Муқаддима

    Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

    Оламлар Рабби Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. У бизни Ўзининг динига эргашишга буюрди ва бидъатлар пайдо қилишдан қайтарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳни инсонлар у зотга эргашишлари ва итоат қилишлари учун юборди. Аллоҳ у зотнинг аҳли-оиласи, саҳобаи киромлари ва уларга эргашган кишиларга салавоту саломлар йўлласин.

    Бу мақолада бидъат турлари ҳақида сўз юритилади. Аллоҳ таолодан бу мақолани мусулмонларга фойдали қилишини ва холис Ўзи учун бўлишини сўраймиз.

    Биринчи бўлим
    Бидъатнинг таърифи, турлари ва ҳукмлари

    Таърифи: «Бидъат» арабча сўз бўлиб, луғатда «илгари мутлақо бўлмаган нарсани ихтиро қилиш, пайдо қилиш» деган маънони англатади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Аллоҳ еру осмонларни (аввалда мисли бўлмаган кўринишда) пайдо қилган Зотдир» (Бақара, 117).

    Мазкур оятда «пайдо қилмоқ» сўзи «бидъат қилмоқ» ибораси орқали ифодаланган. Бундан еру осмон илгари бўлмагани ва бу иккисини Аллоҳ таоло азалий илми билан яратгани тушунилади. Бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Мен Аллоҳнинг бандаларига юборган янги – биринчи пайғамбари эмасман» (Аҳқоф, 9). Бу оятда ҳам “янги” сўзи “бидъат” калимаси билан ифодаланган.

    Бир киши янгилик ўйлаб топса ва бу янгилик ўтмишда мутлақо учрамаган бўлса, уни араб тилида «бидъат қилди», яъни янги нарса пайдо қилди, дейилади.

    Янгилик яратиш икки хил бўлади. Биринчиси, одатий нарсалардан янгилик яратиш. Ҳозирги илмий кашфиётлар орқали ихтиро қилинган асбоб-ускуна ва техника жиҳозлари бунга мисол бўлади. Бу каби ихтиролар тақиқланмаган. Чунки одатлар динга зарар бермаса ёки зид бўлмаса, уларга қаршилик кўрсатилмайди. Иккинчиси динда янгилик яратишдир ва бу тақиқланади. Чунки динимизда борига амал қилиб, йўғидан тийилишга буюрилган.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким динимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади – қабул қилинмайди»[1].

    Яна бир ривоятда: «Ким динимизда асли бўлмаган ишга амал қилса, у рад этилади», дейилган.

    Бидъат турлари

    Динда бидъат чиқариш икки хил бўлади:

    Биринчиси: Оғзаки ва эътиқодий бидъат. Бунга жаҳмийлар, мўътазилийлар ва рофизий-шиалар каби адашган тоифаларнинг сўз ва эътиқодларини мисол қилиш мумкин.

    Иккинчиси: Ибодатлардаги бидъат. Бунга шариатда асли бўлмаган ва одамлар ўйлаб топган ибодатлар мисол бўлади. Иккинчи турдаги бидъатнинг талай кўринишлари бор:

    1. Ибодатнинг ўзи бидъат бўлиши. Яъни шариатда бундай ибодатнинг асли, таг-туги бўлмайди. Бунга мисол ўлароқ шариат жорий этмаган намоз ва рўзалар, шунингдек, мавлид каби шариатда асли йўқ бўлган байрамларни келтириш мумкин.
    2. Ибодатга бирон нарса қўшиш билан бидъат пайдо қилиш. Масалан, пешин ёки аср намозини беш ракаат ўқиш.
    3. Ибодатнинг тартиби ёки кўринишини ўзгартириш билан бидъат пайдо қилиш. Масалан, шариатда асли бўлган тасбеҳ ва бошқа зикрларни жамоат билан жўр бўлиб айтиш ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидан бўлган ибодатларни ўзига оғирлаштириб олиш.
    4. Шариатда асли бўлган ибодатга шариатда асли бўлмаган вақтларни белгилаб олиш. Мисол учун, Шаъбон ойининг ўртасини белгилаб, шу куни рўза тутиш ва кечаси ибодат қилиш. Аслида, нафл намозлар ўқиш ва Рамазондан бошқа ойларда нафл рўза тутиш шариатда жоиз. Бироқ уларнинг вақтини тайин қилиш учун далил керак.

    Изоҳ: Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча душанба ва пайшанба кунлари рўза тутганлари ҳамда Рамазон ҳайитидан кейин олти кун рўза тутганлари ривоят қилинган. Шу кунларда ихтиёрий рўза тутиш суннат, мустаҳаб амал саналади. Шаъбон ойининг аксар кунларини ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутиш билан ўтказганлар, аммо кунини белгилаб бермаганлар. Шу боис киши бирор ибодатга ўзича вақт ва кун тайин қилиб олиши дуруст эмас. Нафл намозлар масаласи ҳам шундай.

    Бидъатнинг барча турларига нисбатан диннинг ҳукми

    Диндаги ҳар бир бидъат ҳаром ва залолатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолат (адашиш)дир», деганлар[2].

    Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади», деганлар.

