Сэнди тўфони… Ибрат ва насиҳатлар

    2117 марта кўрилган

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Ақл-идрок эгалари ибрат олиб, ғофилларгина ғафлатда қоладиган кўплаб аломат ва ибратларни борлиқда намоён қилиб турувчи Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, биз солиҳ бандаларини ёмонлик ва хатарлардан асрашга ўзи кафил бўлган Ул Зотга мақтовлар айтамиз ва шукроналар бажо келтирамиз, умид ва илтижо билан юзланишга ёлғиз Ўзи лойиқ бўлган, шериксиз ва тенгсиз бўлган ул Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик берамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик берамиз, у зотнинг ҳақ пайғамбар эканларига инсу-жин, тоғу-тош, дов-дарахтлар гувоҳлик бергандир. Аллоҳ у зотга, аҳли ва асҳобига то қиёмат саловоту саломлар йўлласин.

    Аммо баъд…

    Эй одамлар, ўзимни ва сизларни Аллоҳдан тақво қилишга чақираман, У Зотнинг ояту аломатлари халқи ичида кўп бўлиб, бандалар уларни еру осмонда, ўз жисмлари ва ён атрофларида кўриб турадилар, уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қудрати ва буюклигига, илму ҳикматига, чеварлиги ва санъатига далил бўлади. «У зот сизларга Ўз оятларини (яъни Ўзининг борлиги ва бирлигига далолат қиладиган аломатларни) кўргизур ва сизларга осмондан ризқу-рўз ёғдирур. (Лекин бу оят-аломатлардан) фақат (Аллоҳга) инобат-илтижо қиладиган кишигина эслатма-ибрат олур» (Ғофир: 13), «(Аллоҳ) сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатур. Бас сизлар Аллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?!» (Ғофир: 81).

    Мусулмон биродарлар! Бир неча кун олдин баъзи мамлакатларга қаттиқ бўрон ва довул ёпирилиб, улкан вайронагарчиликлар келтирди, одамлар ундан жуда қаттиқ зарар кўрдилар. Илгаридан огоҳлантириш бўлгани боис одамлар уйларидан ва пана жойларидан чиқмасдан, қимирламай ўтирдилар. Бироқ, шу ҳолда ҳам анчагина инсоний талофотлар бўлди, ўлим уларни яшириниб ўтирган жойларигача қувиб келди ва ўз домига тортди. Биз инсонлар ана шундай заиф бандалармиз. Аллоҳ таоло улар устига бу тўфонни Ўз адли билан юбораркан, Ўзининг лашкарларидан бири бўлмиш шамол лашкарининг жуда ҳам кичик, арзимас бир бўлагини юборди. (Роббимиз субҳанаҳу ва таоло Од қавми устига даҳшатли бўрон юборган пайтида уларга – «Сунан ат-Термизий»да ривоят қилингани каби – ушбу лашкардан бор-йўғи бир узук ҳалқасича миқдорини юборган эди). Бўрон бошланган пайт ҳамма уй-уйларига қамалиб, эшик-деразаларни маҳкам ёпиб олиб, базўр жон сақлади. Аллоҳнинг фазли бўлмаганида улар ҳам ўша Од қавми каби ҳалок бўлиб кетишарди.

