Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
    Абдуллоҳ Шариф таржимаси
    Абу Закария ал-Маданий тасҳиҳи ва таҳрири

    بسم الله الرحمن الرحيم

    Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволийдан Аллоҳ йўлидаги аҳли сунна биродарларига мактуб – барчаларини Аллоҳ ўз ҳифзи ҳимоясида асрасин.

    Ассалому алdайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

    Сиз азизлар – ҳамиша Аллоҳнинг ҳифзи ҳимоясида бўлгайсизлар – Аллоҳ таоло бандаларини иймон йўлига ҳидоят қилганидан кейинги бандаларига берган энг улкан неъмат уларни аҳли сунна ва ҳаққа эргашувчилардан қилиб қўйиши ва уларни ҳавои нафсга эргашувчи, бидъат аҳлидан қилиб қўймаслиги эканини яхши биласизлар. Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳақларидан бири улар Аллоҳнинг неъматларини қадрловчилардан, уларга шукр қилувчилардан ва Аллоҳга ҳамд айтувчилардан бўлмоқларидир. Неъматнинг қадрини билиб уни сақлашлари ҳамда гуноҳлари ва неъматни қўлдан бой бериб қўйишларига олиб борадиган бепарволиклари сабабли неъматдан айрилиб қолишдан доимо қўрқиб туришлари неъматни қадрлаш ва унга шукр қилишдан ҳисобланади.

    Суннатнинг ёйилиши, бидъатлар ва худосизлик мафкураларининг эскисию янгиси камайиб, йўқолиб бориши Аллоҳнинг неъматларидандир. Бироқ, шайтон ўзига бирор халқнинг ибодат қилишидан ноумид бўлса, улар ўртасини гиж-гижлашга ҳам рози бўлаверади.

    Аҳли қибла – яъни, намозда қибламизга юзланадиган мусулмонлар – билан ҳаққоний муомала қилиш Ислом умматининг бирлашиши учун энг тўғри йўлдир. Зеро, бу муомала Қуръони карим ва суннатдан олинган шаръий қоидаларга асосланади. У кўпчилик ўйлаганидек ёлғиз манфаат устига қурилган эмас. Бу қоидаларни баён қилиш аҳли сунна вал-жамоа манҳажининг бир бўлагидирки, Умматнинг жамланиши ва ғалаба қозониши ўша бўлакни қай даражада татбиқ этганига қараб бўлади.

    Юқорида айтилган сўзлардан холис насиҳат қилиш ва муҳим ишларни, хусусан аҳли қибла билан муомала қилиш манҳажига боғлиқ ишларни эслатиб ўтиш лозим экани маълум бўлмоқда.

    1) Суннат ва ҳаққа эргашиш йўли йўлларнинг энг тўғриси бўлгани каби энг кенги ва шафқатлироғи ҳамдир. Бу йўл Исломга биринчилардан бўлиб кирган муҳожир ва ансонларни ҳам, саҳройи мусулмонларни ҳам ўзига сиғдира олди. Бу икки жамоа иймон даражаларининг ўртасида қанча фарқ бор экани ёлғиз Аллоҳга маълум. Аллоҳ таоло улар ҳақида Тавба сурасининг 99-102- оятларида айтиб ўтган. Бу йўлни тутиб, унда юрганлар танланган уммат сафига биринчилардан бўлиб кирадилар. “Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Уларнинг орасида ҳаром ишларни қилиш ва фарзларни тарк этиш билан ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида фарзларни бажариш ва ҳаромларни тарк қилишга чекланувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изни иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи (фарзу мустаҳабларни бажарувчи ва ҳарому макруҳларни тарк этувчи) ҳам бордир. Ана ўша (яъни Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир.” (Фотир: 32)

    Бу уч тоифанинг ичида ўзларига зулм қилувчилари ҳам пешқадамлари билан бир йўлда бўлганликлари боис, гарчи кеч қолсалар ҳам бахтсиз бўлмайдилар. Балки бу уч тоифа бир-бирини тортиб, камчиликларини тўлдириб гўзал оқибат сари борадилар. Улар ичида жаннатнинг саккиз эшигидан кирадиганлари бор, жаннатнинг бир эшигини лозим тутадиганлари бор ва бу икки мартаба ўртасидагилари ҳам бор. Улар ичида пайғамбарлар вазифаларини бажарганликлари туфайли жаннатга кирадиганлари бор. Ва улар ичида бир бора таҳлил – Ла илаҳа иллаллоҳ – айтгани, ёки тун қоронғисида кўз ёш тўккани, ёки мискиннинг қўлига бир дирҳам тутқазгани, ёки мусулмонларнинг йўлидан тиконли шох-шаббани четлатгани сабабли жаннатга кирадиганлари бор.