    Бу ҳадислар динда тўқиб чиқарилган ҳар бир янгилик бидъат эканига, ҳар бир бидъат эса дин рад этган залолат эканига далолат қилади. Демак, ибодат ва эътиқоддаги ҳар бир бидъат ҳаром саналар экан. Бидъатнинг турига қараб унинг ҳаромлик даражаси ва ҳукми турлича бўлади. Авлиёларга қурбат ҳосил қилиш мақсадида уларнинг қабрларини тавоф қилиш, уларнинг йўлига садақалар бериш ва қурбонликлар сўйиш, қабрдаги ўликлардан ёрдам сўраб, уларга дуо қилиш каби бидъатлар очиқ-равшан куфрдир. Бунга жаҳмийлар ва мўътазилийлар каби буткул адашган фирқаларнинг гап-сўзлари ҳам мисол бўлади. Бу турдаги бидъатларни қилувчи эса кофир саналади. Қабрлар устига мақбара ва сағаналар қуриш, ўша ерга бориб намоз ўқиш ва дуо қилиш каби бидъатлар эса ширкка (Аллоҳга бошқаларни шерик қилишга) олиб борувчи сабаблардир. Хавориж, қадарий ва муржиа каби тоифаларнинг шаръий далилларга тўғри келмайдиган эътиқодлари ва сўзлари эса эътиқодий адашишга оид бидъатлардир. Тарки дунё қилиш, иссиқ кунда атайлаб рўза тутиб, офтоб тагида туриш ёки тақво даъвосида ўзини бичдириш каби бидъатлар эса гуноҳ саналади.

    Эслатма: Бидъатни яхши ва ёмон, яъни савоб ва гуноҳ бидъатга ажратиш хатодир. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳар бир бидъат залолатдир», деган сўзларига зид келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисларида ҳамма бидъатни залолат деб атадилар. Бидъатларни яхши-ёмонга ажратган киши эса: «Бидъатнинг ҳаммаси ҳам адашиш эмас, балки яхши бидъат ҳам бор» демоқчи бўлади.

    Ҳофиз Ибн Ражаб «Арбаъийн» шарҳида бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳар бир бидъат залолатдир», деган сўзлари умумий айтилган бўлиб, диндаги бирор бидъат ундан мустасно бўла олмайди. Бу ҳадис диннинг буюк асосларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур сўзлари «Ким динимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади», деган сўзлари кабидир. Ким динда асли бўлмаган бирор янгилик пайдо қилса ва уни динда бор деб даъво қилса, у адашгандир. Дин бундай кимсаларнинг гап-сўзларидан покдир. Бу бидъат эътиқодда, амалларда, махфий ёки ошкора сўзларда бўлишидан катъи назар залолатдир.

    Бидъатни яхши ва ёмонга ажратувчиларнинг ушлаб олган далиллари шуки, мусулмонлар халифа Умар розияллоҳу анҳунинг буйруғига биноан таровеҳ намозига йиғилиб турган пайтларида у киши: «Бу қандай ҳам яхши бидъат», деган. Яна улар: «Қуръон жамланиб, бир китоб ҳолига келтирилганида олимлар бундан қайтармадилар. Ахир бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайдо қилинган ишлар-ку!» демоқчи бўладилар. Бу гаплар уларнинг мазкур тақсимотларига далил бўлолмайди. Негаки, Умар розияллоҳу анҳунинг «Бу қандай ҳам яхши бидъат», деган сўзидан «бидъат»нинг луғавий маъноси тушунилмоғи лозим. Чунки шаръий маъноси тушуниладиган бўлса, бу амал динда асоссиз бўлиши лозим эди. Лекин таровеҳ намозини ўқишга ҳам, уни масжидларда жамоат бўлиб ўқишга ҳам асос бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан таровеҳни катта жамоат бўлиб ўқиганлар. Кейинроқ инсонларга, бу намоз фарз бўлиб қолмасин, деган хавотирда бу намозни якка ўзлари ўқиганлар, саҳобалар ҳам уни ўз уйларида адо этишган. Орадан бир неча йил ўтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг таровеҳнинг фарз бўлиб қолиш эҳтимоли йўқолгач, Умар розияллоҳу анҳу бу ишни такрор йўлга қўйган. Бу эса динда янгилик пайдо қилиш ҳисобланмайди.

    Қуръонни ёзиб, бир китоб кўринишида жамлаш ҳам динда асоси бор амалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ёзишга буюрар, бироқ оятлар ёзилган саҳифалар тарқоқ ҳолат бўлар эди. Кейинчалик саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Қуръонни сақлаб қолиш мақсадида оят ва сураларни бир китобга жамладилар.

    Ҳадисни ёзиш ҳам динда асоси бор амал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ҳадисларни ҳолатдан келиб чиқиб ёзиб олишга буюрганлар. Ҳадисларнинг ҳаммаси ёзилса Қуръон билан аралашиб кетишидан қўрқиб, Пайғамбаримиз ҳаётлик вақтларида улар тўлиқ ёзилмаган. Кейинчалик одамлар Қуръон билан ҳадиснинг фарқига борди. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин Қуръон комил бўлди. Шундан сўнг ҳадислар зое бўлмаслиги учун мусулмонлар уларни тўплашга киришди. Аллоҳ таоло уларни Ислом йўлидаги фидойиликлари ҳамда Рабларининг Китоби ва Пайғамбарларининг ҳадисларини йўқолишдан ва ёмонлар қўлида бузилишдан сақлаганлари учун улуғ мукофотлар билан сийласин.

    [1] Бухорий ва Муслим ривояти.
    [2] Абу Довуд ва Термизий ривояти.

    Бидъат (2) >>

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962