    Аллоҳнинг бандалари! Заиф инсоннинг мазкур балони қайтариш ва зарарини даф қилишдан ожизлиги, эшик-деразаларни тамбалаб олиб ҳам ундан қутулиб қоломаслиги яққол маълум бўлди. Бу жуда катта огоҳлантириш агар билсалар!! Бироқ, ибрат олувчилар бўлармикин?!! Бу Аллоҳнинг куч-қудратига жуда катта аломатдир, бироқ, иймон келтирувчилар бўлармикин?!! Аллоҳ азза ва жалладан қўрқайлик! Халқлар Аллоҳ наздида нақадар ночор!! Аллоҳнинг қудрати нақадар буюк!! Борлиқнинг оддий бир ҳодисаси олдида уларнинг барча тузган режалари бузилиб кетади. Бу эса – эй мусулмонлар – барча мусулмонлар у ҳақда ўйлаб кўришлари ва чуқур фикр юритишлари керак бўлган, пировардида кунда-кунора ер юзида инсоният бошига тушаётган ҳар турли табиий офатларга нисбатан тутадиган позицияларида ундан фойдаланишлари лозим бўлган ҳақиқат ва йўл-йўриқлардир. Мусулмон кишининг бошқа инсонлардан фарқли тарафи шундаки, у Ягона ва Танҳо, бутун борлиқ ишини бошқариб турувчи, Ўзининг ҳукми ва қазосида, бериши ва олишида Ҳаким бўлган, бандаларини оғирлик ва енгилликлар билан имтиҳон қилиб турадиган, гуноҳкорларнинг адабини бериб, мўминлар қалбига хотиржамлик етказувчи ибрат ва аломатларни юборадиган Зотга ибодат қилади. Ундан ташқари, мусулмон киши доим тўғриликка, ғафлат ва маъсиятни тарк қилишга, дунёга берилмасликка, охиратга ҳозирлик кўришга, халқлар ва миллатлар аҳволидан ибрат ва сабоқ олишга буюрилган. Эҳ, ибратлар нақадар кўп ва ибрат олиш нақадар кам бўлмаса!! Оҳ, қалблар бунчалар тош қотган, бандалар Аллоҳнинг аломат ва қудратларидан нақадар ғофил!! Улкан хатарлар ҳамма тарафларидан ўраб келмоқда, ер юзини фасод қоплаб олган. Роббимиз бизларга Ўзининг қудратига далил бўлувчи одатий ва фавқулодда оят-аломатлари билан огоҳлантириш беради: «Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гунохларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» (Рум: 41).

    Эй мусулмонлар! Бало ва офатларнинг, бўрон ва довулларнинг, меҳнату машаққатларнинг сабаби, бахтсизлик ва бадбахтликнинг боиси гуноҳлардир. Гуноҳу маъсиятлар қай бир диёрда кенг тарқалса, албатта уни заифлаштиради ва ҳалокатга дучор қилади, гуноҳлар унга муккасидан кетган жамиятларни охир-оқибат вайрон қилиб, ер юзидан супуриб ташлайди. Аллоҳ таоло қай бир умматни ҳалок қилган бўлса, уни гуноҳ ва маъсияти сабабли ҳалок қилган. Қуръони карим бир қанча оятларда бизларни ўтганлар ва ён-атрофимиздагилар ҳолидан ибрат олишга чақиради, Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларида туриш ва уларга тажовуз қилмасликка буюради: «Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга юттирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилувчи бўлдилар» (Анкабут: 40).

    Аллоҳнинг Китоби ибрат кўзи билан боқувчилар учун чизиб берган мана бу қўрқинчли кўриниш ҳақида бир фикр қилиб кўринг: «Дарвоқеъ Биз уларнинг устига бир давомли нахс кунида (яъни нахс-шумлиги хеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки улар суғуриб олинган хурмо(дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?!» (Қамар: 19-22).

    Бандаларини ҳалокатлардан қўрқитувчи, ҳар турли мўъжиза ва огоҳлантиришлар билан уларни огоҳлантирувчи Зотни поклайман! «Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз» (Исро: 59).

    Эй мусулмонлар! Шамол Аллоҳ таолонинг унга ҳеч ким қарши туролмайдиган лашкарларидан биридир. Агар у Парвардигорининг изни билан ўзининг одатий тезлигидан чиқса, шаҳарларни вайрон қилади, биноларни ер билан яксон қилади, дарахтларни қўпориб ташлайди, ўша юрт аҳлига азобга айланади. Од қавми ҳаддидан ошиб: «Қуч-қудратда биздан кўра зўрроқ ким бор?!» деганида Аллоҳ таоло улар устига даҳшатли шамолни юборди. Аллоҳ таоло айтади: «Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам(ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди» (Ваз-зариёт: 41, 42).