    2) Улар иқтидор ва мартабалари турли, йўналиш ва ғоялари эса бир бўлган одамлардир. Улар ичида мужоҳидлар, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчилар, муфассир, муҳаддис, тилшунос ва шоирлар бор. Шунингдек, улар ичида ҳеч қандай илми бўлмасада Аллоҳ ва Расулига итоат этадиган авомлар ҳам бор.

    Ота-онаси яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилиб фитратини бузмаган соғлом фитратда туғилган чақалок мисол бидъат аҳли ўз таъсирини ўтказмаган, соғлом фитратдаги ҳар бир инсон ўшалар жумласидан ва соф суннат фитратидадир.

    Аҳли сунна Ислом уммати ҳуқуқларини шариат буюрганидек адо этадилар. Шариат Аллоҳ билан муомала қилиш ва Унинг ҳаққини адо этиш мақомида жаннатга киришни ва зафар қозонишни иймон исмига боғлаб қўйди. Бу ҳақда кўплаб оятлар бор. Одамлар билан муомала қилиш мақомида эса қон-жон, мол ва обрўни ҳимоя қилиш ҳақларини ислом исмига боғлаб қўйди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир мусулмон бошқа мусулмонга ҳаромдир: унинг қони, моли ва обрўси.” – дедилар. Яна: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи олтидир” – дедилар. Яна: “Ҳақиқий мусулмон мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир» – дедилар.

    Мусулмон исмини олган ҳар бир одам мазкур ҳуқуқларга эгадир. У ушбу ҳуқуқлардан аниқ далил-ҳужжат ва диннинг манфаати учунгина маҳрум этилиши мумкин. Ҳатто Аллоҳ таоло бир-бирлари билан урушаётган икки гуруҳни мўъминлар деб атади. У бу билан ўша икки гуруҳнинг бошқа мусулмонлар устида ҳақ-ҳуқуқлари сақланиб турганидан огоҳлантирди. Аллоҳ таоло деди: “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Шундай экан, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!”. (Ҳужурот: 10)

    3) Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.

    4) Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир. Улар нимага ҳақли бўлсалар, у ҳам ўшанга ҳақли, уларнинг зиммасида қандай бурч бўлса, у ҳам ўшанга бурчли. Унинг ҳисоб-китоби ҳам, ичи ҳам Аллоҳга ҳавола. Қалбларни текширилмайди, ични ёриб кўрилмайди, ёмон гумон қилинмайди, иймонда кимўзарлик қилганга ғашлик йўқ ва мусулмонларни турли лақаблар ва номлар билан ажратиш йўқ, гарчи бу ном “Муҳожирлар ва Ансорлар” каби энг шарафли ном бўлса ҳам. Зеро, бу номлар мақташ учун ёки танитиш учун улар ҳақида бошқалар томонидан айтиладиган номлардир. Мўътазилалар ўзларини “тавҳид ва адолат аҳли” деб аташлари уларга ҳеч қандай фойда бермади. Сўфиларга ҳам ўзларини валийлик (вилоят) ва қурбат аҳли деб даъво қилишлари бирон наф келтирмади. Улардан аввал яҳудий ва насронийлар ўзларини Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг энг суюклиларимиз деб айтганлари ҳам уларга фойда бермаган эди.

    5) Улар одамларни бирор тоифа ёки муайян шахсни дўст ё душман тутишларига қараб имтиҳон қилишни салаф солиҳлар қайтарган бидъат ишлардан деб биладилар. Чунки “ал-вало вал-баро” – дўстлик ва душманлик даъволар ва атамалар асосида эмас, ҳақиқатлар устида бўлади.

