Бизга боғланинг
Ҳақ дин (3)
Исломнинг рукнлари
Ислом беш рукн устига барпо бўлган, инсон то шу рукнларга иймон келтириб, уларни адо этмагунича ҳақиқий мусулмон бўлмайди. Улар қуйидагилар:
1) Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ деб гувоҳлик бериш;
2) Намозни тўкис адо этиш;
3) Закот бериш;
4) Рамазон рўзасини тутиш;
5) Йўлига қодир бўлса Байтуллоҳни ҳаж қилиш.
Биринчи рукн: Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ деб гувоҳлик бериш:
Бу шаҳодатнинг мусулмон киши билиши ва унга амал қилиши лозим бўлган маъноси бор. Тил билангина айтиб қўйиб, маъносини билмаслик ва унга амал қилмаслик бефойдадир. «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси – еру осмонда Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор барҳақ маъбуд йўқ, Угина ҳақиқий илоҳ, Ундан ўзга ҳар қандай олиҳалар ботил, демакдир.
Аллоҳдан бошқага ибодат қилувчи киши – гарчи унинг сиғинаётган нарсаси набий ёки валий бўлса ҳам, бу билан Аллоҳга яқинлашишни ва уларни Аллоҳ билан ўз ўртасида воситачи қилишни истаган бўлса ҳам – кофир ва мушрик ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг қилган мушриклар набий ва валийларга мана шу даъво билан сиғинишарди, лекин уларнинг бу даъволари ботил даъводир. Зеро, Аллоҳ таолога яқинлашиш ва бу мақсадда Унга бирон нарсани восита қилиш ибодатни Ундан ўзгага қилиш билан бўлмайди, балки Унинг исм ва сифатлари билан, У зот буюрган солиҳ амалларни қилиш билан, яъни намоз ўқиш, садақотлар бериш, зикр, рўза, жиҳод, ҳаж, ота-онага яхшилик қилиш каби ишларни қилиш билан бўлади, бир мўминнинг бошқа бир мўмин биродари ҳаққига дуо қилиши билан бўлади.
Ибодатнинг турлари кўп. Дуо ҳам шу жумладандир:
Дуо – Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган, ёмғир ёғдириш, дардга шифо бериш, ғам-қайғу ва мусибатларни аритиш каби, шунингдек жаннатни сўраш ва дўзахдан паноҳ тилаш, фарзанд, ризқ, бахт-саодат талаб қилиш каби ҳожатларни сўрашдир.
Бу каби ҳожатлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан сўралади. Кимда ким бандадан – у хоҳ тирик, хоҳ дунёдан ўтиб кетган бўлсин – шу каби ҳожатларини сўраб дуо қилса, ўша бандага ибодат қилган бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини ёлғиз Унинг Ўзига дуо қилишга буюриб, дуо ибодат эканини, ким уни Аллоҳдан бошқага қилса дўзах аҳлидан бўлишини хабар бериб айтади:
«Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60).
Ўзидан бошқалар бировга фойда ҳам, зиён ҳам етказолмаслигини хабар бериб айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир» (Исро: 56-57).
Яна айтади: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).
Қон чиқариш, назр ва қурбонликлар қилиш ҳам ибодат турларидан:
Аллоҳдан бошқага атаб қон чиқариш, қурбонлик ва назрлар қилиш дуруст эмас. Ким Аллоҳдан бошқага, яъни масалан қабрга ё жинларга атаб сўйса, Аллоҳдан бошқага ибодат қилган бўлади ва Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлади. Аллоҳ таоло айтади: Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсинувчиларнинг аввали — пешқадамиман» (Анъом: 162-163).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳдан бошқага атаб сўйган кишини Аллоҳ лаънатлади» (Имом Муслим ривояти).
Агар биров: «Фалон ишим амалга ошса фалон пиримга атаб шунча садақа қилишни ёки шундай-шундай нарса қилишни назр қилдим» деса, бу Аллоҳга ширк келтириш бўлади, чунки у бандага назр қилди, назр эса ибодат, уни Аллоҳдан ўзгага қилинмайди. Тўғри назр шундай бўладики: «Агар фалон ишим амалга ошса Аллоҳ йўлида шунча садақа қилишни ёки шундай-шундай ибодатлар қилишни назр қилдим» дейди.
