Бизга боғланинг
Қабр азоби (2)
Суннатнинг Қуръонга нисбатан ҳукми уч турлидир.
Ибнул Қаййим «Иъламул-муваққиъийн»да айтади:
Суннат Қуръонга нисбатан уч важҳдадир:
Биринчи важҳ: Суннат Қуръон келтирган нарсани таъкидлаб келиши. Бу эса далилларни яна ҳам қувватли қилиш бобидан саналади.
Иккинчи важҳ: Суннат Қуръон мужмал ҳолда келтирган нарсани изоҳлаб ва баён қилиб келиши.
Мисол учун, Аллоҳ таоло: «Намозни адо этинглар!», деб буюрди, бироқ на намозлар сонини, на рукнларини, на намознинг кўринишини ва на вақтларини зикр қилди. Намозларнинг сонлари, рукнлари, кўринишлари, вақтлари ва бошқа тафсилотлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан баён қилиб берилди.
Учинчи важҳ: Суннат Қуръон айтмаган баъзи нарсаларни фарз ёки ҳаром қилиб келиши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир одам сўрисида ястаниб ётиб олади-да, унга менинг ҳадисим айтилса: «Ўртамизда Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби бор, унда ҳалол деб топган нарсамизни ҳалол санаймиз, унда ҳаром деб топган нарсамизни ҳаром санаймиз», деб айтади. Огоҳ бўлингиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаром қилган нарса ҳам Аллоҳ ҳаром қилган нарса билан баробардир!» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 12).
Қабр азоби шак-шубҳасиз ҳақиқат эканини исботлайдиган саҳиҳ ҳадисларни эътиборингизга ҳавола этай. Аҳмад, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилган ва шайх Албоний ҳасан санаган ҳадисда шундай келади: Усмон розияллоҳу анҳу қабр бошида турганда йиғлар, жаннат ва дўзах зикр қилинганда йиғламас эди. Унга: «Эй Усмон, жаннат ва дўзах зикр қилинганда йиғламайсиз-у, қабр бошига келганда йиғлайсиз», дейилди. Усмон деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қабр охират манзилларининг биринчисидир. Агар қабр соҳиби ундан нажот топса, кейингилари ундан кўра енгил бўлади. Агар соҳиби ундан нажот топмаса, кейингилари ундан ҳам оғирроқ бўлади», деганларини эшитганман».
Яна бир саҳиҳ ҳадисга диққат қилинг.
«Саҳиҳайн»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка ёки Мадина (қўрғонлари) деворларидан бир девор ёнидан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккиси азобланаяпти ва (лекин) гуноҳи кабира хусусида азобланишаётгани йўқ» дедилар. Кейин: «Йўқ, (гуноҳи кабира хусусида,) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди» дедилар» (Бухорий: №216, Муслим: №292, Термизий: №70, Абу Довуд: №20, 21, Насоий).
Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга дуо қилиб: «Эй Аллоҳ, мен Сендан қабр азобидан паноҳ тилайман», дердилар (Бухорий: №1377, Муслим: №588, Термизий: №3599, Насоий: 4/275, 276).
Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Баззор ва бошқалар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Нажжор қўрғонларидан бири ичида хачирларига минган ҳолда эдилар, бирдан хачир ҳуркиб, у кишини йиқитиб юборай деди. Қарасак, у ерда бешта ё олтита қабр бор экан. «Бу қабр эгаларини ким билади?», деб сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Мен», деди бир киши. «Қачон вафот этишган?», деб сўрадилар. «Ширкда», деб жавоб берди. Шунда у зот айтдилар: «Албатта, бу уммат қабрларида имтиҳонга учрайди. Агар ҳаммангиз (бир кун) қабрга қўйилишингиз бўлмаса эди, Аллоҳга дуо қилиб, сизларга мен ўзим эшитиб турган қабр азобидан эшиттиришини сўраган бўлардим». Сўнг бизга юзланиб: «Қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тиланглар!», дедилар. Биз: «Қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз», дедик» (Саҳиҳ, Муслим: №2867).
Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Ҳузуримга Мадиналик бир яҳудий аёл кириб, қабр азобидан сўзлади, сўнг: «Аллоҳ сизга қабр азобидан паноҳ берсин», деб дуо қилди. Яҳудий аёл чиқиб кетганидан кейин Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабр азоби ҳақида сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, қабр азоби ҳақдир», дедилар. Оиша айтадилар: «Шундан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қачон намоз ўқисалар, қабр азобидан паноҳ тилаганларини кўрдим» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №1372, Муслим: №584, Насоий: 4/104).