    Уларнинг кичик жамоатларида катта жамоатлари учун намуна бор. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар қандай намоз ўқиган бўлсалар шундай намоз ўқишлари, имомлари аҳли сунна вал-жамоага мансуб киши бўлиши, айни пайтда иккиюзламачи-мунофиқ ва гуноҳкор кишиларни масжидга кириш ҳамда аҳли сунналар билан намоз ўқишдан ман этмасликлари вожиб бўлгани каби, уларнинг умумий жамланишлари суннатнинг кенг ва чуқур тушунчаси устида бўлиши лозим. Бу эса Исломга нусрат бериш ва душманга қарши курашда бидъатга ўралашиб қолган ё гуноҳ ишлар қилиб юрадиган одамларнинг уларга қўшилишини ман этмайди. Бироқ, улар бундай одамларни амалларини тузатишга ва тўғри йўлга чақиришда жонбозлик кўрсатадилар. Шунингдек масжид имоми ҳам жамоатга намозни тўғри ўқиш йўл-йўриғини ўргатади. Бу эса хатокорлар ўзлари учун алоҳида масжид ва имом қилиб олишлари ва бу икки масжид ўртасида адоват ва хусумат бўлишидан яхшироқдир.

    6) Улар ҳақда туришда ботирлардир, ғулув кетмайдилар. Халқларга зулм ва жабр қилмайдиган раҳмли кишилардир. Улар яхшиликка яхшилик билан буюрадилар, ёмонликдан ёмонликсиз қайтарадилар.

    7) Улар ўлчов ва тарозини тўла-тўкис қилиб берадилар. Одамларнинг ҳаққини уриб қолмайдилар. Ишларни ҳам адолат ва ҳикмат билан баҳолайдилар. Ноиложликда иккаласи ҳам зарарли бўлган ишларнинг енгилроғини қиладилар, иккита зарарли ишнинг каттароғидан четланадилар, икки ёмон ишнинг енгилроғини кўтарадилар, икки йўлнинг яқинроғидан юрадилар, икки ишнинг енгилроғини танлайдилар. Уларнинг адолатига ҳар бир миллат ва тоифа вакилларининг мазлумлари мурожаат қилади. Уларнинг илмларига ҳар қайси дин ва эътиқоддаги кишиларнинг ҳақпарварлари ишонади. Адолат уларнинг наздида мутлақ-умумий қадриятдир. Зеро, Аллоҳ таоло уни ҳар бир киши учун, ҳар кимнинг зиммасига, ҳар қандай ҳолатда вожиб қилиб қўйган. Адолат умумий қадрият бўлгани боис, бошқа динда бўлиш ёки ундан кўра қуйироқ нарсалар унинг йўлига ғов бўла олмайди. Аллоҳ таоло деди: “Сизларни Масжидул-ҳаромдан тўсган қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга ва улар ҳақида адолатсизлик қилишингизга олиб бормасин!” (Моида: 2) Кимки кофир ва золимларни душман тутиш вожиблиги билан уларга адолат қилиш вожиблиги ўртасини ажрата олмаётган ва бу икки вожибни бир ўринга қўяётган бўлса, у диний илмга эга ва пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи кишилардан эмас экан. Зотан Аллоҳ таоло у зотга шундай дейишларини ваҳий қилган: “Мен сизларнинг ўртангизда адолат қилишга амр этилдим.” (Шўро: 15) (Бу ерда сўз аҳли китобларга қаратилган. Тарж)

    8) Уларнинг даъват йўлидаги ҳикматли ишларидан бири: Улар машҳур имомлар, мураббию даъватчиларнинг ижобий ишларини кўрсатадилар, уларни бу улуғ мартабаларга ва олқишларга еткизган нарса уларнинг ҳаққа эргашганликлари ва унинг йўлидаги фидойиликлари экани ҳамда уларнинг даъват майдонида эришган муваффақиятлари суннатни маҳкам ушлаганлари боис эканини баён қиладилар. Улар бу нарсаларни баён қилиш билан ўзларига эргашганларни ва маслакдошларини суннатни маҳкам ушлашга, имомларга таассуб қилишни ташлашга ва ўша имомлар қилганлари каби динга ёрдам беришга чақирадилар. Улар шундай қилиб эргашилган имомлар ҳақида адолат ва эргашувчиларни ҳикмат ила даъват қилиш ўртасини жамлаган бўладилар. Шайхул Ислом Ибн Таймия ҳам тўрт мазҳаб имомлари ва улардан бошқа Абул Ҳасан Ашъарий, Адий ибн Мусофир кабилар ҳақида сўзлаганларида худди шу йўлни тутганлар.