Ёрдам ва мушкилни аритишни сўраш, мадад тилаш, паноҳ тилаш ҳам ибодат турларидан:
Аллоҳдан бошқадан мадад тилаш, ёрдам талаб қилиш ва паноҳ тилаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:
«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан (менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан; зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман» (Фалақ: 1-5).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мушкилни аритиш мендан сўралмайди, уни фақат Аллоҳдан сўралади» (Табароний ривоят қилган).
Яна айтганлар: «Сўрасанг, Аллоҳдан сўра! Мадад тиласанг, Аллоҳдан тила!» (Термизий ривоят қилган).
Тирик ва ҳузурида бор бўлган инсондан ёрдам ва кўмак сўраши мумкин, шунда ҳам унинг қўлидан келадиган нарсада ёрдам сўралади. Аммо паноҳ тилашга келсак, Аллоҳдан ўзгадан паноҳ тилаш мумкин эмас. Дунёдан ўтиб кетган ёки ғойиб одамдан мадад сўраб бўлмайди, чунки у агарчи пайғамбар ё авлиё ё фаришта бўлган тақдирда ҳам, қўлидан бирон иш келмайди.
Ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, ким ғайбни билишни даъво қилса у кофир ва ёлғончидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбин ё башоратчи ҳузурига бориб, у айтган гапни тасдиқласа, Муҳаммадга туширилган нарсага кофир бўлибди» (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари).
Таваккул қилиш, умид қилиш ва қўрқиш ҳам ибодат турларидан:
Инсон Аллоҳдан бошқага таваккул қилиши, Аллоҳдан бошқадан умидвор бўлиши, Аллоҳдан бошқадан қўрқиши жоиз эмас.
Афсуски, мусулмонлик даъвосидаги кишилардан кўплари Аллоҳга ширк келтиришади, ҳали ҳаёт бўлган ёки ўтиб кетган улуғ кишиларга, азиз-авлиёларга дуо қилишади, қабрларини тавоф қилишади, ҳожатларини улардан сўрашади. Бу Аллоҳдан бошқага ибодатдир, бундай қилган одам –мусулмончилик даъво қилса ҳам, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб айтса ҳам, намоз ўқиса, рўза тутса ва ҳаж қилса ҳам – мусулмон ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65).
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Аллоҳ таоло Ўзининг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай амр қилди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Уларга) айтинг: Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга илоҳингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин!» (Каҳф: 110).
У жоҳилларни диннинг айрим фаръий масалаларини ўқиб олган ва диннинг асоси бўлган тавҳиддан бехабар бўлган адашган бузуқ олимлар йўлдан урганлар, жоҳилликлари туфайли шафоат ва васила маъноларини суиистеъмол қилиб, уларни ширкка чақиришади. Уларнинг бундаги ҳужжатлари баъзи оят ва ҳадисларни бузиб талқин қилиш, китобларида ёзилган ҳар хил ҳикоятлар,тўқима ҳадислар, тушда аён бўлган башоратлар ҳақидаги ривоятлар ва шунга ўхшаган залолатларки, Аллоҳдан бошқага сиғинишларини қувватлаш учун шайтонга ва нафс-ҳаволарига эргашиб, илгариги мушриклар каби ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилиб, шу нарсаларни далил қилиб келтиришади.
Аллоҳ таоло: «Унга яқин бўлиш учун васила (йўл) излангиз» (Моида: 35) сўзи билан излашимизга буюрган василадан мурод – Аллоҳнинг тавҳиди, намоз, садақа, рўза, ҳаж, жиҳод, амри маъруф, наҳий мункар, силаи раҳм каби ишлардир. Қийинчилик ва машаққат пайтларида ўликларга дуо қилиб, улардан ёрдам сўраш – Аллоҳни қўйиб, уларга ибодат қилиш бўлади.
