Зул-ҳижжанинг ўн куни фазилати ва уларда қилинажак амаллар ҳақида

    Тайёрловчи: Ислом савол ва жавоб веб саҳифаси
    Таржимон: Ислом Нури

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Audio

    Давру давронни яратган ва баъзисини баъзисидан афзал қилган, айрим ойлар ва туну кунларни бошқаларидан айрича имтиёз ва фазилатлар билан хослаган, уларда ажру савобларни бисёр ва фазилатларни кўп қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. У Зот бандалари солиҳ амални кўпайтиришлари ва тоатга рағбат ҳосил қилишларида уларга ёрдам бўлсин деб ва мусулмон киши мўл-кўл савобга эришиб қолиш йўлида нашот билан ҳаракат қилиши, ўлим келмасидан туриб унга тайёрланиши, охират кунига озуқа жамғариб олиши учун бу кунларни Ўзи томонидан уларга раҳмат қилиб берди.

    «Тоат мавсумларининг фойдаси шуки, улар пайтида инсон ибодатларидаги кемтикларни тўлдириб олади ва қўлдан бой берган ажру савоблари ўрнини қоплаб олади. Ушбу фазилатли мавсумлардан ҳар бир мавсумда бандалар у билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган вазифалар ва Аллоҳ таолонинг ўзи истаган бандаларига ато этадиган фазлу марҳаматлари бордир. Ушбу ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билиб, уларда тоат-ибодатлар воситасида Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилишга улгуриб қолган киши ҳақиқий бахтли инсондир, шу билан у Аллоҳнинг мазкур фазлу марҳаматларидан насибадор бўлиш бахтига мушарраф бўлиб қолса ва шу туфайли охиратда дўзах азобларидан омонликда бўлса ажаб эмас» (Ибн Ражаб, «Ал-латоиф»: 40-б).

    Мусулмон киши умрининг ўлчовли эканини ва ҳаётининг қадр-қийматини билиши ва Парвардигорига кўпдан-кўп ибодат қилиб қолиши, умрбод яхшиликлар қилиб қолишга интилиши даркор.

    Аллоҳ таоло айтади: «То сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99).

    Мазкур тоат мавсумларидан бири – зул-ҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги бўлиб, Аллоҳ таоло бу кунларни йилнинг бошқа кунларидан афзал қилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?», сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, булардан бирортаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти: 2/457).

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир амал Аллоҳ азза ва жалла наздида азҳонинг ўн кунида қилинган яхшиликдан кўра покроқ ва ажри улуғроқ эмасдир», дедилар. «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?», деб сўралди. «Ҳа, Аллоҳ азза ва жалла йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, булардан бирортаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Доримий (1/357) ривоят қилган, «Ирвоъ»да (3/398) айтилишича, исноди ҳасан).

    Бу ва бошқа далиллар далолатига кўра, ушбу ўн кунлик йилнинг бошқа кунларидан мутлақо афзал, ҳатто рамазоннинг охирги ўн кунлигидан ҳам фазилатлироқ саналади. Фақат, рамазоннинг охирги ўн кунининг кечалари уларда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган кеча – лайлатул-қадр борлиги туфайли афзалроқдир. (Тафсир Ибн Касир: 5/412).

    Мусулмон биродар! Билингки, ушбу ўн кунлик бир неча ишлар сабабли фазилатли бўлган:

    1)               Аллоҳ таоло ушбу кунларга қасамёд қилган. Бир нарса билан қасамёд қилиш ўша нарсанинг аҳамиятли ва манфаати улуғ эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло: «Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Фажр: 1, 2), деди. Ибн Аббос, Ибн Зубайр, Мужоҳид ва бошқа салаф ва халаф муфассирлар бу кечалар зул-ҳижжанинг ўн куни эканини таъкидлаганлар, Ибн Касир: «Шу гап тўғридир», деган (Тафсир Ибн Касир: 8/413).

    2)               Юқоридаги саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунларни дунёдаги энг афзал кунлар эканига гувоҳлик берганлар.

    3)               Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда юртларида бўлганларни замон шарафи ва – Аллоҳнинг Уйини ҳаж қилаётган кишиларни – макон шарафи борлиги учун уларда солиҳ амаллар қилишга ундаганлар.

    4)               У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда кўп тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишга буюрганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ наздида зул-ҳижжанинг ўн кунидан улуғроқ кун йўқдир. Ҳеч қайси амал ушбу ўн кунда қилинган амалчалик Аллоҳ таъолога суюкли эмас. Бас, ўша кунларда таҳлил, такбир ва ҳамдни кўп айтинглар!», дедилар (Аҳмад: 7/224) ривояти, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган).