    9) Улар Аллоҳнинг йўлида ўзларини кўп хокисор тутадиган ва ўзлари учун камолотни даъво қилишдан энг йироқ инсонлардир. Ўзларини ҳар хил шиорлар ва лақаблар билан оқламайдилар. Аҳли суннага мансублик билан кифояланиб суннатга эргашишдан беҳожат бўлмайдилар. Ўзларининг орзулари бўлсин, аҳли китобларнинг орзулари бўлсин, қуруқ орзулар фойда бермаслигини биладилар.

    Улар жиҳод, даъват, амри маъруф ва наҳий мункар ишларида ва бидъатчиларга қарши туришларида ва бошқа барча ишларида шаръий далил ва диний манфаат тақозосига кўра, Аллоҳ ва Расули ҳамда мўъминлар учун холис бўлиш мақсадида олдинга бир қадам ташлаш керак бўлса, ташлайдилар, бир қадам орқага ташлаш керак бўлса, ташлайдилар. Улар мазкур ишларни ўч ё интиқом олиш ёки сазои қилиш мақсадида қилмайдилар. Агар Аллоҳу Расулининг буйруғи ва Ислом манфаати тақозо қилса, энг яқин дўстни ҳам жазолайдилар, энг қаттиқ душманни ҳам кечириб юборадилар.

    Улар тавба қилган кимсанинг тавбасидан қувонадилар. Узр сўрагандан узрини қабул қиладилар. Осийга ҳидоят сўраб дуо қиладилар. Ҳолбуки, бу нарсаларнинг бирортасида уларнинг шахсий манфаатлари йўқ. Улар бу билан фақат Аллоҳнинг розилигини умид қиладилар. Улар ҳамманинг ҳидоятга келишини чин дилдан истайдилар, ўзларига мухолиф бўлганларнинг маъсият ёки бидъат амалида кўришни хоҳламайдилар. Зеро, ким бундан хурсанд бўлса, у Аллоҳга осий бўлинишига рози бўлибди. Ким Аллоҳга осий бўлинишини яхши кўрса, албатта у Аллоҳдан бегонадир.

    Улар мусулмонларнинг айбларини яширадилар, уларнинг камчиликларини қидирмайдилар. Аҳли илмларнинг хатоларини айтмайдилар, айтиш лозим бўлиб қолса, ҳақни ва тўғрисини баён қилиш учун айтадилар, уларни бадном қилиш учун эмас. Имкон қадар уларнинг бу хатолари учун узр қидирадилар.

    Салафи солиҳлардан айримлари имом-хатиблар ва маърузачи домлаларга мусулмонлар қилаётган гуноҳлар ҳақида минбарлар устидан туриб батафсил гапирмасликларини, айбларини очмасликларини тайинлар эдилар. Токи аҳли китоблар ва мушриклар мусулмонлар устидан кулмасинлар. Исломий жамоатларнинг камчиликларини атеистлар ва бидъатчилар ичида айтиш ҳам шу бобга киради.

    Кўпчилик “сунний одам” ҳақида, у суннатга астойдил бел боғлаган, ундан ҳеч қандай хато, таъвил ва билмаслик содир бўлмаган киши деб ўйлайди. Бунинг муқобилида бошқа бировлар “бидъатчи одам”ни унда ҳамма бидъатнинг асослари тўпланган ёки унда бидъатнинг асослари тўпланган бирон тоифага мансуб киши ё Ислом уммати уни адашган фирқалардан деб иттифоқ қилган бирон тоифага мансуб киши деб ўйлайдилар.

    Аслида бидъатларнинг ҳам бошқа гуноҳлар каби катта ва кичиги, очиғи ва ноаниғи бор. Ноаниғидан сақланиб қолиш ва унга ўралашмай, саломат қолиш қийин ва нодир ҳолат.

    Таъвил, хато ва илмсизлик билан ҳаққа хилоф қилиб қўйиш аксар одамлар саломат қолмайдиган иллат. Бир муайян шахс ёки тоифада суннатни ушлашга қаттиқ эътибор бериш билан бир қаторда очиқ бидъатни қилиб қўйиш жамланиши мумкин. Шунингдек бидъатчиларнинг кўпчилиги айрим ҳоллар ва ўринларда суннатга мувофиқ амал қилишга муваффақ бўлиб қолишлари ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, ҳамма гап асосий қоидалар ва манҳажда-қайси йўлни тутганликда. (Қайсидир иши суннат ёки бидъат бўлиб қолиши моҳиятни ўзгартирмайди. ИНТ) Ҳақиқий муваффақият Аллоҳ ҳаққа муваффақ қилиб қўйган кишиникидир.

