Жаҳаннамдан огоҳ бўл!

    2309 марта кўрилган

    Тўпловчи: Холид Оли Фурайж
    Таржимон: Абу Муҳаммад

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Барча оламлар Рабби бўлган Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар, соҳиби омонат пайғамбаримизга, унинг оиласи, асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

    Аллоҳнинг бандалари, билингларки, сизлар ўласизлар ва ўлгандан сўнг қайта тирилиб, маҳшаргоҳга тўпланиб, қилган ишларингиз учун ё жазо, ё мукофот оласизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдамасин! Чунки, бу дунё имтиҳонлар билан ўралган, фонийлик билан шуҳрат қозонган, хиёнат билан сифатлангандир. Ундаги барча нарса завол топувчи ва дунё аҳли ўртасида айлангувчидир.

    Аллоҳнинг бандалари, билингларки, сизлардан аввал сизлардан кўра умрлари узун, шавкатлари буюк, диёрлари обод, тарихий асарлари кўҳна бўлган авлодлар ўтган. Улар ўлганларидан сўнг моллари турғун, жасадлари чирик, диёрлари хароб бўлиб, асарларидан ном-нишон қолмади.

    Тошлардан қурилган қасрлари тупроқлардан қурилган фоний қабрларга алмаштирилди. Бир-бирларига нақадар яқин бўлмасинлар, уларнинг эгалари қўрқувда, харобалар ичида, бир-бирлари билан на қўшничилик ва на улфатчилик алоқаларини қила оладилар. Қандай алоқа қилолсинлар?! Ахир улар чиридилар, тупроқ остидалар. Тирик эдилар ўлдилар, келишган жасадлари бир тўп суякка айланди. Уларнинг ортидан аҳбоблари фарёд чекдилар. Бироқ, улар тупроқлар остида қолдилар. Ҳайҳот, энди улар қандай кайтсинлар?! «″Шояд, қолдирган дунёмда солиҳ амалларни килсам″. Йўқ, (у асло қайтарилмас) бу фақат у айтаётган сўздир. Уларнинг олдиларида то қайта тирилтириладиганКунларигача бир тўсиқ (яъни дунё ва охират ўртасини тўсиб турадиган барзах–қабр ҳаёти) бордир». (Мўъминун:100)

    Фараз қилингларки, сизлар ҳам чиридингиз, қабрларда танҳо қолдингиз. Ишлар тугаб қабрлар очилиб, қалблардаги барча нарса келтирилиб, Буюк Подшоҳ ҳузурига келтирилган ва қилинган гуноҳлар учун қалблар титраган, сизлардан пардалар кўтарилиб, барча сир ва айблар очилган кунда «Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш (амали) билан жазоланур».(Ғофир: 17)

    Аллоҳ таоло деди: «У (Аллоҳ) ёмонлик(ширк ва гуноҳ амал)ларни қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли (тавҳид эътиқоди, савобли ишлар) амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай». (Нажм: 31)

    «(Сўнг ҳар бир кишининг) китоби – номаи аъмоли (ўртага) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: ″Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди″, деганларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас».(Каҳф: 49)

    Азиз дўстим, у кунни эслаб, у ҳақда тафаккур қилиб кўрдингизми? У кун «Ҳа-а-ққо», «Тоoмматул-Кубро», «Явмул-Залзала» дир ва у кунда одам ўзининг оғаси, онаси, отаси, хотини ва фарзандларидан қочади. Ҳар бир одамнинг у кунда ўзи билан ўзи овора бўлади. «Бас, қачон сур чалинганида, (яъни Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса, (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса) бас, ана ўшалар зиёнкордирлар. Улар жаҳаннамда мангу қолувчидирлар. Уларнинг юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолувчидирлар». (Мўъминун: 101–104)

    «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни (азоб билан) ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир. Албатта бу (қиссаларда) Охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. У Кун барча одамлар тўпланадиган Кундир, ҳозир бўлинадиган Кундир. Биз уни фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб – кечиктириб турамиз, холос. У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар (Оллоҳнинг) изни билангина гапирур. Бас, у (Кунда ҳозир бўлган)лар орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Сўнг бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оху фарёд қилурлар». (Худ: 102–106)

