Бизга боғланинг
Уни ўзингиз учун ёмонлик деб билманг (Давоми) (2)
الشيخ محمد حسان
لا تحسبوه شرا لكم
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Фақат Аллоҳгина ҳар ишга қодир Зотдир. Мана, жаҳоннинг энг қудратли мамлакатлари деб билинган давлатларни ҳам довуллар, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, зилзилалар ва бошқа бало-офатлар қай ҳолга солиб қўяётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Қуёш ғойиб бўлмайдиган мамлакат деб танилган Британия қироллиги яқиндагина сув тошқинидан қаттиқ азият чекди. Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, тошқинлар сабабли Британия ташқи оламдан бутунлай узилиб қолаёзди. Кучли ёнғинлар Америка (ва Австралия)нинг минглаб гектар ўрмон ва экинзорларига мислсиз талафот етказди, ўт ўчиришга сафарбар этилган учоқлар ҳам оловни даф қилишга қодир бўлмай қолди. Кучли зилзилалар саноқли сонияларда бутун бошли шаҳарларни остин-устун қилиб юборгани кўрилмоқда. Аллоҳ ҳар нарсага қодир, еру осмондаги ҳеч бир жонзот У зотни ожиз қолдиришга ҳаргиз қодир эмас. Аллоҳ тузиб қўйган бу қонуниятлар ўзгармас ва алмашмас қонуниятлар бўлиб, ҳеч қачон ҳеч бир халқнинг қаршисига бошқа бир халқнинг тарафини олмайди.
Айрим одамлар бу синов ва имтиҳонларни ёмонлик деб ўйлашади. Лекин, ҳар бир нарсани илм ва ҳикмат билан тақдир қилувчи зот бўлган Аллоҳ таоло ушбу синов ва имтиҳонларда собир ва содиқ мўминлар учун, агар билсалар, кўп яхшиликлар бор эканини яхши билади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 232).
Содир бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодисада Аллоҳ таолонинг «Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир» (Нур: 11) деган сўзлари исботи кўриниши учун мен сизларга шонли тарихимиздан баъзи ибратли воқеаларни келтирмоқчиман. Энг аввал ушбу суҳбатимизга ном ўлароқ танлаганим «Нур» сурасидаги қуйидаги ояти карималарни диққатингизга ҳавола этаман: «Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир» (Нур: 11).
Уни ўзингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у Сизлар учун яхшиликдир… Дилни вайрон, юракни тилка-пора қилиб юборадиган шундай даҳшатли ҳодисада, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаратилган, у зотнинг обрў-номуслари ва шон-шарафлари нишонга олинган улкан бўҳтон воқеасида?!! Бўлиб ҳам ким хусусида денг, Муҳаммад Мустафога энг суюкли бўлган, у зот чин дилдан севган ва севгиларини очиқ эълон қилган завжаи мутоҳҳаралари бўлмиш Оишаи Сиддиқа шаънларида қилинган эди бу бўҳтон!! Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Сизга энг суюмли инсон ким?» деб сўралганда «Оиша», деб жавоб бердилар. «Эркаклардан-чи?», дейилганда «Унинг отаси», деб жавоб бердилар. «Ундан кейин-чи?», деб сўралганда «Умар ибн Хаттоб», дегандилар (Бухорий: №3662, Муслим: 8/2384). Ҳа, У зоти шарифга покиза ва тоҳира жуфти ҳалоллари Оиша ҳақларида заҳарли бўҳтон ўқлари отилган эди! Ҳаммангизга маълум ва машҳур ушбу воқеани, келинг, мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзларидан эшитайлик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқишни истасалар, аёллари ўртасида қуръа ташлардилар ва қуръа кимга тушса, ўша аёлларини ўзлари билан бирга олардилар. Бир ғазотларида қуръа ташлаганларида қуръа менга тушиб, у зот билан бирга чиқдим. Бу воқеа ҳижоб ояти тушганидан кейин бўлганди. Мени ҳавдажимда (туяга ўрнатиладиган, аёллар учун махсус тахтиравонда) кўтариб юришар ва ҳавдаж билан бирга туширишарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғазотларидан фориғ бўлганларидан сўнг қайтдилар. Мадинага яқинлашган (ва дам олишга тушган) эдик, тунда йўлга отланишга эълон бўлди. Йўлга отланишга чақиришган пайт мен туриб, қўшиндан четроққа чиқдим. Ҳожатимни ўтагач, карвонга қайтдим. Кўкрагимни ушлаб кўриб, маржоним тушиб қолганни билдим. Орқага қайтиб, маржонимни қидириш билан овора бўлиб, анча ушланиб қолдим.