    Ҳар ким ўзини оқламасдан, туҳмат бармоғини ўзига қаратсин, айбларини текширсин ва иймонини янгиласин. Ҳамма бир-бирига гўзал насиҳат қилсин ва ким томонидан келишидан қатъий назар ҳақни қабул қилсин.

    10) Камолотга интилиш уларни воқелик билан донолик ила муомала қилишдан ман қилмайди. Улар ҳақ йўлга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига бирон камчиликсиз, мукаммал суратда амал қилишга даъват этадилар. Айни пайтда улар одамлардаги ҳаққа амал қилишда даражама-даражаликни ва ўзаро тафовутни маъқуллайдилар. Бу ва бундан бошқа ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари – турмуш тарзлари улар учун ўрнак ва намунадир.

    11) Кимнинг илми ва назари суннат асосларини ушлаш билан Умматга, хусусан Уммат ичидаги мухолифларга шарий муомала қилиш ўртасини жамлашга етмаётган бўлса, албатта у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда ва суннатларига амал қилишда камчиликка йўл қўяётган бўлади. У мухолифларнинг барча шаръий ҳақ-ҳуқуқлари бекор бўлади ёки улар билан адолат асосида муомала қилиш заифлик ва бепарволик деб ўйлайдиган, ёки динга ёрдам бериш фақат тоат-ибодатда устивор ва суннатга тўла эргашувчилар томонидангина бўлади деб ўйлайдиган киши бўлиши ҳам мумкин. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бу динни фожир-ёмон одам билан ҳам ёки охиратда ҳеч қандай насибаси йўқ одамлар билан ҳам қувватлаб қўйиши мумкин. Бу ҳолат жанг паллаларида кўпроқ учрайди. Жанг майдондаги жанг бўлсин, ақидавий ёки сиёсий бўлсин фарқсиз.

    Шунинг учун ҳам ҳар бир яхшию ёмон раҳбарнинг қўл остида жиҳод қилиш суннат асосларидан бири ҳисобланган. Бу жиҳод майдондаги жиҳодни ҳам сиёсий жиҳодни ҳам илмий ва даъватга оид жиҳодни ҳам ўз ичига олади. Модомики жиҳод қилиш билан ҳукмга келиб қолгудек бўлса, унинг зарари ҳокимликка нолойиқ чаламусулмон ҳокимнинг зараридан кўра кўпроқ бўлган, очиқ адоватли душманга зарба бериш мақсад қилинган бўлса.

    Дарҳақиқат кўпчилик салаф уламолар Ҳажжож ибн Юсуфнинг лашкари қаторида душманга қарши курашганлар. Ҳолбуки улар Ҳажжожнинг золимлиги ва туғёнкорлигида шак-шубҳа қилмас эдилар. Шунингдек аҳли сунна уламолар айрим халифа ва волийларнинг – ўзлари суннатни маҳкам ушламаган бўлсаларда – бидъатчиларга қарши қилган ишларидан хурсанд бўлганлар. Мутаваккил ва Холид ибн Абдуллоҳ Қасрий бунга мисол бўла олади. Гап ким ёки нималигида эмас, балки динга ёрдам бериш ва шариатни татбиқ қилишдадир.

    12) Умумий суратда Қуръон ва суннатга чақираётган бироқ, баъзи бидъат ванотўғри фикрларга ўралашиб қолган одам билан фақат ўз бидъати ва йўлдан оздирувчи фикрларига чақираётган одам ўртасини ажратмоқ лозим.

    Иккиси ҳам сиёсий курашнинг қайсидир тарафида туради. Улардан бир гуруҳи бидъатни сиёсий партия қилиб олган бўлса, бошқалари аслида бидъатга мансуб бўлсаларда наргиларнинг акси ўлароқ, мустақил равишда ёки бошқалар билан ислом байроғи остида туриб умумий суратда исломга даъват этадилар.

    Яна бир гуруҳ борки, у аслида бузуқ йўлда бўлган кейин тўғри йўлга тушиб олган. Бироқ, у Аллоҳ таоло нозил қилган шариатни батафсил тушунмайди. Улар социалистлардир. Бу гуруҳ билан социалист, миллатчилик ёки бошқа фикрларда туриб олиб ўзгармаётган гуруҳлар ўртасини ажратиш зарур.

