). Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.» (Анбиё: 87,88)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963