Арафа ва ҳайит кунларини қандай ўтказамиз?

    Мусулмон биродарим, муслима синглим;

    Арафа кунига қандай тайёргарлик кўрдингиз?

    Бу кун Аллоҳ таоло Арафот аҳли билан фаришталарга фахрланиб, мақтанадиган кун.

    – Бу кун дўзахдан озод қилиш куни.

    – Бу кунда Аллоҳнинг бандаларига берган раҳматини кўриб шайтон эзилиб, ҳасрат чекадиган кун.

    – Бу кун Раҳмат ва гуноҳлар кечириладиган кун.

    – Бу кун тавба, йиғи, Аллоҳга ёлбориб кўз ёш тўкадиган кун.

    – Бу кун дуо қилинадиган ва дуо ижобат бўладиган кун.

    – Бу кун Аллоҳ таоло динни комил қилган, бу умматга неъматини тўла қилган ва уларга Исломни дин деб рози бўлган кун, Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3). Бу ояти карима Арафот кунида нозил бўлганди.

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан Арафот кунида озод қилганидан кўра кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Аллоҳ таоло яқинлашади, сўнгра фаришталарига бандаларим нимани истадилар? Яъни: улар оилаларини, ватанларини тарк қилиб, мол-дунёларини сарфлаб, жонларини қийнаб бу ерга мағфират, розилик ва қурбатдан бошқа нимани истаб келдилар? деб фахрланади» (Имом Муслим ривояти).

    Арафа куни ҳожилардан бошқалар қиладиган амаллар
    1. Рўза

    Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳ сағира-кичик гуноҳларни ювиб юборади. Абу Қатода ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади» – дедилар. (Имом Муслим ривояти).

    2. Тоат-ибодатни кўп қилиш

    Нафл намозлар ўқиш, садақалар бериш, такбир (Аллоҳу акбар), тасбиҳ (субҳаналлоҳ) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) каби зикрларни ҳамда тиловати Қуръонни кўп қилиш. Масжидларда эртаю кеч ибодатлар қилиш. Хусусан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига биноан «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ (у) лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамд ва ҳува ала кулли шай’ин қодиир» зикрини кўп айтиш. Пайғамбаримиз бу зикрга ишора қилган ҳолда шундай деган эдилар: «Дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунининг дуоси, мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган зикрларнинг энг яхшиси «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу……» деб юқоридаги зикрни ўқидилар. (Жомеъус саҳиҳ 1/3274).

    3. Такбир

    Бу кунда умуман кўп такбир айтиш ва хусусан бизларга таъйин қилинган Арафа куни бомдод намозидан бошлаб то (13- Зул-хижжа) хайитдан кейинги учинчи куннинг аср намозигача фарз намозлардан кейин такбир айтиш. Бу такбирнинг сифати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлмаган бўлсада, баъзи сахобалардан ривоят килинган; улардан бири Ибн Масъуддан ривоят килинган такбир бўлиб у қуйидагича: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла ила-а-ҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд»

    4. Дуо

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунининг дуосидир…» – дедилар.

    Мусулмон биродарим, муслима синглим бу кунларни ғанимат билинг ва ҳамма дўстларни, фарзандларни бу кунда тоат ибодат ва дуолар қилишга чақиринг. Аллоҳдан тақво қилинг, Аллоҳга илтижо қилинг у эшитувчи қабул қилувчи зотдир.

    Азизлар, бу улуғ кун кетидан яна бир улуғ кун «Ийд қурбон» келади, бу кун энг шарафли кунлардан, балки кунларнинг энг афзалидир; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Аллоҳ ҳузурида кунларнинг энг улуғи қурбонлик кунидир» -дедилар. (Абу Довуд ривоят қилган)

    Биз бу кунни ҳам қадрлаб унинг хаққини чиройли адо этишга астойдил ҳаракат қилмоғимиз даркор. Бу кундаги суннат амаллар ушбулардан иборат:

    1. Эрта тонгда туриб ғусл қилиш, чиройли, тоза кийимларни кийиш, хушбўйланиш сўнгра бомдод намозини жамоат билан ўқиш.

    2. Ийд намозига чиқиш.

    Ийд намозига чиқишдан аввал бирор нарса тановул қилинмайди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурбон хайити кунида намозга чиқишдан олдин бирор нарса емаганлар, намоздан қайтгач, сўйган қурбонликларидан еганлар.

    3. Намозга чиқишда иложи бўлса пиёда, бўлмаса сайёрада чиқилади, йўл бўйи такбир айтиб борилади (такбирнинг сифати юқорида ўтди), кетишда бир йўлдан борилса қайтишда бошқа бир йўлдан қайтилади, бунинг иложи бўлмаса борган йўлдан қайтилса ҳам бўлаверади.

    4. Намозгоҳга (масжидга) етганда имом чиққунига қадар такбир айтиб ўтиради, имом билан намоз ўқиганидан кейин хутбага қулоқ солади. Чиқишда оҳиста юриб бировларга озор бермасдан чиқади.

    5. Намоздан кейинги қиладиган биринчи иш агар бор бўлса, қурбонликни сўйиш, қурбонлиги бўлмаса қариндош-уруғ, ёру биродарларнинг зиёратига бориш, уларни ҳайитлари билан муборакбод этиб хурсандчиликларига шерик бўлиш.

    Зиёратни қабристонларга бориб ўликлардан бошланмайди. Бу кун хурсандчилик кунидир, унда қабрларга бориб ўтган мусибатларни эсланадиган кун эмас, уларнинг хаққига дуо қилиш яхши иш бўлиб, бунинг учун қабристонга бориш шарт эмас.

    Қурбонликни сўйгандан кейин ундан ейиш Пайғамбар суннатидан эканини яна бир бор таъкидлаймиз. Қурбонликни учга тақсимлаш афзал; бир қисмини оила аъзоларига, иккинчи қисмини қариндош ва қўшниларга, учинчи қисмини мискин, бева-бечора ва етимларга бериш.

    6. Бу кунни фақат беҳуда ўйин-кулгилар билан ўтказиш хатодир, ўйнаб-кулиш билан ҳам Аллоҳга суюкли ишларни қилса бўлади. Қариндош-уруғларни зиёрат қилиш, силайи раҳм қилиш шулар жумласидандир.

    7. Бу кунда ҳам бошқа кунлардагидек исроф қилиш, мусиқа тинглаш, эркак ва аёлларнинг аралашиши каби ҳаром ишлардан сақланиш лозим.

    Ё Аллоҳ ҳамма амалларимизни ўзинг учун холис қилишга тавфиқ ва мадад бер, ислом ва унинг ахлини азиз-мукаррам қил, улардан ғурбатни даф эт. Ё Аллоҳ ҳамма ишларимизни ислоҳ қил, ер юзидаги мўмин бандаларингни ҳақ устида бирлаштир. Ё Аллоҳ ширк ва унинг аҳлини хор қил, золимларнинг макру-ҳийлаларини ўзларига қайтар, уларнинг исканжасидан, зулмидан мўмин бандаларингни қутқар, ўзингни ҳабибинг Муҳаммадга, саҳобалари ва аҳли байтига салавоту саломлар йўлла!

    Азиз мусулмонлар кириб келаётган Раббимизнинг фазлу-карамидан бўлмиш ушбу улуғ айёмлар ҳаммангизга муборак бўлсин!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963