    Шамол Хандақ ғазотида бўлгани каби, Аллоҳнинг мўмин бандаларига ёрдам берувчи лашкарларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизларга (қарши турли фирқалардан иборат) қўшинлар келган пайтида, Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни фаришталарни) юборганимизни — Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи бўлган зотдир» (Аҳзоб: 9).

    Бухорий, Муслим ва бошқалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен «Сабо» билан нусратландим, Од эса «Дабур» билан ҳалок қилинди». Сабо шарқдан эсувчи, Дабур эса ғарбдан эсувчи шамолдир.

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, шамолли ва булутли кун бўлса, бунинг асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида билинар, у зот безовта бўлиб, бир жойда туролмай қолар эканлар. Ёмғир ёғса хурсанд бўлар ва ҳалиги ҳолат у кишидан кўтарилар экан. Оиша розияллоҳу анҳо у зотдан бунинг сабабини сўраганида: «Мен бу (шамол ва булут) умматимга туширилган азоб бўлишидан қўрқаман», деган эканлар (Имом Муслим ривояти).

    Шамол эса бошласа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу дуони ўқирдилар:

    (اللهم‏‏ إني أسألك خيرها، وخير ما فيها، وخير ما أرسلت به،‏ وأعوذ بك من شرها، وشر ما فيها، وشر ما أرسلت به) رواه مسلم.

    Маъноси: Эй Парвардигор! Мен Сендан бу шамолнинг, ундаги нарсанинг ва у билан юборилган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Унинг, ундаги нарсанинг ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. (Имом Муслим ривояти).

    Аллоҳ таоло Од қавмига шамол юборганини айтар экан, деди: «Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга Ёмғир келтирувчи булутдир», де­дилар. «Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса  бир бўронки, унда аламли азоб бордир»(Аҳқоф: 24). Улар ўз устларига келаётган булутга ёмғир ёғишига сабаб бўлувчи оддий бир табиат ҳодисаси сифатида қарадилар ва унинг азоб бўлишини хаёлларига ҳам келтирмадилар. Хусусан, қурғоқчилик бўлиб, сувга муҳтож бўлиб турган даврлари эди. Бироқ, бу булут улар учун азоб бўлиб келди.

    Ибн Касир тафсирларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан қуйидаги ривоятни нақл қилганлар: «Шамол саккиз хил бўлиб, тўрттаси раҳмат, тўрттаси азоб шамолидир. Раҳмат бўлган тўрттаси – «Ан-нааширот», «Ал-мубашширот», «Ал-мурсалат», «Аз-заарият»дир. Азоб бўлган тўрттаси эса – «Ал-ақийм», «Ас-сорсор», бу иккиси қуруқликда бўлади, «Ал-аасиф», «Ал-қосиф», бу иккиси денгизда бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло истаса, уни раҳмат ҳаракати билан ҳаракатлантириб, роҳат ва раҳмат қилади, у билан булутни урчитиб, худди эр аёлни ҳомилали қилганидек, сувга ҳомилали қилади. Агар истаса, уни азоб ҳаракати билан ҳаракатлантириб, туғмас қилади ва унга аламли азобни жойлайди ва уни Ўзи истаган кишилар устига вайроналик келтирувчи қилиб юборади».

    Аллоҳнинг бандалари! Шамол Аллоҳнинг Ўзи истаган қавмларга туширадиган лашкари бўлгани каби, у Унинг халқларидан бир халқ бўлиб, Ўзи истаган бандаларига уни бўйсундириб ҳам қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган қилиб қўйдик. Биз барча нарсани билувчидирмиз» (Анбиё: 81), «Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик)» (Сабаъ: 12).