    Сиз маҳшаргоҳ ва бутун сизнинг қаршингизга кўрсатма берадиган гувоҳлар турган кун ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Қиёмат кунида ҳасратларнинг бўлиши муқаррардир. Дунёда қилинган зулм у кунда зулматларга айланиб ўз эгаларини қоплаб оладир. Номалар барча нарсани, хатто, имо-ишораларни ҳам қолдирмай ўз ичига олгандир. Бир гуруҳ жаннатда олий мақомларга кўтарилса, бир гуруҳ эса жаҳаннамнинг энг тубига қулайди. Сиз билан у куннинг ўртасини тўсиб турган нарса сизнинг ўлимингиз, холос. Сиз ўлганингиздан сўнг: «Мени қайтаринглар!» дейсиз. Сизга: «Вақт ўтди» дейилади.

    Имом Бухорий ва имом Муслим ўзларининг «Саҳиҳ» тўпламларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу хадисни ривоят килдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар қиёмат куни терлайдилар. Уларнинг терлари ерга етмиш газ чуқурликка қадар сингади ва ўзларини қулоқларига қадар кўмади».

    Абу Саид разияллоҳу анҳудан эса бу ҳадисни ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Сўнгра Сиротни жаҳаннам устига олиб келинади″— дедилар. Саҳобалар: ″Сирот нима ўзи?″ деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ″Сирпанчик, оёқ турмайдиган тойғоқ нарса. Унинг устида тутувчи ва чангаклар бор. Мўъмин унинг устидан киприк қоқишдек, яшиндек, шамолдек ва чопқир отлардек ўтади. Ундан кимдир соғ-саломат қутулур, кимдир тилиниб-яраланиб қутулур ва кимдир Жаҳаннам ўтига улоқтирлур. Ҳатто уларнинг охиргилари судраб олиб ўтилади″».

    Кечалари бедор бўлган, жаннатга иштиёқлари кучайган: жасадлари нозик, ранглари ўзгарган, ҳеч бир ҳолатда маломатга эътибор килмаган, нафсларини дунё шаҳватларидан эртаю кеч мудофаа қилган, дунё бозорига кириб олди-сотти қилмаган, намоз ва рўза билан тоат ибодатда тиришган кимсалар – улар қандай яхши одамлардир! Сизда ҳам ана шу сифатлар борми?!

    Зайд ибн Мазиддан: «Нега сиз доимо қўрқиб йиғлайсиз?» деб сўралганида: «Аллоҳ таоло агар унга осий бўлсам оловга қамаб кўйишини баён қилди. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Аллоҳ агар мени ҳаммомга қамаб қўйиш билан таҳдид қилса эди, кўз ёшларим қуригунига қадар йиғлар эдим» — деди.

    Ато Суламийга кўп йиғлаши ҳақида дашном берилганида, у: «Мен жаҳаннам аҳли ва уларнинг бошларига келган Аллоҳнинг азоблари ҳақида ўйланаман ва ўзимни уларнинг ичига қўйиб кўраман. Қўллари орқаcига боғланиб, жаҳаннам томон судралган нафс йиғламай ким йиғласин» — деди.Номалар тарқалиб, чап қўлдан олсам
    Хатодан сўралса, топмасам жавоб.
    Бир дона бўлмаса солиҳ амалим,
    Вужудимни қамрар ашаддий азоб.
    Дунёда гуноҳла ўтказиб кунлар
    Аллоҳга исённи қилдим беомон.
    Бугун истиғфору, тавба қиламан
    Аллоҳдан сўрайман караму эҳсон!

    Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ″Жаҳаннамни қиёмат кунида олиб келинади. Унинг етмиш мингта тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади″». (Имом Муслим ривояти)

    Ҳой нотавон банда, Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисга қулоқ тут: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай бир хутба қилдиларки, мен унақасини ҳеч эшитмагандим.. Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Агар мен билган нарсаларни билсангиз эди озроқ кулар ва кўпрок йиғлар эдингиз″ — дедилар. Саҳобалар юзларини тўсдилар, улардан пинғиллаган йиғининг товуши эштиларди». (Муттафақун алайҳ)

    Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Агар мен билган нарсаларни билсангиз эди, озроқ кулар ва кўпроқ йиғлар эдингиз″ — дедилар. Саҳобаларга бу кундан кўра қаттиқроқ кун бўлмаган эди. Улар бошларини ўраб, йиғладилар».

    Абу Зар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен сизлар кўрмаган нарсаларни кўраман ва сизлар эшитмаган нарсаларни эшитаман. Само ингради, у инграшга ҳақлидир. Чунки, самонинг ҳар тўрт энлик ерида бир фаришта пешонасини қўйиб, Аллоҳ учун сажда қилади. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, агар мен билган нарсаларни билсангиз эди, озроқ кулар ва кўпроқ йиғлар эдингиз ва кўрпалар устида аёллар билан лаззатланмас, кўчаларга чиқиб олиб, Аллоҳ таолога тазаррулар қилган бўлар эдингиз″». (Имом Термизий ривояти ҳасан ҳадис)

    Ҳой бечора банда, билингки, сиз тез кунда Аллоҳнинг ҳузурида турасиз. Сиз билан унинг ўртасида таржимон бўлмас. Аллоҳ сизни ҳисоб-китоб қилиб, сиздан саволлар сўрар. У саволлар учун тўғри жавобларни тайёрлаб қўйинг!

    Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ″Сизларнинг ҳар бирингизга Аллоҳ таоло гапиради, ўртада таржимон бўлмайди. Сизлардан бирингиз ўнг томонига қарайди ва ўзининг қилган ишларинигина кўради, чап томонига қарайди ва ўзининг қилган ишларинигина кўради. Олдига қарайди ва қаршисида жаҳаннамдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, яримта хурмони садақа қилиб бўлсада, жаҳаннамдан сақланинглар!». (Муттафақун алайҳ)

    Азиз дўстим, салаф-солиҳнинг ҳаётларига қарасангиз, яхши амаллари кўп бўлишига қарамай, Аллоҳдан кўпроқ қўрққанларини кўрасиз. Уларнинг аҳволларини билиш учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятларининг маъноларини мен билан бирга ўқинг: «Албатта Рабларидан қўрқиб хавфда турувчи кишилар; Рабларининг оятларига иймон келтирган кишилар; Рабларига ширк келтирмайдиган кишилар; (Қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Рабларига қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда (камбағал-бечораларга) садақалар берадиган кишилар. Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар». (Мўъминун: 57 – 61)

    Имом Термизий ўзининг «ал-Жомеъ» тўпламида Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилади. Оиша онамиз дедилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу оят ҳақида сўрадим ва: ″Улар маст қилувчи ичимлик ичдиган ва ўғирлик қиладиганларми?″ — дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Ҳой Сиддиқнинг қизи, йўқ. Улар рўза тутадиган, намоз ўқийдиган, садақа берадиган ва (қилган бу амаллари) қабул бўлмай қолармикин, деб қўрқадиан кишилардир. «Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар ″— дедилар».

    * Аллоҳ таоло бахтиёр кишиларни ″яхшиликни (Аллоҳ қабул қилмай кўядими, деб) қўрқиб қиладилар″, бахтиқаро кишиларни эса ″ёмонликларни хотиржамлик билан қиладилар″, деб сифатлади.

    Саҳобалар разияллоҳу анҳумнинг ҳаётлари ҳақида тафаккур қилган киши, уларнинг ўта қўрқув билан ишни пухта қилишга ҳаракат қилганликларини кўради. Биз эса оқибатни ўйламаслик, ҳаддан ошиш ва хотиржамлик ўртасини бирлаштирдик!!

    * Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: «Қани энди мен мўъминнинг баданидаги бир дона тук бўлсам» — деб орзу қилган эдилар.

    У киши ҳақида шундай ривоят ҳам бор: «У зот бир куни тилларини қўллари билан ушлаб: ″Мени мана шу нарса балоларга мубтало қилди″ — деганлар».