Аллоҳ таоло шафоат қилишларига изн берадиган набийлар, валийлар ва солиҳ мусулмон кишиларнинг шафоат қилишларига иймон келтирамиз, аммо шафоат ўликлардан талаб қилинмайди. Чунки у Аллоҳнинг ҳаққи, ҳеч кимга Унинг изнисиз ҳосил бўлмайди. Шундай экан, Аллоҳнинг ягоналигига иймони бўлган мўмин одам: «Эй Парвардигор, менга расулингни ва солиҳ бандаларингни шафоатчи қил» дейиши жоиз бўлади, бироқ вафот этиб кетган шахсга хитоб қилиб: «Эй Фалончи, мени шафоат қилинг» дейиш асло жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлар ва ернинг подшоҳлиги ҳам Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар» (Зумар: 44).
Қабрлар устига масжидлар қилиш, чироқлар ўрнатиш, улар устига сағаналар қуриш, уларни суваш, қабртошлар ўрнатиш, улар устини ёпқичлар билар ўраш, қабристонда намоз ўқиш каби ишларнинг ҳаммаси Исломга зид бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган бидъатлардандир, чунки бу ишлар қабр эгаларини илоҳийлаштиришга олиб боради.
Демак, маълум бўладики, кўпгина диёрларда жоҳил кимсалар қабрлар олдида қиладиган ширк амаллари, чунончи Мисрдаги Бадавий ва саййида Зайнаб қабрларида, Ироқдаги Жийлоний қабрида, Нажаф ва Карбалодаги аҳли байт розияллоҳу анҳумга нисбат бериладиган қабрлар олдида уларни тавоф қилиш, унда ётганлардан ҳожатларини талаб қилиш, улар фойда ё зарар етказишга қодир деб эътиқод қилишлар Аллоҳга ширк келтириш жумласидандир.
Ундай амалларни қиладиган кимсалар гарчи Исломни даъво қилсалар, намоз ўқисалар, рўза тутсалар, ҳаж қилсалар, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деб айтсалар ҳам мазкур ишлари сабабли мушрик ва адашган ҳисобланадилар. «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деб тил билан айтиб қўйган билан то унинг маъносини билиб, унга амал қилмагунча киши муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) деб эътибор қилинмайди. Аммо Исломда бўлмаган одам илк бор мазкур калималарни айтиш билан Исломга кириб, мусулмонлар сафидан ўрин олади. Анбиё ва авлиёлар ўзларига дуо қилиб, мадад сўрайдиган одамлардан безорлар. Чунки, Аллоҳ таоло пайғамбарларни одамларни ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишга ва набий, валий ва бошқаларга ибодатни тарк қилишга даъват қилиш учун юборган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотга эргашувчи авлиёларга бўлган муҳаббат уларга сиғинишда кўринмайди, чунки уларга сиғиниш – уларга адоват қилиш демакдир. Уларга бўлган муҳаббат уларга эргашишда, уларнинг йўлларида юришда кўринади. Ҳақиқий мусулмон анбиё ва авлиёларни севади, лекин уларга сиғинмайди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат зиммамиздаги вожиб эканига ва у ўз нафсимиз, аҳлу авлодимиз ва барча инсонларга бўлган муҳаббатдан юқори туриши лозимлигига ишонамиз.