Менинг ҳавдажимни юклаб-туширишга бириктирилган кишилар келиб, мени ҳавдаж ичида деб ўйлаб, ҳавдажимни мен миниб юрадиган туяга ортиб қўйибдилар. Ўша вақтда жуда кам таом ейишгани учун аёллар енгил, этсиз, ориқ бўларди. Шунинг учун одамлар ҳавдажни кўтариб ортишганда унинг енгиллигини сезишмаган. Қолаверса, мен ҳали кичик ёшли қиз эдим. Улар туяни ўрнидан қўзғотиб, кетиб қолишибди.
Мен маржонимни топганимда қўшин йўлга чиқиб кетган, қайтиб келсам, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Мен ўзимнинг жойимга келиб ўтирдим ва одамлар менинг йўқлигимни билиб, қидириб келиб қолишса керак, деб ўйладим.
Ўтирган жойимда кўзим илиниб, ухлаб қолибман.
Сафвон ибн Муаттал ас-Саламий аз-Заквоний қўшиннинг ортидан келарди. У кечаси йўлга тушиб, тонг пайти мен турган жойга етиб келибди. Ухлаб ётган кишининг қорасини кўриб, менинг олдимга келиб, мени танибди. Ҳижоб (фарз бўлиши)дан олдин у мени кўрган эди. У мени таниб истиржо айтди (яъни, «Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиуун» деди). Мен унинг истиржосидан уйғониб кетдим. Юзимни жилбобим (ҳижобим) билан ёпдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади, истиржосидан бошқа бирор сўзни ундан эшитмадим.У туясини чўктирди. Туя чўккач, мен унга миндим. У туяни етаклаб йўлга тушди ва қўшинга кун қиздира бошлаган пайт, лашкар дам олишга тўхтаган пайтларида етиб келдик. Шундан сўнг менинг шаънимда одамлар бўлмағур гапларни гапиришибди. Бўхтоннинг каттасини бошлаган Абдуллаҳ ибн Убай ибн Салул эди…»
Ушбу узун ҳадисни Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар.
Баъзи ривоятларда келишича, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Сафвон ибн Муаттал розияллоҳу анҳуни уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо минган туяни етаклаб келаётганини кўриб:
«Ким бу?», деб сўради.
Улар: «Оиша (розияллоҳу анҳо)», дейишди.
Шунда мунофиқлар бошлиғи: «Аллоҳга қасамки, бу ундан, у эса бундан саломат қолмаган!», деди.
Кейин: «Пайғамбарларингнинг аёли эрталабгача бир эркак билан кечани ўтказди, кейин у уни олиб келмоқда», деди.
Нақадар жирканч сўзлар!! «Аллоҳга қасамки, бу ундан, у эса бундан саломат қолмаган»… Ё Аллоҳ!! Сиддиқнинг қизлари Сиддиқа зино билан айблансалар!! Бу гаплар, табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига ҳам етиб борди.
Биродарим, сиз ўзингизни шу ўринга бир қўйиб кўринг-а! Ўз жуфти ҳалолингиз ҳақида шундай сўзни эшитсангиз, қандай аҳволга тушасиз?! Муҳаммад Мустафодек зот ўзлари чин дилдан муҳаббат қўйган, Ислом гулшанида очилган покиза чечак, умри бино бўлиб бир кун ҳам ширкда яшамаган, Қуръонни янги нозил бўлган пайтида эшитиш бахтига муяссар бўлган Оиша шаънларида туҳматга дучор бўлиб турган эдилар! Тоҳир қизи тоҳира, сиддиқ қизи сиддиқа эдилар у зот! Сиддиқ розияллоҳу анҳу хонадонида туғилиб ўсган, гўдаклик чоғидан Сиддиқнинг оғизларидан Қуръон эшитган, Сиддиқнинг намоз ўқишларини кўриб улғайган, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларига кўчиб ўтиб, соф ислом тарбиясини олган покиза зот эдилар! Бутун дунёга поклик ва шарафдан дарс берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай покиза зот хусусида ўз шаън-шарафлари ва покликларига нисбатан қилинган мудҳиш бўҳтонга дучор бўлгандилар. Умматнинг сиддиқи бўлмиш Абу Бакр бу туҳматдан ларзага келиб, йиғлар ва: «Жоҳилият даврида ҳам дуч келмаганимиз бундай бўҳтонга энди Исломда дучор бўламизми?!», дердилар. Оишанинг оналари, ул муштипар она юракларини кемираётган дард-аламдан ва жигарларини тилка-пора қилиб ташлаётган ғамдан ўзига келолмас эди.
