Аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасига тегишли умумий асослар (3)

    4. Иймон

    1. Иймоннинг луғавий маъноси тасдиқлаш. Иймон сўз ва амалдан иборат бўлиб, зиёдалашади ва камаяди.

    Иймон қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир.

    Қалбнинг сўзи эътиқод қилиш ва тасдиқлаш. Тилнинг сўзи эса иқрор бўлиш.

    Қалбнинг амали таслим бўлиш, ихлос, мутеълик, яхши амалларни севиш ва хоҳлаш бўлса, аъзоларнинг амали буюрилган ишларни бажариб, қайтарилган ишлардан тийилиш.

    2. Иймондан амални ажратиб чиқарган кимса «муржиъа»лардандир. Унда йўқ нарсани «иймондан» деган кимса эса бидъатчидир.

    3. Кимки икки гувоҳликка (Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканлигига) аниқ иқрор бўлмас экан, унга на дунёда ва на охиратда иймоннинг на исми ва на ҳукми берилади.

    4. Ислом ва иймон икки шаръий исм бўлиб, улар ўртасида бир важҳдан умумийлик (муштараклик) бўлса бошқа важҳдан хусусийлик мавжуд. Ҳар бир муъмин мусулмондир, ҳар бир мусулмон муъмин эмас. Демак, муъминлик мусулмонликдан хосроқ экан. Қибла аҳли эса мусулмонлар деб номланадилар.

    5. Ширк ва куфрдан пастроқ бўлган гуноҳи кабирани қилган кимса иймон доирасидан чиқмайди. У, дунёда иймони ноқис мўмин бўлиб, Охиратда эса Аллоҳ таоло ихтиёридадир, хоҳласа уни кечиради, хоҳласа азоблайди. Гарчи баъзилари дўзахда азоблансалар-да, Аллоҳ таолони бир дегувчи барча кишиларнинг борадиган жойлари жаннатдир. Уларнинг биронтаси жаҳаннамда абадий қолмайди.

    6. Қибла аҳлидан бўлган муайян шахс ҳақида қатъий қилиб, «Бу одам жаннатий» ёки «дўзахий» дейиш мумкин эмас. Фақат ҳужжат ворид бўлган кишилар ҳақида бу гапни айтиш жоиз.

    7. Шаръий лафзлардаги «куфр» сўзи икки қисмга бўлинади:

    а) Ислом миллатидан чиқарувчи катта куфр.

    б) Ислом миллатидан чиқармайдиган кичик куфр. Буни «амалий куфр» ҳам деб аталади.

    8. Бирор кишини кофирга чиқариш Китоб ва суннатга тааллуқли бўлган шаръий ҳукмлардандир. Модомики, шаръий далил бўлмас экан, мусулмонни сўзи ёки иши туфайли кофир дейиш мумкин эмас. Бирон сўз ёки ишга нисбатан «куфр» ҳукми берилишидан муъайян кишига кофирларга қўлланиладиган ҳукмлар жорий қилинмайди. Қачонки, шартлар топилиб, монеълар кетсагина жорий қилинади. Кофирга чиқариш ўта жиддий ҳукмлардан бўлиб, мусулмонни «кофир» дейишдан қўрқиш ва бу нарсага эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш вожиб.

    5. Қуръон

    1. Қуръоннинг ҳарфлари ҳам, маънолари ҳам Аллоҳ таоло каломи бўлиб, У Зот тарафидан нозил қилинган. Қуръон махлуқ эмас, балки, Ундан бошланган ва Унинг ўзига қайтади. Қуръон мўъжиза ва ўзини олиб келган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг содиқлигини тасдиқловчи бўлиб, Қиёмат кунигача ҳар қандай ўзгартишлардан сақлангандир.

    2. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини, хоҳлаган пайтда, хоҳлаган суратда гапиради. У Зотнинг ҳарф ва овоз билан гапириши ҳақиқатдир. Лекин кайфияти-ҳайъатини билмаймиз ва бу масалага киришмаймиз.

    3. Аллоҳ таолонинг каломи фақат маъно холос, ёҳуд Қуръон ҳикоя, тушунча, мажоз ёки файздир (таъсир қилувчи ақлдан тошиб тушувчи нарса {бу даҳрий файласуфларнинг сўзи}) дейиш ва шу каби сўзларни сўзлаш залолат ва йўлдан озишдир. Гоҳида эса куфр бўлади.

    4. Қуръондан бирон нарсани инкор қилган ёки унда нуқсон, зиёда ёҳуд ўзгартириш мавжуд, деб даъво қилган кимса кофирдир.