    5)               Бу кунлар ичида Арафа куни бордир. Арафа – Аллоҳ таоло динни комил қилган ва (фаришталар) ҳозир бўладиган кундир. У куннинг рўзаси ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади. Йилнинг мутлақо энг улуғ куни бўлган, ҳеч қайси кунда тоат-ибодатлар у кундагича жамланмайдиган ҳажжи акбар – қурбон байрами куни ҳам мана шу ўн кунликдадир.

    6)               Қурбонлик бўғизлаш ва ҳаж кунлари ҳам мазкур кунлар ичидадир.

    Ушбу ўн кунликка етмоқ Аллоҳ таоло тарафидан бандага ато этилган энг катта неъматлардан биридир. Ибодатга белни маҳкам боғловчи солиҳ бандалар бу кунларнинг қадрига етиб, улардан фойдаланиб қоладилар. Мусулмон киши ушбу улкан неъматни ҳис қилиши, бу фурсатни ғанимат билиши лозим. Бу эса бу кунларнинг ҳар бир дақиқасидан тоат-ибодатлар билан унумли фойдаланиб қолиш билан бўлади. Аллоҳнинг бандаларига фазлу марҳамати кенгки, мусулмон киши бир хил амалда давом этиш билан зерикиб, малолланиб қолмаслиги ва давомий равишда Хожасининг ибодатида бўлиши учун У яхшилик йўлларини хилма-хил, тоат-ибодатларни турли кўринишда қилиб қўйган.

    Қуйида зул-ҳижжанинг дастлабки ўн кунлигида мусулмон киши ғайрат кўрсатиши лозим бўлган улуғ амаллардан баъзиларини келтирамиз:

    1) Рўза.

    Зул-ҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутиш суннатдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ўн кунликда солиҳ амалларга ундаганлар, рўза энг афзал амаллардан саналади. Аллоҳ таоло бу амални Ўзи учун хослаган. Ҳадиси қудсийда келганидек: «Аллоҳ таоло: «Одамзотнинг ҳар бир амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно. У мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман», деди» (Бухорий (1805) ривоят қилган).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари зул-ҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутардилар. Ҳунайда ибн Холид аёлидан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан биридан ривоят қилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зул-ҳижжанинг тўққиз кунида, Ошуро кунида ва ҳар ойдан уч кун – ойнинг биринчи душанбаси ва икки пайшанбасида рўза тутардилар» (Насоий (4/205) ва Абу Довуд ривоят қилганлар, Албоний «Саҳиҳ сунан Аби Довуд»да (2/462) саҳиҳ деб келтирган).

    2) Такбир.

    Ушбу ўн кунликда такбир, таҳлил, ҳамд ва тасбеҳни кўп айтиш суннатдир. Аллоҳга бандаликни изҳор қилиб ва Унинг буюклигини эълон қилиб, ушбу зикрларни масжидларда, уйларда, йўлларда ва Аллоҳни зикр қилиш жоиз бўлган ҳар қандай ўринларда овоз чиқариб айтиб юрилади.

    Эркаклар баланд овозда, аёллар эса махфий тарзда айтадилар.

    Аллоҳ таоло айтади: «Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ)уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж: 28). Жумҳур уламо маълум кунлардан мурод – зул-ҳижжанинг ўн куни эканини таъкидлаганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Маълум кунлар – ўн кунликдир», деганлар.

    Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лиллаҳил ҳамд». Такбирнинг бундан бошқа кўринишлари ҳам бор.

    Ҳозирги даврда такбир айтиш деярли унутилган суннатлардан бўлиб қолди. Ушбу ўн кунликда уни камдан-кам одам айтаётганига гувоҳ бўласиз. Аслида, суннатни тирилтириш ва ғофилларга эслатиш учун уни овоз чиқариб айтиш керак. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо зул-ҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Уларнинг такбирини эшитиб, одамлар ҳам такбир айтишарди. Мурод – одамлар такбир айтиш эсларига келиб, ҳар ким ўзича такбир айтишидир, ҳамма биргаликда жўр бўлиб айтиш эмас. Бундай қилиш машруъ эмас.

    Унутилаёзган суннатларни иҳё қилишда улуғ ажру савоблар бордир. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: «Ким мендан сўнг менинг суннатимдан йўқ бўлиб кетган бир суннатни тирилтирса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади, лекин бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди» (Имом Термизий (7/443) ривоят қилган, шу мазмундаги бошқа ҳадислар ҳам борлигидан ҳасан ҳадисдир).

    3) Ҳаж ва умрани адо этиш.