    Дунёнинг кўплаб давлат ва халқлари ушбу шамол ва бўронларнинг минглаб ҳисобини қилади, об-ҳавони кузатиб, шамолларнинг йўналишини аниқлаб, қачон ва қаерда шамол туришини айтиб беради, эҳтиёт чораларини кўради, барча огоҳлантирувларни ишга солади, панагоҳларни ҳозирлайди. Шунча ҳозирлик кўрилганига қарамай, барибир инсоний қурбонлар берилади, вайронагарчиликлар рўй беради. Бу ерда кўзни катта очиш керак бўлган нарса – бу ҳодисаларни табиатга нисбатлаб, «табиат ўч олди» ёки «бу нарсалар табиий ҳодисалар бўлиб, маълум сабаблардан келиб чиқади, уларнинг инсонларнинг қилмишларига ҳеч қандай алоқаси йўқ» каби сўзлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Бу каби сўзлар одамларнинг тилида жорий бўлиб кетганидан, бундай ҳодисалардан ибрат олмайдиган бўлиб қолганлар.

    Мусулмонлар! Айримлар шамол ва чанг-тўзон кўтарилса, диққати ошиб, сўкинишга тушади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар, у зот: «Шамолни сўкманглар, агар ўзингиз ёқтирмаган ишни кўрсангиз: «Эй Парвардигор! Биз Сендан ушбу шамолнинг, унда бўлган нарсанинг ва унга буюрилган нарсанинг яхшилигини сўраймиз, ушбу шамолнинг, унда бўлган нарсанинг ва унга буюрилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз» деб дуо қилинглар», деганлар (Термизий ривояти).

    Яна айтганлар: «Шамолни сўкманглар! Чунки, у Аллоҳ таолонинг раҳматидандир, у раҳмат ва азоб олиб келади. Лекин, сизлар унинг яхшилигини Аллоҳдан сўранглар ва унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар!» (Аҳмад ривояти).

    Эй мусулмонлар, Аллоҳ таолодан қўрқайлик, нажот сабабларини ушлайлик. Зеро, инсоннинг ҳалокати ва нажоти унинг қўллари қилган ишга боғлиқдир. Ён-атрофимиздагилар ҳолидан ибрат олайлик, ўзгалар бошига тушган балолардан насиҳат олайлик. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтар эканлар: «Бахтсиз онасининг қорнидаёқ бахтсиз бўлган кишидир, бахтли эса ўзгалар ҳолидан насиҳат олган кишидир». Аллоҳ таолодан бизларни насиҳат қилинган пайтда насиҳатланадиган, гуноҳ қилган вақтларида тавба қиладиган, бало келганда сабр қиладиган кишилардан қилишини сўраймиз. У эшитувчи, дуоларни ижобат қилувчи Зотдир.

    Иккинчи хутба

    Қадарлар Унинг қалами билан жорий бўлган, халқларига Унинг ҳукмлари ўтувчи бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Унга ҳамду санолар айтамиз, Роббимизнинг фазлу карами ва инъому эҳсонлари яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлувчи шукроналар бажо келтирамиз. Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У Зотнинг бандаси ва элчиси эканларига гувоҳлик берамиз. Аллоҳ у зотга, аҳли ва асҳобига то қиёмат саловоту саломлар йўлласин.

    Аммо баъд…

    Эй одамлар! Бало ва офатлар тушган пайтларда билишимиз ва эсда тутишимиз зарур бўлган энг биринчи ҳақиқат шу бўлиши керакки, бу борлиқда на катта, на кичик, на шодлик келтирувчи ва на ғамга солувчи бўлсин, биронта ҳам ҳодиса ҳамма нарсани билувчи ва ҳикмат соҳиби бўлган буюк Парвардигорнинг қазоси ва қадаридан ташқарида бўлмас, содир бўлган ва бўлажак ҳар бир иш осмонлару ернинг яратилишидан эллик минг йил олдин тақдир китобига битиб қўйилгандир, буни билган билади, билмаган билмайди, рози бўлган рози бўлиб, ғазабланган ғазабланиб қолаверади. Шу боис орифлар тилларини савол ва эътироздан соқов қилдилар, диллари қазо ҳукмларига рози бўлди, балоларга сабр қилишлари, фаровонликда шукр қилишлари осон бўлди, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи қиладиган ҳеч бир ишидан сўралмас Зот эканига ишончлари комил бўлди.