    * Умар разияллоҳу анҳу «Ват-Тур» сурасини ўқиб: «Роббингизнинг азоби албатта воқеъ бўлур» оятига етиб келганларида, юраклари тўлиб йиғладилар ва касал бўлиб қолдилар. Ҳатто саҳобалар уни кўргани келишди, у кўп йиғлаганидан унинг юзида қора чизиқ – из бўлиб қолганини кўрдилар.

    * Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу қабр устига келсалар йиғлардилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетарди. Ва: «Мен жаннат ва жаҳаннам ўртасида турган пайтимда, уларнинг қайси бирига киришга буюрилар эканман, билмайман. Уларнинг бирига буюрилишдан аввал кулга айлансам ҳам майли эди» — дердилар.

    * Абуд-Дардоъ разияллоҳу анҳу дедилар: «Агар ўлимдан сўнг дуч келадиган нарсаларни билсангиз эди, иштаҳа билан таомланмас, қониб сув ичмас, салқин уйга кириб ўлтирмас, кўкракларингизга уриб кўчага чиқиб кетар ва ўз нафсингиз учун йиғлар эдингиз! Мен кесиладиган, кейин эса ёқиладиган дарахт бўлишимни орзу қиламан (яъни охиратнинг даҳшати, ҳисоб-китобидан қўрқиб шундай дер эдилар)».

    * Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу кўп йиғлагани сабабли кўзларидан тушган икки чизиқ бор эди.

    * Абу Зар разияллоҳу анҳу: «Кошки эди, дарахт бўлиб қолсам. Кошки, яралмасайдим» — дер эди.

    У кишига байтул-молдан нафақа бермоқчи бўлганларида: «Бизнинг соғадиган эчкимиз, минадиган эшагимиз, хизматкоримиз, ортиқча або (кийим)имиз бор. Мен улар учун ҳисоб беришдан қўрқаман» — дедилар.

    * Тамим ад-Дорий «Жосия» сурасини ўқир экан: «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, Охиратлари ҳам мўъминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!». (Жосия: 21) оятига етиб келганида, бу оятни такрор-такрор ўқиди ва тонг отгунига қадар йиғлаб чиқди.

    * Абу Убайда ибнул-Жарроҳ разияллоҳу анҳу: «Мен қўчқор бўлишни, эгаларим сўйиб, шўрвамни ичишларини орзу қилардим» — дедилар.

    * Молик ибн Дийнор деди: «Робий ибн Хусайм разияллоҳу анҳудан қизи: ″Нега одамлар кечалари ухлайди, сиз ухламайсиз?″ — деб сўраганида: «Чунки отангиз ўлимдан қўрқади» — деб жавоб бердилар. У киши кечаларни ибодат билан бедор ўтказар эдилар».

    Рабий ибн Хусайм разияллоҳу анҳу кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу билан бирга темирчилар олдидан ўтдилар ва босқоннинг дам уриши ва оловнинг ёнишини кўриб, хушдан кетдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу у кишининг бошида намоз вақтига қадар қолдилар. Хушларига келмаганларини кўрган Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу у кишини орқараларига кўтариб уйларига олиб кетдилар. Рабий бир кеча-кундуз бехуш ётдилар. Беш вақт намозни ўқий олмадилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд у зотнинг бошларида эканлар: «Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, мана шу ҳақикий қўрқувдир» — дедилар.

    * Ривоят қилинишича, Рабий разияллоҳу анҳу уйида кичик бир хандақ қазиди. Агар қалбида бирон бир доғни ҳис қилса ўша хандаққа тушиб, ўзини ўлгандек ҳис этар, қилган ишларига афсус чекар ва ҳаётга яна бир марта қайтишни сўрар ва: «Роббим мени қайтаринглар! Шояд ташлаб келганим дунёда яхши ишларни қилсам» — дер эди. Кейин ўзига ўзи жавоб бериб: «Ҳой Рабий, сен қайтдинг! Ҳой Рабий, сен қайтдинг!» — дер эди. Бу қилганларининг таъсирида, узоқ вақтлар унда ибодат, тиришқоқлик, қайғу ва қўрқув белгилари кўринар эди.