    5. Қуръонни салафлар тариқсидан эканлиги маълум бўлган нарсалар билан тафсир қилиш лозим. Уни қуруқ фикр билангина тафсир қилиш мумкин эмас. Чунки бу иш Аллоҳ таоло ҳақида билмасдан гапириш бўлади. Ботинийлар ва шу каби тоифаларнинг тафсирларига ўхшаш тафсир қилиш куфрдир.

    6. Тақдир

    1. Яхшию ёмон тақдир Аллоҳ таолодан, деб иймон келтириш иймон рукнларидан. Бу рукн тақдир ҳақидаги барча далилларга ва тақдирнинг босқичларига (билиш, лавҳул-маҳфузга ёзиш, хоҳиш ва яратиш) ҳамда У Зотнинг қарорини бекор қилувчи, ҳукмини текширувчи йўқ эканига иймон келтиришни ўз ичига олади.

    2. Китоб ва суннатда келган ирода ва амру фармон икки турлидир:

    а) Кавний – қадарий ирода (бўлиши тақдирда ирода қилинган) ва кавний – қадарий амру фармон (бўлишига тақдирда амр қилинган);

    б) Шаръий ирода (муҳаббатни тақозо қилади) ва шаръий амру фармон.

    Махлуқларнинг ўз хоҳиш-иродалари бўлиб, улар Яратувчининг хоҳиш ва иродасига тобедир. Яъни унинг хоҳиш-иродасидан ташқарига чиқа олмайди.

    3. Бандаларни ҳидоят қилиш ва адаштириш Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Айрим бандаларни Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳамати билан ҳидоят қилган бўлса, айримларига У Зотнинг адолати билан залолат – йўлдан озишлик ҳақ бўлган.

    4. Бандалар ва уларнинг ишларини Ундан ўзга Яратувчи бўлмаган Аллоҳ таоло яратади. Аллоҳ таоло бандалар қилмишларининг Яратувчисидир. Улар эса, шу ишларни ҳақиқатда қилувчилардир.

    5. Аллоҳ таоло ишларидаги ҳикматни тасдиқлаш ва сабабларнинг Аллоҳ таоло хоҳласагина таъсир этишини тасдиқлаш.

    6. Инсонлар яратилишларидан олдин уларнинг ажаллари ёзилган, ризқлари тақсимланган, бахтли ва бадбахт эканлари битилган.

    7. Мусибатлар ва аламларга тақдирни ҳужжат (сабаб) қилиб келтирса бўлади, бироқ айблар ва гуноҳларга ҳужжат қилиш мумкин эмас. Балки, бу ишлардан тавба қилиш вожиб бўлади. Уларни қилган кишилар эса маломат қилинади.

    8. Сабабларга маҳкам ёпишиб олиш, тавҳид борасидаги ширкдир. Бутунлай сабабларни ташлаш эса шариатда қораланган. Сабабларнинг таъсирини рад этиш, шариат ва ақлга зиддир. Таваккул — сабабларни қилишга зид эмас.

    7. Жамоат ва имомат

    1. Жамоат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва Қиёмат кунигача уларга яхши амаллар билан эргашган, улар йўлини маҳкам ушлаган зотлардир. Шунингдек, улар нажот топувчи фирқа ҳамдир.

    Улар йўлини тутган ҳар бир киши, гарчи айрим жузъий нарсаларда хато қилсада, жамоатдан ҳисобланади.

    2. Динда фирқаланиш ва мусулмонлар орасида фитна тарқатиш мумкин эмас. Мусулмонлар ихтилоф қилган нарсани Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ва салафи солиҳлар ечимига қайтариш вожиб бўлади.

    3. Кимки жамоатдан чиқса, унга насиҳат қилиш, даъват этиш, у билан гўзал суратда мунозара олиб бориш ва унга қарши ҳужжатни барпо қилиш шарт. Тавба қилса қилди, агар тавба қилмаса, унга шариатда белгиланган жазо қўлланади.

    4. Одамларга Китоб, суннат ва ижмоъ билан барқарор бўлган умумий ва маълум ибораларни қўллаш керак. Мусулмон оммасини нозик ишлар ва чуқур маъноли сўзлар билан имтиҳон қилиш мумкин эмас.

    5. Ҳар бир мусулмоннинг мақсади ва эътиқоди – то унинг зидди зоҳир бўлмагунча – тўғри деб эътибор қилинади. Уларнинг сўзларини яхши маънога йўйилади. Кимнинг саркашлиги ва ёмон нияти маълум бўлса, унинг учун яхши тахминлар изланмайди.

