Шайтон билан суҳбат

Муаллиф: Шайх Оиз ибн Абдуллоҳ Қарний
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ ва баъд:

Қоронғу кечаларнинг бирида Аллоҳ даргоҳидан қувилган Шайтон билан суҳбатлашдим. Бомдод намозига азон айтилгач, масжидга бормоқчи бўлдим.

Шунда у менга: «Ҳали тун узоқ, бир оз дам ол!»- деди.

Мен унга: «Фарз намозини қазо қилиб қўйишдан қўрқаман»- дедим.

Деди: «Вақт бемалол, намоз вақти кенг».

Дедим: «Жамоатдан кечикишдан қўрқаман».

Деди: «Тоат-ибодат деб ўзингни қийнама!»…

Уйғонганимда Қуёш барқ урган эди… Шайтон қулоғимга пичирлаб: «Қазо қилган намозингга ачинма, кун бўйи вақтинг бор!»- деди.

Эрталабки зикрларни қилмоқчи бўлдим. Ўша онда шайтон менга фикр дафтарларини очди.

Дедим: «Сен мени зикрлардан чалғитаяпсан!».

Деди: «Зикрларни кечқурунга қолдир!».

Гуноҳларимдан тавба қилмоқчи бўлдим. Шайтон: «Ёшлигингда маза қилиб қол!»- деди.

Дедим: «Ўлимдан қўрқаман!».

Деди: «Ҳали умринг узоқ!».

Қуръон оятларини ёдлашга киришдим. Шайтон менга: «Юрагингни қўшиқлар билан ёз!»- деди.

Дедим: «Қўшиқ эшитиш ҳаром!».

Деди: «Айрим уламолар уни дейишган ҳалол!».

Дедим: «Унинг ҳаромлигини таъкидлаган ҳадислар бор».

Деди: «Уларнинг барчаси заиф ҳадисдир».

Олдимдан бир аёл ўтди ва мен нигоҳимни ундан олиб қочдим.

Деди: «Қарасанг нима бўлади?».

Дедим: «Номаҳрамга қараш катта гуноҳдир!».

Деди: «Гўзаллик ҳақида тафаккур қил. Гўзаллик ҳақида фикр юритиш ҳалол эмасми?».

Байтуллоҳга йўл олгандим Шайтон қаршимга чиқди.

Деди: «Бу сафарнинг сабаби нима?».

Дедим: «Умра қилмоқчиман».

Деди: «Шу умра учун бунчалар машаққатлар чекиб келдингми? Ахир яхшилик дарвозалари ҳам, яхшиликлар ҳам кўп-ку!!».

Дедим: «Аҳволларимизни тузатишимиз керак».

Деди: «(Нега), ахир жаннатга амаллар билан кирмайсан-ку?!».

Бировга насиҳат қилмоқчи бўлдим…

Деди: «Ўзингни расво қилма!».

Дедим: «Насиҳат – бандаларга фойда-ку!».

Деди: «Номинг чиқишидан қўрқаман. Чунки шуҳрат – фасод-бузилишнинг бошидир!».

Дедим: «Баъзи одамлар ҳақидаги фикринг қандай?!».

Деди: «Хоҳлаганингни сўра».

Дедим: «Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида нима дейсан?».

Деди: «У суннат ва Қуръонни маҳкам ушланглар, деган сўзлари билан мени ўлдирган!».

Дедим: «Ибн Таймийя ҳақида нима дейсан?».

Деди: «Унинг зарбалари мудом менинг бошимга тушиб туради!».

Дедим: «Бухорий ҳақида-чи?!».

Деди: «У ёзган китоби билан хонадонимни вайрон қилди!».

Дедим: «Ҳажжожчи?!».

Деди: «Кошки унга ўхшаган минглаб Ҳажжожлар бўлса. Бизга унинг йўлидан мамнунлик, касалликларимизга эса даво бор!».

Дедим: «Фиръавнчи?!».

Деди: «Биз унга барча ёрдамларни бердик!».

Дедим: «Ҳиттийн жанггининг қаҳрамони Салоҳиддин (Айюбий)-чи?!».

Деди: «Уни тилга олма! У бизни балчиққа белади!!».

Дедим: «Сулаймон Тамимий-чи?!».

Деди: «Қилган даъвати билан юрагимни ёқди ва алангаси билан мени куйдирди!!».

Дедим: «Абу Жаҳл-чи?!».

Деди: «Биз унинг дўсти ва оиласимиз!!».

Дедим: «Абу Лаҳаб-чи?!».

Деди: «У қаерга кетса биз у билан биргамиз».

Дедим: «Ленин-чи?!».

Деди: «Биз уни жаҳаннамда Сталин билан бирга боғлаб қўйганмиз!».