    Ислом тарихи шоҳидки, Аллоҳ таоло Ислом динига унинг насроний салбчилар, ботинийлар, муғилларва бошқа душманларига қарши соф аҳли суннадан бўлмаган одамлар билан ёрдам берди. Чунки бу одамлар бидъатни ёйиш учун эмас, балки Исломни олий қилиш йўлида курашган эдилар. Булар билан ислом оламининг шарқида вужудга келган хавориж, ботиний рофизалар ва улардан бошқаларнинг давлатлари ўртасида жуда катта фарқ бор. Чунки булар ўзларига мухолиф бўлган мусулмонларни ўз бидъатларига зўрлаб киритиш мақсадида уруш қилганлар.

    Демак исломий гуруҳлар сиёсий ёки майдоний жангларида илмонийларга (секуляристларга) ёки рофизаларга ё социалистларга қарши майдонга тушадиган бўлсалар, улар аввалги нав тоифадан саналадилар. Уларга бидъат ва худосизликка чақирувчи жамоаларга қарши курашда ёрдам бериш вожибдир. Шунингдек бу тоифани соф суннатга амал қилишга чақириб туриш ҳам вожиб. Онгли илм эгалари учун бу икки иш ўртасини жамлашда муаммо йўқ.

    Аммо бидъатчи ва худосиз жамоаларни қўйиб бу тоифага қарши курашиш айни хатодир. Бундан ҳам бадтарроғи Аллоҳнинг шариатини қўйиб ундан бошқаси билан ҳукм қилаётганларни ёки секуляристларни дўст, Исломий жамоаларни эса душман тутишдир. Бу ишни фақат мунофиқлиги аниқ ёки онгсиз, илми ҳам, фикри ҳам йўқ нодонларгина қиладилар. Унинг мисоли одамлар суннатга мувофиқ намоз ўқишмаётганини ҳужжат қилиб масжид эшигини қулфлаб, унинг ўрнига черков қураётган одамга ўхшайди. Ёки одамларни гуноҳ-маъсият ботган гуноҳкорлар сўйган гўштдан тақво (парҳез) қилиб, ўлакса гўштини ейишга чақирадиган одамга ўхшайди. Ёки айрим бидъатларга аралашиб қолган моҳир устоздан таълим олишдан кўра Қуръон ўқишни билмай юраверишни афзал биладиган одамга ўхшайди. Ёки шубҳали сувни тарк этиб нопок сувда таҳорат олаётган одамга ўхшайди.

    13) Аҳли суннага мансуб одам хаворижларнинг муомаладаги тутумларидан ва ахлоқ-одобларидан эҳтиёт бўлсин! Чунки улар Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳудек саҳобанинг (ўзларига мухолиф бўлгани учун Тарж.) қонини ҳалол санаб ўлдирдилар, аммо бир насронийни аҳли зимма эканини эътиборга олиб ўлдирмадилар!!

    Улар бутпарасатларни тинч қўяр, аҳли исломга қарши урушар эдилар. Улардан румликлар, мўғиллар ва дайламликлар саломат қолди. Аммо кўпчилик саҳобалар, уларга яхшилик билан эргашган тобеинлар ва аллома уламолар саломат қолмадилар.

    Юқорида атиб ўтилган сифатларга эга бўлган бир ҳовуч талабалар борки, улар учун ўзларини фақат бизгина аҳли суннамиз деб гумон қилишлари кифоя қилмайди. Бу ҳавои нафсга ёпишиб олиш ва ҳақиқатни қабул қилишдан қалб кўзи кўр бўлишининг энг катта сабабларидандир. Аллоҳ ўзи асрасин!

    Эй мўмин биродарлар!

    Аллоҳнинг душманлари қаттиқ макр-ҳийла қилмоқдалар. Барча мусулмонлар зиммасига бу улкан жиҳодда бир саф бўлиб туришлари, Аллоҳнинг душманларига бўйинсуниш ёки суянишни қатъий рад қилишлари ва ҳар соҳада уларга қарши қўлланадиган қуролларни ҳозирлаб қўйишлари вожиб. Аллоҳдан қўрқишдан кейинги энг катта қурол бир ёқадан бош чиқаришдир. Шунинг ўзи улкан ғалаба.

    “Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севади.” (Саф: 4)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963