    6. Суннатдан четга чиққан қибла аҳли гуруҳларига ҳалокат ва дўзах билан таҳдид солингандир. Уларнинг ҳукми (кофир эмас) балки таҳдид солинган омма ҳукмидадир. Лекин кимки қалбида куфрни яширса ёки унинг ихтилофи салафлар ижмоъ қилган ақида асосларида бўлса бундан мустасно (яъни, у кофирлардандир).

    Исломдан четга чиққан фирқалар бутунлай кофир бўлиб, муртад ҳукмидалар.

    7. Жума ва жамоат Исломнинг энг улкан, зоҳирий шиорларидан. Ҳолати ва кимлиги номаълум бўлган мусулмоннинг орқасида намоз ўқиш дуруст. Бироқ, унинг кимлиги ва ҳолатини билмайман, деган даъво билан жамоат намозини тарк қилиш бидъат.

    8. Бошқанинг ортида намоз ўқиш имконияти бўла туриб, бидъат ёки бузуқликни мусулмонлар орасида ошкор қиладиган кимсанинг орқасида намоз ўқиш мумкин эмас. Мабодо ўқиб қўйган бўлса намози дуруст, ўзи эса гуноҳкор бўлади. Бироқ, ундан кўра каттароқ ёмонликнинг олдини олиш мақсадида ўқиса гуноҳкор бўлмайди. Агар бошқа имомлар ҳам унга ўхшаш ёки ундан баттар бўлишса, унинг орқасида намоз ўқилаверади, жамоат намози тарк қилинмайди.

    Кофир деб ҳукм қилинган киши ортида ўқилган намоз яроқсиздир.

    9. Катта имомлик (халифалик) уммат ижмоси ёки уммат ичидаги ҳал қилувчи, обрўли кишилар байъати билан ўрнатилади. Кимки куч билан халифаликка келса ва барча уни «халифа» деб тан олса, унга яхшилик билан итоат этиш ва самимий муносабатда бўлиш вожиб, қарши чиқиш эса ҳаром. Магар, у томондан очиқ куфр содир бўлса, унга қарши чиқилади.

    10. Намоз, ҳаж ва жиҳод, гарчи жабр қилсалар-да, мусулмон имомлари бошчилигида қилиниши вожиб.

    11. Мусулмонларнинг дунё ёки фахр учун ўзаро урушишлари ҳаром бўлиб, энг улкан гуноҳи кабиралардан. Бидъатчилар ва зўравонлар ҳамда уларга ўхшаган кимсаларга қарши, агар тинч йўл билан хал қилишнинг иложи бўлмас экан, жанг қилиш мумкин. Гоҳида эса манфаат ва ҳолатга қараб вожиб бўлади.

    12. Барча саҳобаи киромлар тўғри-ишончли ва бу умматнинг энг афзал кишиларидир. Уларнинг иймонли ва яхши эканларига гувоҳлик бериш динда аниқ маълум бўлган қатъий асосдир. Уларни яхши кўриш дин ва иймон, ёмон кўриш эса куфр ва мунофиқликдир. Улар ўртасида бўлиб ўтган зиддиятли ҳодисалар ҳақида гапиришдан тилни тийилади ва бу хусусда уларнинг қадрига путур еткизадиган баҳсга киришилмайди.

    Уларнинг энг афзали Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмон, сўнг Али (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) бўлиб, улар «Хулафои Рошидин» (тўғри йўлдан юрган халифа)лардир. Уларнинг ҳар бирлари шу тартибда бирин-кетин халифа бўлганлари тасдиқланади.

    13. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлари, аҳли хонадонларини яхши кўриш, дўст тутиш, мўминлар оналари бўлмиш завжаи муҳтарамалари қадрини улуғлаш, уларнинг фазилатларини (бошқа аёллардан афзал эканликларини) билиш, салаф имомлари ва суннат уламолари ҳамда уларга гўзал суратда эргашган зотларни яхши кўриш, бидъатчи ва ҳавои нафсига қул бўлган кимсалардан четланиш, узоқлашиш диндандир.

    14. Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш Исломнинг чўққисидир. У Қиёмат кунигача давом этади.

    15. Амри маъруф ва наҳий мункар Исломнинг энг буюк шиорлари ва Унинг жамоатини сақлаб қолишнинг энг улкан воситаларидан. У тоқатга қараб вожиб бўлаверади. Уни бажаришда манфаат эътиборлидир.