Дедим: «Порнографик ойномалар ҳақидаги нима дейсан?!».

Деди: «Улар – бизнинг қонунларимиз!!».

Дедим: «Йўлдош тортувчилари (пароболик антенналар)-чи?!».

Деди: «Улар билан одамларни ҳайвонсифат қиламиз!!».

Дедим: «Қаҳвахоналар-чи?».

Деди: «У ерларга кўнгил очмоқчи бўлган барчани таклиф этамиз!».

Деди: «Сизларнинг зикрингиз нима?».

Деди: «Қўшиқлар!».

Дедим: «Ишингиз-чи?»

Деди: «Пуч орзулар билан авраш!».

Дедим: «Одамларни қандай адаштирасан?!».

Деди: «Шаҳват, шубҳа, ўйин-кулги ва қўшиқлар билан!».

Дедим: «Хотин-қизларни қандай адаштирасан?».

Деди: «Пардоз-андоз, очиқ-сочиқлик, ибодатларни тарк этиш ва гуноҳларни қилишлари билан!».

Дедим: «Уламоларни қандай адаштирасан?!».

Деди: » Ўзини кўрсатиш, манманлик, юракларни тўлдирган ғурур ҳамда ҳасад билан».

Дедим: «Оммани қандай адаштирасан?!».

Деди: «Ғийбат, чақимчилик, иллатли ва пуч гаплар билан!».

Дедим: «Савдогарларни қандай адаштирасан?».

Деди: «Судхўрлик, закот бермаслик ва беҳуда сарфлар билан!».

Дедим: «Ёшларни қандай адаштирасан?».

Деди: «Ғазал, ишқ, муҳаббат, Аллоҳ ҳукмларини менсимаслик ва ҳаром ишларни қилиш билан».

Дедим: «Динни масхара қилиб, ундан нафрат этувчи «янги» шоирлар кимлар?».

Деди: «Улар бизнинг меросхўрларимиз!».

Дедим: «Секуляризм нима?».

Деди: «Бизнинг иймонимиз – секулярдир. Секуляристлар эса хаёл ва орзу қулларидир. Уларни ким тилга олган бўлса, мени тилга олибди!».

Дедим: «Даъватчилар ҳақидаги фикринг қалай?».

Деди: «Мени азоб-уқубатга қўйдилар, қийнадилар. Жуссамни оздириб, сочларимга оқ туширдилар. Хонадонимни хонавайрон қилдилар. Қўшиқ куйласам Қуръон тиловат қиладилар, ҳузурларига келсам (Аллоҳдан) мендан паноҳ беришини сўрайдилар!».

Дедим: «Британия радио эшиттиришлари ҳақида нима дейсан?».

Деди: «Биз унинг воситаси билан асал орасида заҳар берамиз-да, арабу ажамга қарши курашамиз. Мазлумга ҳам, золимга ҳам мақтовлар ёғдирамиз!».

Дедим: «Қорунга нима деган эдинг!».

Деди: «Мен унга: «Нажот топишинг учун бойликларингни сақла! Сен – «ўрнаклар»дан бирисан!»- деган эдим».

Дедим: «Фиръавнга нима деган эдинг?».

Деди: «Мен унга: «Эй қасрнинг буюги, Миср мулки меники эмасми» дегин, сенга ёрдам келади!»- деган эдим».

Дедим: «Майхўрга нима деган эдинг?

Деди: «Унга: «Узум сувини ич! У қайғу-аламларингни кетказади. Тавба қилишдан қўрқма, тавба эшиклари доимо ланг очиқдир!»- деган эдим».

Дедим: «Сени нима нарса ўлдиради?».

Деди: «Оятул курсийдан юракларим сиқилади, қамоқ муддатим узаяди, кўп балоларга мубтало бўламан!».

Дедим: «Одамлар ичида кимни кўпроқ севасан?».

Деди: «Хонандалар, адашган шоирлар, гуноҳкорлар, зоний ва зониялар, ифлос ва фитнага тушганларнинг барисини!».

Дедим: «Кимлардан қаттиқ нафратланасан?».

Деди: «Масжидларга қалби боғланганлар, сажда ва рукуъ қилганлар, обидлар, зоҳидлар ва Аллоҳ йўлидаги мужоҳидларнинг барчасидан!».

«Сенинг ёмонлигингдан паноҳ беришини сўраб Аллоҳга илтижо қиламан»- дедим ва у у ерга киргандек ғойиб бўлди. Бу – ёлғончи каззобнинг жазосидир.

Арабчадан ўзбекчага ўгириш ҳижрий 1427 йилнинг 29 рабиъулаввал куни (30 / 05 / 2006 й) ниҳоясига етди.

Ислом Нури
Ислом Нури

Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

Articles: 1962