Энди масаланинг асос-устуни бўлган ҳадисга етиб келдик. Ушбу бобда асл-асос саналувчи бу ҳадисни Имом Аҳмад «Муснад»ида, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида, Байҳақий «Сунан»ида, Насоий «Сунан»ида, Абу Довуд «Сунан»ида келтирганлар, Ҳоким «Ал-Мустадрак»да ривоят қилиб, иккала шайх шартига кўра саҳиҳ деган, Имом Заҳабий унга иқрор бўлган, шунингдек бу ҳадисни Имом Ибнул Қаййим «Таҳзибус-сунан» ва «Иъламул-муваққиъийн» китобларида келтириб, уни иллатли санаганларга узоқ раддия берган, шайх Албоний ва бошқалар саҳиҳ санаганлар.
Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ансорлардан бир кишининг жанозасига чиқдик. Қабрга етиб борганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр лабига келиб ўтирдилар. Биз ҳам у зотнинг атрофларида, худди бошига қуш қўниб турган киши каби қимир этмай, жим ўтирдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги чўп билан ер чизиб ўтирдилар. Сўнг бошларини кўтариб, асҳобларига: «Қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тиланглар, қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тиланглар, қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тиланглар», дедилар. Бу гапни у зот икки ё уч марта айтдилар. Сўнг уларга ўгирилиб, дедилар: «Мўмин банда дунёдан узилар ва охиратга юзланар чоғида ҳузурига осмондан юзлари офтобдек, оқ юзли фаришталар тушиб келади. Улар билан бирга жаннат кафанлари ва жаннат ҳанут (хушбўйлик)лари бўлади. Улар мўмин банданинг кўз қири тушарли ерга келиб ўтирадилар. Кейин ўлим фариштаси келиб, унинг бош тарафига ўтиради ва унинг пок руҳига хитоб қилиб: «Эй покиза жон, Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги сари чиққин», дейди. Шунда мўминнинг жони меш оғзидан сув сизиб чиққанидек осонлик билан сизиб чиқади. Фаришталар уни ўлим фариштаси қўлида бир лаҳза ҳам қолдирмасдан қабул қилиб оладилар, сўнг уни ҳалиги кафанга ўраб, ҳалиги ҳанутдан сурадилар. Ундан ер юзида мавжуд бўлган энг хушбўй мушк ҳиди таралади. Сўнг уни олиб, юқорига кўтариладилар. Йўлда қай бир фаришталар жамоаси ёнидан ўтсалар, улар: «Бу покиза руҳ ким(нинг руҳи)?», деб сўрашади. Улар: «Фалончи фалончи ўғли» деб, уни дунёда аталган энг гўзал исмлари билан номлаб, таништирадилар. Ҳатто, дунё осмонига етиб келиб, унинг киришига изн сўрайдилар. У учун эшик очилади. Шундан сўнг ҳар бир осмоннинг муқарраб фаришталари уни кейинги осмонгача кузатиб қўядилар. Охири у еттинчи осмонга етиб боради. Аллоҳ таоло айтади: «Бандамнинг китобини Иллийюнга ёзинглар, ўзини эса ерга қайтаринглар. Зеро, Мен уларни ундан (ер жинсидан) яратдим, унга қайтараман ва яна қайта ундан чиқараман». Шундан сўнг унинг руҳи (танига) қайтарилади. Сўнг ҳузурига икки фаришта кириб келади. Уни ўтиргизиб: «Раббинг ким?», деб сўрайдилар. «Раббим Аллоҳ», деб жавоб беради. «Дининг нима?», деб сўрайдилар. «Диним Ислом», деб жавоб беради. «Сизларга юборилган у киши ким?», деб сўрайдилар. «У Расулуллоҳ (Аллоҳнинг элчиси)», дейди. Сен буларни қаердан биласан?», деб сўрайдилар. «Аллоҳнинг Китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим», дейди. Шунда самодан: «Бандам рост айтди, унга жаннатдан ўрин тўшанглар, жаннат либосларидан кийдиринглар, (қабрига) у учун жаннатдан дарча очиб қўйинглар», деган нидо келади. Шундан сўнг унга жаннатнинг хушбуй ҳиди ва шаббодаси эсиб туради. Қабри ҳам кўз илғарли ергача кенгайтириб қўйилади. Ҳузурига хушсурат, чиройли кийинган бир киши хушбўй ҳид таратиб кириб келиб: «Сенга хушхабар олиб келдим, хурсанд бўл, сенга ваъда қилинган кун мана шудир», дейди. Шунда у: «Ўзинг ким бўласан? Юзинг яхшилик келтирувчи кишининг юзидек», дейди. У: «Мен сенинг солиҳ амалинг бўламан», дейди. Шунда (маййит): «Эй Раббим, тезроқ Қиёматни қойим қил, тезроқ Қиёматни қойим қил, токи мен аҳлим ва молим олдига қайтай», дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида давом этдилар:
«Кофир банда дунёдан узилар ва охиратга юзланар чоғида ҳузурига осмондан қора юзли фаришталар тушиб келади. Улар билан бирга мусуҳ (дағал кафанлик) бўлади. Улар мўмин банданинг кўз қири тушарли ерга келиб ўтирадилар. Кейин ўлим фариштаси келиб, унинг бош тарафига ўтириб: «Эй ифлос жон, Аллоҳнинг азоби ва ғазаби сари чиқ!», дейди. Шунда жон жасад ичида тирқираб кетади. Ўлим фариштаси уни ҳўл жундан сафуд (яъни, учи илгаксимон сих)ни суғургандек суғуриб олади. Фаришталар уни ўлим фариштаси қўлида бир лаҳза ҳам қолдирмасдан қабул қилиб оладилар, сўнг уни ҳалиги мусуҳга ўрайдилар. Ундан ер юзида мавжуд бўлган энг бадбўй ўлаксанинг ҳиди тарқалади. Уни олиб, осмонга кўтариладилар. Йўлда қай бир фаришталар жамоаси ёнидан ўтсалар, улар: «Бу ифлос руҳ ким(нинг руҳи)?», деб сўрашади. Улар: «Фалончи фалончи ўғли» деб, уни дунёда аталган энг қабиҳ исмлари билан номлаб, таништирадилар. (Ҳатто, дунё осмонига етиб келиб,) унинг киришига изн сўрайдилар. Шунда унга эшик очилмайди…
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар:
«Албатта, оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни ҳеч қачон жаннатга кира олмаслар). Жинояткор — осийларни мана шундай жазолагаймиз» (Аъроф: 40).
… Сўнгра Аллоҳ таоло: «Унинг китобини ернинг энг тубидаги Сижжийнга ёзинглар!», дейди. Шунда унинг руҳи шиддат билан пастга улоқтирилади. Сўнг руҳи жасадига қайтарилади. Ҳузурига икки фаришта кириб, уни ўтиргизадилар ва ундан: «Раббинг ким?», деб сўрайдилар. У: «Аааҳ… Аааҳ… Билмайман», деб жавоб беради. «Дининг нима?», деб сўрайдилар. У яна: «Аааҳ.. Аааҳ… Билмайман», дейди. Шунда самодан нидо келади: «Бандам ёлғон айтди. Унга дўзахдан ўрин тўшанглар, қабрига дўзахдан дарча очиб қўйинглар!». Шундан сўнг унга жаҳаннам оташи ҳарорати ва қайноқ шамоли келиб туради, қабри шу даражада торайтириладики, унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Олдига бадбашара, хунук кийинган, бадбўй ҳидли бир киши кириб: «Сени хафа қиладиган шумхабар келтирдим. Сенга ваъда қилинган кун мана шудир», дейди. У: «Ўзинг ким бўласан? Юзинг ёмонлик келтирувчи кимса юзидек», дейди. «Мен сенинг қилган ифлос амалингман», деб жавоб беради у. Шунда у: «Эй Раббим, қиёматни қойим қилмагин», дейди» (Саҳиҳ, Абу Довуд: №3212, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий: «Шуъабул-ийман», шайх Албоний ушбу ҳадис ривоятларини барча манбаларидан жамлаган ва «Саҳиҳул-жомиъ»да (№1676) саҳиҳ санаган).
Кечиринг дўстим, қабрдаги азоб ва роҳатлар ҳақидаги хабарлар билан анча гапни чўзиб юбордим.
Қуйида энди навбатдаги икки модда – яъни, қабр азобига сабаб бўлувчи ишлар ва ундан қутулиш йўллари ҳақида тезгина баён қилиб ўтаман.
Иккинчи хутба
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд…
Иккинчи: Қабр азобига дучор этувчи сабаблар
Бу ҳақдаги сўз мухтасар ва муфассал кўринишга эгадир.
Мухтасари шуки, Аллоҳга қилинган маъсият ҳар қандай балонинг бошидир, маъсиятларнинг бошида эса ширк туради. Яъни, банданинг Аллоҳ ҳузурига олиб борадиган энг катта дастурхони тавҳиддир, у Аллоҳ ҳузурига олиб борадиган энг қабиҳ ва энг катта гуноҳ эса ширкдир. Аллоҳ таоло айтади: «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
Муфассал шаклда айтадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақимчиликни қабр азоби сабабларидан деб зикр қилганлар. Ҳозирда чақимчиликни ўзларига касб қилиб олган одамлар кўплаб топилади.
Демак, чақимчилик қабр азобига сабаб бўлувчи иллатлардан бири экан. Ундан ташқари, сийдикдан сақланмаслик ва ўзини ундан пок тутмаслик ҳам қабр азобига сабаб бўлади. Юқорида шу мазмундаги ҳадисни келтириб ўтдик.