    Музаний раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. У деди: «Мен имом Шофеий раҳимаҳуллоҳни вафот этишидан аввалги касаллик кунларида зиёрат қилдим ва: ″Бугун қандай тонг оттирдингиз?″ — дедим. У: «Мен дунёдан кетган, дўстлардан ажралган, ўлим шаробини ичган, ёмон амалларига дуч келган ва Аллоҳ ҳузурига келган ҳолатимда тонг оттирдим. Билмайманки, менинг руҳим қаёққа кетди – жаннатга кетдими, мен уни табрикласам? Ёки жаҳаннамга кетдими, мен унга таъзия билдирсам?» — деди. Сўнгра йиғлади ва ушбу байтларни ўқиди:Юрагим сиқилиб, қалбим қорайса,
    Умидимни афвингга қилдим мен нарвон
    Гуноҳим на қадар буюк бўлсада
    Афвинг гуноҳимдан буюк ҳар замон.
    Гуноҳларни афв этдинг доимо
    Кўрсатиб кўп эҳсон ва кўплаб карам
    Сенсиз, обид Шайтондан сақлана олмас
    Фитналарга тушгандек отамиз Одам!

    * Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу бомдод намозини ўқиганидан сўнг Қуръони Каримни қўлига олар, кўз ёшлари соқолини ювар, азоб зикр қилинган оятларга етиб келса, ўзини йиғидан тўхтатолмай, қуёш чиққунига қадар бошқа оятга ўта олмас эди.

    * Суфён раҳимаҳуллоҳ деди: «Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу дўстлари суҳбатлашса-да хомуш турар эди. Унга: ″Эй амирал мўъмуминийн, нега гапирмайсиз?″ — деб сўралди: ″Мен жаннат аҳлларининг жаннатда бир-бирларини қандай зиёрат қилишлари, жаҳаннам аҳллари жаҳаннамда қандай дод-фарёд қилишлари ҳақида ўйлаётган эдим″ — деди ва йиғлаб юборди».

    Ҳой ҳар куни бир довонни ошиб ўтган, номалари барча амалларини ёзиб кўяётган, огоҳлантирувчиларнинг тинимсиз танбеҳларига эътибор бермаётган, насиҳатгўйнинг насиҳатига қулоқ солмаётган, ҳидоят нури балқсада кўра олмаган ва ҳатто фикрлай олмаган банда, қандай яшасанг яша, ҳали олдингда даҳшатга солувчи зилзила ва ҳисоб-китоб бор. Сен баданингни хоҳлаганингдек лаззатга тўйдир, барибир бир кун у қуртларга ем бўлар!

    Азиз дўстим, кунларингни беҳуда зое этма! Чунки, улар сенинг сармоянгдир. Модомики ўз сармоянгга эга экансан, фойда олишга ҳам ҳақли бўласан. Охират матолари сенинг ушбу кунларингда арзондир. Арзонлик пайтида охират матоларини жамлаш учун тириш! Чунки, бу матолар қиммат бўлган кун тезда келиб қолиши мумкин. Арзончилик кунлари у матоларни кўпайтир!. Сен уни бугунгина топишинг мумкин:Унутма, маҳшарда шафқатга муҳтож
    бўлиб, яланғочу ҳайрон қоласан.
    Жаҳаннам ҳайқирар гуноҳкорларга
    Аллоҳни баҳайбат ҳолда кўрасан.
    Номалар қўлингда, ҳайронсан ўқиб
    Унда гуноҳларнинг барчалари бор
    Аллоҳ дер: «Ҳой менинг фаришталарим,
    Осийни жаҳаннамга отинг, қилиб хор».

    Аллоҳ таолодан барчамизни охират учун тайёрланишга, афсус чекишга муваффақ қилиши, ўлимдан сўнг қайта ҳаёт дунёсига қайтишни умид қилмайдиган кимсалардан бўлишимиз ҳамда ўзимиз ва барча мусулмонларга қабр синовларини енгил қилишини сўраймиз.

    Аллоҳ пайғамбаримиз, унинг оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.

    * * *

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962