    Ўтган ҳафта зулм ва тажовуз, кибр ва зўравонлик давлатига ёпирилган тўфон ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қадаридан четда бўлмади. У азобга лойиқ бўлган кофир, золим ва кибр эгаларига етарли азоб бўлди. Мўминлар уларга етган балодан қувонишга ҳақлидирлар. Чунки, уларнинг зарарига дуо қилиш машруъ экан, дуодан кўра қуйироқ нарса, яъни уларнинг мусибатидан қувониш албатта машруъ ишдир. Нега хурсанд бўлмаслик керак?!! Қаламлари билан Пайғамбарни ҳақорат қилганларнинг мусибатидан, у зотни сўккан ва ҳақоратлаган кимсаларни фикр ва сўз эркинлиги баҳонаси билан ҳимоя қилганларнинг мусибатидан, мусулмонларни ўлдирган, асир олган ва азобларга гирифтор этган кимсаларнинг мусибатидан қувонмаслик керакми?!!

    Агар ушбу тўфон у юртда яшаб турган мўмин-мусулмон ва тоат-ибодатли инсонлар бошига ҳам мусибат келтирган бўлса, ҳукуматлари ва раҳбарлари қилган қилмишларга заррача алоқаси бўлмаган бегуноҳ оддий инсонлар ҳам бу балодан четда қолмаган бўлсалар, бутун дунё мусулмонлари уларга ачинадилар, улар ҳаққига хайрли дуода бўладилар. Зотан, битта фалокатнинг ўзида ўрнига қараб, ҳам шодлик, ҳам ғам жамланишига монеълик йўқдир.

    Аллоҳга Унинг шариатида рақиб бўлган, Унга қарши очиқ уруш эълон қилган, Унинг бандаларига зулм қилиб турган кимсаларнинг мусибатидан қониқиш ва хурсанд бўлишдан кўра ҳам зарурроқ ва муҳимроқ иш – Аллоҳ таолонинг ушбу ҳодисада кўрилган қудрати ҳақида фикр юритиш, қалб Унга муҳаббат, Ундан қўрқув ва умидворлик билан тўлмоғидир. Ана, кўриб қўйинг, ер юзининг энг қудратли давлати ҳам Аллоҳ таолонинг лашкарларидан бир оддий лашкар қаршисида чорасиз қолди,«Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31). Бўлмаса, бир неча кун олдиндан кутиб турган, унга қарши барча ҳозиргарликни кўриб қўйган эди, бироқ уни на тўхтатиб қолишга, на кучини қирқишга қодир бўлди. Билъакс, зиён-заҳматлар аламини ичига ютиб, ҳасрат ичида, ожиз ва мағлуб ҳолда қараб туришга мажбур бўлди. Океанларни забт этган улкан крейсерлари ҳам, осмонлар бағрини тилиб, ер юзини даҳшатга солувчи учқичу ракеталари ҳам ҳеч нарса қилиб беролмади. Ўнлаб мамлакатларда минг-минглаб тинч аҳолининг бегуноҳ қонига зомин бўлган, саноқсиз хонадонда ўзидан кейин чидаб бўлмас мусибатлар қолдирган ушбу даҳшат қуроллари саноқли соатлар ичида ўнлаб миллиард долларлик зиён келтирган оддийгина бир илоҳий қўшин олдида қимир этмай туришдан бошқага ярамади. Осмони учқичлар билан давомий гавжум бўлиб турувчи улкан шаҳарда учқичлар ҳаракатдан қолди, қуруқликдаги нақлиёт ҳаракати фалаж бўлиб қолди, миллионлаб инсонлар ҳеч бир иш усиз битмайдиган энг зарурий нарсасиз – электр токисиз қолди, юз бераётган вайронагарчиликларга бутун дунё гувоҳ бўлиб турди, одамлар билан тўлиб-тошган мегаполис кимсасиз ҳувиллаб қолди, мамлакат президенти фавқулодда ҳолат эълон қилди. Аллоҳ таоло нақадар буюк, инсон нақадар ожиз! Аллоҳнинг азоби нақадар оғир ва аламли! Дунё давлатларини тиз чўктирган, халқлар ва миллатларни қўрқувга солган зўравонлар нақадар ожиз ва ҳақир аслида! Зотан, Аллоҳ таоло ҳар бир золимни кўриб, кузатиб турибди.