    Аҳли сунна вал жамоанинг муҳим белгилари ва ўзига хос хусусиятлари

    Аҳли сунна вал жамоа нажот топувчи фирқа ва ғолиб тоифадир. Ўз ораларида жузъий тафовутлар борлигига қарамасдан, уларни бошқалардан ажратиб турувчи хусусиятлари ва белгилари мавжуд:

    1. Аллоҳ таоло китобини ёдлаш, тиловат ва тафсир қилишга ҳамда ҳадисни ўрганиш, фаҳмлаш ва саҳиҳини сақими (ишончсизи)дан ажратишга эътибор бериш ва билганига амал қилиш.

    2. Динга бутунлай кириш. Улар Қуръоннинг аввалидан охиригача иймон келтирадилар. Бинобарин, ваъда оятларига ҳам, ваъийд-таҳдид оятларига ҳам, Аллоҳ таоло сифатларини тасдиқловчи ёки Уни ҳар қандай нуқсондан покловчи оятларга ҳам ишонадилар. Илм билан ибодат, қувват билан раҳматни, сабабларни қилиш билан зуҳдни жамлаганлари каби Аллоҳ таоло тақдирига иймон келтириш билан банданинг иродаси, хоҳиши ва феълини тасдиқлаш ўртасини жамлайдилар.

    3. Динда бор нарсаларга эргашиб, бидъатни тарк қиладилар, жамланадилар, динда фирқаланиш ва ихтилоф қилишдан четланадилар.

    4. Илм, амал ва даъват майдонида адолатли, тўғри йўлдаги имомларга – саҳобалар ва улар йўлидан юрган зотларга – эргашадилар ва улардан ўрнак оладилар. Улар йўлига қарши бўлган кимсалардан четланадилар.

    5. Ўртаҳоллик: Улар эътиқод борасида ғулув кетган ва эътиборсиз бўлган фирқаларга хилоф равишда ўрта йўлни тутадилар. Амал ва маслакда ҳам на ҳаддан ошадилар ва на лоқайдлик қиладилар. Балки, ўртаҳолдирлар.

    6. Мусулмонларни ҳақ узра жамлашга, сафларини тавҳид ва (Қуръон ва суннатга) эргашиш асосида бирлаштиришга ҳамда ўз ўрталаридан низо ва келишмовчиликни келтириб чиқарадиган ҳар бир нарсани йўқотишга ҳарисдирлар.

    Шу сабабли ҳам дин асосларида «Аҳли сунна вал жамоа» деган номдан бошқа бирон нарса билан уммат ичида ажралиб турмайдилар. Улар Ислом ва суннат асосига биноангина дўстлашадилар ва ёвлашадилар.

    7. Аллоҳга даъват қиладилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар, жиҳод қиладилар, суннатни тирилтириш бидъат-хурофотларни йўқотиш, ҳар бир каттаю кичик ишларда Аллоҳ ҳукми ва қонунини жорий қилиш билан динни янгилаш – тозалаш учун ҳаракат қиладилар.

    8. Инсоф ва адолат. Улар ўзнинг ёки бирон тоифанинг эмас, Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қиладилар. Шу сабабли дўст тутишда ҳадларидан ошмайдилар, душман бўлишда адолатсиз бўлмайдилар. Ҳеч қачон, ким бўлишидан қатъий назар фазл эгасининг фазлини – яхшилигини эътиборсиз қолдирмайдилар.

    9. Замонлар ва маконларнинг узоқлигига қарамасдан тушунчалари бир хил ва тутган ўринлари ўхшашдир. Бу эса «олинадиган манба» ва «масдар»нинг бир бўлиш самараларидан биридир.

    10. Барча инсонларга яхши муомалада бўладилар. Эҳсон ва меҳрибончилик қиладилар.

    11. Аллоҳ таоло, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонларнинг бошлиқлари ва оммаси учун холис-насиҳатгўй бўладилар.

    12. Мусулмонларнинг ишларига аҳамият ва уларга ёрдам берадилар. Уларнинг ҳақларини адо этадилар ва уларга озор берадиган нарсаларни даф қиладилар.

    Сўзимиз сўнгида Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга, аҳли-оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг дуруду саломлари бўлсин!- деб қоламиз. Омийн.

    Қаранг: «Таҳовий ақидаси» китоби 57,58,59,60- матнлар

    – Салафлар Қуръонни Қуръон, суннат ва саҳобаларнинг сўзлари билан тафсир қиладилар

    – Кавний ирода ва амру фармоннинг баъзиларини Аллоҳ суймаслиги мумкин. Лекин Ўзи билган ҳикмат учун уни ирода қилади ва бўлишига амр этади. Масалан: бирон гуноҳнинг содир бўлиши. Аммо шаръий ироданинг ҳаммасини Аллоҳ суяди чунки у Ўзининг буйруқлари

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963