Нажот топувчи фирқалар:
Мусулмонларнинг саноғи кўп, бироқ ҳақиқий мусулмонлар кам. Исломга мансуб тоифаларнинг саноғи 73 фирқа, уларга аъзо бўлганларнинг сони эса бир миллиарддан ортиқ. Лекин ҳақиқий мусулмон тоифа битта, у – Аллоҳга иймон келтириб, ақида ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари йўлида юрадиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: «Яҳудлар етмиш бир фирқага бўлиниб кетишди, насоролар етмиш икки фирқага бўлиниб кетишди, бу уммат етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, уларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат биттаси (ундан нажот топади)». Саҳобалар: «У тоифа кимлар ё Расулуллоҳ?» деб сўраганларида: «Бугун мен ва саҳобаларим тутган йўлни тутадиган кишилар» деб жавоб бердилар (имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари тутган йўл – «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ»нинг маъносига эътиқод қилиш ва унга амал қилиш, яъни Аллоҳнинг Ўзига дуо қилиш, Аллоҳнинг Ўзига атаб қурбонлик ва назрлар қилиш, Аллоҳнинг Ўзидангина мадад, ёрдам ва паноҳ тилаш, фойда ва зарарни фақат У етказишга қодир деб эътиқод қилиш, Ислом рукнларини ихлос билан адо этиш, Аллоҳнинг малоикалари, китоблари ва расулларини тасдиқлаш, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзахга, қадарнинг яхшисию ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтириш, ҳаётнинг барча тармоқларида Қуръон ва Суннатни ҳоким қилиш ва улардаги ҳукмларга рози бўлиш, Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиш ва душманларини душман тутиш, Аллоҳга ва Унинг йўлида жиҳод қилишга даъват қилиш ва шу йўлда жамланиш, мусулмон раҳбар яхшиликка буюрса унга итоат қилиш, қаерда бўлмасин фақат ҳақни сўзлаш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли ва аёлларини севиш ва дўст тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини севиш ва уларни фазилатлари миқдорига қараб муқаддам қўйиш, барчаларига Аллоҳнинг розилигини сўраш, улар ўртасида бўлиб ўтган келишмовчиликлардан кўз юмиш, уларнинг баъзилари ҳақида мунофиқлар айтадиган айбловларни тасдиқламасликдир.
Ўзларини аҳли байтдан, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлодидан деб даъво қиладиган ва саййидлар деб аталадиган кишилар ўз насабларининг ҳақиқийлигини текшириб, ишонч ҳосил қилиб олишлари зарур бўлади, чунки Аллоҳ таоло ўз отасидан бошқага нисбатланган одамни лаънатлаган. Агар насаблари ҳақиқий экани аниқ бўлса, улар тавҳидда, маъсиятларни тарк қилишда, одамларнинг уларга эгилишларига ва оёқларини ўпишларига рози бўлмасликда, бошқа мусулмонлардан махсус кийимлар билан ажралиб турмасликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва у зотнинг аҳли байтидан ўрнак олишлари лозим бўлади. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига зид ишдир, у зот бундан покдирлар. Аллоҳнинг ҳузурида энг мукаррам инсон тақводор кишидир. Набийимиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавот ва саломларимиз бўлсин!
Ҳукм ва қонунчилик фақат аллоҳнинг ҳаққидир
Қаерда шариат барпо бўлса, ўша ерда адолат, раҳм-шафқат ва фазилат ҳукмрон бўлади.
«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг эътиқод қилиш ва амал қилиш шарт бўлган маъноларидан бири – ҳукм ва қонун чиқариш ягона Аллоҳнинг ҳаққидир, ким бўлишидан қатъий назар ҳеч ким Аллоҳнинг шариатига зид бўлган қонунни тузиш ва татбиқ қилишга ҳақли эмас. Мусулмон киши Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилиши ва Аллоҳнинг шариатига зид бўлган ҳукмга рози бўлиши жоиз эмас. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишга ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким қасддан шундай қилса ёки шунга рози бўлса, у Аллоҳга кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44).
Пайғамбарларга Аллоҳ таоло тарафидан юклатилган вазифа – одамларни тавҳид калимасига (Ла илаҳа иллаллоҳга) даъват қилиш ва бу калима мазмунига кўра амал қилишга, яъни Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга, махлуқларга ва уларнинг шариати-қонунларига сиғинишдан Холиққа ва Унинг шариатига ўтишга чорлаш эди.
