Бошига мусибат етган биродаримга

    Тайёрловчи: Ибн Хузайма нашриёти
    Таржимон: Абу Жаъфар Бухорий

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Суюкли ва қадрли инсонини йўқотиб, бошига мусибат тушган дўстим, Аллоҳ мусибатингиз ортидан сизга ажру савоблар берсин ва бу мусибатингиз ўрнини ундан яхшироғи билан тўлдирсин. Олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Барча нарса Унинг ҳузурида ўлчаб қўйилган. Шундай экан, сабр қилинг, Аллоҳдан савоб умидида бўлинг! Доду фарёд қилишдан фойда йўқ. У фақат мусибатингизни орттиради, савобингизни кетказади ва сизга гуноҳлар келтиради.

    Дўстим, қуйидаги сатрларда мусибатингизни енгиллатадиган ва мусибатларнинг қалбингизга бўлган таъсирини камайтирадиган баъзи насиҳатлар бор.

    Биринчи: Қазо ва қадарга иймон келтиринг. Яқинингизни йўқотиш сабабли бошингизга етган мусибат душман ёки ҳасадгўй сабали келган эмас, балки Аллоҳнинг тақдири эканини билинг. Аллоҳ таоло энг раҳмли ва ҳикматли зот эканига қатъий ишонинг.

    Аллоҳ таоло деди:

    «Айтинг: бизга Аллоҳ ёзган нарсагина етади. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (Тавба, 51);

    «Етган ҳар бир мусибат фақат Аллоҳнинг изни биландир. Аллоҳга иймон келтирган кишининг қалбини Аллоҳ ҳидоят қилади» (Тағобун, 11).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирини еру осмонларни яратишдан эллик минг йил аввал ёзиб қўйган»[1].

    Иккинчи: Ўлим барча жонзотнинг ниҳоясидир. Бу дунёдан ҳамма ўтади.

    Аллоҳ таоло деди:

    «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Оли Имрон, 185);

    «Ер юзидаги барча фонийдир. Раббингизнинг буюклик ва ҳурмат соҳиби бўлган юзигина – Ўзигина боқий қолади» (Раҳмон, 26-27).

    Демак, яқинда ҳамма жон вафот этади.

    Учинчи: Шуни унутмангки, бу дунё охиратга олиб борадиган бир кўприкдир. Барча охират сари сафарга отланган. Охират барчанинг қароргоҳидир. Фақат ўша жойда мусулмон ўзининг дўстлари ва яқинлари билан жаннатда – неъматлар ичра абадий ҳаёт кечиради.

    Шундай экан, ўзингизни овутинг ва қайта учрашиш куни яқин эканини ҳис этинг. Чунки ваъда қилинган жой, иншааллоҳ, жаннатдир.

    Бир одам ўғли ўлганида бундай деган экан: “Менинг чеккан аламимни енгиллатган нарса бугун ё эрта ўғлим билан яна бирга бўлишимдир”.

    Тўртинчи: Билингки, дунё имтиҳон ва синовлар диёридир.

    Шунинг учун ҳам у мусибат, қайғу ва кутилмаган синовлар билан лиммо-лим тўла. Аллоҳ таоло деди:

    «Сизларни қўрқув, очлик, мулк, жон ва мева-чевалардаги камчиликлар билан имтиҳон қиламиз. Сабрлиларга башорат беринг!» (Бақара, 155);

    «Биз инсонни мусибатлар ичра яратдик» (Балад, 4).

    Бешинчи: Билингки, доду фарёдлардан фойда йўқ. Аксинча улар мусибатни зиёда қилиб, савобларни кетказади ва бандани гуноҳларга дучор этади. Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтади: «Сабр қилсанг, саҳифангга савоблар ёзилади. Доду фарёд чексанг, саҳифангга гуноҳлар битилади».

    Уламолардан бири: «Сабрли учун битта мусибат бўлса, дод-фарёд чекадиган учун мусибат икки баравардир», деган.

    Олтинчи: Одам ҳам, унинг оиласи ва молу-мулки ҳам Аллоҳники эканини эсланг.

    Демак, олгани ҳам, бергани ҳам Уникидир ва барча нарса Унинг ҳузурида ўлчаб қўйилгандир. Шоир Лабид айтганидек: “Мол-дунё ва оила омонат, омонат қайтариладиган кун келиши эса муқаррардир”.

    Еттинчи: Энг катта мусибат бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган кун мусибатидан ибрат олинг.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирортангизга мусибат етса, менинг вафотим билан мусибатланган кунни эсласин. Чунки у энг улкан мусибатдир»[2].

    Ислом уммати ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқотганидан каттароқ мусибатга мубтало бўлмайди.

    Саккизинчи: Бошга тушган мусибатни нафл намозлар ўқиш билан енгинг.

    Аллоҳ таоло айтади: «(Сизлар бошингизга келган мусибатлардан) сабр ва намоз ила (Аллоҳдан) мадад сўранглар» (Бақара, 45). Ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор иш оғир келса, намоз ўқир эдилар»[3].

    «Бирор иш оғир келса» дегани: бирор муҳим ёки ғам-қайғули иш бошларига тушса, демакдир.