    «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши — азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).

    «Ана у шаҳарларни (уларнинг аҳолисини, улар) зулм қилишгач, ҳалокат вақтларини аниқ белгилаб (яъни, пайғамбарларингизга итоат қилмасангизлар, ҳалок бўлурсизлар, деб) қўйган ҳолимизда, ҳалок қилдик» (Каҳф: 59).

    «Қанча золим-кофир бўлган қишлоқ-шаҳарларнинг (аҳлини) ҳалок қилдик ва уларнинг ортидан (бутунлай) бошқа қавм-авлодни вужудга келтирдик»(Анбиё: 11).

    «Зотан қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида Биз ҳалок қилган, бас томлари (йиқилиб) ҳувиллаб қолган қишлоқ-шаҳарлар, (қанча)ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир» (Ҳаж: 45).

    Аллоҳнинг бандалари! Шаҳар-қишлоқлар устига бостириб келиб, одамлар бошига мусибат ёғдирадиган, бегуноҳ гўдаклару, тилсиз жониворларни ҳалок қиладиган, иймон аҳлидан бўлган кишиларни ҳам аяб ўтирмай ўз домига тортиб кетадиган бундай бало ва офатлар унга дучор бўлган кишиларга нисбатан имтиҳон ё азоб деб эътибор қилинади. Агар иймон аҳлидан бўлиб, Аллоҳнинг амрларига итоатда турган кишилар бўлса, бу улар учун имтиҳон, гуноҳларига каффорат ва даражалари юксалишига сабабдир. Агар Аллоҳга қарши уруш очган, Унинг ҳукмларига қарши чиққан, Унинг амру фармонларига бўйсунмайдиган кимсалар устига келган бўлса, бу улар учун Аллоҳнинг азоби бўлади. Бундай офатларни фақат ерга хос бўлган сабабларгагина боғлаб, Аллоҳнинг қадари ва қудратини кўра билмаслик, ёки унга эътироз билдириб: «Ёш болалар ва ҳайвонларда нима гуноҳ?! Иймон аҳлидан бўлган кишиларда нима гуноҳ?!» деб айтиш дуруст бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг ҳар бир иши фақат илм ва ҳикмат билан содир бўлади. Илм неъматига Аллоҳга шукроналик бажо келтириш амалда Унинг ҳикматига чин дилдан ишониш билан бўлади. «Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл: 78).

    Аллоҳ таоло бизларни шокирлардан қилсин, иймонли зотлар сафига қўшсин, иймонсиз ва йўлдан озган кимсалар йўлидан асрасин.

    Эй Аллоҳ! Бизларни Ўз раҳматинг остига олгин, азобинг ва ғазабингдан Ўзинг сақлагин.

    Эй Аллоҳ! Бизларни қилган гуноҳларимиз сабабли азобга гирифтор этмагин.

    Эй Аллоҳ! Бизларни тўғри йўлга йўллагин, залолат, фитна ва фасодлардан Ўзинг паноҳ бергин.

    Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳлу асҳобига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962