Яна, ёлғончилик, судхўрлик, Қуръон ўқишни ташлаб қўйиш ҳам қабр азобига сабаб бўлади. Бу ҳақда Имом Бухорий Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан узун бир ҳадис ривоят қилган бўлиб, ҳозир уни келтирсак, гап узайиб кетади. Ўша ҳадис мазмунига кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғончилик, риёкорлик, Қуръон ўқишни тарк қилиш, зино ва ғулул – яъни, жангда тушган ўлжалар тақсим этилмасидан туриб, яширинча ундан олиш – қабр азобига сабаб бўлишини зикр қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хайбар (жанги)га чиқдик, Аллоҳ бизга ғалаба берди. Биз на олтин, на кумуш ўлжа олдик, фақат матолар, кийим-кечак ва егуликларни ўлжа қилдик. Сўнг водийга – яъни, Водил-қурога – қараб йўл олдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қуллари бор эди, уни Жузомлик бир киши ҳадя қилганди, у Бану Зубайб қабиласилик Рифоа ибн Язид исмли киши эди. Водийга тушганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша қулларига камон ўқи тегиб, вафот этди. Биз: «Унга шаҳидлик муборак, ё Расулуллоҳ», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни тақсимот етмаган ўлжалар ичидан олган шамла (иштонбоғи) унинг устида ўт бўлиб ёнмоқда», дедилар. Шунда одамлар қўрқиб кетдилар. Бир киши битта ё иккита оёқ кийим боғичи кўтариб келди ва: «Уни Хайбар куни олгандим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўтдан бўлган битта боғич ёки ўтдан бўлган иккта боғич», дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4234, Муслим: №115).
Учинчи: Қабр азобидан қутулиш йўллари
Буни мен ўта мухтасар шаклда баён қиламан.
Қабр азобидан қутулишнинг энг катта йўли – Аллоҳ жалла ва алонинг тоатида устувор туриш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига изчил эргашишдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат: 30-32).
Қабр азобидан қутулишнинг энг фойдали йўлларидан яна бирини Имом Ибн Қаййим ўзининг «Руҳ» номли қимматли китобида шундай баён қилади:
«Энг фойдали йўлларидан бири шуки, инсон уйқуга кетишидан олдин бир муддат фикр юритиши ва амалини бир сарҳисоб қилиши лойиқ бўлади. Агар амалида қусур кўрса, уни тўғрилаб олади, агар Аллоҳга осий бўлган бўлса, тавба қилиб олади ва уйқуга кетишдан олдин ўзи билан Аллоҳ ўртасида тавбани янгилаб олади. Агар шу кеча мана шу тавбаси устида вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади, Аллоҳ уни қабр азобидан ва дўзах азобидан қутқаради».
Қабр азобидан қутулишнинг энг катта сабабларидан яна бири – ҳозирда кўпчилик одамлар бепарво қарайдиган тавҳид, намоз, рўза, садақа, ҳаж, илм ва уламолар мажлисларида ҳозир бўлиш каби солиҳ амалларда бардавом бўлишдир.
Амри маъруф, наҳий мункар, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан борди-келди қилиш ва умуман Парвардигорни рози қиладиган ҳар қандай яхши ва эзгу амалларни қилиб бориш ҳам қабр азобидан қутулишга сабаб бўлади.
Соҳибини қабр азобидан қутқарадиган энг катта солиҳ амаллардан яна бири Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишдир.
Ҳоким ривоят қилган ва шайх Албоний иснодини ҳасан санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шаҳид учун Аллоҳ ҳузурида олтита хислат бор:
- Қони биринчи дафъа чиққан пайтдаёқ гуноҳи мағфират қилинади ва унга
жаннатдаги ўрни кўрсатилади. - Аллоҳ азза ва жалла унга қабр азобидан нажот беради.
- Аллоҳ унга катта даҳшат (яъни қиёмат) кунида омонлик беради.
- Аллоҳ унга виқор тожини кийдиради, ундаги битта ёқут дунё ва ундаги
ҳама нарсадан яхшироқдир. - Аллоҳ уни етмиш икки нафар ҳури ийнга уйлантиради.
- Аллоҳ уни ўз аҳлидан етмиш кишига шафоатчи қилади.
Қалбларни орзу-умидга тўлдирадиган яна бир ҳадис билан сўзимни якунламоқчиман. Ҳоким «Мустадрак»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва саҳиҳ санаган, Заҳабий унга иқрор бўлган, Албоний «Мишкотул-масобийҳ»да санадини саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мулк сураси – табаарокал-лазий биядиҳил-мулк – тўсувчидир ва нажот берувчидир, (ўқувчисини) қабр азобидан қутқаради» (Термизий: №2892).
2011 йил 28-апрел