    Абдуллоҳ ибн Аббосга дўстларидан бирининг вафот этгани хабари етиб келганида у («Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» – Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтувчимиз, деб) истиржо айтди ва икки ракаат намоз ўқиди. Иккинчи ракаатда узоқ ўтириб, (намозини якунлаганидан сўнг) ўрнидан турар экан: «Сабр ва намоз ила (Аллоҳдан) мадад сўранглар», оятини ўқиди[4].

    Тўққизинчи: Мусибатлар ва уларларга сабр қилиш ортидан келадиган мукофотларни ёдингиздан чиқарманг.

    Мукофотлардан баъзилари қуйидагилардир:

    1) Жаннатга кириш

    Аллоҳ таоло деди: «Фаришталар жаннат аҳлининг ҳузурларига ҳар бир эшикдан киради ва: «(Дунёда) қилган сабрларингиз эвазига сизга омонлик бўлсин. Охират диёри қандай ҳам яхши!» деб айтади» (Раъд, 23-24).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Дунё аҳлидан жигаргўшасини олганимда, сабр қилган ва савоб умидида бўлган мўмин бандам учун ҳузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқдир», деди»[5].

    «Жигаргўша»дан мурод дунё аҳлидан бўлган ўғил, ака-ука ва умуман инсон севган ҳар қандай кишидир.

    «Савоб умидида бўлиш» – жигаргўшасини йўқотгани эвазига Аллоҳдан савоб умид қилиш, демакдир. Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло: «Эй одам фарзанди, (мусибатнинг) биринчи зарбасида сабр қилсанг, сенга жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман», деди[6].

    2) Сабрлиларга мукофотлари бекаму кўст берилади

    Аллоҳ таоло деди: «Сабрлиларга савоблари ҳисобсиз, бекаму-кўст берилади» (Зумар, 10).

    Авзоий раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида айтади: «Яъни уларнинг савоблари тарози билан ўлчанмасдан, шундай миқдорсиз берилади».

    3) Аллоҳ таоло сабрлилар билан биргадир

    Аллоҳ ёрдами, мадади ва тавфиқи ила сабрлилар билан биргадир. Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир неча оятида: «Аллоҳ сабрлилар билан биргадир», деган.

    4) Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради

    Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради», деди (Оли Имрон, 146).

    5) Мусибатлар гуноҳларни ювиб юборувчи каффоратдир

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Мусулмонга етган касаллик, қайғу-алам, ҳатто баданига кирган тиканни ҳам Аллоҳ таоло унинг хатолари учун каффорат қилади»[7].

    «Мўмин ва мўминанинг бошига синов-балолар келаверади, келаверади, ҳатто улар Аллоҳга бирорта гуноҳсиз йўлиқадилар»[8].

    6) Сабрлиларга Аллоҳдан салавот, раҳмат ва ҳидоят инади

    Аллоҳ таоло деди: «Мусибат етганида: «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» Албатта биз Аллоҳникимиз ва албата  Унинг ўзига қайтувчидирмиз, деб айтган сабрлиларга башорат беринг. Уларга Рабларидан салавот ва раҳмат бордир. Ўшаларгина ҳидоятланган кишилардир» (Бақара, 155-157 оятлар).

    Салафлардан бири мазкур оятда зикр қилинган уч неъматни назарда тутиб: «Аллоҳ таоло менга сабр қилишим эвазига дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқ бўлган уч нарсани ваъда қилган бўлса-ю, мен нега сабр қила олмаслигим керак», дегани нақл қилинган.

    7) Мусибатланган одамнинг мартабаси кўтарилади

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло бандаси учун бир мартабани тақдир қилган (ва банда унга ета олмаган) бўлса, Аллоҳ таоло уни танаси, мулки ё фарзандида (мусибат билан) имтиҳон қилади. Кейин унга сабр беради. Ҳатто уни Ўзи тақдир қилган мартабага етказади»[9].

    Шунинг учун ҳам баъзи уламолар: «Мусибатга таъзия билдиргандан кўра қозонилган улкан савоб билан табриклаш яхшироқ», деган экан.

    Хотима

    Аллоҳ таоло хонадонингизни тарк этган маййитни раҳматига олсин, қабрини кенг ва мунаввар айласин ҳамда уни Ўз раҳмати ила жаннатига киритсин. Албатта Аллоҳ дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.

    Мусибатланган дўстим! Вафот этган яқинингиз учун дуоларингизни дариғ тутманг. Зеро у дуоларингизга муҳтождир. Унинг ҳаққига қиладиган дуоларингиздан кўра бошқа яхшироқ нарсани унга совға қилолмайсиз.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-оиласи ва барча саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.

    Манба: www.islomnuri.com

    [1] Имом Муслим ривояти.
    [2] Ибн Саъд ривояти. Албоний саҳиҳ деган.
    [3] Абу Довуд ривояти, ҳасан ҳадис.
    [4] Ибн Ҳажар: «Асарни Табарий “жаййид” (ҳасан) санад билан келтирган», деган.
    [5] Имом Бухорий ривояти.
    [6] Ибн Можа ривояти. Бувсирий ҳадис санадини саҳиҳ деган.
    [7] Бухорий ва Муслим ривояти.
    [8] Имом Термизий ривояти.
    [9] Абу Довуд ривояти. Албоний саҳиҳ деган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963