Қуръони Каримни тадаббур билан, кўр-кўрона тақлиддан йироқ ҳолда ўқиган киши биз баён қилиб ўтган нарсанинг тамомила ҳақ эканини тўла-тўкис идрок этади. Яна Аллоҳ таоло инсоннинг У билан бўлган алоқасини ҳамда халқлар билан бўлган алоқасини чегаралаб бергани, мўмин бандасининг У билан бўлган алоқаси – ибодатнинг барча турлари билан фақат Унинг ўзига ибодат қилишлари эканини, пайғамбарлари ва солиҳ бандалари билан бўлган алоқаси – уларни севиш ва уларга эргашиш эканини, кофир душманлари билан бўлган алоқаси – уларни Аллоҳ ёмон кўргани учун ёмон кўриш, шундай бўлса-да уларни шоят ҳидоятланиб қолсалар деб Исломга даъват қилиш, агар Исломни ва Аллоҳнинг ҳукмига бўйсунишни рад этсалар, ерда фитна авж олмаслиги ва дин Аллоҳники бўлиши учун уларга қарши жиҳод қилиш бўлишини белгилаб берганини идрок этади. Мусулмон киши ҳақиқий мусулмон бўлиш учун тавҳид калимаси (Ла илаҳа иллаллоҳ)нинг ушбу маъноларини яхши англамоғи ва уларга амал қилмоғи лозим бўлади.
«Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси:
«Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган элчиси, у ибодат қилинишга ҳақли бўлмаган бир банда, ёлғон сўзламайдиган элчи, унга итоат қилиш ва эргашиш лозим, унга итоат қилган одам жаннатга, осий бўлган одам дўзахга киради, деб билиш ва эътиқод қилиш, шунингдек, қонунларни қабул қилиш – улар хоҳ Аллоҳ буюрган ибодатлар хусусида бўлсин, хоҳ ҳукм чиқариш ва қонунчилик низомида бўлсин, хоҳ ҳалол ва ҳаром қилиш тўғриларида бўлсин – фақат мана шу улуғ пайғамбар Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали бўлиши лозим, чунки у зот Аллоҳнинг шариатини етказувчи элчисидирлар, мусулмон киши у зот орқали келган қонунлардан бошқа ҳар қандай қонунни қабул қилиши жоиз эмас, деб билиш ва эътиқод қилишдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:
«Пайғамбар сизларга нимани келтирган бўлса, уни олинглар, нимадан қайтарган бўлса, ундан қайтинглар» (Ҳашр: 7).
«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).
Нидо:
Эй оқил, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» маъносини англаган бўлсангиз ва бу шаҳодат Исломнинг калити ҳамда унинг асоси-пойдевори эканини билган бўлсангиз, энди чин дилдан: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ» деб айтинг, дунёю охират саодатига эришиш ва ўлгандан сўнг Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун ушбу шаҳодат маъносига амал қилинг.
Билингки, Исломнинг бошқа барча рукнларига амал қилиш ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деган шаҳодат талабидир. Чунки Аллоҳ таоло мусулмон киши бу рукнларни сидқидил ва ихлос билан адо этиш билан Ўзига ибодат қилиши учун уларни фарз қилди, ким бу рукнлардан бирортасини шаръий узрсиз тарк этса «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъосига путур етказган бўлади ва унинг шаҳодати яроқли ҳисобланмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом беш асос устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ» ва «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазонда рўза тутиш» (Муттафақун алайҳ).
Баҳовуддин Нақшбанд, имом Бухорий қабрлари ва булардан бошқа ўнлаб сағаналар. (ИНТ дан)
Аллоҳнинг авлиёлари (дўстлари) Уни ёлғиз билувчи ва Унга итоат қилувчи, Унинг Расулига эргашувчи кишилардир. Улар ичида илм ва жиҳодлари сабабли машҳур бўлган кишилар ҳам, танилмаган кишилар ҳам бор. Машҳур бўлганлари ҳам одамлар уларни муқаддас санашларига рози бўлмайдилар. Ҳақиқий авлиёлар ўзларини авлиё деб даъво қилмайдилар, балки ўзларини айб-нуқсондан холи бўлмаган банда деб ҳисоблайдилар. Уларнинг махсус либослари ёки махсус шакл-шамойили бўлмайди, бу борада улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намуна олишга тиришадилар. Аллоҳга иймон келтирган, Унинг расулига эргашган ҳар бир муслим ўзининг салоҳияти ва тоатининг оз-кўплигига қараб Аллоҳга валий-дўст бўлади. Демак, шундан маълум бўладики, ўзларини авлиё деб даъво қиладиган, одамлар уларни муқаддас санаши ва улуғлаши учун махсус либослар кийиб оладиган кишилар авлиёуллоҳ эмас, аксинча, каззоб кимсалардир.