    Бу кунларда қилинадиган энг улуғ ибодатлардан бири – ҳаж ва умра ибодатидир. Аллоҳ таоло кимни ҳаж ва Ўз уйининг зиёратига муваффақ қилган бўлса ва у ҳаж маросимларини бекаму-кўст адо этса, иншооллоҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан насибадор бўлади: «Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Муттафақун алайҳ).

    4) Умуман, солиҳ амалларни кўпайтириш.

    Чунки, солиҳ амал Аллоҳ таолога маҳбубдир, бу эса уларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида ажру савоби бисёр бўлишини лозим тутади. Ҳаж қилиш имкони бўлмаган одам ушбу фазилатли айёмларни намоз, Қуръон тиловати, зикр, дуо, садақа, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, амри маъруф, наҳий мункар каби тоатлар ва яхшилик йўллари билан обод қилиш керак бўлади.

    5) Қурбонлик сўйиш.

    Ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан яна бири – Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мақсадида қурбонлик сўйиш бўлиб, қурбонлик қилинадиган жонлиқни имкон қадар семизроқ ва яхшироғини танлаб олиш, Аллоҳ йўлида пул-мол сарф қилишга қисинмаслик керак.

    6) Холис тавба қилиш.

    Ушбу кунларда Аллоҳ таолога холис тавба қилиш ва барча гуноҳлардан тийилиш бошқа пайтларга қараганда яна ҳам зарурроқдир. Тавба – Аллоҳ таолога қайтиш ва Аллоҳ таоло ёмон кўрадиган ишларни зоҳиран ва ботинан тарк қилиш, ўтганларига пушаймон қилиш, энди қайтиб қилмасликка ва Аллоҳ суядиган ишларни қилиш билан ҳақда барқарор туришга азму қарор қилиш демакдир.

    Бирон маъсиятга қўл уриб қўйган мусулмон киши дарҳол, пайсалга солмасдан ундан тавба қилишга шошилиши вожиб. Чунки:

    Аввало, ўлими қачон келишини билмайди.

    Қолаверса, ёмонликлар бошқа ёмонликлар сари етаклайди.

    Фазилатли вақтларда тавба қилишнинг ўзига хос аҳамияти бор. Чунки, нафсларнинг тоатларга эгилиши осонроқ, яхшиликларга рағбати кучлироқ бўлади. Шу билан гуноҳларни эътироф этиш ва ўтганларига пушаймонлик ҳосил бўлади. Аслида, тавба ҳамма вақт ҳам вожиб иш. Мусулмон кишининг холис тавбаси фазилатли вақтлардаги фазилатли амаллар билан бирлашса, бу фалоҳ-нажот белгисидир, иншооллоҳ. Аллоҳ таоло айтади: «Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки ана ўша(киши) нажот топувчилардан бўлур» (Қасас: 67).

    Шундай экан, мусулмон киши яхшилик мавсумларидан унумли фойдаланиб қолишга шошилиши, зориқиб турган кунида жонига оро кирувчи савобли амаллар дастурхонини ўзидан олдин юбориб қўйиши даркор, зеро, бу кунлар тез ўтиб кетади. Савоб оз, сафар яқин, йўл хавф-хатарларга тўла, ғурур ғолиб, хатар улкан, Аллоҳ таоло кутиб турибди, қайтишлик Унинг ҳузуригадир. «Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7, 8).

    Бу улуғ кунларда фурсатни ғанимат билиб қолиш зарур! Уларнинг ўрнини боса олувчи ва уларга тенг келувчи кунлар йўқдир. Шундай экан, амалга шошилинг! Ажал ҳужумига дучор бўлмасдан туриб шошилинг! Сустлик қилган киши ўз қилмишига пушаймон бўлишидан аввал, орқага қайтарилишини ялиниб-ёлвориб сўраганида сўрови ижобат қилинмайдиган кун келишидан олдин шошилинг! Ўлим — орзу қилувчи билан унинг орзуси ўртасига тўғаноқ бўлмасидан туриб, инсон ўзининг қилмишлари туфайли ҳалокат чоҳида маҳбусга айланмасидан туриб шошилинг!

    Эй дили тош қотган, кўнгил чироғи ўчиб, қалби тун зулматларидан-да қоронғулашиб кетган инсон! Кўнглинг ёришиб, дилинг юмшайдиган фурсатлардан фойдаланиб қол, ушбу ўн кунликда Хожангнинг фазлу марҳамат насимига бағрингни тут! Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи истаган бандаларига ато этувчи буюк марҳаматларидан баҳраманд бўлолган инсон қиёмат куни энг бахтли инсон бўлади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963