Бу ҳақда Аллоҳдан бирон ваҳий-хабар келиши узоқлашиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишадан ажралиш ҳақида маслаҳат сўраб, Алий ибн Аби Толиб ва Усома ибн Зайдга мурожаат қилдилар, Оишанинг жориясини чақириб, у ҳақдаги фикрини сўрадилар..
Ё Аллоҳ! Бу ҳолатлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларини нечоғли ғам-алам ўраб олганини тасввур қилиш мумкин.
Шундан сўнг Оиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изнлари билан ота-онаси хонадонига кетдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо ҳикоялари давомида айтадилар:
… Шу куни ҳам менинг кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади. Эртаси куни ҳам кўз ёшим тинмади, кўзимга уйқу қўнмади, ҳатто йиғи жигаримни тилка-пора қилиб юборса керак, деб ўйладим.
Ота-онам менинг олдимга ўтиришган, мен эса йиғлаётган эдим, бир ансорий аёл киришга изн сўради. Мен унга изн бердим. У ҳам келиб, мен билан бирга йиғлаб ўтирди.
Шу ҳолда эканмиз, тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келиб, салом бердилар ва ўтирдилар.
Мен ҳақимда гап-сўзлар тарқалганидан бери олдимда ҳеч ўтирмаган эдилар.
Бир ойдан бери мен ҳақимда у кишига бирор нарса ваҳий қилинмаган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирганларидан сўнг шаҳодат калималарини айтдилар, сўнг шундай дедилар:
«Аммо баъд, эй Оиша, менга сен ҳақингда шундай-шундай гаплар етди. Агар сен бу гаплардан пок бўлсанг, Аллоҳ тез орада сенинг поклигингни кўрсатади. Агар гуноҳга қўл урган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, тавба қил. Чунки, банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тугатгач, кўз ёшларим таққа тўхтади ва бир томчи ҳам ёш оққанини сезмадим. Сўнг отамга: «Менинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига жавоб беринг», дедим.
Отам: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишни билмайман», деди.
Кейин онамга: «Менинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоб беринг», дедим.
Онам ҳам: «Аллоҳга қасамки,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нима дейишни билмаяпман», деди.
Шунда мен дедим: «Мен кичик ёшли қизман. Қуръондан кўп нарса ўқиёлмайман. Аллоҳга қасамки, билишимча, сизлар бу гап-сўзни эшитганингиздан сўнг у дилингизга ўрнашиб, ҳатто сизлар унинг ростлигига ишониб ҳам қолибсизлар. Агар мен ҳозир сизларга: «Мен бундан покман» десам ҳам – поклигимга эса Аллоҳнинг Ўзи шоҳид – сизлар менга ишонмайсизлар, агар гуноҳни эътироф этсам – Аллоҳ Ўзи менинг бу гуноҳдан поклигимни яхши билиб турибди – сизлар бунга ишонасизлар. Қасамки, мен сизлар билан ўртамиздаги ҳолатга Юсуфнинг отаси айтган қуйидаги сўзлардан бошқа ўхшаш тополмайман: «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир» (Юсуф: 18)».
Шундан сўнг тескари ўгирилиб, ётиб олдим. Аллоҳга қасамки, мен шу пайтда ўзимнинг поклигимни ва Аллоҳ мени албатта поклашини билиб турардим.
Лекин, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мен ҳақимда тиловат қилинадиган оят нозил қилишини ҳеч ўйламаган эдим. Ўзимни Аллоҳ таоло Қуръонда менинг ишим ҳақида сўзлашидан ҳақирроқ деб кўрардим.
Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир туш кўриб, шу тушларида Аллоҳ таоло мени оқласа керак, деб ўйлардим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ўринларидан қўзғалмасларидан, уйдагилардан бирортаси чиқмасидан туриб Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига оят нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келгандаги оғриқли ҳолат содир бўлди. Ҳатто, нозил қилинаётган Сўзнинг оғирлигидан у зотдан совуқ кунда тер маржондек оқа бошлади.
Ваҳий тушиш ҳолати кўтарилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларида табассум порлаб, энг аввал айтган сўзлари: «Хушхабар, эй Оиша, дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи сени оқлади!», дейиш бўлди.
Шунда онам менга: «Тур, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бор!», деди.
Мен: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, у киши учун турмайман, фақат Аллоҳга ҳамд айтаман, У менинг поклигимни эълон қилиб, оят нозил қилди», дедим. Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:
«Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир.
Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир… Бу воқеада нима яхшилик бўлиши мумкин? Бундай синов-имтиҳонлар остида, бу каби улкан фитна ортида сизу бизга қандай яхшилик яширинган бўлиши мумкин? Ҳар бир кишининг кўнглига бу каби саволлар келиши табиий.
Фараз қилинг, бу имтиҳон ортида ҳеч қандай яхшилик бўлмасдан, фақат Аллоҳ таоло умматга Ўзининг пайғамбари ғайбни билмайдиган оддий инсон фарзанди эканини билдириб қўйишни истаган бўлганда ҳам, шунинг ўзи ҳам кифоя қиларди. Чунки, агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбни билганларида эди, бу қадар ғамгин бўлмас ва аламли кечинмалар у зотнинг юрак-бағрини бу қадар тилкаламаган, бир ой шунча қийналиб юрмаган бўлардилар.
Кейин, мусулмонлар сафига мунофиқлар суқулиб кириб олган эди. Мунофиқлар жуда катта ёмонлик ва улкан хатар эди. Чунки, мусулмон киши ўзининг кофир душманини яхши билади ва унга йўлиқишга тайёргарлик кўриб туради. Аммо, сафга мунофиқлар кириб олган ва мусулмонларнинг суҳбатларида иштирок этиб, уларга бир хил гап гапириб, кофиру мушрик дўстлари ҳузурига борганда бошқача гап гапириб, сафларга парокандалик туширишни истаб юрган бўлса, иш анча оғир бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз» (Нисо: 143). Мўминлар уларнинг ёмонлигини ва хатарини фақат мана шундай фитна ва имтиҳонлар орқали билиб олишлари мумкин эди.
Мана шу улкан фитна воситасида мунофиқлар ярқ этиб кўриниб, мўминлар уларни яхши таниб олдилар. Зеро, фитналар кимнинг кимлигини очиб беради, одамнинг ичидаги нарсасини ташқарига чиқариб қўяди. Инсон тинч ва осуда ҳаёт кечириб турган пайтида унинг дили тубига чўкиб ётган сир-асрорлари кўпинча ташқарига чиқмайди, ўзининг айбу камчиликларини ўзи ҳам унча билмайди. Бошига бирон мусибат тушганда, бирон балога дучор бўлганда унинг кимлиги билиниб қолади. Чин мўмин синов-имтиҳонлар ва бало-ю фитналар ичида ҳам ўз динида сабот билан тура олади. Аммо, Аллоҳга чин дилдан эмас, балки тил учида ибодат қилиб юрган кимсалар мана шундай синов ва фитналар даврида йўлдан четланиб кетиб, дунё-ю охиратда зиёнкорга айланишади.
Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).
Аллоҳ таоло айтади: «Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир» (Бақара: 214).
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!» (Оли Имрон: 142).
Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2,3).
Мана шу бало-имтиҳондан сўнг Оишанинг Аллоҳ ва Расули наздидаги обрў-эътибори яна-да юксалди. Ўзлари айтганларидек: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мен ҳақимда тиловат қилинадиган оят нозил қилишини ҳеч ўйламаган эдим. Ўзимни Аллоҳ таоло Қуръонда менинг ишим ҳақида сўзлашидан ҳақирроқ деб кўрардим. Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир туш кўриб, шу тушларида Аллоҳ таоло мени оқласа керак, деб ўйлардим».
Тасаввур қилинг, Аллоҳ таоло Ўз Қуръонида бир киши ҳақида то қиёмат кунигача тиловат қилиб туриладиган оят нозил қилса, у учун бундан кўра каттароқ шараф ва ҳурмат-эҳтиром бўлиши мумкинми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воқеадан кейин Оишани яна ҳам қадрлайдиган бўлдилар. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Ахир, у зотни етти қават осмон устидан Парвардигорнинг Ўзи поклигини эълон қилди-ку! Оишанинг ўзлари ҳам бундан фахрланар, фахрланишга ҳақли ҳам эдилар, «Мени Аллоҳ етти қат осмон устидан поклади», дердилар. Аллоҳ таоло унга бундай олий шарафни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кечирган ҳаётининг охирги лаҳзаларида ҳам мушарраф этди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Аллоҳнинг менга ато этган энг катта неъматларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда, менинг навбатимда, менинг бағримда вафот этдилар, Аллоҳ таоло бу дунё кунларининг сўнггиси ва охират кунларининг бошланишида менинг тупугимни у зотнинг тупукларига жамлади» (Бухорий: №3100).
(Давоми бор)